Қайднома

Қидирув

The-afc.com: «Абрамов ўз термасининг муваффақиятига ишонмоқда»

The-afc.com: «Абрамов ўз термасининг муваффақиятига ишонмоқда»

  10.10.2019 01:25
  0
  414
The-afc.com: «Абрамов ўз термасининг муваффақиятига ишонмоқда»

Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон миллий жамоасидаги ўзгаришлар ҳақида мақола тайёрлаб, термамизнинг ЖЧ-2022 саралашидаги иштирокида атрофлича тўхталди. Шунингдек, яқинда бош жамоамизни қабул қилиб олган Вадим Абрамовнинг фикрлари билан қизиқди. Қуйида the-afc.com сайтида чоп этилган материални эътиборингизга ҳавола этамиз.

Вадим Абрамов Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлигига қайтаркан, қўл остидаги футболчиларнинг ЖЧ-2022 саралашидаги омадсиз стартдан кейин ўз ўйинларини топиб олишларига ишонмоқда. Ёдингизда бўлса, сафарда Фаластинга 0:2 ҳисобида имконият бой берилганидан сўнг Эктор Купер лавозимидан озод этилганди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси аргентиналик мутахассисга чиқиш эшикларини кўрсатгач, Осиё кубоги-2011да термани муносиб тарзда бош­қарган мураббий ортга қайтарилди. Ўзбекистон термаси Қатарда ўтказилган қитъа биринчилигида ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этганди. Абрамовнинг таъкидлашича, мавжуд вазият Яман ва Сингапурга қарши кечадиган ўйинлар арафасида шогирдларининг кайфиятини кўтаришга эҳтиёж қолдирмаслигини таъкидлади. «Барча футболчилар халқимиз ва футболни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётган ҳукуматимиз олдидаги масъулиятни ҳис қилишяпти, - деди Абрамов the-AFC.com сайтига берган интервьюсида. - Бизнинг одамлар футболни севишади, ўйинчилар эса вазиятни тўғри англашмоқда. Шу боис, футболчиларга руҳий далда бериш шарт эмас, менимча, улар шундоқ ҳам ҳозирги вазиятдан қандай чиқиш кераклигини яхши тушуниб туришибди. Албатта, аввал ишлаган даврим билан солиштирганда, кўп нарса ўзгарди: мен ҳам, футболчилар ҳам. Мураккаб вазиятдан чиқиб кетишимизга ишонаман, кейинги иккита беллашув ўйинчиларимиз, умуман, футболнинг қанчалик ўзгарганини кўрсатади».

Абрамовнинг сўнгги бор истеъфога чиқарилиши Ўзбекистон термасининг ЖЧ-2014 саралашидаги иштирокига тўғри келганди. Шундан сўнг ушбу мураббий «Локомотив» (Тошкент), «Нефтчи» (Фарғона) клубларини бошқарди. Ҳозиргача эса «Бунёдкор» клубида ёш иқтидор соҳиблари билан ишлаб келаётганди.

Гарчи Вадим Карленович узоқ муддатдан кейин яна жамоа таркибига баҳо бериш учун вақт кераклигини айтаётган бўлсада, термада ёшлар ва тажрибалилар ўртасидаги мувозанатни топишга интилмоқда. Чунки бутун Ўзбекистон ниҳоят, жаҳон чемпионатига чиқишга умид боғламоқда.

«Ҳозирги саволларга жавоб бериш учун аввал ишни бошлашим лозим, зеро миллий жамоада ишлаганимга 7 йил бўлди, - деди у. - Шу муддат ичида «Локомотив» ва «Бунёдкор»да ишладим, айрим сабаблар туфайли фаолиятимда танаффус юзага келди, шундай экан, нимадир дейишим қийин. Бироз вақт меҳнат қилганимдан кейингина нималарни ўзгартириш кераклигини айтаман. Айни пайт миллий жамоа тўлиқлигича U-23 термасига боғланиб қололмайди. Бугунги кунда U-23 асосини «Бунёдкор» ва «Насаф» клубларидаги футболчилар ташкил этишмоқда. Чиндан ҳам, бизда иқтидорли ёшлар кўп, аммо U-23 жамоаси билан миллий терманинг даражаси бир хил эмас. Шу боис, олимпия термасидаги йигитлар бош жамоага қўшилиш учун кўпроқ тажриба тўплашлари лозим. Биз айнан шу жиҳат бўйича ҳам ишлаяпмиз».

Ўзбекистон термаси айни пайт гуруҳ етакчиси Сингапурдан 4, фалас­тинликлардан 3 очко ортда қоляпти. Гуруҳ фаворити ҳисобланган Саудия Арабистони эса Яман билан баҳсдаги дуранг сабабли атиги бир очко тўплаган. Ушбу натижаларни инобатга олсак, Абрамов жамоаси олдинда турган иккита учрашувда ғалаба қозониб, ЖЧ-2022 йўлидаги ҳолатини яхшилаб олишни мақсад қилган. «Тушунарлики, гуруҳдаги ҳозирги ҳолатимиздан келиб чиқсак, ўзимизга бўлган ишончни қайтариш учун ғалаба қозониш жуда муҳим, - деди Абрамов. - Мазкур баҳсларда ютуқни таъминласак, жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашда имкониятларимизни қайтариб оламиз».

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz