Қайднома

Қидирув

Ибра – бу беқиёс гол манбаи

Ибра – бу беқиёс гол манбаи

  19.10.2019 01:19
  0
  622
Ибра – бу беқиёс гол манбаи

ЯНА ЗЛАТАН ИБРАГИМОВИЧ, ЯНА АҚЛГА СИҒМАС ГОЛ. Швеция футболи фахри бу сафар «Динамо» дарвозасини «парашют» усулида нишонга олди. Лекин MLSнинг бош қироли мақоми бошқа футболчига ўтиб кетди. Ҳар ҳолда, мексикалик Карлос Вела имкони бор деярли барча рекордларни янгилади ва тез орада Европага қайтиши ҳам мумкин. MLSда мутназам чемпионат якунига етди. Энг яқин таъқибчисидан 8 очко кўп жамғарган Карлос Веланинг жамоаси - «Лос-Анжелес» 1-ўринни эгаллаган бўлса, мағрур Ибраси бор «Лос-Анжелес Гэлэкси» атиги 8-поғона билан чекланди. Бир қарашда, АҚШда кўпчилик айнан мексикалик ва швециялик ҳужумчилар туфайли соккерни алоҳида кузатди.

 

Златан Ибрагимович финиш маррасида чиройли ҳаракатни яна қо-йиллатди: 9-дақиқадаёқ жарима майдони чизиғи атрофида ўрнидан деярли қимирламаган ҳолатда тўпни Хьюстон «Динамо»си дарвозабони устидан ошириб ташлади. Самараси - жуда гўзал гол (тўп шундоқ дарвоза тўққизлигига тушди). Ўйиннинг 20-дақиқасида эса «Гэлэкси» ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлашга яқин келди, фақат бу сафар Ибранинг зарбасига дарвоза тўсини қалқон бўлди. Якунда Лос-анжелесликлар мағлубликни тан олишди - 2:4. Златаннинг шахсий статистикаси ҳар қандай кишини ҳайратга солади - 29та ўйинда 30та гол (6таси пенальтидан) ва 7та самарали узатма. Фақат шуниси борки, бу MLSдаги энг яхши кўрсаткич эмас. Ибранинг ўзи ҳар бир интервьюсида MLSнинг энг зўр футболчиси эканлигини бот-бот таъкидлаётган бўлсада, статистика бўйича бош юлдуз мақоми айнан Карлос Велага тегишли. Мисол учун, мексикалик фахрий мунтазам чемпионатнинг охирги турида «Колорадо Рэпидс» дарвозабонини 3 марта ранжитиб, жамоасининг 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлади. Шу тариқа у Америка соккерининг бир неча рекордини янгилади. Дастлабкиси - 31та ўйинда 34та гол урди. Иккинчиси - жамоасининг 85та голидан 49тасида бевосита иштирок этди. «ЛА» жамоаси мавсумни 72та очко ва +48га тенг тўплар нисбати билан якунлади - бу ҳам рекорд.

Кўринишидан, Вела АҚШда ўйнашдан бироз зериккандек. Ҳужумчи еврофутболда ҳали яна ўйнай олишига ишонмоқда. Қолаверса, «кўҳна қитъа»даги бир қатор клублар мексикаликнинг хизматига жиддий қизиқмоқда. Умуман олганда, Карлос деярли бутун фаолиятини топ даражадаги чемпионатларда ўтказган. 2005 йили Мексикадан чиқиб кетган ҳужумчи кейинги 13 йил давомида Англия Премьер-лигаси ва Испания Ла Лигасида гол уришдан тўхтамади. Айниқса, «Реал Сосьедад» сафида анча самарали тўп сурди - 250 ўйин, 73та гол. Унинг ўтган қишда «Барселона»дан чорлов олгани ҳам бежиз эмас. «Таътилга чиққанимга 2 ой бўлган пайт агентим қўнғироқ қилди: «Карлос, сени «Барселона»га чақиришяпти. 4 ой ўйнаб беришингни исташяпти, кейин «Лос-Анжелес»га қайтишинг мумкин». «Барселона», «Реал»... Очиғи, бундай клубларга рад жавоби беришинг ақлга сиғмайди... Агар бу ўз танловим бўлганида, дарҳол Каталония томон учардим», - деди Вела кейинчалик BS The Podcast нашрига берган интервьюсида. Лекин ҳужумчи трансфери нега амалга ошмагани ҳақида оғиз очгани йўқ, барибир. «Барса»нинг ҳужумга боғлиқ муаммоларини назарда тутсак, Эрнесто Вальверде мексикалик фахрий футболчи номзодига қайтиши ҳам ҳеч гап эмас. Тўғри, Вела ҳозирча «Лос-Анжелес»га MLS кубогини ютишда ёрдам бериши керак. Турнир регламентига кўра, унинг жамоаси «плей-офф»га ярим финалдан киришади. Дарвоқе, Лос-анжелесликлар Ғарбий конференция финали йўлида айнан ҳамшаҳарларига тўқнаш келишлари мумкин. Бунинг учун «Гэлэкси» ва Златан «Миннесота» қаршилигини енгиб ўтиши керак. Шунда MLSнинг икки гиганти - Вела ва Ибра майдонда яна ўзаро дуч келиш имкониятини ҳосил қилишади.

 

ДарвоҚе...

Туғилган кун шарафига қимматбаҳо «тойчоқ». Бунақаси ҳаттоки, Криштиану Роналдуда ҳам йўқ. Гап баҳоси 1,5 млн. еврога тенг «матоҳ» ҳақида кетмоқда. Замонамизнинг энг ўзгача футболчиси Златан Ибрагимович 3 октябрь куни навбатдаги туғилган кунини нишонлади - бўйдор швед 38 ёшга тўлди. Ҳужумчи ҳамон олдингидек қўпол ва спорт нуқтаи назаридан баджаҳл. Шунингдек, у ўзини ҳаддан ортиқ яхши кўради. Ибранинг характери ва одатлари кўпчиликка маълум. Мана, Златан туғилган куни муносабати билан ўзига навбатдаги дабдабали совғани ҳозирлади. Ferrari SP2 автомобили энди шведнинг шахсий гаражига ўзгача кўрк бағишлаб туради. У «Инстаграм» тармоғига янги «ўйинчоғи» сурати ва имзосини жойлаштириб, ажиб изоҳ ҳам ёзди: «Туғилган кунинг билан, Златан!» Айтганча, MLSда «Лос-Анжелес Гэлэкси» учун бир-биридан чиройли голлар ураётган швециялик ҳужумчи олдинроқ ўзи ва лигадаги бошқа футболчиларни турли русумли автомобилларга қиёслаганди: «Ибрагимович - бу «Феррари». «Фиат»лар орасидаги «Феррари». Энди бу автомобиль ҳамиша унинг хизматида.

Ferrari SP2 - концерннинг эксклюзив модели. Атиги 499 дона шундай «тойчоқ» ишлаб чиқарилган. Тақдимоти аввалги йили ўтказилган автомобилнинг қуввати 800 от кучидан баландроқ. Атиги 3 сония ичида модель суръатини 100 километр|соатга ошириш мумкин. Максимал тезлиги - 299 километр|соат. Йўқ, Роналду бу борада шведга ҳавас қилмаса керак. Лекин Златанда автосаройини янада бойитиш имкони бор. Айни пайт қимматбаҳо автомобиллар масаласида мода услубчиси мақоми айнан Криштиануга тегишли. Жорий йил март ойида Женевадаги фестивалда ер сайёрасидаги энг қимматбаҳо автомобиль - Bugatti La Voiture Noire дизайни намо-йиш этилди. Португалиялик юлдуз унга нақ 16,5 млн. евро сарфлаган. Бироқ «тойчоқ»ни 2021 йили олади, чунки модель ҳали тайёрланмаган. Шунга қарамай, Роналду хотиржам. Ахир унинг автопаркида қимматбаҳо машиналар етарли: Lamborghini Aventador, Mercedes Clase C Sport Coupe, Rolls-Royce Phantom, Ferrari 599 GTO, Lamborghini Aventador LP700 — 4, Aston Martin DB9, McLaren MP4 12C ва Bentley Continental GTC Speed.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz