Қайднома

Қидирув

Муросасиз «жўжахўрозлар»

Муросасиз «жўжахўрозлар»

  08.05.2021 10:30
  0
  452
Муросасиз «жўжахўрозлар»

Замонавий футболдаги кескин рақобат кўпинча муайян бир жамоа футболчиларининг ўзаро муносабатларига салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда қайсидир клуб ёки термада ёнма-ён майдонга тушадиган шериклар қадрдон дўст бўлиш ўрнига, бир-бирини кўришга тоқат қила олмайдиган бўлиб қолишади. Жорий мавсум стартида Садио Мане ва Муҳаммад Салоҳ ўртасида кичик келишмовчилик юзага келганди. Бироқ Юрген Клопп унинг жиддий можарога айланиб кетишига йўл қўймади. Football.ua сайти тақдим этган қуйидаги материал эса анчайин жиддий шов-шувга сабаб бўлган муросасиз «жўжахўрозлар» ўнлиги ҳақида.

Эмлин Хьюз ва Томми Смит («Ливерпуль»)

1973 йилда «Темир одам» лақабли Томми Смит билан Билл Шэнкли ўртасидан «ола мушук» ўтгач, сардорлик боғичи «Телба тулпор» - Эмлин Хьюз қўлига ўтганди. «Ливерпуль» менинг жамоам эди. Мен бу клубда Хьюздан кўпроқ тўп сурганман. Футбол мен учун ҳаёт мазмуни, жумладан, «Ливерпуль» ҳам. Шундай экан, мен қандай қилиб шу митти тентак футболдаги фаолиятимни издан чиқаришига йўл қўяман?», - деганди Смит кейинчалик.

Аслида бу футболчилар юксак савиядаги профессионаллар бўлишган. Улар ўзаро хусуматни сезмасликлари ёки кўриб, кўрмаганликка олишлари мумкин эди. «Энфилд»даги учрашувлардан бирида Рон Харрис Хьюзни бошқа ўйинчига алмаштирганида, Смит унга шундай деганди: «Сен менга ёқиб қолишинг ҳам мумкин эди».

Златан Ибрагимович ва Рафаэль ван дер Варт («Аякс»)

Амстердам клубининг икки вакили 2004 йилдаги Швеция - Голландия ўртоқлик учрашувида ўзаро тортишиб қолишди. Боиси, Рафаэль Златанни жароҳат етказганликда айблаганди. «Сенга атайлаб жароҳат етказганим йўқ. Агар яна менга осиладиган бўлсанг, иккала оёғинг­ни синдираман, бу сафар чинакамига!» Ибрага хос мулойимлик.

Тедди Шерингем ва Энди Коул («МЮ»)

«60000 нафар мухлис кўз ўнгида майдонга тушиб кел­япман, - деганди Коул 1995 йилда бўлиб ўтган Англия - Уругвай учрашувидаги дебютини хотирлаш чоғида. - Шерингем менга ўз ўрнини бўшатиб бераётганди. Ундан қисқача қўл беришини ва «Сенга омад, Коли» қабилидаги тилакни кутгандим. Шу боис, қўл узатишга шайланиб турдим. Бироқ у мени назар-писанд қилмай ўтиб кетди. Бунинг сабаби ҳанузгача мен учун жумбоқ бўлиб қолмоқда».

Ўша келишмовчиликдан кейин бу футболчилар майдонда ҳамжиҳатлик билан тўп суришсада, ўзаро бир оғиз гаплашган эмаслар. Бир пайтлари Гари Паллистер Коулга шундай деганди: «Биламан, Тедди иккингиз гаплашмайсизлар. Лекин жуфтликда ажойиб ўйин кўрсатасизлар». Эҳ, йигитлар, ҳеч бўлмаса медалларингизни биргаликда санаб кўринглар.

Лотар Маттеус ва Штефан Эффенберг (Германия термаси)

Муросасиз ярим ҳимоячилар 90-йилларнинг асосий қисмини ўзаро адоват билан ўтказишди. «Бавария»да қисқа вақт давом этган низолар Бундестимда узоққа чўзилди. Эффенберг Маттеусни ЖЧ-1990 финалида пенальтини амалга оширишдан бош тортганлиги учун қўрқоқликда айблаганди. Лотар эса «Бавария»нинг 2001 йилда «Ганза»дан енгилишида Штефанни айблаб, раҳбариятни ундан воз кечишга даъват этганди.

Кейинчалик Эффенберг ўзининг автобиографик асарида азалий ғанимига алоҳида саҳифа ажратиб, антиқа усулда ўч олди: унда «Лотар Маттеус футбол борасида нима билади?» сарлавҳасидан бошқа ҳеч нарса ёзилмаганди.

Мауро Икарди ва Макси Лопес

 («Сампдория»)

«Сампдория»да бу жуфтлик ўртадан қил ўтмас даражадаги аҳил дўст эди. Орага нафис жинс вакиласи аралашгач, дўстлик таг-томири билан барҳам топди - бир футболчи иккинчисининг собиқ рафиқасига уйланишга қарор қилди. Тез орада Икарди Ванда Нара билан «Интер»га йўл олди. Лопес эса 2015 йилда «Барселона»дан «Торино»га ўтди. Жамоаларнинг ўзаро учрашувида Лопес рақиби билан саломлашишни истамади.

«Афсуски, ҳаётда шундай воқеалар ҳам учраб туради. Гарчи у айрим кишиларнинг одобсизлиги билан боғлиқ бўлмасада. Мен унга қўлимни узатдим, демак, одоблиман». Лекин Мауро ўз билакларини Макси фарзандларининг номлари билан безатганида кимнинг ким эканлиги аён бўлди.

Жон Фашану ва Лори Санчес («Уимблдон»)

Ёввойиларга хос асов шижоат эвазига «Донс» «Ливерпул»ни маҳв этиб, Англия кубоги тарихидаги энг йирик сенсацияни қайд этган паллада жамоанинг икки аъзоси ўзаро орани очиқ қилиш билан банд эдилар. Тортишув машғулот пайтида давом этиб, Фаш финалдаги ғалаба голи муаллифига шундай мушт туширдики, бу зарба отни қулатадиган даражада эди. «Танишган кунимиздаёқ у менинг кимлигимни, мен эса уни билиб бўлгандим», - деганди Санчес заҳарханда оҳангда. Фашанудан жанжал хусусида сўрашганида, у бироз ўйланиб, қуйидагича жавоб қайтарди: «Уни аввалроқ урмаганимдан афсусдаман».

Рууд ван Нистелрой ва Патрик Клюйверт (Нидерландия)

2004 йилда Клюйверт Ньюкаслда «зағизғонлар» сафидаги иштирокидан завқланиб юрган паллада унинг терма жамоадаги шериги, турли базму жамшидлардан воз кечган ва соғлом турмуш тарзини афзал кўрадиган ван Нистелрой унинг номақбул феъл-атворидан норози эди.

Евро-2004 саралашининг «плей-офф» раунди доирасидаги дастлабки учрашувдан кейин Патрик тунги базмга йўл олганди. Шу сабабли Клюйверт «МЮ» юлдузини матбуот орқали эътироз билдиришга мажбур этди. «Ҳамма ишни ёлғиз ўзим бажара олмайман. Мен Нидерландиянинг барча ҳужумларини якунлайдиган, жамоани етаклайдиган ягона ўйинчи бўла олмайман», - деди Рууд ғазабини яшира олмай. Вазиятни соғломлаштириш учун Дик Адвокат қўлидан келганича уриниб кўрган бўлсада, якунда ҳеч нарсага эриша олмади.

Йенс Леманн ва Оливер Кан (Германия)

Терма жамоанинг биринчи рақамли дарвозабони мақомига эга бўлиш йўлида бу икки номзод барча усулларни қўллаб кўрдилар. Кан «Арсенал»даги ўрнини Альмунияга бой бергани учун Леманни роса калака қилди, Йенс бунга жавобан «Бавария» посбонини димоғдорликда айблади. «Менинг 24 ёшли маъшуқам йўқ. Мен ўзгача турмуш тарзини маъқул кўраман», - деганди «Арсенал» вакили мюнхенлик бармен қизга илиқиб қолган Оливер ҳақида. Ўзаро баҳсни улар Октоберфестда муштлашиш билан якунлашга ҳам уриниб кўришганди.

Таъкидлаш жоизки, Леманн ўзининг «Арсенал»даги ўриндоши Мануэль Альмуния билан сира чиқиша олмасди. «Кимдир мени шунчалик ёмон кўришини тасаввур қилолмайман. Биламан, у мендан нафратланади. Ҳар куни эрталаб уйғонгач, ҳаммаси кечагидек такрорланиши ёдимга тушарди. У жамоани тарк этганидан кейин ҳам бу нохуш кечинмалардан қутула олмадим. Ҳозир у ҳақда ўйламасликка одатландим. Йенс оғзига келганини гапириши мумкин», - деганди Леманнинг нафрати сабабини аниқлай олмаган испаниялик касбдоши.

Ромарио ва Эдмундо («Васко да Гама»)

Бразилиялик икки жангари 1999 йилда «Васко» шарафини ҳимоя қилишганида мухлислар уларни «Орзулар ҳужуми» деб аташарди. Бироқ тез орада такаббур шахсларнинг тўқнашувига гувоҳ бўлишди. Кескин вазият юз бериши муқаррар эканлигини олдиндан ҳис этиш қийин эмасди. Чунки бир куни Ромарионинг таъкидлашича, у туғилган пайтда самодаги киши бармоғи билан уни кўрсатган ва хитоб қилган экан: «Мана ўша йигит». Сўзидан қайтмайдиган бу икки футболчи машаққатли маш­ғулотларни ёқтиришмас ва Рио пляжларида тўп суриш билан вақт ўтказишарди. Кейинчалик Ромарио ҳожатхона эшиги олдида ели чиққан тўп устида ўтирган Эдмундо ва унданда ёқимсизроқ тасвирланган маъшуқаси карикатурасини чоп эттиргач, абадийдек туюлган дўст­лик ришталари саробдек ғойиб бўлди.

Вячеслав Шевчук ва Разван Рац («Шахтёр»)

«Шахтёр»даги даврида Мирча Луческу жамоадаги позиция учун рақобатни кучайтириш мақсадида шогирдлари ўртасида можароли вазиятларни вужудга келтирарди. Чап қанот ҳимоячилари Вячеслав Шевчук ва Разван Рац ана шу асабий синовнинг қурбонлари бўлишди. «Базел»га қарши учрашув тадоригини кўраётгандик. Чигалёзди машқларига мен бошланғич таркибда чиқдим, ёнимда Рац пайдо бўлиб, машқ қила бошлади. Бу менга аталган босим эди. Йигитлар Развандан ҳаракатлари сабабини сўрашди. «Менга Луческу шундай топшириқ берди», деди у хотиржамлик билан» - вазиятлардан бирини Шевчук шундай изоҳлаганди. - «Луческу ва Рац ота-боладек муносабатда бўлишган, мураббий унга танбеҳни ҳам мулойимлик билан берарди. Разван - жуда кучли футболчи. Мен унинг рақобатчиси эдим, муносабатларимиз аъло даражада эмасди. Бир куни жамоадошларимга мен ҳақимда нимадир деганини эшитиб қолдим ва жим туролмадим: «Биродар, аввало, сенга омад тилайман. Кел, буёғига энди гаплашмай қўя қолайлик».

 

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz