Қайднома

Қидирув

Энг учқур ва чопқир спортчи ким?

Энг учқур ва чопқир спортчи ким?

  26.11.2019 01:33
  0
  608
Энг учқур ва чопқир спортчи ким?

«Роналду тезлик рекордини янгилади», «Мбаппе Болтдан учқурроқ» ёки «Обамеянг жаҳон рекордчисидан ўзиб кетди» қабилидаги хабарлардан кейин мухлислар кўнг­лидан тезкор футболчилар енгил атлетика мусобақаларида ғолибликка даъвогарлик қила оладилар, деган фикр ўтиши табиий. Чиндан ҳам шундайми? 5-10 дақиқа вақтингизни аямай, қуйидаги материал билан танишиб чиқсангиз, бу борада муайян тушунчага эга бўласиз. Енгил атлетика вакиллари ва футболчилар ўртасидаги баҳс қизиқарлироқ бўлиши учун регби, скелетон, Америка футболи, бейсбол, теннис, ҳатто оғир атлетика вакилларини ҳам жалб этдик. Хуллас, барча йўлакчалар банд, иштирокчилар шай. Қани, кетдик!

Болотников ва «Спартак»

Аввало, келишиб олайлик, баҳс фақат спринтга тааллуқли. Стайерлар ва футболчилар ўртасидаги фарқ ўта улкан эканлигига 1000 метрга югуриш бўйича Рим-60 Олимпиадаси ғолиби Пётр Болотниковнинг «Сўнгги айлана» асаридан олинган лавҳа гувоҳлик беради: «Воқеа 1957 йили Тарасовкада содир бўлган. Мен билан бир вақтда Москванинг «Спартак» клуби футболчилари ёнма-ён машқ қилишганди. Нетто, Симонян, Исаев, Сальников, Ильин... Биз яхши танишлар эдик, бироз чақчақлашдик. Кейин 10 км. масофага эстафетада баҳслашишга қарор қилдик. Мен масофани тўлиқ босиб ўтишим, улар - 10 нафар футболчи 1 км.дан югуришга келишдик. Иккинчи айланадаёқ футболчиларнинг мен учун муносиб рақиб эмасликлари маълум бўлди. Шу боис, тезликни пасайтириб, уларга курашиш имкониятини яратдим. Охирги км.да эса осонликча илгарилаб кетдим. Футбол мутахассиси бўлмасамда, улардан жиддийроқ қаршиликни кутгандим».

Лекин қисқа, аниқроғи, ўта қисқа масофалардаги кўрсаткичлар анча яқин. 100 метрда россиялик спринтерлар ҳам дунёнинг энг тезкор футболчиларидан чаққонроқлар. Чунки футбол ўзига хос хусусиятларга эга. Шунга қарамай, англиялик чаққон ҳужумчи Тео Уолкотт ўз даврида 100 метрни 10,6 сонияда босиб ўтарди. Бу натижа ҳужумчига енгил атлетика бўйича Россия чемпионатида 4-ўринни (3-ўрин - 10,56 с.) беради. Дохадаги ЖЧда Тео Вьетнам, Того ва фижилик спортчиларга саралаш босқичида муносиб рақиб бўлиши мумкин.

Футболчиларнинг юқори тезликлари хусусидаги хабарлар қандай пайдо бўлади?

Асосан кўрсаткичларнинг сифатсиз талқин этилиши оқибатида. Британия­нинг «Телеграф Спорт» нашри ўз вақтида Эктор Бельерин 40 метрни 4,42 сонияда босиб ўтиб, бу масофада Усейн Болтдан яхшироқ натижа қайд этганини маълум қилганди. Мақола билан танишган 60 м.га югуриш бўйича жаҳон чемпиони Ричард Килти ғазабини тия олмади: «Журналистлар - асл овсарлар. Бундай бўлиши мумкин эмас».

Кейинчалик жаҳлидан тушган чемпион Бельерин ва Уолкоттни 40 метрга югуриш бўйича куч синашишга таклиф этиб, 30 минг фунт мукофот пули ваъда қилди. Агар йигитлар чиндан ҳам учқур бўлсалар, саноқли сонияларда мўмай даромадга эга бўлишарди. Бироқ улар таклифни қабул қилишмади. Тез орада испаниялик футболчи номига ёзилган 4,42 натижаси аниқ кўрсаткич эмас, журналистларнинг бир қатор омилларни инобатга олмаган ҳисоб-китоблари ҳосиласи эканлиги ойдинлашди.

Мбаппе ҳақида ривоят

Энди ер юзини забт этган икки янгиликни кўриб чиқамиз. Биринчи хабарга кўра, Обамеянг 30 метрга ўтказилган тестларда Болтдан ўзиб кетганмиш. Габонлик футболчи «Боруссия» сафига қўшилган пайтда дортмундликлар айнан шу хабардан ҳайратга тушгандилар. Табиийки, маълумотга ҳеч қандай видео илова қилинмаганди. Сал кейинроқ Обамеянг чиндан ҳам «учиб» кетаётгани тасвири тармоқларда намойиш этилди. Ўйин жараёнида у 30 метрни Болтга нисбатан 0,08 сонияга тезроқ босиб ўтганлиги маълум бўлди. Бу ердаги хатолик шундаки, футболчи юқори тезликда чопиб кетаётганда шу натижани қайд этган. Ямайкалик спринтер эса ўрнидан қўзғалаётган пайтдан, яъни тезлиги 0 ҳолидан сониялар ҳисобга олинган. Табиийки, Болт қимматли улушларни йўқотган.

Кейинги хабар Мбаппенинг шиддатига оид. Ҳисоблагичлар ўйинларнинг бирида франциялик футболчининг тезлиги соатига 38 км.га етганлигини қайд этишди. Шу пайтгача ҳеч қайси футболчи бунчалик тез югурмаганди. Янгиликка ўч касбдошларимиз уни яна Болтнинг 100 метрга югуришда қайд этган рекордига таққослашди ва яна футболчини устун қўйишди - 38га 37,58. Аммо бу ҳисоб-китобда ҳам адолатсизликка йўл қўйилди: футболчининг энг юқори тезлиги инобатга олинган бўлса, Усэйннинг 100 метр масофадаги ўртача тезлиги ҳисобланган. Агар фақат юксак натижалар назарда тутиладиган бўлса, Болтнинг энг юқори кўрсаткичи 44,72 км|соатга тенг. Демак, ямайкалик рекордчи шу ўртача тезлиги билан фақат Мбаппедан бошқа барча футболчилардан тезкорроқ экан.

Нафақадаги Болт Америкафутболида рекордчи

Тушунарли, футболда барча масалани тезлик ҳал қилмайди. Мавзу ҳам бу ҳақда эмас. Биз шунчаки, айтмоқчимизки, нафақат Болт, ҳатто россия­лик рекордчи спринтер Андрей Епишинни ҳам учқур футболчилар қувиб ета олмайдилар. Бу ёқда эса уларни бошқа спорт турларининг энг тезкор вакиллари кутиб туришибди. Яқинда бўлиб ўтган жаҳон кубогида регбичи Жонни Мэйнинг тезлиги соатига 37,71 км.га кўтарилди. Энг юқори тезлик борасида у Мбаппедан сал орқада, аммо ўртача кўрсаткичлар бўйича регбичилар футболчилардан устунлар. Чеслин Колбе ҳам Япония­даги ўша йирик турнирда ажойиб рейдни амалга оширганида тезлиги 33,66 км|соатга етди. Вирими Вакатаванинг чопқирлиги ҳам таҳсинга лойиқ. Гавдаси ва мушаклари 2та Мессига етиб ортадиган бу девқомат йигит йўлида дуч келган барча тўсиқларни чирпиратиб, ўртача 32 км|соат тезликда чопади. Регби учун бу одатий ҳолат.

Америка футболидаги вазият ҳам рисоладагидек. Дунёнинг энг қимматбаҳо лигаси - кўпчиликнинг орзуси. Трекда 100 метрга 10 сония сарфлайдиган талабалар ҳам етарли. Тўғри, трекда чопиш билан яшил майса устида, боз устига, соккер анжомларига бурканган ҳолда югуриш ўртасида етарлича фарқ бор. Лекин бу спорт турининг энг муҳим шартларидан бири - 40 ярд (36,58 метр)га югуриш нормативини бажариш учун бор имкониятлар сарфланади. МФЛдаги энг юқори кўрсаткич Жон Россга тегишли - 4,22 сония.

Дарвоқе, шу йилнинг февралида 1,5 йил муқаддам профессионал фаолиятини якунлаган Усэйн Болт шунчаки қизиқиш туфайли тестда иштирок этиб, илк уринишдаёқ Росснинг натижасини такрорлади. Амалдаги жаҳон чемпиони Кристиан Коулман эса 2 йил аввал 4,12 сония ичида 40 ярдли масофани босиб ўтганди.

Анойилардан эмасликларини исботлаш мақсадида америкалик соккерчилар Тайрик Хилл ўйин жараёнида 37,4 км|соат тезликка эришганини таъкидлашди. Лекин барибир, спринтерлар улардан учқурлар.

Скелетончилар Обамеянгдан олдинда

Габонлик ҳужумчи 30 метрли «марафон»ни 3,7 сонияда босиб ўтганида, Германия ҳайратдан қотиб қолганди. Скелетон бўйича жаҳон чемпиони Елена Никитина шу масофага 3,9 сония сарфлаган. 2014 йилдаги Олимпиада чемпиони Александр Третьяков эса янада тезкорроқ - 3,6 сония. У дунёнинг энг учқур скелетончиси. Бу спорт турида қўзғалиш шиддати муҳим аҳамиятга эга.

Бейсболда камтарона натижалар

Бу спорт туридаги энг юқори тезликни Билли Хэмильтон қайд этган - «атиги» 33 км|соат. Унинг касбдоши Херб Вашингтон алоҳида эътирофга лойиқ. Аслида бу йигит спринтерчи бўлиб, Мюнхен-1972 Олимпиадасида порлаши тахмин қилинганди. Бироқ Херб саралашдан ўтолмай, тез орада бейсболга ўтиб кетди ва 1974 йилда рекорд (35,7) тезлик соҳибига айланди. Аммо бирор марта майдонга тушолмади, мавсумни захира ўриндиғида ўтказди.

Катта теннис ихчамликниёқтиради

Ҳатто 30 метр ҳам теннисчилар учун марафон мақомида. Агар 5 метрли маррани забт этиш мусобақаси мавжуд бўлганида, Новак Жокович бу турнирнинг қироли бўларди. Ҳа, бу йигит 2016 йилда рақиб зарбасини қайтариш учун 36 км|соат тезликда ўқдек учди. Лекин атиги 3-4 қадамга, холос. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Рафаэль Надалнинг энг учқур тезлиги - 27 км|соат.

Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кўрсаткичлар

Афсуски, ҳаммани ҳайрон қолдирадиган тезликни тасдиқлайдиган рақамларга эга эмасмиз. Аммо воқеага гувоҳ бўлган кишиларнинг айтишларича, қисқа вақт ичида юксак тезланишни қайд этиш бобида ҳеч ким оғир атлетикачиларга тенглаша олмайди. Уларнинг тезлигини таърифлаш учун «портлаш» ибораси ҳам камлик қилади. Бундай космик ҳаракат узоқ давом этмаслиги ўз-ўзидан тушунарли, албатта. Бироқ бу бутунлай бошқа мавзу.

«Турнирларга тайёрланиш жараёнидаги машғулотларда югуришимизга ҳам тўғри келади. Шундай пайтларда енгил атлетикачилар бизни кинояли табассум билан кутиб олишади. Улардан ўзиб кетганимизда эса, мулзамликдан қизариб кетишади. Биздаги оловли шиддат бошқа ҳеч қайси спорт турида йўқ. Мен ўзимни назарда тутмаяпман, вазним 140 кг.дан ортиқ. Лекин ўрта ва енгил вазндаги касбдошларим билан баҳслашиш бефойда. Қани, ўрнидан жилмай турган ҳолда баландлик ёки узунликка сакраш бўйича беллашиб кўринг-чи, ким ғолиб чиқаркин? Кўпчилик штангачилар бўйлари бараваридаги баландликни бемалол забт этишади. Ўзим 9-синфда ўқиб юрган пайтимда 3,20га сакраганман. Йигитларимиз учун 3,5-3,6 метр масофага сакраш - одатий ҳол», - дейди таниқли тош кўтарувчи Алексей Ловчев.

«Ўта қисқа масофага югуриш бў­йича оғир атлетикачилар тенгсиз ҳисобланадилар. Ишонмасангиз, бу борадаги тадқиқотлар натижалари ёки жисмоний тарбия институтларидаги қўлланмаларни титкилаб кўринг. 30 метргача масофада бизни ҳеч ким енга олмайди. Футболчилар, дейсизми? Роналду? Ҳеч бўлмаса енгил атлетикачилар, денг. Мисол учун, Василий Алексеев ўз вақтида волейболда ажойиб ўйин кўрсатган, доимо тўпни 1-чизиққа урарди. Ваҳоланки, вазни 150 кг. эди. Лекин керакли пайтда «портларди». Ана шу «ички пружина» эвазига югуришда енгил атлетикачиларни ортда қолдирарди», - дейди икки карра жаҳон чемпиони Сергей Сирцов.

Енгил атлетикачилар бу масалада баҳслашишни хуш кўришмайди, штангачиларнинг мутлақ устунликларини тан олмасаларда, қисқа масофаларда машҳур спринтерлар билан тенгма-тенг тортишишларини эътироф этишади.

«Ўрта ва ярим ўрта вазндаги полвонлар тезлик ва сакраш бобида тенг­сиз бўлишлари мумкин. Юрий Варданян, Юрик Саркисян, Витя Куренцовлар шундай спортчилар тоифасидан. Улар махсус «козёл»да машқ қилишади. Баландлиги 160 см. бўлган мосламага бир жойда турган ҳолда 10 мартадан сакрашади. Шиддат кучи ўта юқори», - дейди таниқли мураббий Евгений Загорулько.

Спорт шифокори сифатида дунёга танилган Сергей Илюковнинг фикрича, жисмоний қувват тезланиш жараёнида муҳим ўрин тутади.

Хулоса қандай?

Қисқаси, футбол ва регби оламида ўта тезкор йигитлар етарли бўлсада, профессионал спринтерлар билан баҳслаша олмайдилар. Ўта қисқа масофаларда эса оғир атлетика вакиллари устунлик қиладилар. Демак, қайсидир футболчи яшил майдонда Усейн Болтдан тезроқ югурди, деган хабарни эшитсангиз, билингки, бу ерда қандайдир қинғирлик бор. Ҳар нарсанинг ўз ўрни бўлишини унутманг. Роналду ва Мбаппенинг югуриш қобилиятлари Болтнинг тўп тепишидан яхшироқ. Бу нормал ҳолат. Барча жабҳаларда ҳаммадан устун бўлган кишининг ўзи йўқ.

Бонус

100 метрга чанғида югуриш бўйича ўрнатилган жаҳон рекорди (11,03 сония) норвегиялик Людвиг Енсенга тегишли. Ўртача тезлиги - 32,64 км|соат. Япониялик Ява Окинава конькида бу масофани 9,4 сонияда босиб ўтган. Ўртача тезлиги - 38,3 км|соат.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz