Қайднома

Қидирув

Мусулмонлар идораси: Пул тикиб ўйналадиган ўйинлар қимор ҳисобланади

Мусулмонлар идораси: Пул тикиб ўйналадиган ўйинлар қимор ҳисобланади

  26.11.2019 13:55
  0
  348
Мусулмонлар идораси: Пул тикиб ўйналадиган ўйинлар қимор ҳисобланади

Ҳозирги кунда баъзи Telegram каналларида айрим кишилар спорт ўйинлари, масалан, футболда қайсидир жамоага пул тикиб, кимнинг жамоаси ютса, ўша одам нариги жамоага тикилган пулларни олиши билан боғлиқ ўйинлар эълон қилинмоқда. Бунга Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабат билдирди.

Мусулмонлар идораси матбуот хизматига кўра, бу каби нарсалар қимор ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйинга қимор дейилади. Ислом динида қимор қаттиқ қораланган ва гуноҳи кабира дейилган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасининг 90-оятида шундай марҳамат қилган:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз».

Оламлар Робби бу оятда қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши» деб марҳамат қилган. Айнан шу оятда хамр ичиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз соҳибига ‘Кел, сен билан қимор ўйнайман’, деса, садақа қилсин», — дедилар.

Қимор шу қадар жирканч иш эканки, киши ҳали ўйнамаган бўлса ҳам, ўйнашни таклиф қилиши биланоқ гуноҳкор бўлиб қолар экан. Шу боис, унинг каффоротига ўйнамоқчи бўлган пулини садақа қилиб юбориш керак экан.

Динимизда инсонлар ҳалол меҳнат қилиб пул топишга буюрилган. Бировни алдаб, хиёнат қилиб, муттаҳамлик йўли билан унинг мулкига эга бўлиб олиш ҳаромдир. Қимор эса айнан шундай йўл билан пул топишдир.

Қиморда ютқазган тараф ютган тарафни ҳеч қачон яхши кўрмайди. Ўртада адоват, нафрат, жанжал пайдо бўлади. Ютқазган тараф имкон топилди дегунча ютган тарафдан пулларини қайтариб олишга, бунинг учун ҳатто ўша ютган кимсани ўлдиришгача бориб етади. Хуллас, қимор сабабли инсонлар ўртасида душманлик, бир-бирини ёмон кўриш ва ҳатто қотиллик юзага келади. Мана шуларнинг ўзиёқ қиморнинг жамиятга соладиган хавфи, келтирадиган зарарлари нечоғли аянчли эканини кўрсатади.

Одамларда меҳнат қилмай, қийналмай, осон ва тез пул топишга бўлган истак уларни мана шундай жирканч иш — қимор ўйнашга, қиморга йўналтирилган каналларга аъзо бўлишга ундайди.

Қимор ўйновчи кимса бориб-бориб ҳамма нарсасидан жудо бўлади. Оиласининг пароканда, фарзандларнинг уйсиз қолишига, уларнинг луқмаси бузилишига сабаб бўлади.

«Кимда ким қимор ўйнаб, пул ютиб олган бўлса, ўша ютган пулни дарҳол эгасига қайтариб бериши керак. Агар эгаси ўлиб қолган бўлса, унинг меросхўрларига беради. Борди-ю, меросхўрларни ҳам топа олмаса, эгасининг номидан бирор фақирга беради», — дейилади хабарда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz