Қайднома

Қидирув

Термада омадли, клубда ношуд

Термада омадли, клубда ношуд

  12.10.2019 06:23
  0
  633
Термада омадли, клубда ношуд

Замонавий футбол тарихида машҳурликка эришган ўйинчилар бисёр. Қизиғи, уларнинг аксарияти миллий жамоасида қанчалик муваффақиятли тўп сурган бўлса, клубида шунчалик омадсизликка юз тутган. Бу тақдир ҳазилими ёки?..

Яшил майдонда кўпинча қизиқ бир ҳолат кўзга ташланади. Машҳур клубнинг ўз вақтида йирик суммага харид қилинган футболчиси ўртамиёна ўйин кўрсатади. Унинг ҳаракатларида юлдузларга хос айтарли ҳеч нарса йўқдек. Бундай ўйинчиларнинг фаолиятига назар солсак, улар гўё шунчаки вақт ўтказиш учун тўп сураётгандек тасаввур уйғонади. Бошқа томондан, айнан шу футболчи миллий жамоаси сафига қўшилса, уни таниёлмай қоласиз. Ўз мамлакати термасининг расмий учрашувларидаги кўрсаткичлари ажойиб бўлади: ҳам куч, ҳам дриблинг, ҳам маҳорат, ҳам иқтидор томонлама. Термадаги кўрсаткичларига қараганда, клубдаги натижалари камтарона кўринади. Хўш, гап айнан қайси футболчилар ҳақида бормоқда?

 

Лукас Подольски - Германия термаси

Бу каби омадсизлар рўйхатининг биринчи поғонасига Лукас Подольскини қўйиш мумкин. Германиялик форвард Мюнхеннинг «Бавария» ва Лондоннинг «Арсенал» клубидаги муваффақияти билан мақтана олмайди. Йўқ, унинг клублардаги ўйини ёмон чиқмади. Футболчи майдонда ўз ўрнини биларди, ўз клубларига кўп фойда келтирарди. Гап шундаки, ўша кезлари унинг жамоалари йирик ғалабалар ва нуфузли совринларни қўлга киритишмаганди.

Шунга қарамай, Германия миллий жамоасида Лукас Подольски ҳақиқий бургутдек кўринарди. Унинг термадаги иштироки жаҳон футболи тарихида умрбод сақланиб қолади. Ўтказилган ўйинлар сони (Германия термасида 130та) бўйича Подольски фақат афсонавий Лоттар Маттеус ҳамда Мирослав Клозедан ортда. Лукаснинг ҳисобида миллий жамоада урилган 49та гол бор. У «бундестим» таркибида 2008 йили Европа вице-чемпиони бўлди, 2014 йили жаҳон кубогини қўлга киритди.

Ангелос Харистеас - Греция шон-шуҳрат залида

Юнонлар Ангелос Харистеасни афсона деб билишади. Грециялик форварднинг уринишлари самараси ўлароқ, Греция ўз тарихида илк бор Европа чемпионлигига эришганди (2004). Айнан Харистеаснинг саъй-ҳаракатлари туфайли гуруҳ босқичида Испания термаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашди ва рақибдан қимматли икки очкони тортиб олишди. Чорак финалда Харистеаснинг голи Франция термасини турнирдан чиқариб юборди. Евро-2004 финалида Ангелос томонидан киритилган тўп мусобақа мезбони - Португалия термасининг мағлубиятига сабаб бўлди. Греция футболининг тирик афсонаси бўлиш учун етарли натижа.

Харистеас миллий жамоаси сафида 88та ўйин ўтказиб, 25та гол урган. Клублар даражасида эса юлдузларга хос фаолият юритиш унга насиб этмади. У Бременнинг «Вердер»ида ҳам, Амстердамнинг «Аякс»ида ҳам, «Нюрнберг»да ҳам ёрқин ўйин кўрсатолмади. Унинг гол сезиш қобилияти, омади ва маҳорати қаергадир йўқолиб қолгандек эди.

Ангелоснинг сўнгги клуби Саудия Арабистонининг «Ал-Наср»и бўлганди. 2013 йили Харистеаснинг спортчилик фаолияти якунланди.

 

Фабио Гроссо - Италия термаси халоскори

Рўйхатдаги учинчи шахс ҳам Европа жанубидан. Гап италиялик ҳимоячи Фабио Гроссо ҳақида бормоқда. 2006 йили бутун Италия «скуадра адзурра»нинг 29 ёшли футболчисини олқишлаганди. У ўз миллий жамоаси сафида ЖЧ-2006ни ёрқин тарзда ўтказганди, муҳим ва масъулиятли дамларда асосий ролни ўйнаганди.

Австралия термасига қарши кечган баҳсда унинг рақиб жарима майдончаси ичида йиқилиши якунда пенальтига олиб келиб, «нуқта»дан урилган гол итальянларни мундиал чорак финалига олиб чиққанди. Ярим финалда чап қанот ҳимоячисининг ҳаракатларидан мусобақа мезбонлари ҳам жабр кўришди. Қўшимча вақтда Германия жамоаси дарвозасига урилган гол немисларни жаҳон чемпионлиги учун курашда тўхтатганди. Финалда Италия ва Франция ғолибни пенальтилар серияси орқали аниқлашди, мазкур баҳс ҳам Гроссо учун омадли якун топди - у ҳал қилувчи тўпни киритди.

Миллий термадаги муваффақият клубда Фабиога кулиб боқмади. Жаҳон чемпионатидан кейин ҳимоячи «Палермо»дан Миланнинг «Интер»ига ўтди. Афсуски, бу жамоада у ўзига ўхшамади. «Интер» таркибида Италия чемпионлигини қўлга киритган Гроссо термадаги ўйинининг ўндан бирини ҳам кўрсатолмади.

Кейинчалик «Лион» клубида ҳам айни ҳолат кузатилди. Француз жамоаси таркибидаги энг ёрқин ғалабаси - 2007 йилги Франция Суперкубогининг қўлга киритилиши бўлди. «Ювентус»дан тушган таклиф футболчи учун юлдузли онларни туҳфа этмади. Гарчи Гроссо 2012 йили «кекса синьора» сафида скудеттони боши узра кўтарган бўлсада, кўп ўтмай футболчилик фаолиятини якунлашини билдирди.

 

Андерс Свенссон - Швеция термаси умиди

Швеция футболи тарих зарварақларига Андерс Свенс­соннинг номи ҳам мангу муҳрланган. Хориждагилар ушбу мамлакат термаси деганда Златан Ибрагимовични ёдга олишса, шведларнинг ўзи бошқача фикрдалар. Мазкур жамоада энг кўп ўйинни ярим ҳимоячи Андерс Свенссон ўтказган.

Бу футболчи миллий терма либосида 14 йил (1999-2013) ўйнаган. Унинг ҳисобида 21та гол бор. Свенссоннинг фаолиятидаги энг эсда қоларди гол 2002 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Аргентина термаси дарвозасига йўлланган. Ўшанда киритилган тўп жанубий америкаликларни «плей-офф»дан мосуво қилганди. Афсонавий швед иккита мундиалда қатнашган, Европа биринчилигида эса уч марта иштирок этган.

Унинг клубдаги ютуқларига келсак, улар умуман йўқ. Швеция термасида ёрқин ўйин кўрсатган футболчи «Эльфсборг» ва «Саутгемптон»да юлдузга айлана олмади.

Ушбу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Жаҳон футболи тарихида клубида ўзини кўрсатолмаган бўлсада, терма жамоада анча барқарор тўп сурган футболчилар бисёр.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz