Қайднома

Қидирув

С.Арабистони термаси ва Эрве Ренарнинг олий мақсади нимада?

С.Арабистони термаси ва Эрве Ренарнинг олий мақсади нимада?

  14.11.2019 07:51
  0
  756
С.Арабистони термаси ва Эрве Ренарнинг  олий мақсади нимада?

Ўзбекистон миллий жамоасининг бугунги рақиби - Саудия Арабистони термасини айни пайт франциялик 51 ёшли Эрве Ренар бошқармоқда. Ушбу мутахассис асосан Африкадаги фаолияти билан танилган. Аниқроқ айтсак, 10 йил давомида Замбия, Кот-д’Ивуар ва Марокаш термаларига устозлик қилиб, бир қатор ютуқларга эришган. Жумладан 2012 йили Замбия ва 2015 йили Кот-д’ивуарликларни Африка Миллатлар кубогида чемпионлик сари етаклаб, турнир тарихида 2та жамоа билан ғалаба қозонган илк мураббийга айланган. Асосийси, Ренар Марокаш термасини 20 йиллик танаффусдан сўнг ЖЧга олиб чиқди. Франция­лик мутахассис Саудия Арабистони термаси бошқарувини жорий йил июль ойида қўлга олди. Унинг эндиги бош мақсади тайин - «саҳро лочинлари»ни ЖЧ-2022 финал босқичига бошлаш. Эрве Ренар яқинда ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ҳам буни алоҳида таъкидлади. Ўйин арафасида рақибга доир маълумотлар кўпчиликни қизиқтириши табиий, шуни назарда тутиб, Ренарнинг Саудиядаги иши юзасидан айтган фикрларига эътибор қаратишни лозим кўрдик. 

 

Африкадан Осиёга кўчиб ўтгани ҳаҚида

- Осиё футболида иш бошлашимни ҳаётнинг ўзи тақозо қилди. Қолаверса, янги чорловлар ҳамиша қизиқ. Ҳа, Африкада 10 йилдан кўп ишлаб, маълум ютуқларга эришдим, бироқ ниманидир ўзгартириш вақти келганди. Шунинг учун Саудия Арабистонидан тушган таклифни қабул қилишда сира иккиланмадим. Чунончи, Саудия термасининг олдига юқори мақсадлар қўйилишидан хабардор эдим. Хуллас, кучли жамоани бошқариш истаги мени Осиё майдонига етаклади. Ўйлайманки, талаб даражасида ишласак, белгиланган вазифани уддалаймиз.

Саудия миллий жамоаси ҳаҚида

- Саудияга келгач, аввало, миллий чемпионат ва ОЧЛ воситасида футболчиларни обдон кузатдим. Шу аснода терма жамоага номзод футболчилар рўйхатини туздим. 10 кун давом этган биринчи йиғинда футболчиларнинг ўзаро тушуниб тўп суришлари устида ишладик. Муҳими, йигитлар вақт ўтиши билан фалсафамни тушуна бошлашди. Айниқса, саудияликларнинг ўйин ва ишга ёндашувлари ёқди. Майдон четидаги суҳбатлар ҳам жуда муҳим, албатта. Бу борада муаммо йўқ - жамоа йиғинларида футболчиларнинг дўстона муносабатда эканликларини кўряпман. Илк куниёқ шогирдларимга асосий талабларни тушунтирдим: «Ҳар доим ишингиздан роҳатланинг. Ҳар бирингиз терма жамоа либосини кийганингиздан фахрланинг. Албатта, машаққатли меҳнатга тайёр туринг».

ЯҚин режалари ҳаҚида

- Мана, сентябрда ЖЧ саралашига киришдик. Асосий мақсад - «D» гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга чиқиш. Чунки 2-ўрин орқали чиқиш бироз таваккал ҳисобланади. Бинобарин, 8та гуруҳ бор ва 2-ўрин соҳибларидан энг яхши 4таси курашни давом эттиради, холос. Олдимда турган энг муҳим вазифалардан бири - бу жамоага янги «қон томчиси» олиб кириш. Лекин натижа биринчи ўринда туради, албатта. Ахир янги ўйинчилар билан ўйнаб, керакли натижа қайд этолмасак, бизни ҳеч ким кечирмайди. Кўряпманки, Саудия Арабистонида иқтидор эгалари кўп, фақат уларга имкон бериш керак. Дейлик, саудиялик ёшлар ўтган йили U-19 тои­фасидаги Осиё чемпионатида ғалаба қозонишди, жорий йил эса Польшада ташкиллаштирилган кичик мундиалда иштирок этишди. Ўйлайманки, шу йигитлар - миллий жамоанинг эртаси.

Қандайдир катта ваъдалар беришни ёқтирмайман. Лекин Саудияга келишдан мақсадим яна бир бора ЖЧ мазасини тотиб кўриш эканлигини яширмайман. Хуллас, Саудия Арабис­тони термасини 2022 йилги мундиалга олиб чиқиш учун бор тажрибамни ишга соламан.

ЖЧ-2022 саралаши ҳаҚида

- Қўл остимдаги футболчилар маҳоратига шубҳаланмайман. Улар айниқса, техник томондан кучлилар, тўп билан яхши муомала қилишади. Мана, ОЧЛда иштирок этган Саудиянинг 4та клуби ҳам гуруҳ босқичидан ўтди, «Ал-Ҳилол» эса финалга чиқди. Бу - катта муваффақият. Терма жамоада «Ал-Ҳилол»дан 7 нафар футболчи бор. Албатта, бу футболчиларнинг ОЧЛ ғолиби бўлишларига тилакдошман. Бу мамлакат футболи учун катта туртки бўларди. Терма жамоа­да иш бошлаганимга кўп бўлмади. Мисол учун, фақат Мали термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказдик ва саралаш ўйинларини бошлаб юбордик. Ҳозирча 3та расмий учрашувда майдонга тушиб, уйда сингапурликларни енгдик, Яман ва Фаластин термаларига қарши кечган сафар баҳсларида эса дуранг натижа билан чекландик. Гуруҳимиз оддий эмас, очко учун жиддий кураш бормоқда. Лекин бу бошланиши, холос. Қўл остимдаги жамоа ҳали ўзини кўрсатиб, саудиялик мухлисларни қувонтиришига шубҳа қилмайман.

Мураббийлик фалсафаси ҳаҚида

- Мен учун энг муҳими - жамоавий ўйин. Жамоам бутун майдон бўйлаб ҳужумга ўтиши керак. Бунда шогирдларимдан ақлни ишлатишни талаб қиламан. Жамоа ҳар томонлама ҳужумга ўтишни ўрганса, албатта, ўсишга эришади. Шунингдек, тактикани ўзгартириб туриш ҳам муҳим. Масалан, Сингапур термасига қарши ўйинни 4-2-3-1 чизмаси асосида бошладик ва ке­йинчалик 2 нафар ҳужумчи билан тўп суриб, якунда 3:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Такрорлайман, Саудия­да истеъдодлар етарли, фақат бир мақсад йўлида бирлашиб, яхлит жамоа тузиш керак.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz