Қайднома

Қидирув

Достон ИБРОҲИМОВ: «Қийинчилик ҳар бир жамоада бўлади»

Достон ИБРОҲИМОВ: «Қийинчилик ҳар бир жамоада бўлади»

  13.10.2019 05:48
  0
  447
Достон ИБРОҲИМОВ: «Қийинчилик ҳар бир жамоада бўлади»

Суперлига жамоаларининг таркибларига эътибор қаратилса, ҳар бирида тажрибали ва ёш футболчилар етарлича топилади. Улардан тўғри фойдаланиш эса мураббийга боғлиқ. Мисол сифатида Навоийнинг «Қизилқум» клубини олсак. Биринчи даврадан сўнг жамоа сафини Эркин Бойдуллаев, Элгужа Григалашвили каби футболчилар тарк этишди. Уларнинг ўрни Стивен Люстица, Лаша Тотадзе, Мате Вацадзе, Руслан Маргиев сингари легионерлар ҳисобига тўлдирилди. Бироқ жамоанинг натижалари кўнгилдагидек эмас, навоийликлар элитада жон сақлаш учун курашишмоқда. Хўш, «Қизилқум»нинг муваффақиятга эришиши учун нима етишмаяпти? Мазкур саволга жавоб топиш мақсадида жорий йил миллий терма мураббийлари назарига тушган футболчи Достон Иброҳимовга юзландик.

- «Қизилқум» таркибига назар солсак, тажрибали ва маҳоратли футболчилар йиғилганига гувоҳ бўламиз, шунингдек, легионерлар ҳам бор. Аммо натижа йўқ, жамоа сўнгги ўринларда бормоқда. Ҳамиджон Актамов матбуот анжуманида футболчилар маоши бўйича қарздорлик мавжуд эканини таъкидлади...

- Қийинчилик ҳар бир жамоада бўлади, мақсад сари йўлга отланар экансиз, кўплаб муаммоларни енгиб ўтишга тўғри келади. Шуни ишонч билан айта оламанки, биз вазиятни ўнглашга қодирмиз, қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Жамоа устозининг гапларига изоҳ беролмайман, чунки у мураббий, мен эса футболчи. Ҳар кимнинг ўз вазифалари белгилаб қўйилган.

- Биринчи даврада «Бухоро»даги ўйинларингиз орқали миллий жамоадан таклиф олгандингиз. Нима учун фаолиятингизни ушбу клубда давом эттирмадингиз? Балки Муҳсин Муҳаммадиев билан орангизда келишмовчилик юзага келгандир?

- Тўғри, «Бухоро»да ўзимни уйимдагидек ҳис қилардим, лекин «Қизилқум»нинг ундан кам жойи йуқ. Муҳсин Муслимович билан эса ўртамизда ҳеч қандай гап-сўз ўтмади. Уни ҳурмат қиламан, фаолияти давомида кучли жамоаларда ўйнаган, қолаверса, ўзбек футболи ушбу мутахассис учун бегона эмас. Қисқаси, ҳаммаси яхши. Шунчаки, мен Навоий клубига ўтишни афзал билдим.

- Достон, жамоангизга айни дамда етишмаётган нарса нима?

- Менимча, ҳамжиҳатлик - майдонда ўзаро тушуниб ҳаракатланишда оқсаяпмиз. Биласиз, янги футболчиларнинг ўзга муҳитга мослашишлари учун вақт керак - агар бирлашиб, ягона мақсад йўлида ҳаракатлансак, ўзимиз истаган маррага етамиз.

- «Қизилқум»ни ўзига хос кайфият жамоаси деса бўладими? Бир қараса, аутсайдерга мағлуб бўлади, кўп ўтмай, чемпионат етакчиларидан очко тортиб олади? Жамоада аниқ тизим, мақсад борми?

- Табиийки, ҳеч бир клуб чемпионатда пастки ўринларни эгаллаш учун қатнашмайди. Жамоалар юқори чўққини, совринларга эга чиқишни кўзлайди. «Қизил-қум» ҳам доимо юксак марралар сари интилади. Ҳозирги мақсад - чемпионатни муносиб тугатиб олиш, қолганини вақт кўрсатади.

- Терма жамоанинг иккита йиғинида иштирок этдингиз. Хорижлик мутахассислар қўл остида шуғулландингиз, машғулотлар жараёнида фарқ сездингизми? Умуман, таассуротлар қандай? Купер қайси жиҳатлари билан ёдда қолди?

- Миллий жамоада ўйнаш ҳар бир футболчининг орзусидир. Термада тўп суриш имконияти ҳар кимга ҳам берилавермайди. Албатта, маҳаллий мураббийлар ўтказадиган машғулотлар билан Купернинг машғулотлари ўртасида фарқ бор, лекин... Аргентиналик мутахассисни майдонда тартибни ёқтирадиган, интизомга қатъий риоя этадиган инсон сифатида эслаб қолдим. У ҳар бир футболчига алоҳида ёндашарди.

- Олимпия термаси машғулотларига қўшилдингиз. Адашмасам, бу йил ҳисобидан илк бор ушбу жамоа таркибида шуғулланяпсиз...

- Ҳа, аввалги йиғинларга ҳам таклиф этилгандим, аммо миллий терма билан ўртоқлик учрашувларида иштирок этганим сабаб бу жамоа таркибига қўшилолмагандим. Энди эса олимпия термаси учун бор кучни сарфлаш вақти келди. Ҳозирлик кўнгилдагидек кетяпти.

- Ўзбекистон олимпия термаси Осиё чемпионатида «ўлим гуруҳи»дан жой олди. Нима деб ўйлайсиз, Жануий Корея ва Хитой билан икки йил олдингидек рақобатлаша оламизми?

- Дарҳақиқат, жуда кучли гуруҳга тушдик. Эрон, Жанубий Корея ва Хитой билан рақобатлашиб, улардан устун келишга харакат қиламиз. Мақсадимиз аниқ - Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш.

- Хориж футболига доир савол берсам. Нима деб ўйлайсиз, «Интер» Антонио Конте билан скудеттони қўлга кирита оладими?

- Олдиндан бирор нарса дейиш қийин, аммо мураббийнинг маҳорати, таркибдаги маҳоратли футболчилар билан бу ишни эплаш мумкин. Шуниси аниқки, «нерадзурри» осонликча таслим бўлмайди. Лекин барибир, «Ювентус» фаворитлигича қолади.

АБДУЛАЗИЗ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz