Қайднома

Қидирув

Самарадорликка қаранг…

Самарадорликка қаранг…

  03.11.2019 03:01
  0
  87
Самарадорликка қаранг…

«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 3-тури доирасида «Брюгге»га қарши кечган баҳсда атиги 39 дақиқа ҳаракатланиб, 3та гол урди, яна бирига ҳаммуаллифлик қилди ва 3та рекорд натижани янгилади! Ваҳоланки, у жорий куз давомида асосан даволаниш билан вақт ўтказишга мажбур бўлди.

Барчаси 25 август куни бошланди - Мбаппе «Тулуза»га қарши учрашув (Франция чемпионати 3-тури)да майдонга тушди. Бу унинг Лига 1даги юбилей - 100-ўйини эди. Бироқ байрам татимади - ёш юлдуз 66-дақиқада жароҳатга йўлиқиб, шифокорлар ёрдамида майдондан чиқиб кетди бир аҳволда. Эртасига «ПСЖ» шифокорлар штаби Килианнинг сафга қайтиши учун камида 1 ой кетиши ҳақида тарқалган хабарларни расман тасдиқлади. Чиндан ҳам, ёш иқтидор айнан 1 ой давомида на клуби ва на терма жамоаси ўйинида кўриниш берди. 28 сентябрь куни эса Килиан сафарда «Бордо» билан бўлган ўйинда 31 дақиқа ўйнади. Кейин ЕЧЛ доирасида Истанбулда «Галатасарой»га қарши кечган баҳсда ҳам ярим соатча ҳаракатланди ва қайта жароҳатланиб, яна 2 ҳафтага сафдан чиқди.

18 октябрь - Мбаппе эҳтиёткорона тарзда майдонга тушиб, «Ницца» вакилларига қарши атиги 8 дақиқа тўп сурди. Шу қисқа вақтда гол урди ва самарали узатма муаллифига ҳам айланди! Диққат қилинг, жароҳатдан кейинги атиги 8 дақиқада «Гол}пас» тизимида 2 очко! Кейинроқ маълум бўлдики, бу шунчаки, репетиция экан. Ҳар ҳолда, Килиан орадан 4 кун ўтгач, Брюсселда мўъжизавий футбол кўрсатди. У бу сафар ўйинга 52-дақиқада қўшилди ва бирин-кетин самарали ҳаракатларни амалга оширди:

61-дақиқа. «Брюгге» голкипери қайтарган тўпни бир уринишда боши билан дарвозага йўллади.

63-дақиқа. Ўткир бурчакдан тўпни тўғри Мауро Икарди оёғига ташлаб берди - ажойиб ассистентлик.

79-дақиқа. Олдинга ташланди, Анхель ди Мария узатмасидан кейин тўп билан жарима майдонига ёриб кирди, бирданига ҳам ҳимоячи, ҳам киперни алдаб ўтиб, ўткир бурчак остидан бўш қолган дарвозани нишонга олди.

83-дақиқа. Анхель ди Мариядан яна бир узатма. Фарқи шуки, Килиан бу сафар марказ орқали олдинга ташланди ва якунда дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб бориб, унга заррача имконият қолдирмади.

Якун: 39 дақиқа, 3та гол, 1та самарали узатма, ўртача ҳисобда 1та самарали ҳаракат учун 10 дақиқадан ҳам камроқ вақт.

Энди Мбаппенинг жароҳатдан ке-йинги 4та ўйинга боғлиқ ақлга сиғмас статистикасига эътибор қаратинг:

* 4та ўйинда ҳам захирадан майдонга тушди.

* Жами 108 дақиқа ҳаракатланди.

* 4та гол урди.

* 2та самарали узатмани амалга оширди.

Килиан бунга параллель равишда 3та рекорд кўрсаткични янгилади:

* Еврокубокларда «хет-трик» қайд этган франциялик энг ёш футболчи бўлди.

* ЧЛ тарихида захирадан майдонга тушиб, «хет-трик»ка эришган энг ёш футболчи бўлди.

* ЧЛда 15та гол маррасига энг эрта етган футболчи бўлди. Аниқроқ айтсак, 15-голини 20 ёшу 306 кунлигида нишонлади. Таққослаш учун айтсак, Лионель Месси ЧЛдаги 15-голини 21 ёшу 288 кунлигида урганди.

P.S.: 27 октябрь куни Франция чемпионати 11-тури доирасидаги «Марсел»га қарши баҳс (4:0)да Килиан Мбаппе «ПСЖ»нинг иккита голига муаллифлик қилди. Ўйинни бошланғич таркибда бошлаган француз 71-дақиқада ўз ўрнини Эдинсон Каванига бўшатиб берди.

 Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz