Қайднома

Қидирув

Виржил ван Дейк: “Муҳими олға интилиш”

Виржил ван Дейк: “Муҳими олға интилиш”

  18.11.2019 05:23
  0
  339
Виржил ван Дейк: “Муҳими олға интилиш”

Футбол оламида ҳимоячининг юксак эътирофга сазовор бўлиши нисбатан қийин эканлиги - ҳақиқат. Ҳар ҳолда, орқа чизиқда ўйнайдиган футболчи бунинг учун бошқа амплуа вакилларидан кўпроқ меҳнат қилиши керак. Бинобарин, голларга тўсиқ қўйиш, хавфли вазиятларни имкон қадар йўққа чиқариш чиройли ҳужумлар ташкил этиш, заргарона узатмаларни амалга ошириш ва дарвозани ишғол этишдек серзавқ ҳаракатлар олдида бироз зерикарли туюлади. Дейлик, ФИФА томонидан таъсис этилган нуфузли индивидуал совриннинг деярли 30 йиллик тарихида даъвогарлар учлигидан жой олиш атиги 4 нафар ҳимоячига насиб этди. Қолаверса, шундай эътирофга эришган футболчилардан фақат 2 нафари соф ҳимоячи ҳисобланади - 2006 йилги танлов ғолиби Фабио Каннаваро ва 1995 йилги сўров финалчиси Паоло Мальдини. 1991 йили тенгсиз, деб топилган Лотар Маттеус ва 1997 йили 2-ўринни банд этган Роберто Карлос эса ўз вазифаларидан ташқари, ҳужумкор ҳаракатлари билан ҳам мухлислар меҳрини қозонишган. Шуни инобатга олсак, «Ливерпуль» клуби ҳамда Голландия терма жамоаси марказий ҳимоячиси Виржиль ван Дейк орқа чизиқнинг камёб вакилларидан биридир.

- Ҳимоячининг йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш танловида финалга етиб келиши осон эмас. Ўсмир футболчиларни олдинги чизиқ эмас, ҳимоячи позициясида тўп суришга кўндириш учун қандай далилларни келтира оласиз?

- Ўйлашимча, 8 ёки шунга яқин ёшли болалар учун энг муҳими - ўйиндан завқ олиш. Қайсидир болакай ҳимояланишга алоҳида иштиёқ сезса, марҳамат, керакли позицияни танлаб, рақибларни дарвозани забт этиш имкониятидан маҳрум этиш устида шуғулланаверсин. Яна бир гапим шуки, ҳамма ҳам нурли чўққиларни забт этишнинг энг мақбул йўлидан бормайди - бунинг иложи йўқ. Яъни ҳар қайси футболчининг ўз йўли бўлади. Демоқчиманки, бунда ҳаммаси иқтидор даражасига ҳам боғлиқ. Лекин унутмаслик керак, иқтидор ўрнини машаққатли меҳнат, садоқат эвазига тўлдириш мумкин. Шунингдек, озгина омад ҳам зарур, албатта. Энг муҳими - ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва олға интилиш.

- Сара футболчилар рўйхатида кучли учликдан жой олишингизда ўтган мавсум кўрсатган ўйинингиз катта ўрин тутгани тайин. Хўш, ўйинингизнинг қайси жиҳатлари алоҳида эътиборга лойиқ, сизнингча?

- Ҳа, мавсум давомида фантастик ўйинлар, чиройли голлар етарлича кузатилди. Жумладан, клубимиз вакиллари бир неча индивидуал совринларга лойиқ кўрилишди. Дейлик, «Олтин қўлқоп», 2та «Олтин бутса»... Бундан ташқари, Алиссон Америка кубоги турниридан чемпионлик унвони ва «Олтин қўлқоп» билан қайтди. Қисқаси, ўтган мавсум тарихий воқеаларга бой бўлди. Буларнинг барчаси - тинимсиз меҳнат-машаққат самараси. Жамоамиз ҳимояда ҳам, олдинги чизиқда ҳам жонбозлик кўрсатди. Якунда ЧЛда ғолиб чиққанимиздан беҳад мамнунман.

- Йилнинг энг яхши мураббийига аталган совринга лойиқ топилган Юрген Клопп доимо қувноқ ва бахтиёр - юзидан сира кулги аримайди. Бироқ ҳаётда мудом хушчақчақ бўлишнинг иложи йўқ. Наҳотки, унинг ғазабини қўзғатадиган ҳолатлар бўлмаса?

- Шахсан мен Клоппнинг дарғазаб чеҳрасини кўрган эмасман. Тўғри, у баъзан футболчиларга жиддий эътироз билдиради, қатъий оҳангда кўрсатмалар беради. Бу - мураббийнинг вазифаси. Чунки натижа учун айнан у жавоб беради. Клоппнинг эҳтиросли эканлигини ҳамма яхши билади, телеэкран орқали қандай кўрсатишса, аслида ҳам шундай. У майдоннинг ҳар бир қаричи учун кураш кечишини истайди, биздан ҳам шуни талаб этади. Табассуми ва ҳазилкашлиги эса доимий эмас. Зарур пайт овозини баландлатади, гоҳо бизни оғир юмушларни бажаришга мажбурлайди.

- Сўров финалидаги рақибларингиз - Месси ва Роналду турли характерга эга футболчи ва шахслар ҳисобланишади. Сизга нисбатан ҳам шундай дейиш мумкин, албатта. Айтингчи, ўртангизда муштарак сифатлар ҳам борми?

- Фақат шуни айтишим мумкинки, биздаги умумийлик - клубимиз ва терма жамоамизга манфаат келтира олдик. Умуман, бу борада ўз ҳақимда гапира оламан, холос. Энг сара футболчилар орасига тушганимдан бахтиёрман ва бу билан фахрланаман. «Ливерпуль» клуби ва Голландия термасидаги ўйинларим эвазига шундай эътирофга ҳақли эканлигим кўп таъкидланди. Жорий мавсум АПЛ ғолиблигини қўлга киритиш билан бирга ЧЛ кубогини сақлаб қолиш ниятидамиз...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz