Қайднома

Қидирув

Исмоил Беннасер: «Милан»ни танлаб адашмадим»

Исмоил Беннасер: «Милан»ни танлаб адашмадим»

  21.11.2019 08:51
  0
  440
Исмоил Беннасер: «Милан»ни танлаб адашмадим»

«Милан» ярим ҳимоячиси Исмоил Беннасер La Gazzetta dello Sport журналистларига интервью бериб, турли мавзулардаги саволларга жавоб қайтараркан, «россонери»нинг ҳозирги аҳволига алоҳида тўхталди.

- Аввалги турларда кўрдикки, «Милан» майдон марказида янги етакчи топибди...

- «Лацио» билан ўйиннинг шу тариқа якунланганидан афсусдамиз. Авваллари олдинроқда ҳам тўп сурардим, аммо сўнгги бир ярим йилда ҳимояга яқинроқ жойда ўйнаяпман. Шу вақт мобайнида кўп нарса ўргандим, лекин ҳозирча нимагадир эришдим, деёлмайман. Биламан, етакчиликни қўлга олишим, клубдошларим билан кўпроқ гаплашишим зарур - позициям шуни тақозо этади. Шерикларимга кўрсатмалар бериб, қийин вазиятлардан чиқишни таъминлашим лозим. Ҳозир майдонда жуда кўп гапираман, ваҳоланки, майдон ташқарисида камгапман. Асосийси, кўпроқ ишлаш керак - тактикани тушуниш, прессингдан чиқишни ўрганиш муҳим.

- Прессингни фақат рақиблар ишлатишмайди. Шундай клубда ўйнаб, босимни ҳис қиляпсизми?

- «Милан» - «Эмполи» эмас. Аммо футбол ҳамма жойда бир хил, шунчаки, бу ерда шерикларим кучлироқ. Шу боис, босимни ҳис қилмаяпман, десам бўлаверади. Босимни енгишни биламан. Хатолар ҳар доим кузатилади, лекин мазкур ҳолат сиз тўп сураётган клубга боғлиқмас. Ўсишим кераклигини биламан, аммо «Милан»ни танлаш - энг тўғри қарор.

- Агар тез орада натижалар яхшиланмаса, босим ортади...

- Албатта, мазкур ҳолатда тўғри йўналиш танласак, ҳар қандай рақибни енга оламиз.

- Бунга янги мураббийингиз ундаяптими?

- Жампаолодан фарқли равишда, у бироз агрессивроқ, бизга яқин, ҳар доим суҳбатлашади. У билан ўзаро гаплашганимизда, мендан нима хоҳлаётганини тушунтирди. Тўп билан бўлганимда шошилмаслигим, ҳар доим вертикал ўйинни танлайвермаслигим лозимлигини таъкидлади.

- Яна ким тавсиялар беради?

- Кийиниш хонасида ҳаммадан кўпроқ Пепе Рейна гапиради, унинг катта тажрибаси бор. «Фиорентина» билан ўйиндан кейин Биглия билан суҳбатлашдим. Пенальти билан боғлиқ ҳолатни таҳлил қилдик, у ўша паллада эпизоддан чиқиб қолганимни айтди ва ҳеч қачон тўхтамасликни маслаҳат берди. Баъзан ортиқча ўйлашдан кўра, ҳаракат қилишга тўғри келади. Лукас мен ўйнайдиган позицияда тўп суради, унинг кўп ёрдами тегади. Худди сардоримиз Романьоли сингари.

- «Фиорентина» билан ўйинда қандай хатога йўл қўйдингиз? Нега шундай бўлди?

- Футболда деталлар муҳим. Агар хатога йўл қўйсангиз, бу шерикларингизга ҳам таъсир қилади. Эҳтимол, биз диққатимизни тўлиқ жамлай олмагандирмиз. Аммо ҳаммасини тушундик, жуда ранжидик. «Милан» - буюк тарихга эга клуб, астойдил уринишимиз керак, айниқса, мухлислар учун. Ҳозир мураккаб вазиятдамиз, лекин ишлашда давом этиб, олдинга қарашимиз лозим.

- Жамоанинг мақсади қандай?

- Имкон қадар юксалиб, етакчиларга яқинлашиш. Биз еврокубокларда қатнашишни хоҳлаймиз.

- Ўзингизнинг шахсий ниятингиз-чи?

- Мени Иньеста ва Верратти илҳомлантиради, уларнинг ўйинлари ёзилган видеоларни жуда кўп кўраман. Пирло ўйнаган кезлари, кичкина эдим, унинг ҳаракатларини кам кузатганман. Биламан, у энг яхшилардан бири бўлган, Бобан бу ҳақда ҳар доим менга гапиради: «Пирлонинг қандай ўйнаганини бир қарагин. У жуда тезкор эмасди, аммо тўпнинг қаерга бориши, шерикларининг қайси нуқтада туришини ҳаммадан олдин пайқарди. Ҳамиша идеал позицияни танларди». Шундай экан, Пирло иштирокидаги ўйинлар видеосини ҳам ўрганяпман.

- Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

- Ҳар доим уйдаман. Яқинларим келишганда, рафиқам билан тамадди қилиш ёки сайрга чиқишим мумкин. Бундан бошқа пайт - уй, уй, уй. Беш маҳал ибодат қиламан, мен учун бу жуда муҳим. Шунингдек, модага қизиқаман. Ҳали ёшман, менга ярашаверади. Вақт ўтгани сари классик либосларга қайтарман, эҳтимол.

- Бирор маротаба ирқчиликка йўлиққанмисиз?

- Ҳеч қачон. 2019 йилда шундай ҳолатларнинг кўпайгани ачинарли.

- Ёш клубдошларингиздан қайси бири сизда ёрқин таассурот қолдирди?

- Жижо жуда кучли. Тео Эрнандес билан болалик пайтларим Францияда бирга ўйнаганмиз, у анча ўсишга эришди. Леау ва Кессье билан ҳам муносабатларим яхши, улар французчада гаплашишади. Чалханоглу - кийиниш хонасидаги қўшним. Крунич иккимизнинг яна битта жамоада эканлигимиз қувонарли. «Милан»га ўтганимда биринчи бўлиб у ва катта акам бундан хабар топишганди. Самир «Милан» мухлиси, Крунич эса бу жамоага мендан бироз аввал «Эмполи»дан келганди. Африка кубогида Миср термасига қарши ўйин арафасида у қўнғироқ қилиб, шунга ундаганди: «Шу клубга ўтасанми, йўқми? Сен «Милан»га кераксан». Мен билмаслигимни айтдим, чунки ҳақиқатан ҳам билмасдим. Лекин мазкур жамоа аъзосига айландим ва такрорлайман - фаолиятимдаги энг тўғри қарорни қабул қилдим.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz