Қайднома

Қидирув

Надаль маъқуллайди, Жокович ҳам, Федерер эса...

Надаль маъқуллайди, Жокович ҳам, Федерер эса...

  06.11.2019 11:16
  0
  486
Надаль маъқуллайди, Жокович ҳам, Федерер эса...

«Барселона» ҳимоячиси Жерар Пике теннис бўйича «Дэвис» кубогини ислоҳ қилди, буни Рафаэль Надаль ва Новак Жокович каби тан олинган ракетка уста-лари маъқуллашди, Рожер Федерер аксинча, ислоҳот моҳиятини тушунаётгани йўқ. Пике футболчилик фаолиятидан кейин нима билан шуғулланиш ҳақида кўп ўйлаётганини сира яширмайди. Кўринишидан, ҳимоячи охирги вақтларда бизнес режаларига янада жиддийроқ ёндашмоқда. 2018 йилнинг ёзида унинг шахсий сармоя жамғармаси - Kosmos халқаро теннис федерациядан «Дэвис» кубогини ўтказиш ҳуқуқини 25 йил муддатга сотиб олгани маълум қилинганди. Келишув суммасига эътибор қаратинг - 3 миллиард доллар. Пикенинг ўзи шундай катта ишга қўл урганини оддийгина изоҳлаганди: «Шунчаки, ушбу ажойиб турнирни янги даражага олиб чиқмоқчиман. Менимча, охирги йилларда «Дэвис» кубогига қизиқиш бироз пасайди. Демак, турнир обрўсини яна кўтариш керак».

Хуллас, Пике Kosmos жамғармаси воситасида «Дэвис» кубогининг асосий молиявий ёрдамчисига айланади. У турнирга катта сармоя киритиш баробарида йирик ҳомийларни ҳам жалб этди. Улардан биринчиси - Rakuten. Биласиз, Япониянинг ушбу фирмаси «Барселона» бош ҳомийси саналади. Энди у «Дэвис» кубогини ҳам ўз қаноти остига олди. Турнирнинг номи ҳам ўзгарди: Davis Cup by Rakuten Madrid Finals. Умуман, Пике яна бир қатор ҳомийларни жалб этди: China Media Capital ва Sequoia жамғармалари, Louis Vuitton ва Rolex брендлари. Эндиликда ҳаттоки, Испания Ла Лигаси ҳам «Дэвис» кубогини қўллаб-қувватлайди. Қўшимча сармоя америкалик миллиардер Ларри Эллисон (Indian Welshнинг АҚШ томонидан вакили)дан тушди.

Хўш, «Дэвис» кубоги қандай ўзгаришларга юз тутади? Лойиҳага мувофиқ, турнирни ташкиллаштириш ва назорат қилиш тўлиқ Kosmos зиммасига ўтади. Ҳозирда мусобақа формати ўзгартирилди. Олдин «Дэвис» кубоги футбол бўйича ЖЧ саралашини эслатарди. Яъни мамлакатлар жамоалари йил давомида «уй-сафар» тизимида ўзаро ўйнаб чиқарди. Энди эса «Дэвис» кубоги ҳар йили ноябрда 2 ҳафта давом этади: унда 18та мамлакат жамоаси қатнашади. Kosmos томонидан турнир мавқеини кўтариш ва молиявий муваффақиятни таъминлаш мақсадида алоҳида бўлим тузилди - Kosmos Tennis. Унинг директори Хавьер Алонсо форматга боғлиқ ўзгаришларни шарҳлар экан, буни турнирни қутқариш ҳаракати сифатида баҳолади: «Янги «Дэвис» кубоги чиндан ҳам, футбол бўйича ЖЧ финал раунди қиёфасига киради. Бу турнир аҳамиятини ошириб, мухлисларда қизиқиш даражасини кучайтириши керак. Ўйлайманки, агар ислоҳот амалга оширилмаганида, «Дэвис» кубоги йўқлик сари юз тутарди».

Лойиҳага кўра, Kosmos «Дэвис»ни бир маромда ривожлантириш учун йилига 80 миллион доллар сарфлайди. Шундан 20 миллиони соврин жамғармасига, 16 миллиони эса реклама ва маркетинг ишларига йўналтирилади. Қолган 44 миллион долларни халқаро теннис федерацияси олади - лицензион улуш. АҚШнинг SportBusiness портали тахминича, Kosmos телевизион ҳуқуқлар ва рекламалар воситасида харажат миқдоридан анча кўп топиши мумкин. Kosmos вакиллари ташкилотчиликка ҳам катта эътибор қаратишади, албатта. Дейлик, жамғарма мухлисларнинг турнирга ташриф буюришлари ва ўзга мамлакатда яшашларига боғлиқ муаммоларни ҳал этишни ўз зиммасига олди. Кутишилича, Мадрид шаҳри мезбонлик қиладиган мусобақа ўйинларини томоша қилиш учун бутун жаҳондан чамаси 200 минг мухлис ташриф буюради. Kosmos аллақачон меҳмонхоналар тармоғи билан келишиб қўйди.  Унга мувофиқ, теннис фанатларига маълум чегирма берилади. Шунингдек, Испания пойтахтининг турли нуқталари ва айрим йирик шаҳарларда фан-ҳудудлар ташкил этилади. Яна турли кўнгилочар лойиҳалар режаси ишлаб чиқилган, жумладан, мусиқий дастурлар. Бу юмушлар билан Sony Music Latin Iberia компанияси шуғулланади.

Савол туғилади, теннис олами вакиллари бу ислоҳотларга қандай қарашмоқда? Айтиш жоиз, бир қатор обрўли теннисчилар ҳозирдан Пике ғояларини маъқуллашмоқда. Жумладан, Рафаэль Надаль ва Новак Жокович бу борада ижобий фикрда, улар навбатдаги турнирда иштирок этишларини маълум қилиб улгуришди. Лекин Рожер Федерер ўзгаришларга қарши чиқмоқда: «Пике билан бирор марта учрашган эмасман. Тўғриси, унинг миясида нима борлигини билмайман. Гап қадимий турнир («Дэвис» кубоги 119 йил олдин йўлга қўйилган) ҳақида кетмоқда, шундай экан, унинг тарихи ва анъаналарига ҳурмат билан қарашимиз шарт. «Дэвис» Пике кубогига айланиб қолмаслиги керак».

«Барса» ҳимоячисининг ўзи «Дэвис» кубогига қандай таъсир ўтказади? Биринчидан, футболчи маблағ билан таъминлайди. Иккинчидан, турли реклама ва ташвиқот ишларида бевосита қатнашади. У яқинда Мадридда очилган турнир офисида бўлиб, теннис ихлосмандларининг таклиф-мулоҳазалари билан танишди. Яъни ташкилотчилар Жерарга махсус телефон беришди ва у «Твиттер» орқали алоқага чиқди. Диққатга сазовор томони, мухлислар атиги 1 соат ичида чамаси 20 минг мурожаат йўллашди. Пике ўша куни қўнғироқ қилган фанатларни қизиқтираётган саволларга ҳам жавоб берди. Тўғри, ҳаммага ҳам футбол юлдузи билан гаплашиш насиб этгани йўқ, лекин айримлар теннис баҳона алоқадан бахтиёрликни туйишди. Жерар эндиликда «Дэвис» кубоги расмий саҳифасида ҳам тез-тез «твит» қолдирмоқда. Жумладан, жамоалар таркиби, ўйинлар тартиби ҳақида маълумот бериб, турли изоҳлар ёзмоқда. Қолаверса, саҳифада қандай чемпион бўлиш мумкинлиги ҳақида видеоролик ҳам бор. Унда енгил атлетика қироличаси Елена Исинбаева суратга тушган. Умуман олганда, Пике ташкилотчиликка боғлиқ кўплаб муҳим масалаларни ҳам ҳал қилишга вақт ажратмоқда. Мисол учун, Жокович аввалига «Дэвис» кубогининг янги талқинида иштирок этишни истамаганди, лекин Пике уни кўндирди. Асосийси, «Барса» билан шартномаси футболчининг теннис лойиҳаси бўйича жиддий шуғулланишига халақит бераётгани йўқ. Пикенинг айтишича, у дам олиш вақтини тўлиқ айнан шу лойиҳага сарфламоқда.

Сўз

- Кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун «Дэвис» кубоги ҳақида ўйламоқдаман. Бутун ҳаётинг учун сени чинакамига қизиқтирадиган иш топишинг жуда муҳим. Мен учун бу иш - «Дэвис» кубоги. Жерар Пике («Барселона» ҳимоячиси).

 

Айтганча...

 

Жерар Пике1 йилча олдин футбол клуби ҳам сотиб олганди. Ўша жамоа энди Сегундага талпинмоқда. «Барса» ҳимоячиси 2018 йилнинг ноябрида клуб соҳиби бўлишни хоҳлаб қолди ва турли вариантларни кўриб чиқди. Якунда эса энг асосий 2та номзод - «Ноттс Каунти» ва «Андорра» клубларидан иккинчисини танлади. Футболчи энди ўз жамоасини Испания юқори лигаларида кўрмоқчи. «Андорра»ни Сегундага олиб чиқмоқчиман. Кейин Ла Лига ва ЧЛга интиламиз. Биламан, бу гапларим фантастикадан бир шингилдек эшитилади. Лекин келажак учун чиндан ҳам, катта режалар тузяпмиз», - деди Пике яқинда ESPNга берган интервьюсида. «Андорра» Пике ихтиёрига ўтишига қадар Каталония лигаларидан бирида ўйнар ва қарзга ботиб қолганди. Ҳозирда умумий вазият анча яхшиланди. Пикенинг бу борадаги асосий ғояси оддий: камтарин жамоани энг юқори чўққига олиб чиқиш: «Ҳозир бутун Испания атиги 2-3та клубга мухлислик қилади. Биз эса шинам оролчада яхшигина футбол салтанати барпо этмоқчимиз. Бунда ягона оила бўлишимиз талаб қилинади - фалсафамиз шу». Пике аввалига ўз клуби бошқарув тизимига «Барса» академиясидан бир қатор менежерларни таклиф этди. Кейин сармоядорлар ва мураббийлар қидириш билан шуғулланди. Якунда «Барселона» сафида 100тадан ортиқ ўйин ўтказган Габри бош мураббий лавозимига тайинланди. Унга Альберт Хоркер ассистентлик қилмоқда. Умуман, Жерар ишни маош тўловидан йиғилиб қолган ички қарздорликни бартараф этишдан бошлади, кейин ташқи кредитни ёпди. Бунинг учун жами 600 минг евро кетди. У шундан сўнг жамоани қайта шакллантиришга эътибор қаратди. Ричард Имберон ўрнини Габри эгаллаган бўлса, таркибга марҳум Тито Виланованинг ўғли Адрий қўшилди. Умуман, ёзда жамоа эркин агент мақомига эга 12 нафар футболчи билан шартнома тузди. «Андорра» шунингдек, 2та ижара келишувини расмийлаштирди ва 13 нафар футболчига жавоб берди.

Асосийси, Пике академия қуриш учун клуб стадионига яқин жойдан ер сотиб олди. Алоҳида айтиш керак, «Андорра» ўз бюджетининг катта қисмини мустақил равишда топади. Яъни Пике клубга катта сармоя ваъда қилгани йўқ. Бошқарув тизими тартибга солингач, «Андорра» профессионал клуб мақомини олди. Дейлик, таркибда футбол билан шуғулланиш баробарида бошқа соҳада ишлайдиган ўйинчи қолмади. Чунки Пике жамоа аъзолари қўшимча даромадни ўйламай, фақат футбол ҳақида бош қотиришлари учун етарли даражада маош тўланишини таъминламоқда. Жамоа яна яхшигина ҳомийларга эга бўлди. Эндиликда «Андорра» футболкасида Unicef ёзуви порлаб турибди, машғулотлар базасида эса Rakuten компанияси рамзлари туширилган баннерлар бор. Пике бундан ташқари, Лионель Месси ва Сеск Фабрегасда «Андорра»га нисбатан қизиқиш уйғотди. Йўқ, улар алоҳида роль ўйнамайдилар, шунчаки, жамоа тадбирларида фахрий меҳмон сифатида қатнашишлари мумкин, яна ижтимоий тармоқларда «Андорра»ни қўллаб туришади. Ёзда «Реус» клубини қарздорлик туфайли Испания учинчи лигасидан тушириб юборишди ва унинг ўрнини айнан «Андорра» эгаллади. Асосий факт - Пике жамоаси айни пайт Сегунда Вда етакчилик қилмоқда. Демак, унинг юқори дивизионга чиқиш мақсади жиддий. Айтганча, серқирра ҳимоячи бу клубни 452 минг еврога сотиб олганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz