Қайднома

Қидирув

Ишчан муҳит анъанаси ва Жейм Милнернинг фикрлари...

Ишчан муҳит анъанаси ва Жейм Милнернинг фикрлари...

  15.11.2019 01:12
  0
  546
Ишчан муҳит анъанаси ва Жейм Милнернинг фикрлари...

«Ливерпуль» фахрийси Жеймс Милнер ва ёш иқтидор соҳиби Трент-Александер Арнольдни 12 йиллик фарқ ажратиб туради. Бироқ уларнинг футбол хусусидаги тушунчалари жуда яқин, ўртада қандайдир муштараклик бор. Жеймс катта футболдаги дебютини нишонлаган вақт ҳали 17 ёшга тўлмаганди (16 ёшу 309 кунлик).
АПЛ тарихида майдонга тушган иккинчи энг ёш футболчи бўлган Милнер тез орада «Лидс»нинг асосий таркибидан жой олди. Кейин эса «қизиллар» сафига қўшилдию, жамоа рамзига айланди. Фахрий футболчи яқинда АҚШнинг «Атлетик» наш­рига берган интервьюсида жамоатчилик эътиборига қандай дош бергани, ёш касбдошлари табиати ва «Ливерпул»даги ўзгаришлар хусусида атрофлича фикр билдирди.

 

Машҳурлик ҳақида

- Аксарият футболчилар кенг танилишни орзу қилишади. Бироқ мен ҳамиша машҳурликка қарши бўлганман. Янги асрнинг илк йиллари Уэйн Руни ажойиб ўйинлари билан бу борада катта ёрдам берди. Ҳар ҳолда, барча мухлислар унга маҳлиё бўлиб, мени унутишди. Натижада ўзимни эркин ҳис эта бошладим. Ҳозир ёш ўйинчиларга анча осон - қулайлик ҳам, машҳурлик ҳам бор. Лекин бошқа томондан, улар кўпчилик эътиборига жуда барвақт тушиб қолишмоқда. Бу юкни кўтариш осон эмас. Яна шуниси ҳам борки, ёшларга профессионал даражада шароитлар яратилган.

«Ливерпул»даги ўзгаришлар хусусида

- 2-3 йил муқаддам ўта эҳтиросли эдик. Тинмай ҳужум уюштириб, ўйинни ёндириб юборишни истардик. Балки кучли эҳтирос ортидан вақтида тўхташ ва кўпчилик бўлиб олдинга интилишдан тийилиш кераклигини унутгандирмиз. Кейинчалик изланишлар натижасида сезиларли ўзгаришларни амалга оширдик. 2 йил аввалги ўйинларимизга  мухлислар муросасиз беллашув мақомини беришарди. Аммо ўшанда 1та ўйинга бор кучимизни сарфлаб, кейингисида юқори тезликда ўйнолмасдик ва очколарни бой берардик. Мавсум давомида 50- 60та ўйинда майдонга тушадиган жамоанинг доимо сермазмун ва савияли футбол кўрсатиши қийин масала. Шундай экан, яхши спорт формасида бўлмаган пайт ҳам ғалаба қозониш йўлларини топиш керак.

Янги мавсум ва шартномаси хусусида

- Ҳар бир учрашувга тўлиқ эътибор қаратишга одатланганман. Ҳамонки, шу ерда эканман, бу одатдан воз кечмайман. Жамоада яна 5 йил тўп сураманми ёки 1 ой - бунинг фарқи йўқ. Ҳар бир ўйинда бор куч-маҳоратимни ишга солсам, бас.

Трент-Александер Арнольднинг ишга муносабати ҳақида

- Ўйлашимча, ёш жамоадошларимнинг ҳеч бири Трентчалик бутун эътиборини футболга қаратолмайди. Ёшлар аввало, камтар бўлишлари, тинмай изланишлари ва тажрибали ўйинчилардан ибрат олишлари лозим. Трентни биринчи навбатда, юксак профессионаллик хислати учун ҳурмат қиламан. У босимларга дош бериб, улкан йўлни босиб ўтганига қарамай, камтарликни унутаётгани йўқ.

Қарангки, Трент-Александер Арнольд ҳам яқинда айнан «Атлетик» мухбирига интервью берганди. Мулоқотнинг муҳим жиҳатлари - жамоага қай тариқа келгани, қайси позицияларда тўп сургани ва «Барселона» билан ўйиндаги ўша машҳур бурчак тўпи. «Ливерпуль» академиясидан тасодифан жой олганман. Мактабимизда 1-синф ўқувчилари ўртасида лотерея ўйини ўтказилган, қалпоқ ичидаги ёзувлардан қайси ўқувчининг исми-шарифи чиқса, у академия машғулотида қатнашиш ҳуқуқига эга бўларди. Қалпоқдан менинг номим ёзилган қоғозни олишди. Дастлабки маш-ғулотдан кейин мураббийлар онамдан яна бир муддат клубда шуғулланишимга рухсат сўрадилар. Шу тариқа «Ливерпуль» вакилига айландим. Ўшанда 6 ёшда эдим. Асосийси, шаҳар ва клубни ёқтирардим. Қолаверса, «қизиллар» фанатлари оиласида улғайдим. ЧЛ-2004|2005да «Ювентус»га қарши кечган чорак финал учрашувидан сўнг менда қачондир шундай беллашувлар иштирокчиси бўлиш истаги туғилди. Кейинчалик барча позицияларда ўйнадим. «Ливерпул»да вингер ролини бажардим, ҳаваскорлар турнирида марказий ярим ҳимоя чизиғида тўп сурдим. 12-13 ёшда эса ҳимоя марказига ўтдим. 2 йилдан кейин Пеп Линдерс раҳбарлигида (академия мураббийи, ҳозир Клопп ёрдамчиси) таянч ярим ҳимоячиси ролига мослашдим. Кейин ўнг қанот ҳимоячиси жойига ўтдим. Айнан шу позицияни мен учун энг қулай ва тўғриси, деб топишди. 17 ёшли ўйинчи учун ярим ҳимоя чизиғи оғирлик қиларди. Пеп билан доимо яқин алоқада бўлдим. Ундаги футболга иштиёқни бошқа мураббийларда кўрмаганман. Ҳар бир икир-чикирга эринмай изоҳ бериши, иродаси мени лол қолдирди. Кўпинча Пеп билан алоҳида шуғулланардик, баъзан футбол теннисга айланиб кетарди. Машғулотга берилиб, кеч кирганини сезмай қолардик. У мени ярим ҳимоя марказига ўтказиб, ўйин суръатини белгилаш, ҳужумга ўтиш сирларини ўргатди. Яна майдонда эркин ҳаракатланиш имкониятини берди. Қисқаси, ўйинда қандай шароитларни ёқтирадиган бўлсам, барчасини муҳайё қилди.

«Барселона» билан бўлган ЧЛ ярим финали жавоб учрашувида аслида менинг бурчак зарбасини амалга оширишим кўзда тутилмаганди. Бурчакка ўрнатилган тўпдан узоқлаша туриб, рақиб ўйинчилари эътиборсиз туришганини пайқадим. Улар менинг зарба йўллашимни кутишмаганди. Боз устига, Дивок қулай позицияда ёлғиз турганди. Дарвозабон эса ўз ўрнидан чиққан ҳолда, қайсидир жамоадошига бақираётганди. Шунда фурсатни бой бермай, тўпни Ориги томон йўлладим. Унга ишора қилиш учун вақт йўқ эди - ўзи сезишига умид боғладим. Қолгани менга қоронғу - Дивок ўгирилиб, тўпни кўрди ва уни дарвозага йўллади. Шу тариқа ҳайратомуз гол юзага келди.

Агар Клопп билан гаплашишни истасангиз, у буни дарров сезади ва энг сергап суҳбатдошга айланади. Йўқ, Юрген бизни турли-туман маълумотларга кўмиб ташламайди, ўйинда ҳам олдимизга ортиқча вазифа қўймайди. Фақат энг керакли ва муҳим кўрсатмаларни беради. Мен эса доимо диққат билан тинглайман. Чунки Клопп - донишманд инсон ва маслаҳатлари мен учун жуда муҳим.

Стадион деворида менга бағишланган битик пайдо бўлганидан фахрланаман. Бундай эътирофни ўйлаган ҳам, орзу қилган ҳам эмасдим. Умидворманки, қачондир «Ливерпул»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушаман. Бу - азалий орзум. Ҳозир эса етакчи жамоадошларим - Хендерсон ва Милнердан сабоқ олишга интиламан, уларни тинмай кузатаман. «Ливерпуль» аъзоси бўлиш - шараф. Клуб сафида иложи борича узоқроқ тўп суришни истайман» - булар Милнерга ҳавасманд футболчининг умумлаштирилган фикрлари.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz