Қайднома

Қидирув

Элдор Шомуродорв ва унинг 5 шериги ёки «Ростов» кимларни сотиши мумкин?

Элдор Шомуродорв ва унинг 5 шериги ёки «Ростов» кимларни сотиши мумкин?

  25.11.2019 01:22
  0
  658
Элдор Шомуродорв ва  унинг 5 шериги  ёки «Ростов» кимларни сотиши мумкин?

«Ростов» бюджетида кузатилаётган танқислик энг яхши футболчиларни, жумладан, ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни ҳам сотиш орқали бартараф этилиши мумкин. Шу тариқа молиявий масалалар ҳал бўлади, аммо жамоа мавсумнинг қолган қисмида нима қилади?

«Ростов» навбатдаги бор жар ёқасига келиб қолди. Футболчилар уч ойдан буён маош олишмаяпти, мукофот пуллари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади. Кутилганидек, бундай вазиятда бош мураббий Валерий Карпиннинг ҳам сабри чидамади. У «Ростов» фақатгина клуб президенти Арташес Арутунянцнинг уринишлари туфайлигина ҳолатини сақлаб тургани, агар мутасадди ҳам ортга чекинса, мураббий ва футболчилар гуруҳи жамоани тарк этиши мумкинлигини таъкидлади.

Мабодо, ўйинчилар сабр қилишга кўнсалар ҳам, клуб қишда трансферлардан пул ишлашига тўғри келади. ОАВда агар ростовликлар молиялаштиришнинг бошқа усулини топа олишмаса, сотиб юборилиши мумкин бўлган 6 нафар футболчининг номи эълон қилинди. Биргина ҳайрон қолдирадиган жиҳат шундаки, «Ростов» нега бундай вазиятда Павел Мамаев билан шартнома имзолади? Ёки аввалдан «авлодлар алмашуви» режалаштирилгандир?!

Агар қарзлар ҳақидаги маълумотлар жамоатчилик эътиборида турмаганда, «Ростов» етакчиларини (ёки камида асосий таркибдаги ўйинчиларни) янада қимматроққа пуллаши мумкин эди. Мавсум давомидаги ажойиб натижалар туфайли футболчилар бошқа клублар диққатини тортишди, яъни талаб ошди, демакки, савдолашиш орқали даромад орттириш имкони юқори бўларди.

Энди эса, ростовликлар ўйинчиларни сотишга мажбурликларини билган харидорлар нархни имкон қадар пасайтиришга уринадилар. Боз устига, ҳаммаси тушунарли - футболчилар яхшигина шартномага эгалар ва «Ростов» эндиликда уларнинг маошини ўз вақтида тўлашга қодир эмас. Келинг, рўй бериши кутилаётган трансферлардан ростовликлар қанча даромад орттиришлари мумкинлигини чамалаб кўрамиз. Футболчиларнинг нархи transfermarkt маълумотларига кўра берилган.

 

Роман Ерёменко

Ёши: 32

Фуқаролиги: Россия|Финляндия

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Нархи: 4 млн. евро

Футболчини сотиш орқали қанча ишлаб топишни аниқлашдан аввал, унинг қайси клубга ўтиши мумкинлигини чамалаш лозим. 32 ёшли Ерёменко чегара ортида кимнидир қизиқтириши амримаҳол, шунга қарамай, Россияда унга даъвогарлар топилади. Биринчи навбатда, комбинацион футбол тарафдори, аммо ёзда ярим ҳимоя чизиғидаги асосий ўйинчиларидан айрилган «Краснодар»ни кўрсатиш мумкин. Боз устига, «буқалар» топ-клубларга кераги бўлмай қолганларни танлашни яхши билишади - Ману Фернандеш, Роман Широков, Владимир Бистров, Марат Измайлов ва Фёдор Смолов бунга далил. Пул масаласида ҳам краснодарликларда ҳаммаси жойида - 3-4 млн. топиш осон улар учун.

Ерёменко «Локомотив»га ҳам наф келтириши турган гап, бироқ «темир­йўлчилар» трансфер бюджетини ёзда тугатиб улгуришган. Умуман, чемпионлик пойгасидан четда қолмаслик учун қўшимча маблағ қидирсалар ҳам ажабмас - 2-3 млн. топишга қурбилари етади. Бир йил аввал уни ЦСКА ортга қайтармоқчи бўлганди, лекин айни пайт Виктор Гончаренко ихтиёрида ҳужумкор марказий ярим ҳимояда етарлича кадрлар бор - Никола Влашич, Алан Дзагоев ва Арнор Сигурдс­сон. Қолаверса, киритилган инвестицияни қопламаслик «армиячилар» раҳбариятига хос эмас.

Яна бир потенциал харидор бор. «Динамо» пулларини санаб ўтирмайди ва еврокубокларга чиқишни чин дилдан хоҳлаяпти. «Оқ-мовийлар» «ВТБ»дан кучайиш учун 3-5 млн. ундиришлари мумкин. Агар бошқа вариантлар топилмаса, Ерёменкода Новогорскка кўчиб ўтишдан ўзга чора қолмайди.

 

Алексей Ионов

Ёши: 30

Фуқаролиги: Россия

Амплуаси: ўнг қанот ҳужумчиси

Нархи: 3,5 млн. евро

Легионерларга қўлланаётган лимитни инобатга олсак (келгуси мавсумдан чеклов янада жиддийроқ тус олиши кутилмоқда), Россия термасининг асосий ярим ҳимоячисига талабгорлар ҳам кўпайиши аниқ. Алексей «Зенит» тарбияланувчиси бўлгани ҳолда, қадрдон клубига қайтиши мумкин. Кимнидир воқеаларнинг бундай ривож олиши ҳайрон қолдирар, бироқ Алексей Суторминнинг трансферидан кейин мазкур ҳолат ғалати туюлмайди.

Бошқа даъвогарлар орасида Ионовнинг собиқ клублари ЦСКА ва «Динамо» бор. Аммо «армиячилар»нинг ўнг қанотида Марио Фернандес ҳукмронлик ўрнатган. Эҳтимол, бразилиялик рус қишки ёки ёзги трансферлар ойнасида яхшигина суммага Европага йўл олар, лекин бундай ҳолатда жамоани қайта шакллантиришга тўғри келади - ҳимоявий ўйиндаги ушбу бўшлиқни Ионов орқали ёпиш мушкул. Аслида, Алексей ЦСКАга чап қанот ва ҳужум марказида асқотиши мумкин, мазкур позицияда Фёдор Чаловнинг ўрнини босадигани топилмаяпти.

«Динамо»нинг ўнг қанотида Мигель Кардозу ва Себастьян Шиманьс­ки тўп суришади. Иккиси ҳам етакчи эмас, шундай экан, Ионовни сотиб олиш мантиқан тўғри бўлади, лекин бунинг учун кимнидир сотишга эҳтиёж туғилади. Португалияликними? Молиявий томондан муаммо туғилмаслиги тайин - юқорида айтганимиздек, 3-4 млн.ни топиш «оқ-мовийлар» учун чикора.

 

Ивелин Попов

Ёши: 32

Фуқаролиги: Болгария

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Нархи: 2,75 млн. евро

Ушбу рўйхатда сотилиши энг қийин бўлган футболчи. Ёши ўтиб қолганига қарамай, иштаҳаси карнай легионерга харидор топиш осонмас. Мазкур ҳолатда уни сотиб олиш учун 1-1,5 млн. ҳам катта пулдек кўринади. Аммо Попов қаерда ўйнаши мумкин? Уни «Зенит», «Спартак», «Краснодар», «Локомотив» ёки ЦСКА либосида тасаввур қилиш қийин. Демак, «Динамо» қоляпти ёхуд «Рубин» сингари иккинчи даражали клублар бор, шунингдек, Болгарияга қайтиш варианти ҳам. Бу ўринда «динамочилар» ҳам ортиқча пул сарфлашни истамасалар керак, бошқаларни-ку гапириш шартмас.

 

Элдор ШОМУРОДОВ

Ёши: 24

Фуқаролиги: Ўзбекистон

Амплуаси: ҳужумчи

Нархи: 2,5 млн. евро

Россиядаги барча потенциал харидорлар учун нисбатан яхшироқ вариант. Шунингдек, ушбу футболчини қўлга киритиш учун ажойиб имконият туғилди, чунки Шомуродов аввалроқ чегара ортига йўл олишга тайёргарлик кўра бошлаганди. Шубҳасиз, у учинчи форвардга эҳтиёж сезаётган «Зенит»га мос тушади, тўпурарга муҳтож «Локомотив»га муносиб, ҳужумларини якунлашда қийналаётган «Спар­так»да ҳам ўйнаб кета олади.

Агар Европадан таклиф тушмаса, Элдор учун курашда «Зенит» фаворитга айланади, питерликлар ҳар қандай ички рақобатчиларни ортда қолдиришга қодирлар. Бундай аукцион - харидордан 5-7 млн. ундириш учун ҳақиқий имкониятдир. Европада эса Шомуродовга 3 млн.дан ортиқ беришмаса керак.

 

Матиас Норманн

Ёши: 23

Фуқаролиги: Норвегия

Амплуаси: таянч ярим ҳимоячиси

Нархи: 2 млн. евро

Ўзига тўланган пулни оқлайдиганлардан, айниқса, ёшини инобатга олсак. АПЛда кимнидир қизиқтириши амримаҳол, лекин Чемпионшипда бемалол ўйнаб кетади. Англия клубларининг молиявий имкониятлари юқори, шу боис 3 млн. улар учун чегара бўлмайди. Бошқа томондан, у ердагилар пулни санашни яхши билишади ва кўпроқ маблағ сарфлашларига ишониш қийин. Россияда Матиас кўпроқ «Краснодар»га мос тушади - жамоа Шарль Каборе кетгач, яхшигина таянч чизиғи вакилига эҳтиёж сезмоқда. Кайо ва Руслан Камболов катта мақсадларни кўзлаётган бундай клуб учун қониқарли вариант эмас.

 

Дмитрий Чистяков

Ёши: 25

Фуқаролиги: Россия

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Нархи: 1,5 млн. евро

Башорат қилиш учун энг мураккаб трансфер. Россиялик яхши ҳимоячилар ҳаммага керак, бироқ Чистяковнинг ҳақиқий даражасини аниқлаш мушкул. Гарчи термага чақирилиши унинг обрўсини оширган бўлса ҳам. «Тирик» пул тўлаши кутилаётган клублар ҳақида гапирсак, катта эҳтимол билан «Динамо» ёки «Локомотив» унга даъвогарлик қилишлари мумкин. Лекин бу жамоалар мудофаа марказида муаммога эга эмасликларини ҳам унутмаслик лозим. Демакки, 1 млн.дан ортиқ беришмаса керак.

Хулоса

«Ростов» шу олтита трансфер орқали 12дан 21,5 млн. еврогача ишлаб олиши мумкин. Аммо кетганлар ўрнини қоплаш учун даромаднинг учдан бир қисмини сарфлашга тўғри келишини ҳам унутмаслик керак. Акс ҳолда, «сариқ-кўклар»ни парокандалик қарши олади, Европа Лигаси ҳудудига кириш умиди ҳам йўқолиши турган гап. Ёзда эркин агент­лар орасидан муносиб номзодларни қидириш имкони мавжуд, қишда эса бунинг иложи йўқ.

Шунингдек, ростовликлар сафидаги энг қимматбаҳо футболчилар рўйхатига Рагнар Сигурдссон (33 ёш - 3,5 млн.), Бьорн Сигурдарсон (28 ёш - 2,75) ҳамда Евгений Чернов (27 ёш - 2 млн.) кабилар киритилмади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz