Қайднома

Қидирув

Ғалабага қадар ором йўқ

Ғалабага қадар ором йўқ

  03.10.2019 03:43
  0
  707
Ғалабага қадар ором йўқ

Екатеринбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида яна бир бор жаҳонни лол қолдирган боксчиларимиз ҳамда уларнинг устозлари 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз Фармони билан муносиб тақдирланишди. Хусусан, рингда Ўзбекистон ифтихори эканлигини шараф билан исботлаган Баҳодир Жалолов расман шу номдаги унвонга лойиқ кўрилди. Арзийди-а? Арзиганда қандоқ! Ўзбек ўғлонининг чорак финалдаги бемисл зарбаси ва АҚШ вакилининг рингда ҳушсиз чўзилиб қолиши ҳамон  кўз ўнгимизда. Хўш, сизнингча, аслида кўнгилчан ўзбек боксчиси нима сабабдан рақибига бу қадар кучли зарба йўллади? Бизнингча, ҳаммасига Фаластин термасидан мағлубиятга учраган футболчиларимиз сабабчи бўлишди...

Тўғри, ғалаба - боксчимиз ва унинг устозлари меҳнати самараси. Буни ҳеч ким инкор этмайди ва инкор этолмайди ҳам! Инкор этмоқчи бўлганларнинг аллақачон попуклари пасайиб, шаштлари синди. Биз зарба йўллашгача ва ундан кейинги вазиятда Баҳодирнинг руҳий ҳолатига эътибор қаратмоқчимиз. Назаримизда у «Зарба мана бундай аниқ ва кучли йўлланади. Токи рақиб ожиз қолсин дўстларим! Қачонгача мухлисларни қийнайсизлар?» - дегандай бўлди футболчиларимизга вужудида қайнаб-тошаётган ички ғалаённи яширишга уриниб. Балки Баҳодир бу хусусда мутлақо ўйламагандир. Лекин унинг туриши, юз ифодасидан шундай маъно уқиш мумкин эди. Биз ўзимиз уққан маънони қоғозга туширдик, холос.

Бокс мавзуси, эҳтимол, айрим футбол мухлислари ғашига тегар. Ҳар ҳолда, футболга алоқадор қанча-қанча мавзулар ёритилмай қолаётгани бор гап. Аввало, Вадим Абрамовнинг терма жамоамиз бошқарувига қайтиши ва у танлаётган таркиб хусусида ёзмай, футболни боксга боғлаяпмизми, демак, шунга эҳтиёж сезилмоқда. Зарурат шуки, футболчиларимизда боксчиларимиздаги каби шашту шижоат кўзга ташланмаяпти. Уларнинг нигоҳларида олов ёлқинламаяпти. Бу ўринда қандайдир тушунмовчилик бордек. Мотивация нуқтаи назаридан Осиё чемпионатида ғолиб чиқиб, «Малибу»лар билан тақдирланган футболчилар бош жамоамизда кўзлари чақнаган ҳолда тўп суришлари кутилганди. Лекин Эктор Купер таркиб танлашда бошқа йўлдан борди. Тажрибали футболчиларимиз эса ҳозирча расман юксак эътирофга сазовор бўлишолмади. Сазовор бўлишолмайди-да! Улар қайси натижа учун мукофотланишлари керак?! Етакчи клубларимиз ва бош жамоамизда халқаро миқёсдаги ижобий натижа йўқ-ку?! У ҳолда, Одил Аҳмедов ўзбек футболининг ифтихори эмасми? Нима, терма жамоамиз сардори ўзбек футболининг халқаро обрў-эътибори йўлида легионер мақомида муносиб тўп сурмадими?!

Кўриниб турибдики, вазият мураккаб ва зиддиятли. Буни юмшатиш учун фақат бир йўл қолди, яъни Вадим Абрамов раҳбарлигида зарур ва ёрқин ғалабаларга эришиш, ЖЧ-2022 финал босқичига йўлланма олиш. Шундагина футболчиларимиз ҳам байрам саналарини кутиб ўтирмай, муносиб тақдирланишади. Чунки йўлланма қўлга киритиладиган кун - биз учун тарихий сана, чинакам байрам! Мана, мухлислар байрам ҳавосининг илк эпкинларини ҳис қилишди. Улар Вадим Абрамов бош мураббий лавозимига қайтишини жуда-жуда исташганди. Мана, уларнинг айтганлари бўлди. Энди барчаси Вадим Карленовичга боғлиқ. У аввало, терма жамоамиз либосини киядиган футболчилар қалби ва кўзларида ғалаба гулханларини ёқиши даркор. Иқтидори ва тажрибасидан қатъий назар, тилларида Ватан ишқи тўл-қинланиб, оқламаган футболчи терма жамоамизда ўйнашга ҳақли эмас. Шу маънода Анзур Исмоиловнинг қарори - ибратли ҳолат! Бу қарор масъулиятдан қочиш ҳисобланмайди асло.

Факт шуки, Анзур Осиё кубоги-2011га тайёргарлиги чоғи Вадим Абрамовни ҳайратлантирган ҳимоячи бўлолмайди. Ҳозир унинг ўрнида бош мураббийни қайси футболчилар ҳайратлантиришади? Рустам Ашурматовми ёки Достон Турсунов? Балки бу позицияда ҳеч ким кутмаган янги футболчи тўп сурар... Фикримизча, танлов учун номзодлар, янги номлар етарли! Албатта, машҳур ном бўлиши шарт эмас. Дейлик, айни чоғда Сардор Рашидовда қайта уйғониш имкони мавжуд. Вадим Абрамов Осиё кубоги-2011дан аввал Максим Шацких, Сервер Жепаров, Александр Гейнрихга қайта куч ва ишонч бағишлаганди. Секин-аста мухлислар назаридан қолаётган бу футболчилар айнан Вадим Карленович хизматлари сабаб, терма жамоамиз ўйинига юқори сифат олиб киришганди. Мухлислар Сардор Рашидовнинг футболчилик тақдирида ҳам шундай янги кўтарилиш кузатилишини хоҳлашади. Вақт кутиб турмайди - мураббий ва футболчи учун имкон-шароит ярата-ярата ўз йўлида давом этади.

Қисқаси, Вадим Абрамов Яман ва Сингапур термалари устидан ишончли ғалабаларни таъминламагунча ором йўқ. Шундан кейингина бироз тин олиб, Саудия Арабистони термасини енгиш борасидаги орзуларга бериламиз. Бошқача айтганда, бедорлик биз билан ёнма-ён, барибир. Унгача «Пахтакор»ни чемпионлик унвони билан қутлаймиз, устозларни табриклаймиз!

Турон ФА ҳақиқий аъзоси, устоз Ғуломжон Ҳамидов «шерлар»ни шундай шарафлайди:

 

Яна шеър битмоққа қўлимда қалам,

Ахир тўлқинланмай бўларми бугун?!

«Шерлар» шоҳсупага қўйдилар қадам,

Ечилди, ниҳоят, бир нохуш тугун.

  

Ўша шонли тарих қайтмоқда,

Шукр, бу кунларга етдик-ку, омон.

Ёшларга мухлис олқиш айтмоқда:

- «Пахтакор» - шердир, сенсан паҳлавон.

 

Ўн икки бор ғолиб, қаранг «Пахтакор»!

Гўё чемпионлик ўтказди мучал. 

Олдинда Лига ва кубок баҳси бор,

Ғолиб бўлиб, айла қувончим тугал.

Ҳужумкор тандемдир Игорь ва Черан,

Ёдга тушаверар Гена-Стадник.

Одил Ҳамробеков тўп сурар теран,

Кримец ҳимояда қоқмайди киприк.

 

Жалолиддин ўйнар Биродар каби,

Достон, Ҳожиакбарнинг нутқлари равон.

Ғалаба! - пичирлар Шотанинг лаби,

Бобур Шодиевдек бор улкан карвон.

 

«Шерлар» наърасида ғолиблик шаъни,

Осиё футболи бош эгар ҳали.

«Пахтакор», тўхтама, олға бос, қани,

Ғолиблар тўхтамас зафар маҳали.

P.S.: шеър сарлавҳаси «Зафар маҳали».

 

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz