Қайднома

Қидирув

Юрген Клопп: «Биз учун Жаҳон чемпиони бўлиш мажбурият эмас»

Юрген Клопп: «Биз учун Жаҳон чемпиони бўлиш мажбурият эмас»

  28.11.2019 05:28
  0
  389
Юрген Клопп: «Биз учун Жаҳон чемпиони бўлиш мажбурият эмас»

«Ливерпуль» бош мураббийи клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишни ўйламоқда. Германиялик мутахассис аллақачон «қизиллар» тарихидан жой эгаллаб улгурди. 2019 йил эса унинг учун анча муваффақиятли кечди: Чемпионлар Лигасидаги зафар, Премьер-лигадаги рекорд мавсум ва ФИФА талқинига кўра энг яхши мураббий мақоми. Энди декабрь ойида Қатарда ўтказиладиган КЖЧ йилни юқори кайфиятда якунлаш учун ажойиб имкониятдир. «Ливерпуль» аввал ушбу мусобақада ғолиб бўлмаган. FIFA.com айни пайт Англия чемпионати турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган жамоа устозини суҳбатга чорлаб, унинг мақсадлари билан танишди.

- КЖЧ - жаҳон чемпиони мақомини олиш учун камсонли имкониятлардан бири. Мазкур турнирдан олдин қандайдир босимни ҳис қиляпсизми?

- Ҳозирча ҳеч қандай босимни сезмаяпман. Буни ҳар доим ҳам тақдим этилавермайдиган абсолют имконият сифатида баҳолайман. Европа жамоаси сифатида Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритишингиз шарт, ушбу турнирнинг аҳамиятли жиҳати шунда. ЕЧЛда ғолиб чиққач, ҳаммаси ажойиб бўлишини тушунгандик, аммо Европа Суперкубогида қандай ҳолатга тушишимизни тасаввур қилолмагандик. Бу ўйинни ҳам ўтказдик ва барчаси биз учун самарали якунланди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашишга тайёрмиз, йигитлар мазкур турнирда қатнашишни чин кўнгилдан хоҳлашяпти. Ўйинлар қизиқарли ўтиши тайин.

- «Ливерпуль» сингари бой ва узоқ тарихга эга клубда ниманидир биринчи марта амалга ошириш имконияти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Жамоа КЖЧ бош совринини ҳали қўлга киритмаган. Мазкур ҳолат ҳам сизни руҳлантиряптими?

- Бу ҳақда ўйламадим. Биринчи бор Ойга чиқишим ёки «Ливерпуль» билан илк маротаба жаҳон кубогини қўлга киритишим шарт эмас. Шунга қарамай, Қатарда ўтадиган мусобақада имкон қадар чемпионлик учун курашамиз. Энг қизиқ, ўз навбатида, энг мураккаб жиҳати шундаки, биз бошқа қитъа вакилларига қарши ўйнаймиз, бунақаси ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Рақиб Мексика жамоаси бўладими ёки Бразилияникими, ўйин осон ўтмаслиги турган гап. Биз шунга кўра тайёрланамиз, бошқа қитъа вакилига қарши услубимиз иш берадими, йўқми, аниқлаб оламиз. Ҳозирча рақиблар ҳақида кўп маълумотга эга эмасмиз, аммо турнир бошлангунча улар ихтиёримизда бўлади.

- Нима деб ўйлайсиз, Чемпионлар Лигасидан фарқли равишда, декабрда ўтказиладиган турнирда «Ливерпуль» қандай чақирувларга тўқнаш келиши мумкин?

- Даставвал, бирор-бир ўйинни кўришим керак. Бразилия, Аргентина, Мексика ёки араб футболини кузатмайман. Уйимда бунга имкон йўқ, шу боис улар ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Бошқа қитъалардаги футболчиларнинг Европада тўп суришларидан хабардорман, демак, сифат юқорилиги тайин. Ишончим комилки, турнир жараёнида интенсивлик таъминланади. Тўғри фикрлай олишимизга ишончимиз комил бўлиши даркор, футболчиларимиз бунга эришишларини биламан. Ҳозирча ҳолат бошқача, чунки эътиборимизни турли жиҳатларга қаратишимиз керак. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига вақтимизни беҳуда ўтказиш учун бормаймиз, имкон қадар мусобақани муваффақиятли якунлашга интиламиз.

- КЖЧда бутун дунёдаги энг яхши клублар қатнашишади. Сизнингча, «Ливерпуль» нимани дунёдаги бошқа жамоалардан яхшироқ бажаради?

- (Кулади) Футболдами? «Энфилд»даги оқшомларга етадигани йўқ. Эҳтимол, жаҳон футболидаги энг чиройли муҳит бизнинг стадионда кузатилса керак. «Ливерпуль» юқори формада бўлганда, «Энфилд»да мураккаб атмосфера вужудга келади (рақиблар учун). Дортмундда ҳам ишлаганман, у ерда ҳам қойилмақом муҳит ҳукм суради, аммо Ливерпулдаги ҳолат жамоатчилик эътиборини кўпроқ тортади, ўзгача ҳиссиётларни беради.

- Сўнгги йилларда КЖЧ бош соврини Европа вакилларига насиб қилмоқда. Аммо «Ливерпул»нинг 2005 йили иккинчи ўрин билан чеклангани хотиржамликнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкинми?

- 14 йил аввалги воқеаларни эслашдан маъни йўқ. Европа клублари билан ҳаммаси тушунарли - «Реал» охирги уч-тўрт йил мобайнида мазкур турнирда қатнашиб, бош совринга эга бўлди. Чунки жамоа таркиби жуда кучли. Аммо биз «Реал» эмасмиз, КЖЧга бошқача ҳолатда келамиз. Чемпион бўлишни мажбурият сифатида қабул қилмаймиз, аммо қайси турнирда қатнашишимиздан қатъи назар, ғолиблик учун курашамиз.

- Жаҳон чемпионлигининг қўлга киритилиши, шубҳасиз, йил якунидаги муҳим воқеага айланади. Бундай муваффақият шахсан сиз ва «Ливерпуль» учун ниманидир англатадими?

- Афсуски, бу турнир биз учун 2019 йилдаги сўнггиси бўлмайди, чунки декабрда бизни бошқа ўйинлар ҳам кутмоқда. Аввал таъкидлаганимдек, Суперкубокда зафар қучиш қандай бўлишини билмагандик, кўрдикки, ҳаммаси ажойиб. Умид қиламанки, шундай ҳиссиётларни яна бир бор бошдан кечирамиз. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиқсак, таассуротлар ҳақида сизга алоҳида гапириб бераман.

У.Умаров тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz