Қайднома

Қидирув

Жозе Моуриньо: «ЭСКИ ХАТОЛАРНИ ТАКРОРЛАМАЙМАН, ЯНГИЛАРИГА ЙЎЛ ҚЎЙИШИМ МУМКИН»

Жозе Моуриньо: «ЭСКИ ХАТОЛАРНИ ТАКРОРЛАМАЙМАН, ЯНГИЛАРИГА ЙЎЛ ҚЎЙИШИМ МУМКИН»

  28.11.2019 11:36
  0
  477
Жозе Моуриньо: «ЭСКИ ХАТОЛАРНИ ТАКРОРЛАМАЙМАН, ЯНГИЛАРИГА ЙЎЛ ҚЎЙИШИМ МУМКИН»

Мана, португалиялик Жозе Моуриньо маълум танаффусдан кейин мураббийлик фаолиятини қайта тиклади. Кўплаб таклифлар орасидан «Тоттенхэм»никини танлаган «Беназир» «тақачилар» бош мураббийи мақомидаги илк матбуот анжуманидаёқ ўзига хос ҳозиржавоблиги билан журналистларни яна бир бора лол қолдирди. Ҳар ҳолда, сўзга чечан мутахассиснинг илмоқли иборалари бир неча бор кулгига сабаб бўлиб, мулоқотга кўтаринки кайфият бағишлади. Моунинг расмий таништирув маросимидаги фикрлари билан танишиб чиққан киши унинг луғат бойлиги тобора бойиб бораётганини осонгина тушуниши мумкин.

*** - Танаффус пайти ўзимдан бошқа ҳеч кимни айбламаган ҳолда, фаолиятимни обдон таҳлил қилдим.

*** - Ўз ўрнида Маурисио Почеттинонинг клубдаги самарали фаолиятини эътироф этишим керак. Шуниси тўғрироқ бўлади, менимча. Айтмоқчиманки, бу клуб доимо унинг уйи бўлиб қолаверади. Дейлик, машғулотлар базаси эшиклари Почеттино учун ҳамиша очиқ - хоҳлаган пайти бемалол келиши мумкин.

*** - Мавсум ўртасида мураббийнинг алмашиши жамоадаги мураккаб вазиятдан далолат беради. Балки клуб ичида ҳеч ким билмайдиган қандайдир нохушлик юз бергандир... Одатда натижа шундай кескин ўзгаришга олиб келади. Шахсий фикримча, «Тоттенхэм» ҳамон улкан салоҳиятга эга. Яъни келажаги бор, сифатли жамоани қабул қилиб олганимни яхши биламан.

*** - Очиғи, мавсум давомида иш бошлаб, сезиларли ўзгаришларни амалга ошириш борасида етарли тажрибага эга эмасман. Янглишмасам, охирги марта 2001 йили «Порту»ни шунга ўхшаш вазиятда қабул қилгандим. Шундан кейин ҳеч қайси жамоа бошқарувини «ярим йўл»да қўлга олган эмасман. Шундай экан, ҳаммасини бирданига ўзгартиришга дангал ваъда беролмайман. Тақвим ва ўйинлар эса кутиб турмайди. Демоқчиманки, илк даврда жамоанинг менга қадар эришган савиясига ишонч билдиришдан ўзга чорам йўқ. Умид қиламанки, малакали мураббийлар штабидан сабоқ олган футболчилар талаб даражасида тўп суришади. Албатта, ўйин ташкил этиш ва жамоани бошқариш масаласида ўз услубимдан фойдаланаман. Асосий мақсадим тайин - ўз жамоамни шакллантириш.

*** - 11 ойга чўзилган ишсизлик даврида янада иштиёққа тўлдим. Асосийси, вақтни беҳуда ўтказмадим. Ортда қолган йўлни чуқур таҳлил қилиш ва ҳаммасини қайта ўйлаб кўриш учун етарли вақт бор эди. Инсон ўз табиати, яъни ДНКсини буткул йўқотмайди, бошқача одамга айланишнинг иложи йўқ. Ижобий томонга ҳам, салбий томонга ҳам. Ҳа, олдин йўл қўйган хатоларимни тушундим. Энди уларни қайта такрорламайман, лекин янгилари кузатилиши мумкин.

*** - Такрор айтаман, ҳозир янада кучлироқман. Йўқ, жисмоний ҳолатни назарда тутмаяпман, бу борада ҳеч қачон муаммо сезмаганман! Ҳиссиётларим янада ортгани аниқ. Ўзим эса жуда хотиржамман, ишлаш иштиёқига тўламан. Хуллас, синовларга тайёрман. Ўйлайманки, футболчилар бу ҳолатимни дарров сезишади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга шайман. Клуб равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ишласак, бас. Ҳаммаси аввало, жамоа аъзолари учун. Асосий гапим битта - барчага қўлдан келганича ёрдам беришни истайман. «Тоттенхэм»га келишдан бош мақсадим шу.

*** - Ҳа, бутун фаолиятимни обдон таҳлил қилдим. Фақат охирги мавсумни эмас, бошидан охиригача. Бунда барчасини холис баҳолашга уриндим. Яъни таҳлил жараёнида кимнидир айблаганим йўқ. Танаффус пайти шу таҳлил шахсан ўзим учун ўта зарур ва фойдали эди. Ахир илк марта бутун ёзни ишсиз ўтказдим. Тўғри, бу осон эмас, албатта, аммо кўп жиҳатларга бошқа ракурсдан нигоҳ ташладим. Қолаверса, айрим нарсаларни ўргандим. Масалан, телекўрсатувларни олиб боришни!

*** - Ичимдаги «можо» қайтдими? Аслида бу иборани тўғри тушунтириб берадиган онлайн-тилмочга муҳтожман. Лекин нимани назарда тутаётганингизни сезгандекман. Ғалабага эришмагунча ҳеч қачон ўзимдан қониқмайман. Бу феълимни шогирдларимга юқтиришимдан умидворман.

*** - Йўқ, на «Челси» ва «МЮ», на «Реал» ёки «Интер»ман. Уларнинг ҳаммасиман! Зеро, бу клубларнинг ҳар бирига боримни бердим. Энди «Тоттенхэм»да ҳам шундай қилмоқчиман. «Порту» билан ЧЛда ғолиб чиқдим. Орадан 3 ой ўтгач, ЧЛда айнан шу жамоага қарши майдонга тушдим. Бу ҳаёт. Бироқ ҳозир битта либосдаман, вужудим ягона иштиёқ билан ёнмоқда. Бу - менинг клубим. Тушунаман, Маурисио Почеттино 5,5 йил ичида «Тоттенхэм»да ажойиб ишларни амалга оширди. У эртага АПЛнинг қайсидир жамоасини қабул қилса, сира ажабланмайман. Мураббийлар ҳаёти шунақа. Фақат 2 киши бундан мустасно: сэр Алекс Фергюсон ва Арсен Венгер.

*** - Доимо айтганман: АПЛ - табиий масканим. Айнан шу ерда мени ҳамма жойдагидан кўпроқ севадилар. Мамлакат ҳам зўр, чемпионат ҳам. Энг зўри, албатта. Шахсан мен фаолиятимдаги энг қувончли дамларни АПЛда бошдан ўтказганман.

***  Биринчи галдаги вазифам -  футболчилар ўзларини яхши ҳис этишларини таъминлаш. Улар нималарни ўйлаётганлари муҳим эмас. Майли, хоҳласалар, январь ёки ёзда жамоадан кетишни ўйлашсин, хоҳласалар, янги шартнома остига имзо чекишни. Асосийси, ҳар бир футболчининг кайфияти аъло даражада бўлсин. Чунки жамоани олдинда кескин ўйинлар кутиб турибди.

*** - Қайси трансфер мен учун Рождество совғаси бўлиши мумкин? Биласизми, ўзим ҳам совға улашишни ёқтираман. Бу масалага муносабатим жиддий - қандай совға кўпроқ маъқул эканлиги хусусида ростмана бош қотираман. Умуман олганда, мен учун байрам совғаси - мана шу жамоа. Демоқчиманки, ҳозир янги футболчиларга эҳтиёжим йўқ, фақат ихтиёримда мавжуд ўйинчиларни яхши билиб олишим учун вақт керак. Улар мен учун чинакам совға. Буни шогирдларимга ҳам айтиб улгурдим. Дарвоқе, бошқа жамоаларда ишлаган давримда уларнинг айримларини харид қилишга уриниб кўрган, аммо амалга оширолмагандим.

*** - ЧЛ финалидаги мағлубият инқирозга сабаб бўлиши мумкинми? Билмадим, чунки ҳеч қачон ЧЛ финалини бой бермаганман. Лекин бу қанчалик аламли бўлишини тасаввур қила оламан: футбол оламининг энг нуфузли соврини йўлида машаққатли йўлни босиб ўтиб, сўнгги қадамда қоқилишдан ёмони йўқ. Бироқ «Ливерпуль» бунинг аксини исботлади: ЧЛ финалида енгилган жамоа янада жипслашиб, чемпионлик учун курашди ва якунда ғолиб чиқди.

*** - Ҳеч қачон «Тоттенхэм»ни бошқармаслигим ҳақида айтган гапим? «Челси» мухлисларига ҳурмат юзасидан шундай деганман, яна мени истеъфога чиқаришларидан аввал. Замонавий футбол шунақа. Босман қоидаси футболчилар учун ҳаммасини ўзгартириб юборди. Мураббийлар эса сиз - журналистлар туфайли ўзгача вазиятга тушиб қолдилар. Ўйинчилар мураббийдан ёки бир-бирларидан зерикишлари мумкин. Ҳозир ҳаммаси жуда тез ўзгармоқда. Ўтмишни ҳеч ким эсга олмайди. «Челси» - мен учун ўтмиш. Икки давр ва совринларни ўз ичига олган буюк хотира, аммо ўтмиш.

*** - Тушунаман, жорий мавсум чемпионликка эришолмаймиз. Бу ишни янги мавсумда уддалаш хусусида ваъда беролмайману, аммо уддалашга қодирлигимизни айтишим мумкин. Агар совринга эришсак, бу мен эмас, клубда босқичма-босқич амалга оширилган режали ишлар туфайли бўлади. Машғулотлар базаси - улкан лойиҳанинг бир қисми, янги стадион ва академия ҳам шундай. Шунингдек, етакчи ўйинчиларни сақлаб қолиш ҳам. Ҳа, мендек тажрибали мутахассисни таклиф этишгани ҳам лойиҳанинг бир қисмидир балки...

*** - Ёш иқтидор соҳиблари? Ҳар қандай мураббий ноёб исътедодларни тарбиялаб, камолотга элтишни истайди. Муаммо шундаки, қайсидир жамоада шундай ёшлар бор, айримларида йўқ. Бу борада омадим келган - аввалги жамоаларимда Мактоминай, Варан, Балотелли каби ёш ўйинчилар тўп суришган. Умуман, мен ишлаган аксар жамоалар ихтиёрида юқори талабларга жавоб берадиган ёшлар тўпланишганди. Умид қиламанки, «Тоттенхэм» академияси ҳам иқтидорли тарбияланувчиларга эга. Шундай бўлса, нур устига аъло нур.

*** - «Мадрид»нинг қайсидир  вакили билан боғландимми? Ҳа. Мунтазам равишда. Зеро, клубда дўстларим кўп. Биринчи галда, Флорентино Перес билан қўнғироқлашиб тураман, хабарлар алмашамиз, байрам табрикларини йўллаб, бир-биримизга ўйинларда омад тилаймиз. Чунки Мадриддаги йиллар жуда сермазмун ўтганди, ўша даврдан ёрқин хотиралар қолган. Кеча Манчестердан 50тадан ортиқ хабар олдим. Ўйинчилар, хизматчилар, директорлар кенгаши аъзоларидан. Буларнинг барчаси ғалабалар туфайли эмас, балки менга нисбатан ҳурмат юзасидан, албатта. Шахсан ўзим шундай фикрдаман.

ЙЎЛЛАНМА УЧУН 2 «ЛИМОН»

«Тоттенхэм» раҳбарияти жамоа Европа ЧЛда қатнашиш ҳуқуқини берадиган кучли тўртликка кирса, янги бош мураббий Жозе Моуриньони муносиб бонус билан сийлашга ваъда қилди. Daily Mail тарқатган хабарларда таъкидланишича, гап 2 млн. фунт миқдоридаги қўшимча мукофот ҳақида кетмоқда. Айтганча, португалиялик мутахассиснинг Лондон клубидаги бир йиллик маоши нақ 15 миллион фунтга тенг.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz