Қайднома

Қидирув

18 дақиқа, 5та гол...

18 дақиқа, 5та гол...

  04.10.2019 08:44
  0
  384
18 дақиқа, 5та гол...

«Манчестер Сити» клуби АПЛнинг 6-турида яна бир рекорд кўрсаткич қайд этди. Амалдаги чемпион 21 сентябрь куни «Иттиҳод» аренасида «Уотфорд»ни қабул қилди ва ўйиннинг дастлабки 18 дақиқасидаёқ рақибни тўла-тўкис маҳв этди. Яъни бу оралиқда «Уотфорд» дарвозаси тўрини нақ 5 марта силкитди.

«Манчестер Сити» бу сафар Англия чемпионатини унча яхши бошламади. Ҳар ҳолда, Хосеп Гвардиола жамоаси мавсумнинг старт қисмидаёқ нақ 5 очко йўқотди - 1тадан дуранг ва мағлубият. «Шаҳарликлар» айниқса, «Уотфорд» билан ўйинни анча дарғазаб қарши олишди. Зеро, улар бир тур олдин дебютант «Норвич»га ютқазиб қўйишганди. Хуллас, чемпион бор аламини яқиндагина бош мураббийини ўзгартирган турнир аутсайдерига тўкиб солди. Ҳакамнинг старт ҳуштаки чалинишидан атиги 50 сония ўтиб, Кевин де Брюйне навбатдаги фантастик узатмани амалга оширди ва Давид Сильва ҳисобни очишни пайсалга солмади.

Хосеп Гвардиола рақибга қандайдир енгиллик беришни хуш кўрадиган мураббийлар тоифасига кирмайди. Шундай экан, тезкор голга қарамай, «Сити»нинг ҳужумкорликни пасайтирмаганида ажабланадиган томони йўқ. Хуллас, «Уотфорд» дарвозабони кейинги 16 дақиқада яна 4 марта ожиз қолди. Қолаверса, «шаҳарликлар» ҳар қандай дидга мос келувчи голлар уришди - ўйин ҳолатидан, пенальтидан, жарима зарбасидан ва «стандарт»дан кейинги комбинация ёрдамида. Яна бир томони, дастлабки 5та гол 5 нафар футболчи номига ёзилди. Жумладан, аргентиналик Серхио Агуэро АПЛдаги юбилей - 100-голини нишонлади. Дарвоқе, у Тьерри Анри ва Уэйн Рунидан кейин 1та клуб сафида 100та гол маррасига етган 3-футболчи бўлди.

18-дақиқагача 5:0 - бу жамоавий тезкорлик (албатта, гол уриш бўйича) бобида АПЛнинг янги рекорди. Аввалги энг юқори натижа «Блэкберн» томонидан 22 йилу 1 ой олдин қайд этилганди. Аниқроқ айтсак, бу жамоа 1997 йилнинг 25 август куни «Шеффилд Уэнсдей»га қарши кечган учрашувнинг илк 24 дақиқасида 5та гол урганди. Умуман олганда, бу Гвардиола бошқарган жамоалар учун муайян вақт ва голлар сонига боғлиқ дастлабки рекорд эмас. Мисол учун, каталониялик мутахассис 2015 йил сентябрда «Бавария»нинг «Вольфсбург»га қарши ўйини танаффусида Роберт Левандовскини сафга қўшган ва полшалик тўпурар атиги 15 дақиқа ичида «бўрилар» дарвозасини 5 марта «ўқ»қа» тутганди. Ўшанда у «флэш» учун атиги 9 дақиқа сарфлаганди - мутлақо ҳайратланарли кўрсаткич.

«Манчестер Сити» - Уотфорд» ўйинига қайтсак, «шаҳарликлар» танаффусдан кейин ҳам майдонда ҳукмронлик қилишда давом этишди ва якунда ҳисобни 8:0га етказишди. Португалиялик Бернарду Сильва гол бобида «хет-трик»ка эришган бўлса, бельгиялик Кевин де Брюйне «Гол } пас» тизими масаласида 3 очко олди. Аслида «Уотфорд» ўша оқшом 10тадан ҳам кўпроқ гол қўйиб юбориши ҳеч гап эмасди. Фақат дарвоза устуни ва тўсини бечора Бен Фостерни 3 марта қутқариб қолди.

Ўйинга боғлиқ яна бир қизиқарли маълумот. Буниси бош ҳакам Майк Динга тааллуқли. Биринчидан, у жорий йил тақвими ҳисобидан «Сити» иштирокидаги 3-ўйинда ишлади. Диққатга сазовор томони, «шаҳарликлар» Дин бошқарган аввалги 2та ўйинда ҳам рақибни шундоқ «янчиб» ташлагандилар (чемпионатда «Челси»ни 6:0 ва кубокда «Бертон Альбион»ни 9:0 ҳисобида тор-мор келтиришган). Қолаверса, Гвардиола жамоаси бу ўйинларнинг барчасида ҳисобни дастлабки 5 дақиқа ичида очди. Ҳакамлик ишига келсак, «Уотфорд» футболчилари азобли ўйин тезроқ тугашини кутган бўлсаларда, Дин қоидалардан четга чиқмай, асосий вақтга 3 дақиқа қўшиб берди. Бошқача айтганда, у 8:0га парво қилмай, футболчиларни яна 3 дақиқа югуришга мажбур қилди...

АПЛ: 6-турдан яна бир кадр. «Лестер» - «Тоттенхэм» ўйинида Гарри Кейн зарба беришдан олдин майдонга йиқилган бўлсада, чиройли гол урди, барибир. Гарри «Лестер» дарвозасига зарба йўллашдан 2-3 сония аввал мезбонлар вакили томонидан туртиб юборилди. Ҳужумчи бунга парво қилмай, жарима майдони ичига кирди ва йиқилаётиб, ўта мураккаб ҳолатда тўпга зарба берди. Албатта, дарвозани мўлжалга олган ҳолда. Умуман олганда, «Лестер» Кейн учун энг қулай рақиблардан бири ҳисобланади. У барча турнирлар доирасидаги жами 12та ўйинда «тулкилар»га 13та гол тортиқ этган. Айтиш жоиз, Англия миллий жамоаси ҳужумчиси голларидан ҳеч қайси рақиб бу қадар кўп азият чеккан эмас. Яна бир қизиқ факт шуки, Гарри фаолиятининг бошланғич қисмида айнан «Лестер»да ўйнаган (ижара келишуви асосида).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz