Қайднома

Қидирув

Муҳим ўйинда ютолмаслик - термамизга хос «касаллик»

Муҳим ўйинда ютолмаслик - термамизга хос «касаллик»

  28.11.2019 01:54
  0
  568
Муҳим ўйинда ютолмаслик - термамизга хос «касаллик»

Уни даволаш - бош вазифа...Ўйлаймизки, сарлавҳа-хулосагааксариятмухлисларжиддийэътирозбилдиришмайди. Балки кимдир Хиросима-94ни эслар... Ҳақиқатан ҳам, ўшанда терма жамоамиз муҳим учрашув, яъни ярим финалда ғалаба қозонганди. Эндигина халқаро майдонга кириб келган терма жамоа учун ўша ярим финал ҳам, Азамат Абдураимовнинг ғалаба тақдим этган ягона голи ҳам муҳим эди. Ўзбекистон футболини дунёга танитиш асосий мақсад бўлган ўша Осиё ўйинлари шу омилга кўра, биз учун алоҳида аҳамият касб этарди. Аммо бошқа терма жамоалар учун Осиё ўйинлари ўша вақт ҳам муҳим саналмаган. Қолаверса, терма жамоамизда рақобат кучли чемпионат, яъни собиқ иттифоқ олий ва биринчи лигасида тобланган футболчилар жамланишганди.

Бўлди! Миллий терма жамоамиз шундан буён бирор марта ўта муҳим ўйинда ғалаба нашидасини суриб, мухлисларни шодлантирмади. Бошқача айтганда, жаҳон чемпионати саралашининг энг зарур палласида бир неча марта ҳал қилувчи учрашувларда қатнашиб, ҳар сафар майдондан бош эгиб чиқиб кетди. Шу ўринда яна кимдадир савол туғилиши мумкин: жаҳон чемпионати саралаш босқичида ҳар қайси ўйин муҳим эмасми? Масалан, 19 ноябрь куни футболчиларимиз Фаластин термасига қарши «ҳаёт-мамот» жангини ўтказишмадими? Ҳа, ўйин шундай мақомга арзирди, албатта. Чунки бу учрашувда Вадим Абрамов шогирдларини фақат ва фақат ғалаба қониқтирарди. Мағлубият ҳақида сўз очмайлик, ҳаттоки, дуранг натижа ҳам мухлисларни чегарадан чиқариб юборарди. Аслида эса ЖЧ-2022нинг мазкур саралаш босқичида терма жамоамиз учун биргина муҳим ўйин бор, деб тахмин қилгандик ва бунда Саудия Арабистони термасига қарши сафарда кечадиган учрашувни назарда тутгандик. Умуман олганда, Саудия Арабистони миллий жамоасидаги инқирозни ҳисобга олиб, футболчиларимиз учун бу босқичда муҳим учрашувнинг ўзи йўқ қабилида хулоса ҳам чиқаришганди баъзилар. Қолаверса, футболчиларимиз ва рақиблар имкониятини ўзимизча чамалаб, терма жамоамиз бу йилги мавсумни 15 очко билан якунлашига ишонгандик. Қанақасига ишонмайлик?!

Хўш, ҳозирги рақиблар қайси жиҳатга кўра, терма жамоамиздан устун? Назаримизда, рақибларда устунлик кўзга ташланяпти. Натижа эса афсусланарли. Гоҳо ўйлаб қоласан киши: жаҳон футболи тарихида бизники каби ўзига муаммо орттирадиган жамоа топилмаса керак. Тақдир неча бор терма жамоамиз учун имконият эшикларини очди, қулай вазиятларни туғдирди, мураккабликларни осонлаштирди. Тақдир синовларидан унумли фойдаланмайдиган терма жамоа эса ҳар қандай танқидга муносиб. Бу сафар ҳам тақдир терма жамоамиз мушкулини енгиллаштирди. Акс ҳолда, Яман ва Фаластин каби кучсиз терма жамоалар билан саудиялик футболчилар очколарни баҳам кўришармиди? Тасаввурга сиғмас, мантиқларни четга сурадиган меҳрибонлик бу! Терма жамоамиз мана шу меҳрибонлик қадрига етмаяпти. Ёдингиздами, яманлик футболчилар Саудия Арабис­тони термасига қарши кечган учрашувда аввал ҳисобда олдинда боришди, кейин эса ярим соатдан ортиқ вақт дуранг натижани сақлаш учун курашишди ва мақсадларига эришишди. Терма жамоамиз эса худди шундай вазиятда яманлик футболчилар уддалаган ишни эплолмади. Узр, Яман термаси анчайин оғир вазиятда дурангни сақлади. Хуллас, аввал Эктор Купер, кейин эса Вадим Абрамов машина-машина «қовун туширди». Алал-оқибат муҳим саналмайдиган ўйинлар ҳам терма жамоамиз учун катта аҳамият касб этмоқда. Эҳ, ота-боболаримиз сел бўлиб тинглаган «Қачонгача», «Токай» каби мумтоз қўшиқлардан ором излайверамиз, шекилли, ҳозирча.

Ҳа, ҳозирча. Эртага эса ҳаммаси ўзгариши даркор. Ўзгармаса бўлмайди. Демоқчимизки, Саудия Арабистони терма жамоасини сафарда мағлуб этиш шарт. Бунинг учун футболимизда ички потенциал мавжуд. Ҳамма гап - Вадим Абрамов мана шу потенциалдан қандай фойдаланишида. Урилмаган, лекин урилиши шарт бўлган голлар Миржалол Қосимов бошқарган терма жамоани қандай қийин аҳволга солиб қўйгани ҳамон мухлисларни изтиробга солади. Ўшанда Ливан терма жамоаси дарвозасига урилмаган голлар охир-оқибат, ЖЧ-2014 йўлини тўсганди. Қатар терма жамоаси дарвозасига эса 5тадан ортиқ гол урилганида, текшир-текшир бошланарди. Қисқаси, марҳум Мираброр Усмонов жаҳон чемпионати йўлланмаси учун ўзи нимани лозим топса, барчасини амалга оширишга уринди. Лекин «кўрпа» калталик қилаверди: гоҳ оёқ, гоҳ бош очилаверди. Самвел Бабаян эса бетараф майдонда Сурия терма жамоасига қарши туролмади. Шу тариқа аслида «СЕНИКИМАН», деб турган йўлланмадан ўзимиз истамаган ҳолда воз кечиб, уни нари итаравердик. Чипта ҳам шунга яраша биздан жиддий аразлади. Энди уни аразини ёзиш осон эмас. Аразлар тарихи аламли.

Мухлислар жуда яхши эслашади, Вадим Абрамов ЖЧ-2014 даст­лабки саралаш босқичида Япония терма жамоасига қарши сафар учрашувини муҳим бўлмаган ўйин мақомига етказганди. Аммо сариқ карточкалар «сценарий»сини ишлаб чиққан ва якунда шу «томоша» ўз оёғидан тортганди. Вадим Карленович Саудия Арабистони термасига қарши майдонга тушган таркиб бўйича ҳам шу каби «ақллилик»ка қўл урди ва рақиб томонидан жазоланди. «Ютганимизда тактикани мақтардинглар», дейиш журналистлар устидан кулиш билан баробар. Ўзбек футболи журналистикаси мураббий тактикасини натижага таяниб баҳоламайди. Одил Аҳмедовнинг ҳимояда ўйнаши унга нисбатан мураббийнинг адолатсизлигидир. Тўғри, Одил кўрсатмага биноан, исталган позицияда тўп сураверади. Бироқ бу каби кўр-кўрона адолатсизликни футбол кечирмайди. Биз бу мавзуда бундан 8 йил муқаддам ёзганмиз. Қирғизистон термаси билан ўтказилган ўртоқлик учрашувидан кейин эса Аҳмедов марказни бошқариб, ҳужумни тўп билан таъминлаши мақсадга мувофиқ эканлиги яна бир бора ўз исботини топганини таъкидладик. Терма жамоамиз қанот ҳимоячилари ҳужумга мойиллик сезишлари, аммо рақиб босимига бардош беришлари қийинлигини назарда тутсак, марказий ҳимояда энг яхши вариант - Ислом Тўхтахўжаев ва Егор Кримец жуфтлиги, барибир. Бунга захира сифатида Достон Турсунов ва Рустам Ашурматов жуфтлиги тайёрлангани маъқул. Яна бир оғриқли савол: қайси футболчимиз Александр Гейнрих каби араб терма жамоаларида қўрқув уйғотади? Очиғи, бу борада ҳозир Сардор Рашидовдан бошқа номзод йўқ. Шуни тан олиш ва Сардорни бу миссияни бажаришга ҳар жиҳатдан тайёрлаш лозим. Жамшид Искандеров ва Жавоҳир Сиддиқов унга захира вазифасини бажаришаверади вақтинча.

Яна бир мулоҳаза: Элдор Суюнов ўзини Игнатий Нестеров каби эркин тутолмаяпти. Рақиб босими пайти муносиб ҳимоя қўрғонини барпо этиш ва футболчиларга зарур кўрсатмалар бериш - дарвозабоннинг вазифаси. Суюнов эса тўп йўлини тўсишга интилади, холос. Биласизки, ўта хавфли вазиятларда дарвозабоннинг уринишлари нолга тенг бўлади. Шунинг учун энг яхши йўл - хавфли вазиятлар олдини олиш. Элдор Суюновнинг ҳаракатларини оқлаётганлар масаланинг бу жиҳатига эътибор қаратишмаяпти. Унутмайликки, футболда ҳам «ҳад» тушунчаси - бош инсоний омилдир! Дейлик, Суюнов «Одил, Салимни эътибордан қочирма!» деб бақириши мумкинми, бунга унинг ҳадди сиғадими? Бошқа футболчилар ўртасида ҳам ҳад масаласи қандай? Ахир майдонда муносабатлар эркин бўлмаса, қанча-қанча ғоялар юзага чиқмай, футболчининг ичида қолиб кетаверади. Шу маънода терма жамоамизни яхлит ансамбль сифатида тилга ололмаймиз. Вадим Абрамов айни муаммони ҳал этса, ишончимиз комилки, терма жамоамиз кўп ишларга қодир. Зеро, бир бутунликда ловуллаб ёнган иштиёқ оловигина ғалаба осмонини ёритади, рақибларни беаёв куйдиради.

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz