Қайднома

Қидирув

Лионель Месси: «Мен кўрган қийинчиликларни фарзандларим кўрмасин дейман»

Лионель Месси: «Мен кўрган қийинчиликларни фарзандларим кўрмасин дейман»

  18.10.2019 09:14
  0
  424
Лионель Месси: «Мен кўрган қийинчиликларни фарзандларим кўрмасин дейман»

«Барселона» янги мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади. Испания чемпионатининг дастлабки 5 туридан сўнг каталонияликлар жадвалнинг 8-қаторида боришаётганди. Пасайишни асосан Мессининг жароҳати билан боғлашди. Кейинги уч турда «Барса» кетма-кет учта ғалабага эришиб, 2-ўринга кўтарилиб олди. Ла Лигадаги сўнгги ўйинда Вальверде бошчилигидаги жамоа таркибда икки футболчи четлатилишига қарамай, «Севилья»ни 4:0 ҳисобида енгди. Голлардан бири Леонинг ҳисобига ёзилди. Шундан сўнг Испаниядаги RAC1 радиоси (Барселонада жойлашган) «кўк-анорранглилар»нинг асосий юлдузи билан 43 дақиқалик интервьюни мухлислар ҳукмига ҳавола этди. Месси студияга тож сурати бор футболкада келиб, барча актуал саволларга жавоб берди. Championat.com эса ушбу жавоблардан энг муҳимларини танлаб олди.

 

- Вақти келиб «Барселона»ни тарк этишингизни тасаввур қила оласизми?

- Шундай вақтлар бўлганки, ҳамма нарсадан чарчагандим. Айниқса, 2013 йили солиқ билан боғлиқ муаммолар борлигида. Ўша давр мен учун ҳам, оилам учун ҳам жуда оғир кечган. Одамлар аслида нима содир бўлаётганини тушунишмасди. Матбуот ҳам бу борада ўз улушини қўшди. Кўриниб турардики, солиқчилар учун мен дастлабки шундай объектга айлангандим. Улар учун ҳаммани бирдек истисносиз текшира олишларини кўрсатиш муҳим эди. Шу боис ҳам ўз сўзларида қатъий туриб олишганди. Яхшиямки, ўшанда фарзандларим кичкина эдилар, мазкур жараённи тушунишмаган. Ўша кезлари кетиш фикри туғилганди. Бунга «Барселона» сабабчи эмасди, шунчаки, Испанияни тарк этишни хоҳлагандим. Ўзимни жуда ёмон ҳис қилгандим, бу ерда қолишни истамагандим.

- Жорий мавсум ниҳоят, Антуан Гризманн «Барселона» сафига қўшилди. Лекин ҳозирча уни юқори савияли ўйин намойиш этяпти, де-йиш қийин. Ўз вақтида унинг «Барса»га ўтишини хоҳламаганингиз тўғрисида гап-сўзлар кўпайганди.

- Бу жамоада «Барса» фалсафасиги киришиб улгурмаганларга қийин бўлади. Мазкур ҳолатда футболчининг қандай даражада эканлиги ҳам аҳамиятини йўқотади. Антуан мутлақо ўзгача услубда ўйнашга ўрганган. Лекин биз унинг тез орада мослашиб олишига ишонамиз, зеро Гризманн жуда ақлли футболчилар тоифасидан. Унинг жамоамизга келишига қарши бўлганим ҳақидаги гап-сўзларнинг бари ёлғон. Аввалги йилларда ҳам унинг энг яхши ўйинчилардан бири эканлиги, у кабиларнинг клубимиз сафига қўшилишидан барчамиз хурсанд бўлишимизни айтгандим. Гризманн билан ҳеч қачон орамизда тушунмовчилик кузатилмаган.

- Неймар эса бу борада анча маъқулроқ вариант эди. У билан майдонда бир-бирингизни яхши тушуниб ўйнардинглар. Бу футболчининг «Барса»га қайтишга улгурмагани сизни ранжитгандир?

- Неймарни ҳам айнан «Барселона» услубига жуда тез мослашгани сабабли жамоада кўришни хоҳлагандим. У жаҳондаги энг яхши футболчилардан бири. Унинг борлигида барча совринларни қўлга киритиш имконияти ортади. Мазкур ҳолатда сизлар бошқа жиҳатларга эътибор қаратгансизлар: унинг «Барселона»ни қандай тарк этгани, ишқибозларнинг муносабати - ҳаммаси тушунарли. Лекин спорт нуқтаи назаридан олиб қаралганда, унинг қайтишидан хурсанд бўлардим. Клуб ушбу масалани ҳал этиш учун бор кучини сарфлаганми, йўқми, билмайман, чунки мен музокараларда қатнашмадим. Неймар билан нима ҳақида суҳбатлашилганини биламан, лекин бошқа томоннинг қандай позицияда эканлигидан бехабарман. Ўйлашимча, Неймар кетганидан сўнг хатога йўл қўйгани, нотўғри қарор чиқарганини кўрди. Уни яхши билганим учун шундай фикр туғилди менда. Даставвал Неймар ёзда Мадридга йўл олади, деб тахмин қилгандим, чунки у ўша ерга боришни хоҳлаётганди, ўзгаришларга қўл урмоқчи эди. Флорентино уни «ПСЖ»дан нима қилиб бўлсада сотиб олишига ишонганди. Неймар кейинги йили Мадридга ҳам, Барселонага ҳам келмаслиги эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

- Маълумотларга кўра, Аргентинанинг «Ньюэллс Олд Бойс» жамоасида тўп суриш ниятингиз бўлган экан. Имконият туғилса, мазкур клуб сафига қўшилармидингиз?

- Чиндан ҳам, ушбу жамоада ўйнашни, Аргентина футболи билан яшашни орзу қилардим. Чунки мамлакатимиз футболи бошқалардан кескин фарқланади. Аммо айни пайт ўз хоҳишларим эмас, оилам ҳақида кўпроқ қайғуришим керак.

- Видеотакрорлар тизими замонавий футболдаги энг долзарб янгиликлардан бири бўлиб турибди. Мазкур технологияга сизнинг муносабатингиз қандай?

- Менга VAR ёқади, уни қўллаб-қувватлайман, аммо жуда кўп шубҳалар бор. Ундан керакли даражада фойдалана олишмаяпти. Такрорий вазиятларни кўриб чиқишнинг кўплаб вариантлари бор, уларни кузатгач, ҳакамларни иккилантирадиган ҳолатлар кўзга ташланади. VAR шу каби шубҳаларга ўрин қолдирмаслиги керак, ҳозирча бундай бўлмаяпти.

- Лионель Мессининг фаолияти қачон якунланиши мумкин?

- Вақт ўтгани сари футбол билан айнан шу ерда хайрлашишим мумкинлиги ойдинлашмоқда. Бу каби изчилликни ҳар доим ҳис қилганман. Фаолиятимни тугатганимдан кейин ҳам Каталонияда яшасам дейман. Фарзандларимнинг дўстларидан айрилишларини истамайман. Мен бошдан кечирган воқеалар улар билан ҳам такрорланишини хоҳламайман.

- Уйда бўлганингизда сериаллар томоша қилиб турасизми?

- Кўчага кўп чиқмайман. Асосан вақтимни уйда ўтказаман. Бунга фарзандларим ҳам сабабчилар. Табиийки, сериалларни томоша қилиб турамиз, чунки Антонелла (рафиқаси) уларни яхши кўради. Болалар ухлагач, телевизорни ёқамиз. Айни пайт Аргентинада ишланган «El marginal» сериалини кузатяпмиз.

- Жисмоний ҳолатингиз ҳамон юқори савияда тўп суришга имкон беряптими?

- Ҳозирча ўйинларга 100 фоиз тайёрман, деёлмайман. Жорий мавсум «Севилья»га қарши баҳсда бор-йўғи иккинчи марта учрашувни тўлиқ ўтказдим. Бошида чарчаб қолдим, лекин вақт ўтиб ҳорғинлик йўқолди. Аста-секин ҳолатимни тиклаяпман.

- «Олтин тўп»ни қўлга киритиш имкониятларингизни чамалаб кўрдингизми?

- Бу соврин яна бир бор менга топшириладими, йўқми, олдиндан нимадир дейишим мушкул. Ушбу номинациядаги мағлубият мени ажаблантирмаганди. Тўғри, фарзандларим учун «Олтин тўп»ни қўлга киритсам яхши бўларди. Аммо мақсадим шахсий совринларга қаратилмаган. Мен учун энг кутилмаган воқеа Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетганимиз бўлди.

- Сўнгги пайтларда «Барселона» бош мураббийидан норозилар сони тобора ортмоқда...

- «Ливерпул»га имкониятнинг бой берилгани бизнинг хатомиз эди. Бундай ҳолат бошқалар билан ҳам такрорланишига ишониш қийин. Айниқса, Римдаги воқеалардан кейин (2018 йилнинг апрелида «Барса» ЧЛ 1|4 финалида «Рома»га ютқазганди). Ўша ўйин ҳамон хаёлимиздан чиқмаганди ва «Ливерпул»нинг ҳар бир голидан сўнг вазият ёмонлашаверди. Бунда Вальверденинг айби йўқ. Мураббийни сақлаб қолиш - менинг танловим эмас. Клуб шундай қарорга келди ва жамоа бундан хурсанд бўлди. Эрнестони ҳаммамиз яхши кўрамиз. Аввалги мураббийлар ҳақида ҳам худди шу фикрни билдиришим мумкин. Биз барчага шундай муносабатда бўлишимиз даркор. Акс ҳолда, ҳолатимиз қийинлашади.

- Жерар Пике омма эътиборини ўзига қаратишни хуш кўради. Бу жамоадошингизнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида нима дейсиз?

- Жери жуда дангалчи ва маданиятли йигит. У нимани ўйлаётган бўлса, шуни гапиради, айтганлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида заррача ўйламайди. Пике жуда самимий, ҳамиша шундай қолишга интилади. Шунингдек, жуда қувноқ.

- «Барселона» раҳбари билан тез-тез гаплашиб турасизми?

- Ҳа, «Ливерпул»дан учралган мағлубиятдан кейин ҳам Бартомеу иккимиз суҳбатлашдик. У билан ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмайман. Керак пайтда муаммосиз гаплашаверамиз.

- Жамоага мураббий ва футболчиларни олиб келиш пайтида сиз билан бамаслаҳат иш тутилар экан. Ўзингиз ҳам «Барса»га бўлган таъсирингизни сезасизми?

- Чиндан ҳам, қайси футболчини сотиб олиш, қайси мураббийни олиб келишни мен ҳал қилишим ҳақида гап-сўзлар кўпайган. Шундай уйдирмалар ҳам учраб тураркан. Табиийки, аслида бундай эмас. Сўнгги пайтларда кузатилган воқеалар буни исботлаши мумкин. Неймар ва Гризманн билан боғлиқ вазиятда футболчиларнинг фикрини ҳам сўрашганди, муносабат билдирдик, лекин бу шунчаки консультация холос. Қарорни биз қабул қилмаймиз.

- Хави ва Иньеста кетгач, уларнинг позициясига муносиб ўринбосар топиш жараёни жуда чўзилиб кетди...

- Ушбу футболчиларсиз қийналишимиз тушунарли эди. Улар бебаҳо. 90 фоиз ҳолатда ўйинни назорат қилардик, тўпни беш сонияда қайтариб олардик. Қачондир клубни тарк этишларини тушуниб турардик, таркибимизда маҳоратли ярим ҳимоячилар кўп, аммо Хави ва Иньеста ўзгача эдилар. Улар жамоа фалсафасини ўзгартиришган, чунки барчаси шу ижрочилар орқали амалга ошириларди. Хави айни пайт мураббийлик билан шуғулланмоқда, ўйлашимча, у Гвардиолага ўхшайди.

- Яқинда Виктор Вальдеснинг мураббийлик иши юзасидан можароли ҳолат кузатилди. Мазкур воқеа ҳам сизни беэътибор қолдирмагандир?

- Албатта, илк кундаёқ шундай ҳодиса рўй бергани мени ҳам ҳайрон қолдирди. Бу масалада жўяли фикр билдиролмайман, чунки батафсил маълумотларни билмайман. Янгиликларни кўриб, вазиятнинг шундай тус олганидан ажабландим.

- Фаолиятингиздаги энг ёрқин ҳолатни ажратиб кўрсата оласизми?

- Бу жуда қийин, зеро турли босқичлардан ўтишимга тўғри келган. Ўйлашимча, Гвардиола ишлаган даврни футболчи сифатида ҳар тарафлама энг яхшиси деб айта оламан. Пеп - фаолиятимда мен учратган энг яхши мураббий. Луис Энрике ҳам шунга яқинроқ.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz