Қайднома

Қидирув

ТАЙЁРГАРЛИК ЖОЙИДА ёки Саудларга қандай «сюрприз» бор?

ТАЙЁРГАРЛИК ЖОЙИДА ёки Саудларга қандай «сюрприз» бор?

  13.11.2019 04:54
  0
  418
 ТАЙЁРГАРЛИК ЖОЙИДА ёки  Саудларга қандай  «сюрприз» бор?

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022|ОК-2023 саралаши иккинчи босқичи доирасидаги навбатдаги учрашувларга ҳозирлик кўриш мақсадида 2 ноябрь кунидан эътиборан пойтахтимиздаги «Жар» стадионида йиғинга киришганди. Бу галги ўқув-машғулотлар одатдагидек эмас, балки бироз эртароқ бошлангани сабаби тушунарли - Вадим Абрамов шогирдларини олдинда ўта муҳим баҳслар кутиб турибди. Муҳим беллашувлар олдидан ўйинни янада шакллантириш ва жамоавий ҳаракатларни яхшилаш зарурати кучаяди. Бу эса маълум вақт талаб қилади, албатта.

Таркибда янги номлар ва илк кунги ҳолат

Вадим Абрамов ушбу машғулотларга жами 32 нафар футболчини жалб этди. Нега бунчалик кўп? Йўқ, ҳайрон бўлишингизга ҳожат йўқ! Сабаби, биринчидан, ноябрь ойига белгиланган ФИФА кунлари расман  11-санадан очилди. Демакки, аксарият легионерларимизнинг йиғинга кечроқ қўшилишлари тайин эди. Ҳар ҳолда, уларнинг клублари шу санага яқин  миллий чемпионатлар доирасида ўйин ўтказди. Хуллас, Вадим Карленович Қирғизистон термасига қарши баҳсда ўйинчи етишмовчилиги олдини олиш  учун миллий чемпионатимизда ўйнаётган номзод футболчилардан катта таркиб тузди. Шунинг баробарида Рустам Ашурматов, Икром Алибоев, Одил Аҳмедов ва Санжар Шоаҳмедов каби легионер футболчилар терма ихтиёрига бир муддат аввал етиб келишди. Асосий «фигура»лар - Элдор Шомуродов, Темурхўжа Абдухолиқов ва Отабек Шукуров эса ўртоқлик учрашувидан сўнг машғулотларга қўшилишди. Уларнинг ўрнига бир қатор ёш ва иқтидорли футболчилар чақирилди ва амалда синаб кўрилди. Аниқроқ айтсак, бош жамоамизга «Сурхон»дан Аброр Исмоилов, сўнгги бор Эктор Купер даврида йиғинга чақирилган Азиз Турғунбоев, «Қўқон-1912» етакчиси сифатида диққат марказига тушган Мурод Холмуҳаммедов ва анчадан буён чорлов олиши кутилаётган Ҳумоюн Муртазоев таклиф қилинди. «Металлург»дан жалб этилган ва реал номзод сифатида қаралган Музаффар Музаффаров эса жароҳати туфайли рўйхатдан тушиб қолди. Қолаверса, енгил шамоллаб қолган Игорь Сергеев дастлабки кунги машғулотда қатнашолмади. Умуман, биринчи куни асосан тикланиш машқларига эътибор қаратилди. Бунда футболчилар жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Мирко Йеличич кўрсатмалари асосида ишлашди. Дарвозабонлар эса табиийки, Денис Иванков бошқарувида алоҳида индивидуал машқларни бажаришди. Демакки, мураббийлар штаби мавсум якунида чарчоқ аломатлари сезилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, йигитларнинг жисмоний томондан тикланишларига урғу беришди.

Навбатдаги машғулотлардан сўнг биз бош жамоамиз таркибида илк марта шуғулланаётган «Насаф» тўпурари Ҳумоюн Муртазоев билан йиғин хусусида қисқача суҳбатлашдик. «Мана, 2 ноябрдан йиғинга киришдик. Олдинда турган учрашувларда ғалаба қозониб, мухлисларни қувонтирмоқчимиз, албатта. Ниҳоят, миллий жамоага чақирилганимдан хурсандман. Бу либосни кийдимми, билдирилган ишончни оқлаш учун бор куч-маҳоратимни ишга соламан. Ўз-ўзидан аён - мамлакатнинг бош жамоасида тўп суриш ҳар бир футболчининг орзуси саналади», - дея ҳаяжонини яширмади Ҳумоюн.

Шунингдек, миллий жамоа ўйинига жуда яхши киришиб кетган Санжар Қодирқулов ҳам бўлажак ўйинлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди: «Октябрь ойида қозонилган 2та ғалабадан сўнг барчамиз терма жамоа ихтиёрига яхши кайфиятда етиб келдик. Дастлабки куни енгилгина машғулот ўтказилди. Чунончи, деярли барча футболчилар йиғинга келишдан олдин Суперлига доирасидаги ўйинда майдонга тушишганди. 3 ноябрдан эса тайёргарлик тўлиқ куч билан олиб борилмоқда. Мана, легионерлар ҳам аста-секин келишмоқда. Терма жамоада ўйнаш ва ишлаш исталган футболчи учун  катта таржиба мактабидир. Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги барча ўйинларнинг шиддатли, кескин ўтиши тайин. Бундай учрашувларда концентрацияни максимал даражада ушлаш шарт. Ҳар бир футболчи миллий жамоа либосида майдонга тушишни орзу қилади. Лекин бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Худога шукр, орзуларимдан бири амалга ошди. Бундан буёғига терма жамоамиз, ватанимиз, халқимиз учун жонимизни бериб ўйнаймиз».

 

Кайфият ва муҳит

Терма жамоага футболчиларнинг турлича кайфиятда келишлари та­йин ва бу уларнинг ўйиндаги ҳаракатига ҳам таъсир қилади қайсидир маънода. Масалан, «Пахтакор» аъзолари ҳозир юқори нотадаги руҳиятга эгалар. Ҳар ҳолда, улар яқиндагина мамлакат чемпионати олтин медали ва кубоги соҳибига айланишди. «Бунёдкор»чилар аксинча, Андижондаги учрашувнинг охирги сонияларида гол қўйиб юбориб, аламли дурангга имзо чекишдан ўзга чора тополмадилар. Етакчи легионерларимиздан Элдор Шомуродовнинг жамоаси - «Ростов» эса Россия Премьер-лигаси аутсайдерига ютқазиб қўйди. Қисқаси, ҳамма турли ҳолатда. Демак, барчани ягона мақсад йўлида бирлаштириш, эътиборни бир жойга жамлаштириш мураббийлар штаби маҳоратига боғлиқ. Шукрки, футболчилар юзида тушкунлик ёки негатив кайфият сезилгани йўқ. Йигитларимиз қувноқ руҳият билан астойдил ишлашяпти. Аввалги йиғиндан фарқли равишда, маш­ғулотлар бу сафар «Жар» стадиони захира майдонида олиб борилмоқда. Асосий майдон чими эса яроқсиз кўринишга келган, бу фасллар алмашувига боғлиқ, албатта. Айтиш ўринли, терма жамоаларимиз учун ягона база яратиш ғоя ва лойиҳаси ўрганиб чиқилмоқда ва насиб этса, бир неча йиллардан сўнг замонавий шарт-шароитларни ўзида мужассам этган яхлит марказ футболчиларга ҳавола қилинади.

Саудларга қандай  «сюрприз» бор?

Жавоби қизиқ савол, тўғрими? Қарангки, Ўзбекистон ва Қирғизистон термалари ўртасидаги учрашув бошланишига бир неча кун қолган пайт трансляцияси билан боғлиқ айрим муаммолар пайдо бўлди. Аниқроғи, «Спорт» телеканали вакиллари мазкур ўйин намойиш этилмаслигини маълум қилишди. Бу ҳолат «Ўзбекистон терма жамоаси истаги» қабилида изоҳланди. Бош мураббий Вадим Абрамовга шу мазмунда савол ҳам берилди:

- Қирғизистон термасига қарши назорат ўйини трансляция қилинмаслиги айтилмоқда. Бу ташаббус сиздан чиққани ростми?

- Ҳа, шундай. Саудия Арабистони жамоаси вакиллари тайёргарлик жараёни ва ўйинимизни кўришлари шарт эмас. Қандай ўйнашимиз рақибга ўзига хос «сюрприз» бўла қолсин. Лекин ҳозирдан айтаман, очиқ, ҳужумкор футболга таянамиз. Яхшиси, мухлислар стадионга келиб, барчасини ўзлари томоша қилишсин. Жамоамизни стадионда бевосита қўллаб-қувватлашларини истайман.

Орадан кўп ўтмай, ўйин «Спорт» канали орқали жонли эфирда намо­йиш этилиши расман эълон қилинди. Аслида кўриниб турибдики, Абрамов ўйин кўрсатилишига қарши чиққан ва рақибларга «сюрприз» тайёрлашни ўйлаган. Лекин трансляция ҳам мураббий режаларига ўз таъсирини ўтказолмади. Ҳар ҳолда, Вадим Карленович Қирғизистон термасига қарши баҳсда деярли иккинчи таркибни майдонга туширди. Қолаверса, футболчилар жойлашуви ҳам ноодатий кўринди. Дарвозада Элдор Суюнов - бу одатий. Мудофаада эса умуман бошқача манзара кўрдик. Дейлик, фаолиятини марказий чизиқда бошлаган ва «Насаф»да ҳам шу позицияда ҳаракатланадиган Шароф Муҳиддинов чап қанотдан жой олди, фақат Ислом Тўхтахўжаев ўз жойида. Энг кутилмагани Одил Аҳмедов ўйинни марказий ҳимоячи сифатида бошлади. Одилнинг орқароқда, ҳимоячиларга яқин ҳудудда тўп сурганини кўп кўрганмиз. Эсингиздадир, жамоамизнинг бугунги сардори 2011 йили Қатарда ўтказилган Осиё кубоги финал босқичида ҳам айнан марказий ҳимоячи ролини бажарган эди, албатта, Абрамов қўл остида. Мураббий ўша вақтдаёқ Аҳмедовни нега ҳимоя марказига сургани сабабини айтганди бир неча марта. Мана, Вадим Карленович Одилни яна бир бора ҳимоячига айлантирмоқда, шекилли. «Ўзи футболимиздаги энг катта муаммолардан бири - муносиб ҳимоячилар йўқлиги. Мактабларда гол уришни билмайдиган футболчини ҳимояга қўйиб муаммони ечишмоқчи бўлишади. Ваҳоланки, ҳимоячига алоҳида таълим ва эътиборга муҳтож. У зарурат туғилса, ўз жойидан ҳужум бошласин...», - қабилида фикр билдирганди Вадим Карленович 2011 йилги қарори юзасидан. Кечаги қарорини эса, мураббий шунчаки, расмий ўйин олдидан синаб кўрилган битта вариант сифатида баҳолади. Шу тариқа ўтган сафар йиғиндан эртароқ қўйиб юборилган Одил Ҳамробеков  исмдоши Аҳмедовнинг ўрни - таянч нуқтасини эгаллади. Абрамов учун универсал ўйинчи ҳисобланган Қодир­қулов бироз олдинроқда дебютини нишонлаган Аброр Исмоилов билан жуфтлик ҳосил қилди. Азиз Тур­ғунбоев ва Хуршид Ғиёсов қанотларда, ҳужум найзаси эса - Игорь Сергеев. Асосий таркиб вакиллари Рустам Ашурматов, Жалолиддин Машарипов, Фаррух Сайфиев, Достон Ҳамдамов захирада қолишди. Ушбу чизмада футболчилар ўзаро тушуниб ҳаракатланишда анча қийналишди, айниқса, биринчи бўлимда.

 

Саудия термаси билан ҳисоб-китоб

Бўлажак рақибимиз билан охирги марта 2015 йили Австралия майдонларида ташкиллаштирилган Осиё кубоги гуруҳ босқичида тўқнаш келганмиз. Ўшанда 3-тур, яъни ҳал қилувчи баҳсда Сардор Рашидов қайд этган «дубль» ва Воҳид Шодиевнинг 1та голи эвазига 3:1 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Умуман, шу кунга қадар саудлар билан 10 марта куч синашганмиз. Ўйинларнинг 5тасида араблар устун чиқишган, миллий жамоамиз ҳисобида эса 4та ғалаба бор.

Ўзбекистон - С.Арабистони Қарама-Қаршилиги

№  Сана              Жамоа                    Ҳисоб    Жамоа             Ўйин мақоми

1.  01.10.1994  Ўзбекистон     4:1  С.Арабистони  Осиё ўйинлари-94

2.  20.10.2000  С.Арабистони   5:0  Ўзбекистон  Осиё кубоги-2000

3.  22.07.2004  С.Арабистони             0:1  Ўзбекистон  Осиё кубоги-2004

4.  09.02.2005  Ўзбекистон      1:1  С.Арабистони  ЖЧ-2006 саралаши

5.  08.06.2005  С.Арабистони   3:0  Ўзбекистон  ЖЧ-2006 саралаши

6.  22.07.2007  С.Арабистони   2:1  Ўзбекистон  Осиё кубоги-2007

7.  26.03.2008  Ўзбекистон     3:0  С.Арабистони  ЖЧ-2010 саралаши

8.  22.06.2008  С.Арабистони   4:0  Ўзбекистон  ЖЧ-2010 саралаши

9.  09.10.2010  С.Арабистони   4:0  Ўзбекистон  Ўртоқлик

10. 18. 01. 2015 С. Арабистони 1:3 Ўзбекистон Осиё кубоги-2015

 Демак, агар навбатдаги тўқнашувда ғалаба қозонсак, ўзаро ҳисоб-китоб тенглашади. Асосийси, қўлга киритилажак 3 очко жамоамизни кейинги босқичга чиқиш имкониятини кескин оширади. Эслатиб ўтамиз, айни ҳолатда Саудия термасидан 2 очко олдиндамиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz