Қайднома

Қидирув

Самолёт, машиналар, камига ғорлар ёки НЕЙМАРНИНГ ШАХСИЙ МУЛКИГА НАЗАР

Самолёт, машиналар, камига ғорлар ёки НЕЙМАРНИНГ ШАХСИЙ МУЛКИГА НАЗАР

  23.11.2019 19:15
  0
  598
Самолёт, машиналар, камига ғорлар ёки НЕЙМАРНИНГ ШАХСИЙ МУЛКИГА НАЗАР

Замонавий футболнинг бош юлдузларидан бири - бразилиялик Неймар ҳашамат ичида чўмилмоқда, гўё. «ПСЖ» ҳужумчиси тўкин ҳаёт учун нима керак бўлса, барчасига эга. Мана, бразилияликнинг энг катта шахсий мулклари рўйхати билан танишиб  чиқиб, ҳисобини ўзингиз чиқариб олаверинг ...

Вертолёт ва самолёт

Ҳа, Бразилия футболининг биринчи рақамли юлдузи ҳаво транспортининг икки илғор турига ҳам эга. У шахсий вертолёти ва самолётидан асосан ўз ватанида фойдаланади. Қай бирини танлаши эса вазиятга боғлиқ. Мисол учун, Неймар яқинда Бразилия миллий жамоаси машғулотига баҳоси 13 миллион еврога тенг вертолётида борди. Mercedes Benz томонидан махсус тайёрланган Airbus H-145 моделининг узунлиги - 13,64 метр, баландлиги - 3,95 метр. Ҳаво транспортининг руль қисмига Неймар инициали битилган - NJR (Neymar Junior).

Футболчига тегишли самолётга келсак, Embraer Legacy 450 моделининг баҳоси «атиги» 17,5 миллион евро. Қисқаси, бразилиялик ҳужумчи ихтиёридаги ҳаво лайнери бизнес-тоифага мансуб энг тез учувчи самолётлардан биридир. Унинг алоҳида жиҳати бор - учиш жараёни тизими юқори даражада яхшиланган. Самолёт ҳаттоки, инфрақизил камера билан жиҳозланган.

Кўчмас мулк

Франциядаги уй. Бразилиялик футболчи айни пайт Париж теварагидаги Буживале шаҳарчасида яшамоқда. Сена дарёси соҳилларига туташ бу ҳудуд ва Франция пойтахти ўртасидаги масофа 15 километр, холос. Франция ОАВ маълумотларига кўра, Неймар 5 қаватли шоҳона турар-жойдан ижара асосида фойдаланмоқда ва ойига 14 минг евро тўлайди. Лекин бошқа манбаларда ёзилишича, футболчи уйни тўлиқ сотиб олган. Агар бу рост бўлса, унда Франциядаги уй Неймарга тегишли энг қимматбаҳо турар-жой саналади. Зеро, қаср мисоли элит уйнинг ҳудуди - 5000 квадрат|метр, баҳоси эса - 12 миллион евро. У барча қулайликларга эга - сайр учун йўлаклар, айвон, бассейн, дам олиш ҳудуди, улкан боғ... Кошона ичида эса манзарали ойнаванд ва шишали томга эга бассейн бор. Тренажёр зали, сауна, турк ҳаммоми ҳам футболчи хизматида.

Испаниядаги уй. Неймар аввалига Испанияда денгиз яқинидан уй харид қилишни режалаштирган. Шунда унга кўплаб вариантларни таклиф этишган ва футболчи ҳам-юрти Рональдиньо яшаган кошонани танлаган. Бироқ ҳужумчи уни харид қилишга улгурмаган. Гап шундаки, айни ўша вақтда уйни ижара асосида бошқа кишига беришган эди. Якунда Неймар Барселонанинг энг элит райони - Педральбесдан қўним топган. Ер майдони 1000 метр|квадратга тенг ушбу мўъжаз турар-жойда улкан бассейн, гараж ва 5та ётоқхонаси мавжуд. Айниқса, бош ётоқхона муҳим ўрин тутади. У ўйин иловалари билан тўлиқ жиҳозланган ва футбол атрибутлари ёрдамида безатилган. Дарвоқе, 5 млн. еврога харид қилинган ушбу сарой ва Лионель Месси ҳамда Луис Суарес яшайдиган уйлар ораси жуда яқин.

Бразилиядаги уй. Футболчи Рио-де-Жанейро теварагидаги уй учун 8 миллион евро тўлаган. Унинг ҳудудида теннис корти, футбол майдони, шахсий яхта учун кичик ҳудуд, вертолёт майдончаси ва ҳаттоки, ғорлар мажмуаси бор. Уй 6та ётоқхона, тренажёр зали ва бассейнга эга.

Машиналар

Бразилиялик юлдуз - Ferrari шайдоси. Унинг автогаражида жумладан, 458 Spider модели бор (баҳоси - 250 минг евро). Айтишларича, Неймар Испанияда ушбу «учқур той»да автофалокатга учраган экан, муҳими, ўшанда ҳеч ким жиддий шикастланмаган. Ҳужумчи яна анча ноёб экземпляр - Maserati MC12ни ҳам алоҳида қадрлайди. Ер юзида атиги 55 дона шундай модель бор. Улардан 5таси сотиш эмас, балки фақат пойга учун мўлжалланган. Ушбу дабдабанинг баҳоси 1,5 миллион долларга тенг. Неймар яна 2та Audi (Q7 ва RS7) соҳибидир. Қолган машиналари - Porsche Panamera Turbo, Volkswagen Touareg, Mercedes-AMG GT. Умуман, Неймарнинг шахсий автоколлекциянинг жами нархи чамаси 2,3 миллион еврога етади.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz