Қайднома

Қидирув

Тафсилот: Кипер керакми, ана, Кайл…

Тафсилот: Кипер керакми, ана, Кайл…

  16.11.2019 01:20
  0
  415
Тафсилот: Кипер керакми, ана, Кайл…

Кайл Уокерга тасанно! «Манчестер Сити» ҳимоячиси ЧЛдек жиддий турнир ўйинида дарвозабон ролини бажариб, гол қўйиб юбормади. «Сити» ва «Аталанта» ўртасидаги ҳар икки ўйинда мухлислар асло зерикиб қолишмади. Гуруҳ босқичи 3-тури доирасида Англияда бўлган баҳсда нақ 6та гол қайд этилганди. Яъни «шаҳарликлар» бергамоликларга айтарли имконият қолдиришмаганди - 5:1. Италиядаги жавоб баҳсида эса дарвозабонларга боғлиқ даҳшатли воқелик кузатилди.

Биринчи бўлимнинг илк қисмидаёқ ҳакам VAR тизимига мурожаат қилишга мажбур бўлди. У видеотакрорни кўраётган паллада «Сити» дарвозабони Эдерсон жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола ёнига яқинлашиб, нималарнидир тушунтирди. Танаффусдан кейин эса бразилиялик кипер майдонга қайтгани йўқ, унинг ўрнини Клаудио Браво эгаллади. Демакки, Эдерсон мураббийга қандайдир муаммоси борлигини билдирган. Хуллас, «Сити» иккинчи бўлимни чилилик дарвозабон билан бошлади ва тезда гол қўйиб юборди. 81-дақиқада эса Браво бирга-бир вазиятга чиққан рақибини «кесиб», қизил карточка олди.

Диққатга сазовор томони, Клаудио битта «сейв» кўрсатмай туриб, майдондан чиқиб кетди. Боз устига, у ЕЧЛ тарихида захирадан майдонга тушиб, қизил карточка олган дастлабки голкиперга айланди. Одатда дарвозабон четлаштирилса, унинг ўринбосарига мурожаат қилинади ёки майдондаги футболчилардан бири қўлларига қўлқоп олади. «Сити»нинг ҳолатида биринчи вариантнинг имкони йўқ эди ўз-ўзидан. Негаки, захирада дарвозабон қолмаганди. Бироқ майдондаги футболчилардан ҳеч бирининг дарвозада туришига тўғри келгани йўқ. Бинобарин, Гвардиола захирадан ҳимоячи Кайл Уокерни туширди - айнан дарвозабон миссиясини бажариши учун. Муҳими, Уокер каталониялик мутахассисни уялтирмади: 1та «сейв» намойиш этди (36 дақиқа ўйнаган Браводан яхши) ва гол қўйиб юбормади (Браводан яна яхши).

Дарвоқе...

«Манчестер Сити» клуби «Твиттер»даги саҳифаси орқали Кайл Уокернинг «Аталанта» билан баҳсда дарвозани қўриқлаганига атаб, ҳазиломуз лавҳа тайёрлади. Махсус видеода «шаҳарликлар» сайтида Уокернинг позицияси ҳимоячидан дарвозабонга ўзгаргани тасвирланган ва унинг остида ёзув қолдирилган: «Саҳифа янгиланди».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz