Қайднома

Қидирув

Мирко ЙЕЛИЧИЧ: «Ғалаба қозонишимизни бутун жамоа ҳис қиляпти»

Мирко ЙЕЛИЧИЧ: «Ғалаба қозонишимизни бутун жамоа ҳис қиляпти»

  10.10.2019 11:55
  0
  457
Мирко ЙЕЛИЧИЧ:  «Ғалаба қозонишимизни бутун жамоа ҳис қиляпти»

Ўзбекистон термаси Яманга қарши беллашувга қизғин ҳозирлик кўрди. Ўйинга бўлган эътибор ниҳоятда кучли. Газетамизнинг аввалги сонида миллий жамоамиздаги ички муҳит, бўлажак баҳсларга қўлланиладиган услуб ва рақиблар ҳақида маълумот бериш баробарида, айрим футболчилар фикрларини ҳам мухлислар эътиборига ҳавола этгандик. «Вакилларимиз кейинги учрашувларда очиқ ва ҳужумкор футбол кўрсатишга тайёрми?» деган савол туғилади ўз-ўзидан. Боиси, ишқибозлар термамиз ўйинчилари иштирокидаги мазмунли ўйинни соғинишган. Биз Вадим Абрамовга жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдам бераётган австралиялик мутахассис Мирко Йеличич билан уюштирилган интервью жараёнида ушбу масала юзасидан ҳам савол бердик.

- Абрамовга аввал ҳам «Локомотив»да ассистентлик қилгансиз. Биргаликда футболчиларни масъулиятли учрашувларга тайёрлаш жараёни қандай кечяпти?

- Умуман олганда, ёмон эмас, лекин бунданда яхшироқ бўлиши ҳам мумкин, фақат маълум вақтдан кейин. Ҳозирги пайтда биринчи навбатда кайфият муҳим. Йигитларда ўз кучига бўлган ишонч ортиб боряпти. Тушуниб, кўриб турибмиз, терма жамоа Куперникидан фарқ­ланадиган янги услубга ўтяпти. Бунинг устида мана бир неча кундан бери иш олиб борилмоқда.

- Футболчилар клубларидан турли ҳолатларда етиб келишади, спорт формаси ҳам турлича бўлади. Шундай экан, бир неча кунлик машғулотлардан сўнг айни дамда мувозанат таъминландими?

- Йигитларнинг жисмоний ҳолати ҳақида гапириш, назаримда, бироз мушкул. Чунки маҳаллий чемпионатда мавсум якунига етай деб қолди. Шунинг учун ортиқча юкламалар бермаяпмиз, уларнинг ўйинга тетик ҳолда тушишларига эътибор қаратилмоқда. Асосан тактик ишланмалар, позицияларни тўғри танлаш бўйича ишлаяпмиз.

- Сиз ўзига хос ноодатий услубга эгасиз, бунга «Локомотив» ўйинлари орқали бир неча марта амин бўлганмиз. Хўш, терма жамоа машғулотларига қандайдир ранг-баранглик киритилдими?

- Имкон қадар максимал кучни сақлаб қолишга интил­япмиз. Чигалёзди машқлар, тренажёр залидаги машғулотлар бари бир йўсинда кетяпти. Катта янгиликлар киритишдан тийилдик, чунки ҳозир турли тажрибаларни синаб кўришнинг мавриди эмас. Шундай мураббийлар бўладики, келгани заҳоти футболчиларга катта жисмоний юкламаларни буюришади. Бу яхши эмас. Ҳозирча асосан тўп билан ишланяпти. Агар бунга яна қўшимча нарсалар киритилса, фойдаси кўп бўлмайди.

- Фаластин термасига қарши кечган ўйинни кўрган бўлишингиз табиий. Термамиз аъзолари ортларига тушкун кайфиятда қайтишди. Футболчиларни қайтадан тайёрлаш қийинчилик туғдирмаяптими?

- Йуқ, ортиқча босимдан холимиз. Ассоциациядагиларга раҳмат, ушбу ташкилотдан вакиллар ташриф буюриб, бизга беминнат кўмаклашмоқдалар. Мураккаб вазиятларда, аввало, ҳамма хотиржам бўлишга интилиши лозим, ваҳима, тўполонга ҳожат йўқ. Ички муҳит ажо-йиб, йигитларнинг ўзларига ишонишлари биринчи даражали масала.

- Терма жамоа аъзолари Яман ва Сингапур билан ўйинларда 90 дақиқа фаол тарзда, биринчи рақам остида тўп суришга тайёрларми?

- Ҳужумкор ва очиқ футбол биз бир неча йилдан бери қўллаб келаётган услубимиз ҳисобланади. Ҳозирча бирор нима дея олмайман. Вазиятга қараб иш тутамиз. Лекин «Пахтакор» стадионида мухлисларбоп футбол намойиш этишга қодирлигимизни яна бир бор кўрсатамиз.

- Йиғинга қўшилганига кўп бўлмаган Элдор Шомуродов, Икром Алибоев, Отабек Шукуровларнинг ҳолати ҳақида маълумот берсангиз.

- Уларда бироз чарчоқ сезилиши мумкин. Отабекнинг жароҳатидан қутулганига кўп бўлмади, Элдор якшанба куни майдонга тушди, Икром ҳам ўз жамоаси билан ўйин­да иштирок этди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ушбу футболчилардан тўғри фойдаланишни биламиз.

- «Локомотив»дан истеъфога чиққач, нималар билан машғул бўлдингиз? Ортда қолган даврни таҳлил қилиб, хулосалар ясадингизми?

- Шунчаки, мароқли ҳордиқ чиқардим. Ҳар бир инсон дам олишни ҳам билиши шарт. Июнда шартномам тугади, кўп ўтмай, миллий терма жамоага таклиф қилиб, ёрдам беришимни исташди.

- Рақибларни ўрганиш жараёнида қайси жиҳатларга эътибор қаратилди?

- Яман ёпиқ ўйин таклиф қилиши аниқ. Улар билан аввал ҳам ўйнаганмиз, бироқ ушбу термада ҳам кўп нарса ўзгарган. Зич мудофаани ёриб ўтиш осонмас, лекин бизда тезкор вингер ва ҳужумчилар бор. Рақиб сафидаги 4 ва 10-рақамли футболчилардан хавф кутиш мумкин. Айтганча, 10-рақам эгаси дисквалификацияда. Шунингдек, 7, 12-рақам эгалари ҳам етарлича потенциалга эгалар. Ўзбекистон термаси ҳеч қайси рақибидан қўрқмайди, аммо ҳурмат қилади. Уларни мағлуб этишга кучимиз етади. Ғалаба қозонишимизни бутун жамоа ҳис қилиб турибди.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz