Қайднома

Қидирув

Лео оддий голеадор эмас ва 15 йиллик ҳосил ҳақида

Лео оддий голеадор эмас ва 15 йиллик ҳосил ҳақида

  30.10.2019 21:38
  0
  336
Лео оддий голеадор эмас ва 15 йиллик ҳосил ҳақида

«Барселона» етакчиси Лионель Месси ўз услубига тўхталиб, майдонда қандай ҳаракатланишини ўзига хос тарзда баён этди. «Йўқ, оддий тўпурар эмасман. Майдонда ҳамиша курашиш, тўп билан муомала қилиш ва вазиятлар яратишни ёқтираман. Ҳа, жарима зарбасидан гол уриш ёқимли. Бироқ майдонга фақат гол учун тушмайман. Агар ўйин жараёнида узоқ муддат тўпсиз қолсам, унда майдондан чиқиб кетишни хоҳлайман. Йиллар давомида ўзимни назорат қилиш ва вазият танлашни ўргандим. Авваллари баъзан ўйинга аралашишимга ҳожат йўқлигини ўйлаб, қулай вазият кутишни маъқул кўрардим. Энди ўйинни яхшироқ англаяпман ва самарадорликни ошириш учун қачон курашга қўшилишни биламан», - деди Месси.

Айтганча, Лионель Месси «Барселона»даги дебютини бундан 15 йил олдин нишонлаганди. Ўшанда 17 ёшли (аниқроғи, 17 ёш 3 ой 22 кунлик) йигитча «Эспаньол»га қарши баҳс тугашига атиги 8 дақиқа қолган паллада португалиялик Деку ўрнини эгаллаганди. Умуман, Лео ўша мавсум майдонда бор-йўғи 77 дақиқа ҳаракатланди, лекин бу катта йўлнинг шунчаки, бошланиш нуқтаси эди. Хуллас, аргентиналик футбол даҳоси ортда қолган 15 йил ичида бир неча рекордлар ўрнатди, 600тадан ортиқ гол урди, каттагина совринлар коллекцияси яратди.

Мана, яқинда Месси ҳисобидаги «беҳисоб» совринлар сони яна 1тага ошди. У евромавсум-2018|2019 бош тўпурари сифатида яна битта «Олтин бутса»ни қўлга олди. Бу Лео учун 6-«бутса»дир. Дейлик, унинг энг асосий рақиби - Криштиану Роналду бу совринни 4 марта ютган. Умуман, Лео аллақачон рекордлар ва совринларнинг тирик  тимсолига айланиб улгурди.

Маълумот учун: 

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ҳисоб бўйича 6-марта Европа миллий чемпионатлари энг яхши тўпурарига аталган соврин - «Олтин бутса»ни қўлга киритди. Аргентиналик футболчи Испания чемпионатининг ўтган мавсумида 36та гол уриб, коэффициентлар жадвалида 72 очко тўплади. 2-ўринни «ПСЖ» форварди Килиан Мбаппе эгаллади - Лига 1да унинг ҳисобидаги голлар 33тани ташкил этди ва франциялик футболчи номига 66 очко ёзилди. Кучли учликка Италия «А» сериясида 26та гол (52 очко) урган «Сампдория» вакили Фабио Квальярелла якун ясади. Навбатдаги совринни қўлга киритган Лионель Месси «Олтин бутса»лар сони бўйича ўз рекордини янгилади. Унинг энг яқин таъқибчиси - «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду музейида ҳозирча 4та «бутса» бор. Умуман олганда, бу «Барселона» сардори учун жорий йил ҳисобидан иккинчи индивидуал совриндир. У аввалроқ Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) талқинига кўра, йилнинг энг яхши футболчисига топшириладиган The Best-2019 совринига эга чиққанди. Дарвоқе, мавсум-2017|2018 якунига кўра ҳам, айнан Месси энг яхши тўпурар бўлганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz