Қайднома

Қидирув

Наполида нотинчлик ёхуд АНЧЕЛОТТИ ОБРЎ ЙЎҚОТДИ-ми?

Наполида нотинчлик ёхуд АНЧЕЛОТТИ ОБРЎ ЙЎҚОТДИ-ми?

  15.11.2019 08:55
  0
  276
Наполида нотинчлик ёхуд АНЧЕЛОТТИ ОБРЎ ЙЎҚОТДИ-ми?

Жорий мавсум «Наполи» учун омадсиз ўтмоқда, айниқса, сўнгги ойда - неаполликлар 5та ўйинда атиги битта ғалабага эришиб, «А» серияда 7-ўринда боришмоқда. Чемпионлар Лигасида вазият бироз яхшироқ, аммо мазкур турнирда ҳам қоқилишлар кузатилди («Генк» ва «Зальцбург» билан учрашувларда дуранг қайд этилди). Бунга сабаб сифатида клубдаги можароларни кўрсатиш мумкин: президент, бош мураббий ва футболчилар ўзаро тил топиша олишмаяпти.

Анчелотти обрў йўқотди

Италия ОАВ жамоа ичидаги турли келишмовчиликлар ҳақида тез-тез хабарлар тарқатишмоқда. Дастлабки норозилик клубнинг икки етакчиси - Дрис Мертенс ва Лоренцо Инсинье томонидан билдирилди. Маълумотларга кўра, уларга Анчелоттининг қарорлари ёқмаяпти. Айниқса, Мертенснинг «Генк» билан учрашувда захирада қолдирилгани, Инсиньенинг эса умуман «заявка»га ҳам киритилмагани асосий факт сифатида кўрсатилмоқда. Лоренцо ўша пайт соғ-саломат бўлган, Анчелотти эса унинг йўқлигини «техник ҳолат» сифатида изоҳлаган.

«Наполи»да сардорлик боғичини таққан пайт Инсинье бош мураббий билан адоватни давом эттирди. Футболчининг ўзи мавжуд ҳолат бўйича шундай дейди: «Анчелотти билан муносабатларимиз ғалатироқ, баъзан кичик можарога йўлиқамиз, аммо бунга феъл-атворимиз сабаб бўлади. Карло, шубҳасиз, етук мураббий ва унинг қўл остида ютуқларга эришишдан умидворман».

Охир-оқибат Инсинье Анчелоттидан узр сўради. Ёзги трансферлар дарчасида Лоренцо клубни тарк этишга яқин турганди, аммо «Наполи»да қолишни ихтиёр этди. Ҳозир футболчининг агенти Мино Райола мижозига энг яхши шартномани тайёрлашга уринмоқда ва барчаси келишувнинг узайтирилишига ишора бермоқда.

Мертенснинг ҳолати бошқачароқ - бельгияликнинг шартномаси 2020 йилнинг ёзида якунланади, уни узайтириш бўйича музокаралар эса ҳали ўтказилмади. Албатта, футболчиларнинг келишувини чўзиш билан Анчелотти шуғулланмайди, лекин муаммони ҳал этишга ҳисса қўшиши мумкин эди. Ахир Мертенснинг ўйини чаккимас - айни пайт у жамоанинг иккинчи рақамли тўп­урари (10та ўйинда 4та гол), яқинда у «Наполи» мерганлари рейтингида Диего Марадонадан ўзиб кетди. Дриснинг ҳисобида 115та гол бор, биринчи поғонадаги Марек Гамшикка етиб олишига эса атиги 6та гол камлик қиляпти. Буларнинг барига 32 ёшида эришди! Аммо ҳозир Мертенс эмас, мураббий масаласини ҳал этиш керак.

Анчелотти ўзини назорат Қилолмаяпти

Италиялик мутахассис ўзини тутиши ва совуққонлиги билан кўпчиликка ибрат бўла олади (гарчи характери оғир бўлсада), аммо унинг ҳам сабри чидамаяпти. Анчелотти ўйиндан кейин ўтказилиши шарт бўлган матбуот анжуманида қатнашишни истамади, «Зальцбург» билан ўйин (1:1) якунлари бўйича матбуотга изоҳ беришни хоҳламади.

Бундай ҳолат илк бор кузатилаётгани йўқ. Анчелотти «Аталанта»га қарши баҳс (2:2)да ҳакам билан тортишгани учун четлатилганди. Натижада Карло бир ўйинга дисквалификация қилинди. «Наполи»нинг мазкур ҳолат бў­йича берган апелляцияси эса Италия футбол федерация­си томонидан рад этилди. Бир ҳафтада иккита салбий ҳолат - кўп эмасми? Бунга футболчиларнинг норозилиги ва неаполликларнинг ишончсиз ўйинини ҳам қўшсак, Анчелоттининг нафақат ўз ҳиссиётлари, балки жамоасини ҳам назорат қилолмаётгани ойдинлашади.

Футболчилар клуб президентидан ҳам норози

«Наполи» бошқарув тизими авторитар бўлган клублардан бири ҳисобланади. Аурелио Де Лаурентис - нафақат хўжайин ва президент, балки Неаполда футболни сақлаб қолган шахс саналади. Айнан у 2004 йили «Наполи»ни банкротликдан қутқариб, клубнинг қайта туғилишига замин яратганди.

«Наполи» бошқарувида Де Лаурентисдек диктатор бор экан, клубда демократия бўлмаслиги аниқ. Сўнгги пайтлар қониқарсиз натижалар қайд этилгач, клуб раҳбари жамоанинг машғулотлар базасини тарк этишини тақиқлади. Шундай ҳолат «Зальцбург» билан ўйиндан аввал ва кейин кузатилди. Учрашувдан сўнг футболчилар ва Анчелотти матбуот билан суҳбатлашишни хоҳлашмади, кейин эса уйларига кетишди. Бу Де Лаурентис тузумига қарши ҳақиқий исён эди.

«Наполи» президенти анчадан буён ўзини золим ҳукм­дорлардек тутмоқда. Вазият октябрда чигал тус олди, ҳаммасига неаполликлар сафидаги икки футболчи - Хосе Кальехон ва Дрис Мертенс маошларини оширишга уринганлари сабаб бўлди. Уларга Хитой клублари жиддий қизиқиш билдириб, молиявий талабларини қондиришга тайёр эканликларини таъкидлашганди. Де Лаурентис мазкур ҳолат бўйича шундай деганди: «Мен уларни ушлаб қолишга мутлақо тайёр эмасман. Ҳар бир футболчига позицияси, ўйини ва ёшига қараб нарх белгиланади. Агар улар катта маблағ эвазига ўзларини Хитойга сотиб, икки ёки уч йил ахлатда яшашни хоҳлашса, бу уларнинг муаммоси. Хитой лигасини рақобатбардош деб ҳисоблай олмайман. У Европанинг етакчи чемпионатларидан сезиларли равишда ортда қоляпти. Агар Мертенс ва Кальехоннинг фикри бошқача бўлса, ҳеч нарса деёлмайман».

«Наполи»нинг аввалги йиллардаги етакчиси Марек Гамшек ҳам айнан Хитойга йўл олганди. Содиқ жангчи ва кўпйиллик сардор ҳамманинг меҳрини ҳис қилгани ҳолда, шунчаки клубни тарк этмасди. Лекин неаполликлар Марекдан миннатдор бўлсалар арзийди - чемпионлик бой берилганидан кейин у Игуаин сингари «Ювентус» сафига қўшилмади.

Де Лаурентис ҳаммадан норози

2018 йили «Наполи» скудеттони қўлга киритишга жуда яқин бўлганди, аммо «кекса синьора» хатоларни кечирмади ва яна бош совринни ўзиники қилди. Де Лаурентиснинг ташаббуси билан неаполликлар бошқарувига ҳурматли, тажрибали ва муваффақиятли мураббий Карло Анчелотти олиб келинди. Гўёки, «Наполи»га узоқ кутилган чемпионликни қўлга киритиш учун айнан шу мутахассис етишмаётгандек эди. Ўтган мавсумни неаполликлар иккинчи ўринда якунлашди (сўнгги тўрт йилда учинчи марта), «Ювентус» билан орадаги фарқ эса анча катта эди - 11 очко.

Мавсум-2019|2020 арафасида «Наполи» таркибни кучайтиришга киришди. Умумий ҳисобда клуб трансферларга 130 миллион евро сарфлади ва қуйидаги футболчилар харид қилинди:

- Ирвинг Лосано (ПСВ, 38 млн. евро);

- Костас Манолас («Рома», 36 млн. евро);

- Алекс Мерет («Удинезе», 22 млн. евро);

- Элиф Элмас («Фенербахче», 16 млн. евро);

- Давид Оспина («Арсенал», 3,5 млн. евро).

Де Лаурентис улкан умидлар оғушида катта пул сарфлади, жамоанинг натижалари кескин яхшиланишини кутди. Ҳозирги ҳолат клуб президентини қониқтирмаяпти, шу боис унинг Анчелотти билан муносабатлари сезиларли ёмонлашди. Италия матбуотида Карлонинг «Наполи»ни тарк этиши кераклиги ҳақида кўп ёзилди, бироқ Де Лаурентис бош мураббий билан ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқлигига барчани ишонтиришга уринди: «Ҳамма шу ҳақда ёзяпти, аммо Анчелотти билан ўртамизда низо йўқ. У клубда яна 10 йил қолиши мумкин. Менинг муносабатларим, худди кинодаги сингари, узоқ давом этади».

Бош мураббий билан можаролари етмаганидек, Де Лаурентис жамоа сардори Лоренцо Инсинье билан ҳам чиқиша олмаяпти. Клуб президенти Анчелоттини ҳимоя қилишга уринди, аммо ҳаммаси янада ёмонлашди: «Инсиньени тушунмаяпман. Агар «Наполи»даги даври якунланганини ҳис қилаётган бўлса, инжиқлик қилавермай, шуни очиқчасига гапирсин. Мураббий кимни майдонга туширса, ўшалар ўйнаяпти, бунга кўникиш лозим».

«Наполи»даги ҳолат мураккаб. Клуб ичидагилар бир-бирларини тушунмаяптилар (ёки тушунишни хоҳлашмаяпти) ва буларнинг бари қайсидир маънода бузуқ телефонга ўхшайди. Энди неаполликлар нима қилишлари керак?

Эҳтимоли юҚори вариант - бош мураббийни алмаштириш

Анчелотти қарор чиқариш имкониятини бермайдиган, янада ёмони - «оловга мой сепадиган» раҳбар бошқараётган клуб тизимига тушиб қолди. Карло мураббийлик нуқтаи назаридан ҳали пенсионерликка даъво қилмайди (Дик Адвокатдан фарқли равишда). Европанинг аксарият клублари уни бажонидил қабул қилишади. Бошқа томондан, Ле Лаурентиснинг тавсиясига амал қилиб, Хитойга йўл олса ҳам бўлаверади.

Эҳтимоли камроҚ вариант - жамоани Қайта шакллантириш

Сўнгги икки йил ичида «Наполи» таркиби сезиларли тарзда ўзгарди. 2018 йили скудетто бой берилганидан кейин клубда ўшанда ўйнаган футболчилардан фақат 10 нафари қолди: Руй, Хюсай, Кулибали, Ғулом, Аллан, Зелински, Кальехон, Мертенс, Инсинье ва Милик. Бу галги мавсумлар оралиғида амалга оширилган ўзгаришлар наф келтирмаган экан, яна уни такрорлашдан маъни бормикан?

Фантастик вариант - Де Лаурентиснинг клубдан кетиши

Аурелио Де Лаурентис учун «Наполи» хулқи ёмон фарзандга ўхшайди - жонга теккан, аммо уйдан ҳайдаб юбориб бўлмайди. Ҳамма чора қўллаб кўрилди, лекин натижадан дарак йўқ. «Наполи» мазкур ҳолатда қайси вариантни маъқул кўриши кўпчилик учун қизиқ бўлиши турган гап.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz