Қайднома

Қидирув

Рауль ва «Реал» иттифоқи давомли

Рауль ва «Реал» иттифоқи давомли

  13.11.2019 16:14
  0
  465
Рауль ва «Реал» иттифоқи давомли

Бундан нақ 25 йил аввал «Реал» таркибида дебют қилган Рауль Гонсалес Бланко айни пайт «Қироллик клуби» тизимидаги «Кастилья» устози сифатида ёшларга футбол сирларини ўргатмоқда. Афсонавий голеадор яқинда «Реал Мадрид ТВ» канали меҳмони бўлиб, самарали фаолиятининг муҳим воқеаларини ёдга олди. У шунингдек, «Реал» тарихидаги изини янада ёрқинлаштирмоқчи эканлигини яширмади.

«Ромареда»даги дебютгача...

- Эсимда, ўша пайт «Атлетико» вакиллари мен билан бир неча марта алоқага чиқишганди. «Реал» мураббийи Хорхе Вальдано эса ўйиним қандайлигини яхши биларди ва дастлабки мажлислардан бирида мени алоҳида суҳбатга чорлаганди. Тўғриси, ўшанда асосий таркибдан жой олишимни ҳаттоки, тасаввур ҳам қилолмасдим. Вальдано билан мулоқотдан кейин эса фикрим тамомила ўзгарди - дебютни кута бошладим. У таркибни ўйиндан бир кун аввал эълон қилишни хуш кўрарди. Хуллас, навбатдаги машғулотлар тугагач, мураббий мени ўз офисига чақиртирди: «Эртага бошланғич таркибда майдонга тушасан. Рўйхатни ўқиганимда, эсанкираб қолма». «Реал»даги фаолиятим шу тариқа бошланди...

Ота-она қувончи

- Уйга қайтганим заҳоти бақирганча хушхабарни онамга етказдим. У қувончдан ўз ҳиссиётини таърифлашга сўз тополмай қолди. Кейин иккимиз отамнинг ишдан қайтишини кутдик. У аввалига менга қараб турдию, гапларимга негадир ишонмади. Ке-йин хонадонимизда ажойиб муҳит юзага келди. Ота-онам ва яқинларим эртасига Сарагосага бориш иложини топишди. Айнан шуниси мен учун кутилмаган совға бўлди. Тўғри, илк ўйинда гол уролмадим, шунинг учун яқинларим бироз асабийлашгандирлар... Эҳ, аслида ота-онамни чинакамига хурсанд қилиш учун бир неча вазиятга эга бўлгандим, фақат озгина совуққонлик етишмади.

Клубдаги шароит

- Муносиб жамоада улғайиб, камолотга эришиш борасида омадим чопгани аниқ. Ҳаётда нимагадир эришиш учун шунга яраша уриниш, ҳаракат қилиш талаб этилади. «Реал»да ҳамиша ёрдам қўлини чўзадиган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган самимий инсонлар қуршовида бўлдим. Олдинга қадам ташлашимда айниқса, Вальдано катта роль ўйнаганини бир умр унутмайман. Умуман, деярли барча жамоадошларим менга ўзгача меҳрибонлик қилишди. Хусусан, Йерро, Чендо, Алькорта, Канисарес, Редондо ҳар қадамда ўз ёрдамларини аяшмади, билганларини ўргатишди. Уларнинг ўша ғамхўрликлари - мурувватларини юксак қадрлайман ва асло унутмайман. Зеро, илиқ муносабатлар туфайли чинакам профессионалга айландим. Шунингдек, клубдаги илк кунлардан менга кўмак беришган мутасаддилар, ишчи-хизматчиларга ҳам самимий миннатдорчилик изҳор этишим керак. «Реал Мадрид»нинг нақадар буюклиги, қадри баландлигини жамоадан кетганингиздан кейин теранроқ ҳис этар экансиз. Шахсан мен клубдан умрбод қарздорман: унинг сафига қўшилганимда, 15 ёшли ўсмир эдим ва секин-аста чинакам профессионал ва инсон бўлдим. Айнан «Мадрид» қадриятлари таъсирида ўсиб-улғайдим, кундан-кунга камолотга интилдим. Бунинг учун етарли даражада хайрихоҳлик ва рағбат бор эди. Мана, энди ўзим мураббийман, клуб қадриятларини шогирдларимга сингдириш учун бор куч-маҳоратимни сарфлаяпман.

Сарагоса сафари ва дебют

- Учрашув охирида беихтиёр миямда бир фикр туғён урди: «Тўхта, сен шундай савияда ўйнай оласан». Тўғри, бой берилган имкониятларни ҳам, мураббий қайта ишонч билдирмаслиги мумкинлигини ҳам яхши ҳис этиб турардим. Бахтимга, Вальдано бир ҳафтадан кейин «Атлетико»га қарши учрашувда ҳам мени майдонга туширди.

Илк гол

- Болаликдаги азалий орзум рўёбга чиқди, яъни «Реал» либосида гол урдим. Шу онда «Бернабеу»да тўпланган  мухлислар ўзгача олқишлаётганларини яққол сездим, жумладан, кимдир бор овози билан исмимни айтди - мен учун бетакрор кеча. Асосийси, ўйиндан ҳам қониқдим. Ҳар ҳолда, бир ҳафтача муқаддам жамоага ёрдам беролмагандим, энди бу ишни уддаладим.

Септима

- Яна бир ажойиб оқшом - мухлислар биздан айнан септима (Европа Чемпионлар кубогидаги 7-ғалаба назарда тутилмоқда) кутишаётганди. Ўзи Ла Лигада барқарор ўйин кўрсатолмаётган бўлсакда, Европа Чемпионлар кубогига бутун вужудимизни тиккандик. Чунончи, барча жабҳаларда рақиблардан устун эдик. Хусусан, ўйиндан завқланиш, шижоат борасида ҳам. Айнан халқаро турнир ўйинида таниб бўлмас даражада ўзгариб қолардик. Бироқ шу ёрқин ўйинни ички мусобақада ҳам намо-йиш этишга уринсакда, ҳеч уддасидан чиқмагандик. Мадрид кўчаларида юзага келган байрам ҳеч қачон унутилмайди.

Қитъалараро кубок финали

- Ўша ўйинда урилган гол мен учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Гап шундаки, 2 ойча олдин оғир жароҳатга йўлиққандим. Ҳужумчи борки, доимо финалда тўп суриш ва финал ҳуштаги янграшига саноқли дақиқалар қолган паллада ғалаба келтирувчи гол муаллифига айланишни орзу қилади. Ўша комбинация, ўша назорат, ҳужум ва ўйин тугашига 10 дақиқа қолган пайт урилган гол кечагидек эсимда... Умуман, ўша зарба фаолиятга туб бурилиш ясади: халқаро миқёсда таниқли ҳужумчи мақомига эришдим. Шубҳасиз, ўзгача гол...

Шахсий табиати

- Доимо атрофимдагилардан ибрат олишга интилганман. Очиғи, ўта тезкор ҳам, ўта иқтидорли ҳам эмасдим. Лекин бор эътиборимни ҳар бир учрашувдан тегишли сабоқ чиқаришга қаратардим. Шу ёндашув фаолиятимнинг асосий ўзаги эди. Демакки, юксак даражага айнан шахсий табиатим ва атрофдагилар ёрдами туфайли кўтарилдим.

Октава

- Ўша йил мен учун алоҳида аҳамият касб этди. Биринчидан, ота бўлишдек бахтга мушарраф бўлдим ва тўнғич фарзандим шарафига кийган либосда гол урдим. Табиийки, хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Септима учун баҳс ўта шиддатли кечганди, қолаверса, ғалабага сув билан ҳаводек эҳтиёж сезгандик. Октава (Европа Чемпионлар кубогидаги 8-ғалаба) учун учрашувда эса, шунчаки, завққа тўлиб тўп сурдик. Ваҳоланки, назарий жиҳатдан «Валенсия» фаворит эди, муҳими, бунга эътибор қаратмадик ва хотиржам ўйнадик. Яна бир ёқимли томони, Европа Чемпионлар кубоги финалида гол қувончини туйдим.

Новен

- Зиданнинг такрорланмас голи, жароҳатланган Сесар ўрнини эгаллаган Касильяс ижросидаги «сейв»лар. Европа Чемпионлар кубогидаги кейинги зафарнинг ҳар бир лаҳзаси ҳамон ёдимда... «Байер» бир ҳафта ичида бутун мавсумдаги меҳнати самарасини бой берганди. Албатта, ўз ўйинимни ҳам яхши эслайман. Бу борада Роберто Карлос билан жуда кўп шуғулланган эдик. Финалдан олдинги учрашувда Иван Кампо зарбасидан сўнг панжаларим увишиб қолганди. Хайриятки, шифокор муолажаси самараси ўлароқ, майдонга тушдим ва меҳнатимиз роҳатини кўрдим. 

Мураббийлик фаолияти

- Мураббийлик мен учун янги бос-қич ва ажойиб тажриба манбаидир. Аввалига 15 ёшли ўсмирлар билан ишладим, кейин «Хувенил»га устозлик қилдим. Яширмайман, ўшанда қандайдир ишончсизлик ҳам йўқ эмасди. Чунки ўзим истаган нарсани шогирдларимга сингдира олиш-олмаслигимни билмасдим. Энди ҳаммаси ортда қолди ва менга имконият берган клуб раҳбариятидан миннатдорман. Шунингдек, «Кастилья»ни ишониб топширишганидан ҳам беҳад мамнунман. Бугунги шогирдларим вақти келиб, «Реал» сафидан жой олиш умидидалар, мен эса уларга ёрдам беришга тайёрман.

Дастлабки жамоаси

- «Кадет-Б» жамоасидан кетгач, 3 кунча ўзимни йиғидан тиёлмадим. Бинобарин, кетишни истамагандим, бу жуда оғир бўлди. Қисқаси, илк тажрибамни охирига етказиш ниятида эдим, аммо улгурмадим. Факт шуки, у мен учун дастлабки жамоа бўлиб қолаверади

Фахрланиш сабаби

- 2та орзум амалга ошганидан беҳад мамнунман: футболчи сифатида танилдим, бахтли оила бошлиғи бўлдим. Муҳими, фаолиятимнинг асосий қисмини «Реал»да ўтказдим, умр йўлдошимни ҳам шу ерда топдим. Бу орзулар болалигимдан менга ҳамроҳ эди ва уларни рўёбга чиқардим - ортиқча қўшимчага ҳожат йўқ. Нафақат «Мадрид», балки жуда кўплаб инсонлар ҳурматини қозонганим ҳам фахр туйғусини бағишлайди. Ҳозирги касбим ўзимга ёқади. Ҳамиша рақибларга ҳурмат билан қарайман. Энг муҳими - саломатлик, лаҳзалар ва хотиралардан лаззатланиш.

Навбатдаги орзу

- Барчасини вақт кўрсатади. Очиғи, «Мадрид»да ишлаш ниятидаман: янги босқич учун режаларим кўп. Кўрамиз, ҳозирги йўл мени қаерга элтаркин? Мақсадим - клубга қўлдан келганича наф келтириш, «Мадрид»нинг буюклик мақоми сақланиб қолишига ҳисса қўшиш.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz