Қайднома

Қидирув

Муҳаммад Салоҳнинг мактабда бошланган муҳаббати ҳақида...

Муҳаммад Салоҳнинг мактабда бошланган муҳаббати ҳақида...

  24.11.2019 03:40
  0
  928
Муҳаммад Салоҳнинг мактабда бошланган муҳаббати ҳақида...

Мактабда бошланган муҳаббат

Миср қишлоғидан Европа Чемпионлар Лигасидаги финалга қадар бирга. «Ливерпуль» голеадори Муҳаммад Салоҳ турмуш ўртоғи билан мактаб даврида танишган. Ҳозирда ушбу жуфтликда Макка исмли қизалоғи бор. Салоҳ 2017 йилнинг ёзида «Ливерпуль» сафига қўшилгач, футболчини мухлислар билан яқинроқ таништириш учун уни дарҳол клуб телевидениесига чақиришди. Журналистлар интервью давомида футболчидан жумладан, энг ёқтирган инглизча иборасини айтишини сўрашди. Мисрлик ҳужумчи шунда ўйламай туриб, кулимсираганча жавоб берди: «Севги» (Love).

 

Мо Салоҳ Европада ўз ўйини, голлари ва муросали табиати билан кўпчилик меҳрини қозонишга улгурди. Мухлислар у ҳақда кўп нарса билишади, фақат футболчи ҳаётидаги бош муҳаббат айтарли маълумот йўқ. Чунончи, Салоҳнинг умр йўлдоши - Мағи қолган футболчилар қаллиқларига сира ўхшамайди: шахсий ҳаётини достон қилишни хоҳламайди. Оддий айтганда, Мағи хоним жамоатчилик ва матбуот эътиборидан йироқда юришни маъқул кўради. Дейлик, ижтомоий тармоқларда унинг шахсий саҳифаси йўқ. Мағи ресторан ёки кийим-кечаклар брендига ҳам эга эмас. Асосий факт - ушбу жуфтлик Мисрнинг Нағриғ қишлоғидан «Ливерпул»гача бўлган йўлни бирга босиб ўтди.

Салоҳ 21 ёшида уйланган. У турмуш ўртоғи билан мактабнинг бошланғич даврида танишган экан. Яъни Мағи Содиқ ҳам айнан мўъжаз Нағ-риқ қишлоғида туғилган ва Салоҳ ўқиган мактабда таҳсил олган. Унда 3 нафар синглиси бор. Мағининг ота-онаси ўша мактабда ўқитувчилик қилишган. Онасининг айтишича, Мағи бўлажак футболчи билан айнан мактабда дўстлашган: «Эгизакларим - Мағи ва Маҳаб 2003 йили 2 нафар синфдош дўст билан танишишган. Улардан бири Салоҳ эди. Муҳаммад кейинчалик «Араб Констракторс» клуби тизимига ўтиши туфайли бош-қа мактабга кетди. Лекин бу вақтга қадар қизим билан анча иноқлашиб қолганди». Демакки, Салоҳ илк клуби сафига қўшилишига қадар Мағи билан битта мактабда ўқиган. Мисрлик иқтидор 2012 йилга келиб, «Базел»да ўйнай бошлади ва орадан ҳеч қанча ўтмай, Швейцариядан Нағриғ қишлоғига қайтди - Мағи билан оила қуриш учун. Айтишларича, тўй тантаналарида бутун қишлоқ аҳолиси қатнашган. Ўшанда 21 ёшли футболчи ҳаётидаги энг муҳим қарорга келганига сира шубҳаланган эмас. Зеро, бу вақтда иккисининг муҳаббат қисқаси бошланганига чамаси 10 йил бўлганди.

Салоҳнинг жонажон мамлакатига кўп ёрдам бериши ҳақида етарлича ёзилди. У ҳозирга қадар Мисрга мактаблар қуриш ва тиббий воситалар харид қилиш учун маблағ жўнатиб туради. Футболчи шунингдек, ночор оилалар фарзандларининг тўй маросимини молиялаштиришни канда қилаётгани йўқ. Мағи эса турмуш ўртоғининг Мисрдаги хайрия ишларини ғоят қадрлаган ҳолда, ўзи нағриғлик қизларга ҳар томонлама ёрдам беради. Қишлоқ аҳлининг айтишича, у яқинларига жуда меҳрибон. Дейлик, Муҳаммад Салоҳ билан уйига қайтганида, имкон борича барча қариндошлари аҳволидан хабар олишга интилади. Англия матбуотида Мағининг биотехнология соҳаси бўйича дипломга эга эканлиги ҳақида хабарлар чиққанди. Аслида эгизаклар тижорат факультетида таҳсил олишган. Бу борада тушунмовчилик келиб чиқишига «Интаграм» тармоғида Мағи Содиқнинг тўлиқ адашига тегишли саҳифа пайдо бўлгани сабабдир.

Умуман олганда, Мағи илк марта жамоатчилик назарига мавсум-2017|2018 якунида тушди. Ўшанда Салоҳ Англия чемпионати бош тўпурари сифатида «Олтин бутса» совринини қўлга киритганди. Тақдирлаш маросимида «Ливерпуль» мухлислари футболчи ёки унинг умр йўлдоши эмас, балки оиланинг қизалоғи - Маккага кўпроқ эътибор қаратишди. Бир йилдан кейин ҳаммаси қайта такрорланди: Мо Салоҳ «Олтин бутса» олди, Мағи ҳамхонасини қўллаб-қувватлаш ва табриклаш учун майдонга тушди, лекин Макка яна шоу қаҳрамонига айланди. Яъни қизалоқ тўпни қўлига олиб, «қайнаётган» «Энфилд»ни ҳайратлантирганча дарвоза томон югурди - гол уриш учун. Албатта, бу билан она-онаси қалбини шодликка тўлдирди. Мағи хонимнинг жамоатчиликка кўриниш бериши яна бир-икки марта кузатилди, холос. Аниқроқ айтсак, у Африканинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган Салоҳни тақдирлаш маросимида бевосита қатнашди, кейин ЧЛ-2018|2019 ярим финали («Барса» 4:0 ҳисобида тор-мор қилинган ўша ўйин) ва финали чоғи стадионда кўриниш берди. Лекин шунда ҳам эътиборга тушишдан қочди.

Салоҳ битта жиҳат - футбол туфайли оиласига етарлича вақт ажратолмаётганидан афсусланишини тез-тез таъкидлайди: «Тўғриси, Мағига нисбатан бироз адолатсизлик қиляпман. Яъни ишим юзасидан унга ва оиламга талаб даражасида эътибор қаратолмаяпман. Шунга қарамай, Мағи ҳамиша мени қўллаб-қувватлашга тайёр туради. Бунинг учун ундан умрбод миннатдорман. Муҳими, турмуш ўртоғим ҳаётимда катта ўрин тутишини билади». Футболчининг шу гапларидан ҳам тушуниш мумкинки, у ҳамхонасини ниҳоятда қадрлайди, муҳаббатини ҳам. Мо Салоҳ шунинг баробарида ҳамиша аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асносида Мағини нақадар севишини кўрсатади. У яна Исломофобия (Ислом динига нисбатан ёвқараш) даражасини туширишга уринади. Салоҳ бу йил Time журнали талқини бўйича ер юзидаги 100 нафар энг таъсири кучли инсон рўйхатидан жой олди. Мисрлик олижаноб йигит очиқ тан олади - тенг ҳуқуқлик борасидаги тушунчаси йиллар давомида шаклланган: «Айниқса, маданиятимиз ичида аёлларга нисбатан муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Бу жуда зарур. Эндиликда аёлларни ҳар қачонгидан кучлироқ қўллаб-қувватлаяпман. Негаки, улар энг юқори эътиборга муносиблар». Чиндан ҳам, мардонавор баёнот. Қатар-2022 мундиали тобора яқинлашаётганини эътиборга олсак, унинг муҳимлик даражаси янада ошади. Бежиз, ФИФА расмий саҳифаси футболчининг «Инстаграм» тармоғида қолдирган ушбу фикрларини алоҳида эълон қилмади. Мисрлик голеадор Bleacher Reportга берган интервьюсида ҳам шу мавзуга яна бир бора тегинди: «Мени ҳаммасидан кўпроқ ташвишлантираётган муаммо? Ўйлайманки, аёллар ҳуқуқи - энг муҳим масала. Бу борада айниқса, Яқин Шарқдаги ҳолатни ўзгартириш зарур. Йўқ, бизда аёлларга муносабат ёмон эмас. Лекин ҳаммасини янада яхшилаш имкониятидан фойданалишимиз керак. Барчаси ўз қўлимизда, яъни ақлимизга боғлиқ».

Африка кубоги-2019да Миср миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Амра Вардуни бир аёлга совуқ муносабатда бўлгани туфайли таркибдан четлаштиришгач, Салоҳ раҳбарлардан футболчига иккинчи имконият беришларини илтимос қилиш баробарида қатъий оҳангда қўшиб қўйди: «Аёлларга чуқур ҳурмат билан ёндашиш шарт. Аёл - муқаддас ва шундайлигича қолиши керак». Салоҳнинг ўзи аёлларга боғлиқ қандайдир жанжалларга умуман аралашмайди. Дейлик, у жорий йил Дубайда ўтказилган тадбирда мухлисаларидан бирини енгил қучди ва бир зумда онасидан нафратга тўла SMS-хабар олди: «Ё Худоим, бу нимаси? Агар отангни шундай қилганини кўрганимда, у билан дарҳол ажрашардим». Мо Салоҳ буни ўқиб, кулиб юборди, лекин кейинчалик ҳар эҳтимолга қарши суюкли аёли билан тушган бир неча суратини ижтимоий тармоққа қўйди (камдан-кам учрайдиган ҳолат). Қолаверса, у ЕЧЛ финалидан кейин ҳам Мағига алоҳида эътибор қаратди.

Салоҳнинг сўзлари инглизлар учун муҳим салмоққа эга. Ҳар ҳолда, Англияда кўпчилик унга намунали инсон сифатида қарамоқда. Стэнфорд университети томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Мо Салоҳ «Ливерпуль» сафига қўшилганидан буён Мерсисайд графлигида Исломофобия даражаси анча пасайибди. Шунингдек, диний қарашларга боғлиқ жиноятлар 18,9 фоиз, «Ливерпуль» мухлисларининг мусулмонларга қарши «твит»лари эса нақ 50 фоиз камайди (ваҳоланки, Англиянинг бошқа кучли клублари фанатларида бундай  «твит»лар кўпаймоқда). Мо Салоҳ бу вақтда ўз голларини бемалол Ўзига шукрона келтириш асносида нишонламоқда, турмуш ўртоғи эса ҳижобда юради. Улар қизларига бежиз мусулмонлар учун муқаддас саналган шаҳар номини беришмаган - Макка. Тадқиқотдан маълум бўлишича, Салоҳнинг тинчликпарвар сиймоси мусулмонлар жамиятининг Европадаги обрўси ошишига ҳам хизмат қилмоқда. «Мерсисайдда мусулмонларга нисбатан хавотир билан қараш даражаси пасайишининг сабабларидан бири шуки, Салоҳ ўз мухлисларини Ислом билан яқинроқ таништира бошлади. Унинг меҳрибон ота, чин дўст ва фантастик футболчи каби сиймолари ўлароқ, мусулмонлардан доимо хавф кутиш кераклиги хусусида мавжуд тушунчалар ўз моҳиятини йўқотмоқда», - дейилади тадқиқот хулосасида. Қарангки, «Ливерпуль» мухлислари мисрлик шарафига янгича  хониш қилмоқдалар. Маъноси: «У яна бир неча голлар урса, мен ҳам мусулмон бўламан! Масжидда ўтираман, чунки шуни хоҳлайман». Салоҳ буни маъқуллайди.

 

Сўз

- Салоҳ - кўплаб масалаларда бош модель. Жамоамда у ва Садио Мане борлигидан алоҳида ғурурланаман. Зеро, ҳар икки футболчи Ислом динига эътиқод қилади ва одамлар «Мусулмонлар - хавфли», - деб ўйлайдиган даврада ўзларини кўрсатишмоқда. Биз эса мусулмонлар ҳақидаги бу тушунча ҳақиқат эмаслигини яхши биламиз. Одамларнинг қувонч ва муҳаббатга тўла ҳолатини кўриш ёқимли. Юрген Клопп («Ливерпуль» бош мураббийи).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz