Қайднома

Қидирув

Вадим Абрамов: «Лутфуллонинг имкониятларини яхши биламан ва Олим Навкаровни ҳам чақирармишман...»

Вадим Абрамов: «Лутфуллонинг имкониятларини яхши биламан ва Олим Навкаровни ҳам чақирармишман...»

  04.10.2019 01:26
  0
  1720
Вадим Абрамов: «Лутфуллонинг имкониятларини яхши биламан ва Олим Навкаровни ҳам чақирармишман...»

Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичининг илк турида Фаластин термасига мағлубиятга учрагач, футбол жамоатчилигида аргентиналик Эктор Куперга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди ва натижада ЎФА тажрибали мутахассис билан шартномани бекор қилди. Назарий жиҳатдан олиб қаралса, термамиз саралашда эндигина битта ўйин ўтказганди, имконият сақланиб турганди. Аммо Купернинг фалсафаси ва қўллаётган услуби бизнинг жамоага мос эмасди. Шундай пайтда барча мухлису мутахассислар Абрамов давридаги ҳужумкор, очиқ ўйинни соғинишди. Якунда «Бунёдкор» билан юқори кўрсаткичларни қайд этаётган Вадим Карленович бош жамоа устози этиб тайинланди. Шу муносабат билан термамиз бошқарувини қайта қўлга олган мураббийни суҳбатга тортиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

- Вадим Карленович, дастлаб бошқараётган клубингиз ҳақида гаплашсак. «Бунёдкор»га сафар ўйин­ларида нима бўляпти?

- Бу футбол! Гоҳида ўйин суръати таблодаги ҳисобга мос келмаслиги мумкин. Олмалиқда ёмон ўйин кўрсатмадик. АГМК маҳоратли мураббий ва ўз услубига эга. Кубок учрашувида улар бизни қарши ҳужумда ушлашди ва финалга чиқишди. Хатоларимиз эвазига учта гол олиб чиқдик дарвозамиздан.

- Ўзбекистон миллий жамоасини қийин шароитда қабул қилиб олдингиз. Терманинг ҳозирги ҳолати сизни ташвишга солмаяптими?

- Вазиятни ўнгласа бўлади, ҳамма нарсанинг иложи бор. Бу жараёнда айрим камчиликлар бўлиши эҳтимоли йўқ эмас, хатолардан ҳеч ким кафолатланмаган.

- Эктор Купер ҳимоявий ўйин тарафдори эди, сиз эса, аксинча, ҳужумкорликка урғу берасиз. Мавжуд ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, Яман ва Сингапур термаларига қарши ўйинларда қандайдир ўзгаришлар кўрамизми?

- Бу саволингизга терма жамоа аъзолари билан бафуржа гаплашиб олганимдан сўнг жавоб беришим мумкин. Ҳозирча аниқ нимадир деёлмайман.

- Терма жамоанинг навбатдаги йиғинига чақирилган футболчилар  рўйхатига назар солсак, Лутфулла Тўраевни ҳам кўришимиз мумкин. Сизнингча, бу тўғри танловми?

- Кимни йиғинга жалб этган бўлсам, демак, уларнинг барчаси шунга муносиб, бу футболчиларни яхши билганлигим учун чақирдим. Жамшид Искандеровни эса асосан «Пахтакор»даги ўйинлари орқали таниганман. У узоқ муддатдан бери терма таркибига киритилмаган. Потенциали бор, ҳар ҳолда. Лутфулланинг имкониятларини ҳам биламан. Шуниси аниқки, миллий жамоада фақат энг кучлилар ўйнайди. У қайси клубдан, мураббийи ким, ёши нечада, бу аҳамиятсиз. Мухлислар «Абрамов ўз ёқимтойларини чақирди», деб ўйлашлари мумкин. Лекин мен учун ҳаммаси бир хил футболчи. Айримлар Олим Навкаров мен яхши кўрган футболчи эканлигимни айтишди, худдики, уни яна термага таклиф этарканман! У ўз вақтида фойда келтирган, ҳозир фаолиятини тугатган, аллақачон.

- Сиз бош мураббий этиб тайинлангач, барча 2011 йилги Осиё кубогини эслади ва ҳозирги жамоадан ўша пайтдаги ўйинни кутишмоқда...

- У 2011 йил эди, ҳозир - 2019. Орада кўп нарса ўзгарди. Терманинг ҳозирги ҳолати менинг айбим эмас. Бизнинг айни вақтдаги вазифаларимиз - ҳам ўйин, ҳам натижа бобида мухлислар ишончини қайтариш.

- Кенгайтирилган таркибга эътибор қаратадиган бўлсак, Даврон Ҳошимов, Қувондиқ Рўзиев кабилар таклиф этилмаганига гувоҳ бўлдик...

- Бу кенгайтирилган таркиб, ким кучли бўлса, ўша якуний таркибдан жой олади. Масалан, мен «Бунёдкор»дан тўрт шогирдимни олдим. Аммо бу уларнинг мунтазам ўйнашларини англатмайди. Йиғинда кўрамиз, қолган футболчилар билан солиштирамиз.

АБДУЛАЗИЗ суҳбатлашди

***

Йиғиннинг 1-2 кунларида терма жамоага чақирув олган 28 нафар футболчининг 24 нафари иштирок этди. Легионерлардан Рустам Ашурматов ва Одил Аҳмедов ҳам умумий гуруҳда машғулотлар ўтказди. Икром Алибоев, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров ва Тимурхўжа Абдуҳолиқов яқин кунларда терма жамоа ихтиёрига келиб қўшилади.

Эслатиб ўтамиз, Вадим Абрамов йиғинга қуйидаги футболчиларни жалб этган:

Дарвозабонлар: Санжар Қувватов (“Пахтакор”), Элдор Суюнов (“Пахтакор”), Абдумавлон Абдужалилов (“Бунёдкор”).

Ҳимоячилар: Егор Кримец (“Пахтакор”), Рустам Ашурматов (“Гвангжу”, Жанубий Корея), Умар Эшмуродов (“Насаф”), Ислом Тўхтахўжаев (“Локомотив”), Шароф Муҳитдинов (“Насаф”), Фаррух Сайфиев (“Пахтакор”), Дилшодбек Аҳмадалиев (“Бунёдкор”), Ҳожиакбар Алижонов (“Пахтакор”), Акбар Исматуллаев ("Металлург").

Ярим ҳимоячилар: Одилжон Ҳамробеков (“Пахтакор”), Одил Аҳмедов (“Шанхай СИПГ” - Хитой), Икром Алибоев (“Сеул ФК” – Жанубий Корея), Азиз Ғаниев (“Насаф”), Остон Ўрунов (“Локомотив”), Жалолиддин Машарипов (“Пахтакор”), Лутфулла Тўраев ("Бунёдкор"), Сардор Мирзаев (“Локомотив”), Отабек Шукуров (“Шаржа”, БАА), Достонбек Ҳамдамов (“Пахтакор”), Хуршид Ғиёсов ("Бунёдкор"), Жамшид Искандеров ("Локомотив"), Жасур Яхшибоев (АГМК).

Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов (“Ростов” – Россия), Игорь Сергеев (“Пахтакор”), Темурхўжа Абдухолиқов ("Хорфаккан", БАА).

Илк машғулот «Жар» стадионида ташкил этилди. Унда ички чемпионатда тўп тепаётган футболчилар билан бир қаторда Одил Аҳмедов ва Рустам Ашурматов каби легионерлар ҳам иштирок этишди.

Бошқа хорижий чемпионатларда ҳаракат қилаётган футболчилар кейинги машғулотлардан бошлаб сафга қўшилишади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси навбатдаги ўйинни ЖЧ-2022 саралаши доирасида Тошкентда, 10 октябрь куни Яманга қарши ўтказиши лозим.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz