Қайднома

Қидирув

КХДР вакили «Юве» қайдномасида!

КХДР вакили «Юве» қайдномасида!

  03.11.2019 01:42
  0
  165
КХДР вакили «Юве» қайдномасида!

КХДР фуқароси «Ювентус» қайдномасига киритилди. «СЭ» нашрида ёзилишича, унга «ёпиқ» мамлакат раҳнамоси Ким Чен Иннинг дўсти ёрдам берган экан. Хўш, бу футболчи ким ва у КХДРдан чиқиб кетишни қандай уддалади? Умуман, корейс йигити Италиянинг энг кучли жамоасида қачон дебют қилиши мумкин?

Хан Кван Сон КХДР футболидаги одатий ўйинчилардан кескин фарқ­ланади. Шимолий Кореянинг миллионлар ўйини билан шуғулланувчи фуқаролари асосан дўстона алоқалар ўрнатилган Хитой чемпионатида тўп суришни орзу қилишлари мумкин, лекин бу ҳам осон эмас. Кван Сон эса анча кўпроғига эришди - 2017 йили Италиянинг «Кальяри» клубида пайдо бўлди. Қарангки, бу йигит кейинчалик «Ювентус» назарига тушди ва жорий йилнинг сент­ябрида ижара келишуви асосида Турин жамоаси сафига қўшилди. Мана, ўтган ҳафта Кван Соннинг илк марта «Юве» қайдномасига киритилгани маълум қилинди. Тўғри, у «А» серия 9-туридан ўрин олган «Лечче»га қарши ўйинни захира ўриндиғида кузатиш билан чекланди. Лекин факт шуки, дебют сари илк қадам ташланди.

Қизиқ, Хан Кван Сон КХДРдек қатъий тизим жорий этилган мамлакатдан қандай чиқиб кетди? Эътиборли томони, у ўз мамлакатида футбол билан деярли шуғулланмаган. Айтиш мумкинки, Ханга бу борада ота-онасининг жамиятдаги ўта юқори мақоми қўл келган. Кореялик оддий ёшларнинг четга чиқишлари имконсиз эканлигини кўпчилик яхши билади. Қисқаси, Кван Сон ота-онасининг катта обрўси туфайли болалигида «Барселона» тизимидаги академиялардан бирида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди. Кейинчалик маълум муддатга она юртига қайтган йигитча кўп ўтмай, Европага қайта юзланди - бу сафар Италиянинг Корчано коммунаси (Умбрия ҳудуди)да жойлашган ISM академиясига қабул қилинди. Унинг Италияга йўл олишида ҳам ташқи куч таъсири бор. Йигитчани Ким Чен Ин билан илиқ алоқалар ўрнатишга эришган италиялик сиёсатчи Антонио Раццининг шахсан ўзи таклиф этди. Муҳими, чиндан ҳам, футбол бобида иқтидордан бенасиб қолмаган кореялик академия жамоасида ўзини кўрсата олди ва бунинг самараси ўлароқ, «Кальяри» клуби билан шартнома тузди. Кван Сон шу тариқа 2017 йилнинг қишида жамоанинг асосий таркибида дебют қилди. Биринчи голини эса 2-ўйинидаёқ нишонлади. Ўшанда қитъадошимиз захирадан майдонга тушганди. Бироқ ўша пайт 19 ёшда бўлган ҳужумчи «Кальяри»нинг бошланғич таркибига киролмади ва ижара келишуви асосида «Перуджа»га йўл олди. Кореялик йигит айнан шу жамоада муносиб тўп сурди. 17та ўйинда 7та  гол - бу «В» серияга ўзга қитъадан ташриф буюрган ёш футболчи учун аъло натижа.

«Кальяри» раҳбарияти Хан Кван Соннинг ўйини ва статистикасига қараб, уни қишдаёқ ортга қайтарди, аммо ҳужумчи асосий таркибга киролмади, барибир. Оқибатда яна ижара муддатини ўташ учун «Перуджа» ихтиёрига борди. Шимолий кореялик учун бу жамоадаги иккинчи мавсум статистика масаласида биринчиси каби ўта ёрқин бўлмади - 20та ўйинда атиги 4 гол. Шунга қарамай, у бир қатор йирик клублар эътиборига тушди. Дейлик, Хван Сон ўтган йилиёқ янги клуб сафини тўлдириши мумкин эди. Жумладан, 2018 йилнинг январида ҳужумчи хизматига ЦСКА (Москва) томонидан жиддий қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар чиқди. Буни футболчининг шахсий агенти ҳам тасдиқлади ва ўтиш имконияти чакки эмаслигини яширмади. Бироқ кейинчалик музокара жараёни бирдан тўхтаб қолди. Бунга параллель равишда КХДР вакилининг «Ювентус» либосини кийиши мумкинлиги хусусида маълумотлар тарқалди. 2019 йилнинг бошида эса Хан Кван Сон фаолиятини Англияда давом эттириш имкониятини ҳосил қилгани айтилди. Лекин якунда футболчи Италияда қолди. Аввалига яна «Кальяри»га қайтган Кван Сон 2 сентябрь куни «Ювентус» билан шартнома тузди.

Қанақасига? «Ювентус» кореялик йигитнинг нимасига учди? Аввало, айтиш керак, туринликлар ҳам Хан Кван Сонни ижара келишуви асосида таклиф этишди. Фақат эътиборга олиш керак, шартнома 2 йилга мўлжалланган. Transfermarkt.de сайти маълумотларига асосланиб айтсак, «Юве» футболчининг ижара келишуви учун 3,5 миллион евро тўлади. Тушунарлики, Хан Кван Сон ҳозирча Пауло Дибала ва кимсан Криштиану Роналду (кореялик йигит португалиялик юлдузни биринчи рақамли кумири сифатида таърифлайди) билан тенгма-тенг рақобатлашолмайди. Энг муҳими, «ёпиқ» мамлакат вакили машғулотларда жаҳон футболи юлдузлари даврасида тер тўкмоқда. Хуллас, Италиянинг энг совриндор жамоасига ўтиш 21 ёшли ҳужумчи учун шубҳасиз, олдинга ташланган катта қадам. Мана, Маурицио Сарри «Лечче» билан ўйинда Криштиану Роналдуга дам беришни маъқул кўриб, унинг ўрнига КХДР вакилини қайдномага киритди. Эҳтимол, италиялик мутахассис тез орада уни амалда ҳам синаб кўрар...

 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz