Қайднома

Қидирув

Ўсаверинг, ўсмирлар!

Ўсаверинг, ўсмирлар!

  04.10.2019 06:40
  0
  368
Ўсаверинг, ўсмирлар!

Ўтган ой Тожикистон пойтахти Душанбе «CAFA CUP» халқаро турнирига мезбонлик қилди ва унда бизнинг иккита ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз ҳам қатнашди. Ишқибозларда «Бу мусобақанинг терма жамоаларимизга қандай фойдаси бор?» қабилида савол туғилиши табиий. Маълумки, сўнгги йилларда ўсмирлар ва ёшлар термаларимизнинг халқаро майдонда ишлари юришмаяпти. Сўзимнинг исботи сифатида ўсмирлар терма жамоамизнинг қитъа майдонларидаги иштирокини таҳлил қилиб кўришимиз мумкин.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўсмирлар терма жамоамиз сўнгги бор 2012 йили Эрондаги Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этган эди. Энди кейинги йилларга қаранг. 2014 йилги Таиланддаги Осиё чемпионати. Александр Мочинов бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоамиз Непал, Қувайт, КХДР билан квартет ташкил этиб, гуруҳ босқичида мазмунли ўйин кўрсатганди. Суҳроб Нуруллоевнинг ажо-йиб ҳаракатлари эсингиздами? Гуруҳдан чиққан жамоамизни кейинги босқичда Сурия термаси кутиб турганди. «Ражамангала» стадионидаги мундиал чиптаси тикилган ёмғирли ўйинда ўсмирларимиз муваффақиятсизликка учрашди. Ўша таркибдан ҳозирги кунда фақат Ислом Кенжабоев, Суҳроб Нуруллоев, Илҳом Алижонов ва Азиз Ғаниев кўзга кўриниб туришибди, улар олимпия терма жамоамиз етакчилари ҳисобланишади. Қолганларнинг тақдири қандай кечди, бизга қоронғу. Бу ерда айбни мураббийга ағдариш нотўғри бўлади. Зеро, Мочинов жамоани мусобақага 3 ой қолганда қабул қилиб олганди.

Кейинги йиллар мобайнида Жасур Яхшибоев, Ҳожиакбар Алижонов, Ислом Қобилов, Бобур Абдухолиқов, Нурилло Тўхтасинов каби ўйнчиларни кашф қилиб бергани учун Жасур Абдураимовга алоҳида ташаккур. 2016 йили Баҳрайнда бўлиб ўтган Осиё чемпионати U-19 орқали улар илк марта омма эътиборига тушдилар. Айни пайт ушбу футболчиларнинг ҳар бири ўз жамоасининг муҳим аъзоси ҳисобланишади.

2016 йили Ҳиндистоннинг Гоа штатида бўлиб ўтган U-16 Осиё чемпионатида Темур Олимхўжаев бошчилигидаги жамоадан кўнглимиз тўқ эди. Чунки тайёргарлик ажойиб тарзда ўтказилганди. Европа жамоаларига қарши ўртоқлик баҳслари, турли хорижий йиғинлар ташкил қилиб берилди. Таиланд, Яман, КХДР термаларига қарши мазмунли ўйин кўрсатган ўсмирларимиз ҳар сафаргидек гуруҳдан қийинчиликсиз ўтиб олишди. Кейинги босқичда эса Ўзбекистон жамоасини Ироқ термаси мусобақадан чиқариб юборди. Ўша таркибдагилардан ҳозирги кунда фақат Остон Ўрунов катталар даражасида мазмунли ўйин кўрсатмоқда. У даставвал «Навбаҳор» асосий таркибига муқим жойлашиб олди, ҳозир «Локомотив»даги ҳаракатлари ҳам чакки эмас. Миллий жамоада ўйин ўтказишга улгурди. Хуллас, келажаги порлоқ футболчи.

Ўсмирларимизнинг кейинги муваффақиятсизликлари ҳаммасидан ўтиб тушди. Ҳатто, саралашдан ўтолмадик. Дилшод Нуралиевни олдинлари қандай мақтагандик. Энди эса...

Бундай натижалардан энди етишиб чиқаётган ёш футболчилар азият чекишмоқда. Улар ўзларини кўрсатадиган босқичга чиқа олишмаяпти. Бу борада аввалги термаларимизга Осиё чемпионати, кейинчалик кичик мундиаллар асқотаётганди. Азамат Абдураимов ва Отабек Ғуломхўжаев шогирдлари олдида улкан масъулиятли вазифа турибди. Ўйлаймизки, улар билдирилаётган ишончни оқлашади.

Юқорида айтиб ўтганим, «CAFA CUP» каби халқаро турнирлар ўзини кўрсатишни истаган умидли футболчилар учун қулай фурсат. Улар мана шундай мусобақалар орқали ўзларини кўрсатадилар. Бундай турнирлар нафақат U-16, балки кейинги ёш тоифасидаги терма жамоаларимизга ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди. Чунончи, қолган ёш тоифасидаги термаларимиз U-16 негизида шаклланади. Шундай экан, ўсмирларимизнинг ўсишга эришишларидан умидвормиз.

А.ИСКАНДАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz