Қайднома

Қидирув

"Қалдирғочлар" "бронза" иштиёқида, "Лочинлар" эса ...

"Қалдирғочлар" "бронза" иштиёқида, "Лочинлар" эса ...

  26.11.2019 09:31
  0
  324

Чемпионат якуниланишига 2та тур қолган бир паллада турнир жадвали кучли учлигида жиддий ўзгариш рўй берди. Термизда «Сурхон»га имкониятни бой берган «Сўғдиёна» ўз ўрнини «Нав­баҳор»дан 3 очко тотиб олган «Бунёдкор»га бўшатиб берди. Қуйида эса «Динамо»нинг аҳволи янада оғирлашди...

1-КУН: МАҒЛУБИЯТСИЗ МАВСУМГА ҚАДАМ

Янги чемпион - «Пахтакор» мағлубиятсиз мавсум қайд этиш учун яна бир катта қадам ташлади. Шота Арвеладзе шогирдлари Қаршида «Насаф»га қарши кечган учрашувнинг биринчи бўлимида ташаббусга эришиб, Абдувоҳид Неъматов дарвозасини 2 марта ишғол қилишди. Аввалига Игорь Сергеев қанотдан ошириб берилган тўпни боши билан дарвозага йўллади, кейин биринчи гол ҳаммуаллифи Жалолиддин Машариповнинг ўзи ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди. Рўзиқул Бердиев жамоаси эса иккинчи бўлимда анча фаоллашди ва 50-дақиқадаёқ Ойбек Бозоровнинг уринишидан кейин ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Аммо «шерлар» қолганига имкон беришмади. Шунингдек, бош ҳакам Олим Тўйчибоев ҳам вазиятлардан бирида «пахтакорчилар»ни аяди. Яъни охирги чора сифатида қоидани бузган дарвозабон Санжар Қувватовни майдондан четлатиш ўрнига унга «сариқ» бериш билан чекланди. «Пахтакор» шу тариқа ғалабали сериясини 16та ўйинга чўзди.

«Металлург» - «Динамо» учрашуви тақдирини мезбон жамоа устози Андрей Шипиловнинг захирадан тўғри фойдаланиш салоҳияти ҳал қилди. Диққат қилинг, биринчи бўлимдан кейин ҳисоб очилмаганди, якунда эса «Металлург» мавсумдаги энг йирик ғалабасини расмийлаштирди. Аслида иккинчи бўлим «Динамо»нинг кескин ҳужумлари билан бошланди. Тачмурод Агамуродов жамоасининг биринчи бўлиб гол уриш ва ҳисобни сақлаб қолишни режалаштиргани яққол сезилиб турди. Дейлик, 50-дақиқада Александр Лобановнинг маҳорати «Металлург»ни муқаррар голдан сақлаб қолди. Баҳодир Насимов ва Ихтиёр Тошпўлатов бир вақтнинг ўзида тўп йўналишини икки марта ўзгартиришди. Аммо Саша реакция кўрсатиб, дарвоза чизиғини кесиб ўтиши муқаррардек кўринган тўпни қайтариб қолди. 63-дақиқада ҳисоб очилди. Бу вазиятда Шаҳзод Ғофурбековнинг яқин масофадан йўллаган кучли зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига тегиб ортга қайтгач (аслида тўп дарвоза чизиғидан ўтганди), «Динамо» ҳимоячилари саросимага тушишди ва Камолиддин Тожиев бундан унумли фойдаланди. Кейин навбат захирадан майдонга тушган футболчилар келди - айнан уларнинг фаоллиги эвазига ҳисоб 5:0га етди. Хусусан, охирги 3та голда захирадан ўйинга қўшилганлар бевосита иштирок этишди.

«Қўқон-1912» ўта муҳим баҳсда, боз устига, ўз майдонида АГМКга имкониятни бой берди - - 1:3. Меҳмонлар 26-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Қанотдан ошириб берилган тўпни Зафар Полвонов дарвозага аниқ йўллади. Орадан кўп ўтмай, олмалиқликлар Музаффар Абдуллаевни иккинчи марта ожиз қолдиришди. Бу сафар Миржалол Қосимов шогирдлари бурчак зарбаси самарасини кўришди. Гол муаллифи - мураббийнинг ўғли - Миржамол Қосимов. Мезбонлар шундан сўнг катта куч билан олдинга ташланишди, бироқ барча уринишлари зое кетаверди. Аксинча, АГМК 69-дақиқада ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Қўқонлик ҳимоячилар ҳимояда тушунарсиз хатога йўл қўйишгач, Элгужа Григалашвили «совға»дан унумли фойдаланди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Қувондиқ Рўзиев томонидан урилган гол эса «Қўқон-1912»га ожиз тасалли бўлди, холос. 

«Қизилқум» - «Бухоро» учрашувида томонлар 1 очкодан олишди - 1:1. Натижада навоийликлар очколар бўйича қўқонликларга тенглашган бўлсалар, бухороликлар 10-12-ўринлардаги жамоаларга нисбатан яқинлашишди. «Ёшлар» СМда 3000дан кўп мухлис кўз ўнгида ўтган ўйинга келсак, «Қизилқум» биринчи бўлимнинг иккинчи  ярмида ҳисобни очди. Бу вазиятда «Бухоро» дарвозасини тажрибали Воҳид Шодиев нишонга олди. Муҳсин Муҳаммадиев шогирдлари эса танаффусга чиқиш олдидан жавоб голини нишонлашди. Иккинчи бўлимда жамоалар ҳарчанд уринмасин, Мурод Бобожонов урган гол сўнггиси бўлиб қолди.

 

2-КУН: «СЎҒДИЁНА» ЧЕКИНДИ...

Термизда «Сурхон» меҳмони бўлган «Сўғдиёна» ортга очкосиз қайтди ва 3-ўринни бўшатиб қўйди. Бу Улуғбек Бақоев жамоаси учун иккинчи давра ҳисобидан атиги иккинчи мағлубиятдир. Аслида жиззахликлар чакки таассурот қолдиришгани йўқ, фақат уларга ҳужумнинг сўнг­ги палласида совуққонлик етишмади. Қолаверса, Владимир Андреев жамоаси ўз майдонида борини бериб ўйнади ва Дарко Станоевичнинг суперголи эвазига 3-очкони ўз томонига оғдириб, турнир жадвалида «қўшниси» - «Насаф»дан олдинга ўтиб олди.

«Локомотив» Андижонда мезбонларга заррача имконият қолдирмади. Тўғри, Александр Хомяков шогирд­лари ўйиннинг биринчи 45 дақиқалигида кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга интилишди, аммо танаффусга кам вақт қолган паллада Жамшид Искандеровнинг ҳисобни тенглаштиришига тўсқинлик қилолмадилар. «Андижон»га айни шу гол салбий таъсир қилди, чоғи, «темирйўлчилар» иккинчи бўлимда анча эркин тўп суришди ва Остон Ўрунов ҳамда Сардор Мирзаев қандайдир 3 дақиқа оралиғида яна 1тадан гол уришди. Боз устига, ўйин охирида Элдор Маматказин автогол муаллифига айланди - 0:4.

«Навбаҳор»ни қабул қилган «Бунёдкор» жуда қийин ва муҳим ғалабани қўлга киритди. Бошидан юқори кайфиятда ҳужумкорликка зўр берган «қалдирғочлар» 9-дақиқадаёқ меҳмонлар дарвозасини ишғол қилишди - Нурилло Тўхтасиновнинг ажойиб зарбаси ва гол. Шундан сўнг ўйин суръати нисбатан пасайди ва меҳмонлар ҳужумлар уюштиришди. Шундай вазиятлардан бирида Анвар Ғофуров қўпол хатога йўл қўйгач, Азиз Турғунбоев кучли ва аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда эса икки жамоа галма-гал хавфли ҳужум ташкил қилди. 67-дақиқага келиб, меҳмонлар жарима майдони ичида Хуршид Ғиёсовга нисбатан қўполлик ишлатишди. Бунга жавобан белгиланган пенальтини жабрланувчининг ўзи аниқ амалга ошириб, «Бунёдкор»га ўта муҳим 3 очко тақдим этган гол муаллифига айланди.

------------------------------------------------------------

«НАСАФ» - «ПАХТАКОР» - 1:2 (0:2)

«МЕТАЛЛУРГ» - «ДИНАМО» - 5:0 (0:0)

 «ҚЎҚОН-1912» - АГМК - 1:3 (0:2)

 «ҚИЗИЛҚУМ» - «БУХОРО» - 1:1 (1:1)

 «СУРХОН» - «СЎҒДИЁНА» - 1:0 (0:0)

 «АНДИЖОН» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:4 (0:1)

 «БУНЁДКОР» - «НАВБАҲОР» - 2:1 (1:1)


ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳакам адашди - у Санжар Қувватовга сариқ эмас, қизил карточка кўрсатиши керак эди. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Эҳтимол, бугун ҳисобни очиб олганимизда, ҳаммаси бошқача кечармиди? Албатта, ўша вазиятларда Александр Лобановнинг ажойиб ўйин кўрсатганини таъкидлаш керак. Рафаэль Баласанян («Динамо» мураббийи).

- Тошқўзиев ва Абдуллаевнинг майдонга тушишлари ўйин тақдирини ҳал этди. Ҳар иккиси ҳам гол урди, ҳам қолган самарали ҳужумларда бевосита қатнашди. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Уй қураётганда, аввало, пойдевор яратилади, ғишт терилади, кейин жиҳозланади ва ҳоказо. Футбол ҳам ўзига яраша санъат. Демоқчиманки, янги жамоа тузиш учун вақт керак. Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).

Рақибга ҳурмат сақлаган ҳолда айтсам, ҳисоб ­ўйинга мос бўлмади. Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи в. б.).

Сафардан очко олиб қайтиш ҳамиша ёқимли, лекин вазифа минимум даражада бажарилди. Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).

- Ҳар 3 кунда майдонга тушаётганимизни табиий ҳол сифатида қабул қиламан. Жаҳон футболи буни тўғри эканлигини кўрсатиб бермоқда. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Ишдан кетганимда, турнир жадвалида 3-ўринда эдик, қайтганимда, жамоа 6-поғонага тушиб қолганди. Аввалги таркибимиз бўлганида, ўйинимиз умуман бошқача чиқармиди? Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи).

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «БУНЁДКОР»

Индивидуал томондан яққол ажралиб турган футболчи топилмагач, қайсидир жамоани танлашга тўғри келади. Нега энди айнан «Бунёдкор»? Чунки Вадим Абрамов жамоаси асосий рақибларидан бири - «Нав­баҳор»ни енгиш эвазига 3-ўринга кўтарилди. Энди «бронза» тақдири «қалдирғочлар»нинг ўз қўлларида.

 

Ўйин: 7

Гол: 22  (ўртача: 3,14...)

Томошабинлар сони: 21924 (ўртача: 3132)

Мезбонлар ғалабаси: 3

Меҳмонлар ғалабаси: 3

Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 2 («Металлург» - 5:0, «Локомотив» - 4:0)

Энг сермаҳсул ўйин: «Металлург» - «Динамо» (5та гол)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Сурхон» - «Сўғдиёна» (6223)

Огоҳлантириш: 24 (ўртача: 3,42...)

Четлатиш: -  

Энг «қўпол» ўйин: «Насаф» - «Пахтакор», «Металлург» - «Динамо», «Бунёдкор» - «Навбаҳор» (5тадан «сариқ»)

Пенальти: 1 (самарали)

«Дубль»: -

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: 1 (Элдор Маматказин, «Андижон»)

1       Пахтакор                  24           22           2              0             73-15           68

2       Локомотив               24           12           9              3             39-17           45

3       Бунёдкор                  24           11           6              7             32-29           39

4       СўҒдиёна                  24           11           5              8             26-26           38

5       Сурхон                      24           10           5              9             25-29           35

6       Насаф                       24           9             5              10          32-24           32

7       Металлург                 24           8             7              9             31-26           31

8       Навбаҳор                   24           7             10           7             25-21           31

9       АГМК                           24           8             5              11          31-34           29

10     ҚўҚон-1912                24           6             6              12          29-43           24

11     Андижон                     24           5             9              10          21-36           24

12     Қизилқум                     24           5             9              10          23-43           24

13     Бухоро                          24           4             8              12          16-36           20

14     Динамо                         24           4             6              14          21-45           18



Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 23та (6та - пен.)

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 15та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 13та

Зафар Полвонов (АГМК) - 12та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 11та (1та - пен.)

Александр Касьян («Навбаҳор») - 10та (2та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 11та (7та - пен.)

Шаҳзод Убайдуллаев («Андижон») - 9та...



27 ноябрь (чоршанба)

15:00            БУХОРО - МЕТАЛЛУРГ

15:00            АГМК - ҚИЗИЛҚУМ

15:00            ДИНАМО - СУРХОН

15:00            НАВБАҲОР - ЛОКОМОТИВ

15:00            АНДИЖОН - ҚЎҚОН-1912

15:00            ПАХТАКОР - БУНЁДКОР

15:00            СЎҒДИЁНА – НАСАФ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz