Қайднома

Қидирув

120 миллион натижаси қани?

120 миллион натижаси қани?

  20.10.2019 09:12
  0
  405
120 миллион натижаси қани?

ЁЗГИ ТРАНСФЕРЛАР БОЗОРИДА 120 МИЛЛИОН ЕВРО САРФЛАГАН «ЭВЕРТОН»ГА НАЗАР. Ливерпулнинг савия бобида иккинчи рақамли клуби жорий мавсум стартини шунчаки, барбод қилди. Аввалги мавсумни АПЛ турнир жадвалининг 8-ўрнида якунлаган «Эвертон» дастлабки 8та турда атиги 7 очко олди ва ҳозир 18-поғонада «осилиб» турибди. Ваҳоланки, «ирислар» раҳбарияти ёзда таркибни кучайтириш учун деярли 120 миллион евро ажратганди. Хўш, омадсизлик сабаби нима? Football.ua сайти айнан «Эвертон»га нима етишмаётганини аниқлашга уринди.

«Эвертон» ҳақида гап очилса, кўпчилик кўз ўнгида охирги 10 йилликда тараққиётга интилаётган, аммо ҳамон АПЛ ўртамиёналари қаторидан жой олиш билан чекланаётган клуб келади. Дейлик, жорий мавсум стартидан олдин Британия нашрларида «Эвертон»нинг мавсум-2019|2020да юқори олтиликдан жой олишга уриниши тахмин қилинди. Зеро, жамоа ёзда трансферлар учун 119,9 миллион евро сарфлади (тransfermarkt.де маълумоти). Бироқ 8та тур ортда қолдики, таркибнинг кучайгани асло сезилмаяпти. Аксинча, «ирислар» бу вақтда 5та ўйинни бой беришга улгуришди.

Аслида «Эвертон» кучли трансфер кампаниясини амалга оширгандек таассурот қолдирганди. Амалда барчаси бошқача бўлиб чиқмоқда. Мисол учун, тажрибали голкипер Йонас Лессл шунчаки, Жордан Пикфорд ўринбосари роли билан чекланмоқда. «Монако»дан ўнг қанот ҳимояси учун ижара асосида олинган Жибриль Сидибе ҳам амалиётсиз қолмоқда. Ваҳоланки, «ирислар» 27 ёшли футболчининг ижараси учун 2,5 миллион евро тўлашди. Ҳимояни кучайтириши кутилган яна бир футболчи - Фабиан Делфга эса ҳамон эски жароҳатлар азоб бермоқда. Кўринишидан, 29 ёшли англияликнинг фаолия­ти уфққа қараб кетмоқда. «Майнц»дан харид қилинган Жан-Филипп Гбамен режага кўра, «ПСЖ»га кетган Идриссе Гуйе ўрнини босиши керак эди, бироқ ҳозирча бу масала очиқ турибди. Ҳужумчилар гуруҳига қўшилган Алекс Ивоби ва Мойзе Кинга келсак, улар ҳам ишончни оқлашмаяпти. Хуллас, ҳозирча биргина Андре Гомеш трансфери бироз эффектли бўлгандек. Лекин клуб португалиялик учун «Барселона»га 25 миллион евро тўлаганини ҳисобга олсак, самара паст, барибир.

«Эвертон» мухлисларини қийнаётган асосий масала - бу фойдаланиш коэффициентининг жуда пастлиги. Дейлик, жамоа «Шеффилд Юнайтед» билан ўйинда рақиб дарвозаси томон 15 марта зарба йўллади, аммо гол йўқ. Таққослаш учун айт­сак, «Шеффилд Юнайтед» 2та зарба берди (1таси аниқ) ва Йерри Мина автоголи эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Умуман олганда, «Эвертон» жорий мавсум ўртача ҳисобда ўйинларнинг 59,1 фоиз вақтида тўпни назорат қилмоқда. АПЛда фақат «Манчестер Сити» ҳамда «Ливерпуль» бу борада яхшироқ кўрсаткичга эга. Шунга қарамай, «ирислар» гол уриш бобида атиги 2та жамоадан олдиндалар, холос. Жамоа прессинг қўллаш масаласида ҳам чакки эмас.

Экспертларнинг хулосаларига кўра, «Эвертон» майдонда ҳукмронлик ўрнатиш ва тўп назоратини яхшилашга ҳаддан ортиқ кўп куч сарф­ламоқда. Бунинг оқибатида ҳужумнинг якуний палласига келганда, «нафас» тугаб қолмоқда. Демакки, футболчилар тўғри позициясига қўйилмаган. Мураббийлар штаби аввало, шу муаммони ҳал этиши керак. Акс ҳолда, «ирислар» АПЛнинг кучли 6та жамоаси қаторига кириш вазифасини унутишларига тўғри келади. Ахир шу кетиш бўлса, таркиби бинойидек клуб лигада қолиш учун курашишга мажбур бўлади.

«Эвертон»нинг охирги 10 мавсумдаги якуний натижаси (АПЛда)

Мавсум-2009|2010 — 8-ўрин

Мавсум-2010|2011 - 7-ўрин

Мавсум-2011|2012 - 7-ўрин

Мавсум-2012|2013 - 6-ўрин

Мавсум-2013|2014 - 5-ўрин

Мавсум-2014|2015 - 11-ўрин

Мавсум-2015|2016 - 11-ўрин

Мавсум-2016|2017 - 7-ўрин

Мавсум-2017|2018 - 8-ўрин

Мавсум-2018|2019 - 8-ўрин

Мавсум-2019|2020 - 17-ўрин

(8-турдан кейин)

 

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz