Қайднома

Қидирув

Чекловдан чиниқиш ёки яна "Челси" ҳақида...

Чекловдан чиниқиш ёки яна "Челси" ҳақида...

  27.11.2019 05:15
  0
  411
Чекловдан чиниқиш ёки яна

Шу йилнинг февралида ФИФА «Челси» клубини 29 нафар балоғатга етмаган футболчиларни ўз тизимига жалб этишда қоидабузарликка йўл қўйгани учун трансфер қилиш ҳуқуқидан маҳрум этганди. Натижада мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмаётган жамоа ўта мушкул вазиятга тушиб қолди. Бироқ бош мураббий вазифасини ўз зиммасига олган Фрэнк Лэмпард ёрқин келажакни кўзлаган жамоани шакллантиришга киришди. Айтганча, «кўклар»даги «муваффақият рецепти»ни бошқа жамоаларга тавсия этмаймиз. Боиси, Роман Абрамович клуби мукаммал тизимга эга. Шу туфайли жамоа жиддий жазога йўлиққанига қарамасдан, «тегирмондан бутун чиқди».

«Челси»нинг ўйинларига ҳавас қиласиз

ФИФАнинг жиддий жазоси етмагандек, ёзда жамоа сезиларли йўқотишларга дуч келди - энг ёрқин юлдуз Эден Азар болалик орзусини рўёбга чиқариш мақсадида Лондонни тарк этди, 13 йиллик умрини «кўклар»га бахш этган Давид Луиз «Арсенал» сафига ўтди. Маурицио Сарри эса мухлислар босими ва чигал вазиятга дош бера олмай, Туринга йўл олди. Унинг ўрнини афсонавий, аммо мураббийлик соҳасида умуман тажрибадан йироқ бўлган, атиги бир йил Чемпионшипда «Дерби Каунти»га устозлик қилган Фрэнк Лэмпард эгаллади.

Табиийки, бундай шароитда Лондоннинг кўк қисми янги мавсумни жиддий хавотир билан кута бошлади, ЕЛ кубогининг завқи ҳам татимай қолди.

Мавсум аввалида қайсидир башоратчи мусобақанинг 1|3 қисми ортда қолган паллада «Челси» амалдаги чемпионни қувиб ўтган ҳолда, «Лестер» билан 2-3-ўринларни банд этишини маълум қилганида, залдаги «Челси» мухлисларини ҳушларига келтириш учун «Тез ёрдам» шифокорларини чақиришга тўғри келарди. Жамоа совриндорлар учлигида юришдан ташқари, ўта сермазмун ва мафтункор ўйин кўрсатмоқда. Яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири бўлмиш Гари Линекер «кўклар»нинг жорий мавсумдаги иштирокидан ҳайратда эканини таъкидлади. Эътиборлиси, таниқли эксперт бу юксак эътирофни «Аякс»га қарши «спек­такл»дан аввал баён этганди. Ярим соатдан камроқ вақт ичида 3та гол танқислигини бартараф этиш, ҳатто 1:4ни 4:4га айлантириш нафақат Линекер, ҳар қандай нозиктаъб мухлисни ҳам ром этиши аниқ.

Барқарорлик самараси

Бундай ишончли иштирокни фақат узоқ йиллар давомида сайқал топган мукаммал тизимга эга жамоа намо­йиш эта олади. Сўнгги 11 йил ичида «Челси» 10 нафар энг сара мураббийлардан сабоқ олди, Моуриньо ва Анчелоттидек тажриба соҳиблари, Ди Маттео ва Андре Виллаш-Боашдек шижоатли устозлар қайсидир фазилатни шогирдларга сингдириб, тизим мустаҳкамлигини тобора оширишди. Оқибатда жамоадаги мураббийлар қўнимсизлиги муваффақиятларга тўсиқ бўла олмади - жамоа 3 марта АПЛда, 2 марта ЕЛ ва 1 марта ЕЧЛда зафар қучди, атиги 3 марта АПЛ сов­ринларидан четда қолди.

Бундай барқарорликка «Челси» пухта ўйланган режага оғишмай риоя қилиш орқали эришмоқда. Клуб қимматбаҳо харидларни четлаб ўтишдан йироқ, керакли паллада Аррисабалагани 80, Моратани 66 млн. эвазига таркибга жалб этди. Лекин ўта омадсиз мавсумлардан кейин ҳам улгуржи олди-сотдиларни амалга оширмайди. Бош мураббийлар эса трансфер сиёсатига деярли аралашмайдилар. Тўғри, Жоржиньо «Наполи»дан Саррининг ташаббусига кўра ўтди. Лекин мураббий кетганидан кейин ундан юз ўгиришмади. Ҳозир футболчи янада фаолроқ тўп сурмоқда.

Навқирон, аммо етук

Бундан ташқари, «Челси»да ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратилмоқда. Табиийки, нуфузли совринлар учун курашадиган иззатталаб жамоа таркибидан жой эгаллаш ёш иқтидор соҳиблари учун осон иш эмас. Шу сабабли академиядан кейин улар асосан бошқа клубларда тажриба тўплашади. Жамоа кўмакка муҳтож бўлган паллада эса сафдан чиққан акалари ўрнини тўлдиришади. Марҳамат, улар билан танишинг:

Дебют мавсумини ўтказаётган 20 ёшли Мэйсон Маунт (17 ўйин, 4 гол, 2 «ассист») бунгача «Витесс» ва «Дерби Каунти»да тўп сурди. Сермаҳсул старт туфайли ярим ҳимоячининг нархи 12 млн.дан 35 млн.га кўтарилди.

22 ёшли Тэмми Абрахам эса Миши Батшуайи ва Оливье Жирулар рақобатини енгган ҳолда, 17 учрашувда 10та гол ва 4 «ассист»ни амалга оширди. Қўшимчасига, Англия терма жамоаси сафида 3 марта майдонга тушди. Бу футболчи «Брис­толь Сити», «Суонси» ва «Астон Вилла»да малака оширган. Баҳоси - 32 млн.

21 ёшли Фикайо Томори (13, 1, 1) «Брайтон», «Халл Сити» ва «Дерби Каунти»да ўйин амалиётини маромига етказиб, энди ўз жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Уни 10 млн.га баҳолашмоқда.

19 ёшли ҳимоячи Рис Жеймс «Уиган»даги ижарадан сўнг лондонликлар сафида 10 марта майдонга тушиб, 2 гол ва 2 самарали узатмани амалга оширди. Ҳимоячи учун рисоладагидек натижа. Аммо трансфер баҳоси атиги 7 млн., балки бунга унинг ёшлиги сабабчидир?

Узоқ йиллар давомида рақобатчилардан кўплаб иқтидор соҳибларини тортиб олиш жараёнида йўл қў­йилган 1-2 хатолик учун жазоланган «Челси» харидларни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум бўлгач, тарбияланувчилар ажойиб имкониятга эга бўлишди. Энди маҳаллий ёшлар нафақат ноёб иқтидор, балки етарли тажрибага ҳам эгалар.

Футболчиларнинг ўртача ёши жиҳатидан «Челси» (26,3) «МЮ»га (26,2) жуда яқин. Бироқ натижалар бутунлай қарама-қарши. Бу борада Оле-Гуннар Сульшернинг изоҳи жуда ўринли: «Фрэнкнинг шогирдлари 1-2 мавсум Чемпионшипда тажриба тўплашган, бизнинг ёшларимиз эса тўғридан-тўғри жангга киришишди. «Челси» - навқирон, лекин етук жамоа».

Меҳмонда - уйдагидек

Балки норвегиялик мураббий қайсидир жиҳатдан ҳақдир, аммо Лэмпард олдида ёш иқтидорлар орасидан талаб даражасидагиларини саралаб олиш, жамоавий ўйинни шакл­лантиришдек мураккаб вазифа турарди. Ёш мутахассис Виллиан, Аспиликуэта, Канте ва Жоржиньодек футболчилар тажрибасидан ўринли фойдаланиб, бўшлиқни ёшлар эвазига тўлдирди. Ҳа, аввалига ишлари юришмади - дастлабки 8 учрашувда атиги 2та ғалабага эришди. Жамоа АПЛ стартини «МЮ»га ютқазиш (0:4) билан бошлади, ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи илк учрашувида «Вален­сия»дан енгилди (0:1). Шунингдек, УЕФА Суперкубогини «Ливерпул»га (2:2, пенальтилар бўйича - 4:5) бой берди. Бироқ шундан кейин ёш мураббий шижоатли ёшлар ва тажрибали фахрийлар қоришмасидан рақобатбардош жамоани яратишга муваффақ бўлди - «Челси» Лига кубогидаги мағлубиятни («МЮ» - 1:2) инобатга олмаганда 7 ғалабадан иборат серияни қайд этди. Яна бир ажойиб кўрсаткич - сафар беллашувларидаги қаторасига 7 ғалабани сўнгги 30 йил ичида такрорлаш бўйича Лэмпард «Челси»даги иккинчи мураббийга айланди. Натижада у Брендан Рожерс ва Юрген Клоппдек номдорлар ёнида октябрнинг энг яхши мураббийи унвонига даъвогарлар учлигидан жой олди.

Ёшларни таркибга жалб этиш жараёнида Фрэнк навбатдаги 1-2 мавсумни эмас, олисроқ манзилни кўзлаётгани алоҳида эътиборга молик. 30дан ўтган ўйинчилар орасида фақат Аспиликуэта (30) ва Виллиан (31) ҳамон етакчи мақомида тўп суришмоқда. Аммо Кабальеро (38), Жиру (33) ва Педро (32)нинг умумий иштироклари 1000 дақиқага ҳам етган эмас.

Лекин Лэмпарднинг хизматларига ўта юксак баҳо бериш фикридан ҳам йироқмиз. Чунки ЦСКАдаги Виктор Гончаренкодан фарқли равишда, Фрэнкнинг жамоаси пионер отряди эмас. Аспиликуэта ҳамда Виллианнинг ёнида Маркос Алонсо (28), Жоржиньо (27), Кепа, Зума ва Ковачичлар (ҳаммаси 25) тўп суришмоқда. Саломатлигини тиклаб олса, Н~голо Канте ҳам сафга қайтади. Қисқаси, ҳозир ёшлар учун 3та ўрин мавжуд. Бу оз эмас, лекин аравани ёшлар тортишмоқда, деган фикр ўринли эмас. Аксинча, таркибнинг асосий қисми айни кучга тўлган паллада.

Кафолатнинг шарофати

Лекин нима бўлганда ҳам, ёш мутахассис улкан ҳажмдаги ишларни амалга оширгани рост. Энг асосийси, ҳатто қандайдир хатоликка йўл қўйишган тақдирда ҳам, улар таркибдан четлатилмаслигига мураббий ишонтира олди. Кейинги учрашувда майдонга тушмасликлари мумкин, аммо 2-3 ­ўйиндан кейин фаолиятни давом эттиришади. Эътиборли жиҳати шундаки, Лэмпарднинг ўзи ҳам худди ёш шогирдларидек кафолатга эга - уни жамоага таклиф қилган пайтда Роман Абрамович натижа қандай бўлишидан қатъий назар, ишлаш имкониятини беришни ваъда қилган. Демак, Фрэнк бутун мавсум давомида хотиржамлик билан изланиши, ижод қилиши мумкин. Лекин бошқа томондан, бир йилдан сўнг унинг олдига жиддий талаблар қўйилиши ҳам аниқ. Демак, мураббий шу талабларга жавоб бера оладиган жамоани шакллантириши шарт.

«Челси»даги мураккаб вазият ёзга қадар чўзилиши мумкин - ФИФА жамоани 2та трансфер мавсумидан четлатган. Лекин 20 ноябрда спорт-арбитраж суди лондонликлар аризасини кўриб чиқади. Агар иш ижобий ҳал бўлса, жамоада қишки трансфердаёқ таркибни кучайтириш имконияти туғилади.

Хабарларга кўра, бу мақсадларга 150 млн. ажратилган. Мўлжалланаётган харидлар - Уилфрид Заха (26 ёш, «Кристал Пэлас»), Бенжамен Чилуэлл (22, «Лестер»), Тимо Вернер (23, «РБ Лейпциг»), Мусса Дембеле (23, «Лион»). Эътибор берилса, ҳаммаси ёш футболчилар - «Челси» ўз анъанасига содиқ.

АҚШлик «янги Азар»

Энди Кристиан Пулишич ҳақида. Жамоа бу иқтидор соҳибини қишки трансфер дарчасида харид қилган, аммо ёзгача Дортмундда қолдирганди. Шу сабаб Пулишич янги мавсумда рўйхатдан жой олди.

Америкалик вингер стартдаёқ асосий таркибдан жой эгаллашни мўлжаллаганди. Бироқ Лэмпард унга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Крис­тиан 13 учрашувда 10 (4}6) балл тўплашга улгурди, лекин майдонда 834 дақиқа тўп сурди, холос. Яъни Маунт (1273), Абрахам (1223) ва Томори (1115)дан анча оз ўйнади. Уни 64 млн.га харид қилишганини ҳисобга олсак, Пулишичга бошланғич таркибдаги ўрин нақддек кўринганди. Аммо «Челси» ҳозир Лэмпард услубига мослашмоқда, жумладан, Кристиан ҳам. Фақат охирги турларда уммонорти вакили фаолликни оширди ва илк дақиқалардан бошлаб тўп суришга киришди. Натижада сўнгги 3та ўйинда 4та гол урди.

Шу тариқа унда «Челси»нинг «янги Азар»ига айланиш имконияти пайдо бўлди.

 МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz