Қайднома

Қидирув

Чалкаштириб юбориш йўқ: Нега Евро-2020 қуръаси бунчалик ғалати?

Чалкаштириб юбориш йўқ: Нега Евро-2020 қуръаси бунчалик ғалати?

  29.11.2019 05:00
  0
  435
Чалкаштириб юбориш йўқ: Нега Евро-2020 қуръаси бунчалик ғалати?

30 ноябрь куни Евро-2020 гуруҳ босқичига қуръа ташланади. Айни пайтга келиб, айрим жамоалар рақибларининг бир қисми ва ўйинлари ўтказиладиган стадионларни билиб олишган. Дейлик, «В» гуруҳига Россия термасидан ташқари, Бельгия ва Дания ҳам киради. Руслар иккита ўйинни Санкт-Петербургда ўтказиб, бир учрашувда Данияга сафар уюштиришади. Россия жамоаси учун қуръада бўладиган ягона интрига - гуруҳдаги тўртинчи иштирокчининг номи, аммо бу ерда ҳам танлов катта эмас.

Регламент - бутун биртажриба

Аввало, саватчалар таркибига баҳо беринг - бу ерда ҳаммаси саралаш баҳслари натижаларига кўра аниқланган. Дастлабкисига ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган термалар киритилган. Форматнинг энг чалкаш қисми тўртинчи саватча билан боғлиқ: Миллатлар Лигаси «плей-офф» баҳслари келгуси йилнинг марти ойи охирларида ўтказилади, жамоаларни эса гуруҳларга ҳозирданоқ жойлашмоқда. Натижада, тўртта гуруҳда номаълум рақиблар бўлади.

1-саватча: Бельгия, Испания, Украина, Италия, Англия, Германия.

2-саватча: Россия, Хорватия, Нидерландия, Швейцария, Польша, Франция.

3-саватча: Чехия, Дания, Португалия, Туркия, Австрия, Швеция.

4-саватча: Уэльс, Финляндия, Миллатлар Лигаси «плей-офф» йўлининг тўрт ғолиб-жамоалари (имкониятга эга жамоалар - Исландия, Руминия, Болгария, Венгрия, Босния, Шимолий Ирландия, Словакия, Ирландия, Шотландия, Исроил, Норвегия, Сербия, Грузия, Белоруссия, Шимолий Македония, Косово)

Асосий қуръа арафасида 1-саватчадаги барча термаларнинг гуруҳлари аниқланиб бўлган:

Бельгия — «В» гуруҳи

Италия — «А» гуруҳи

Англия — «D» гуруҳи

Германия — «F» гуруҳи

Испания — «E» гуруҳи

Украина — «С» гуруҳи

Энди тақвим тузиш учун ҳар бир терманинг гуруҳлардаги ҳолатини аниқлаш лозим. Бунга ҳам қуръа ёрдамида - тегишли идишдаги шарларни тортиш орқали (масалан, А1, А2, А3 ва А4) ойдинлик киритилади. 2, 3 ва 4-саватчалар учун қуръа ҳам айни тартибда амалга оширилади. Бу ерда ҳам ўзига хос жиҳатлар бор. Нидерландия­нинг «С», Россия ва Даниянинг «В» гуруҳидан жой олишлари аниқ бўлиб улгурган.

Бундан ташқари, Миллатлар Лигаси «плей-офф»идаги барча квартетлар «В» гуруҳи билан ҳисоблашишлари лозим. Чунки уларнинг учтасида финал босқичи мезбонлари ўйнашади, «С» йўли иштирокчиларидан бири Косово эса сиёсий сабаблар туфайли Россияга рақиб бўлолмайди.

Шу тариқа «В» гуруҳига фақат Уэльс ёки Финляндия тушиши мумкин. Улардан бири Бельгия, Россия ва Дания сафига қўшилади. «В» квартетига икки мезбон мамлакат (Россия ва Дания) жойлашгани сабабли, қайси жамоа учта ўйиннинг барчасини ўз уйида ўтказишига ойдинлик киритиш учун қўшимча қуръа ташлашга тўғри келди. Якуний хулоса - Россия ва Дания термалари ўртасидаги баҳс Копенгагенда бўлиб ўтади.

 

Якуний тўрт иштирокчи

Миллатлар Лигаси ўртоқлик ўйинлари сонини камайтириш мақсадида ўйлаб топилганди, аммо мазкур ҳолатда бошқа ўйинлар тақвими инобатга олинмаган кўринади. МЛнинг тажрибавий аҳамияти шундаки, саралашда муваффақиятсизликка учраган кучсиз термалар ҳам Евро-2020га йўл олишлари мумкин. Мисол учун, саралашда ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган шотландларда имконият сақланиб турибди.

Миллатлар Лигасининг бошқа бир тажрибага ҳам бевосита алоқаси бор. Европа чемпионатида ҳисоб бўйича иккинчи маротаба 24та жамоа қатнашади. Мазкур турнирга бирданига 12та мамлакат мезбонлик қилади - улар аввалдан маълум бўлгани сабабли, турли гуруҳларга бўлинган. Агар мезбон терма Миллатлар Лигаси «плей-офф»и орқали Еврога йўл ола билмаса, унинг рақибларидан бири барибир, ўйинлари ушбу мамлакатда ўтказиладиган гуруҳдан жой олади.

Яна Шотландия мисолида кўриб чиқамиз. Мазкур жамоа Миллатлар Лигаси ярим финалида Исроилга қарши ўйнайди. Агар финалга чиқса, Норвегия - Сербия жуфтлигидан бири унга рақиб бўлади. «Плей-офф»­нинг ушбу йўли ғолиби аниқ Англия жойлашган «D» гуруҳидан ўрин олади, чунки Англия ва Шотландиянинг мазкур гуруҳ ўйинларига мезбонлик қилишлари аввалдан маълум бўлганди.

Келгуси йилнинг 26 мартида ўтказиладиган «плей-офф»да жамоалар дастлаб битта ўйиндан иборат ярим финалларда майдонга тушишади. Финаллар эса 31 мартга белгиланган. Тўрт ғолиб Европа чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритади. Демак, Миллатлар Лигаси «плей-офф» йўллари қуйидаги кўринишга эга:

«А» йўли

Ярим финаллар: Исландия — Руминия, Болгария — Венгрия

Финал Болгария ёки Венгрияда ўтказилади. Агар ғолиблик Руминия­га насиб қилса, у «С» гуруҳига тушади. Мабодо, бошқа учта жамоадан бири ғалаба қозонса, «F» квартетидан жой олади.

«В» йўли

Ярим финаллар: Босния — Шимолий Ирландия, Словакия — Ирландия

Финал Босния ёки Шимолий Ирландияда ўтади. Ғолиб «Е» гуруҳига тушади.

«С» йўли

Ярим финаллар: Шотландия — Исроил, Норвегия — Сербия

Финал Норвегия ёки Сербияда ўтказилади. Ғолиб «D» гуруҳига тушади.

«D» йўли

Ярим финаллар: Грузия — Белоруссия, Шимолий Македония — Косово

Финал Грузия ёки Белоруссияда ўтказилади. Ғолибнинг қайси гуруҳга тушиши «плей-офф»нинг якуний натижаларига боғлиқ. Агар унга кўра, Руминия энг яхши бўлса, «D» йўли ғолиби «F» гуруҳига тушади. Агар бош­қа учта жамоадан (Исландия, Болгария ёки Венгрия) бири ғалаба қозонса, «D» йўли ғолиби «С» гуруҳидан жой олади.

Евро-2020га мезбонлик қиладиган мамлакатлар:

«А» гуруҳи: Италия, Озарбайжон

«В» гуруҳи: Россия, Дания

«С» гуруҳи: Нидерландия, Руминия

«D» гуруҳи: Англия, Шотландия

«Е» гуруҳи: Испания, Ирландия

«F» гуруҳи: Германия, Венгрия

Россия ва Дания саралаш орқали Евро йўлланмасини қўлга киритишди, шу боис автоматик тарзда бир гуруҳдан жой олишди. Улар сафига Бельгия ҳам қўшилади: биринчи саватчадаги тўртта терма бошқа гуруҳларга «жўнатиб» бўлинган, Украина эса сиёсий сабаблар туфайли гуруҳ босқичида русларга рақиблик қилмайди.

Бельгия термаси ярим ҳимоячиси Кевин Де Брюйне Евро-2020 қуръаси форматини танқид қилди: «Ҳаммасининг аввалдан маълум бўлгани шармандаликдан бошқа нарса эмас. Шу сабабли бутун турнир менга хунук кўринмоқда. Футбол кўп жиҳатдан бизнесга айланмоқда». Бошқа бир абсурд вазиятга эътиборингизни қаратсак: Россия ва Бельгия Европа чемпионати саралашида Санкт-Петер­бургда тўқнаш келишганди, энди улар ўртасидаги ўйин турнирнинг финал босқичида ҳам такрорланадиган бўлди.

Италия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Манчинига Португалиянинг учинчи саватчадан жой олгани ёқмади. Бу Евронинг амалдаги ғолиби аслида қандай кучга эга эканлигини кўрсатмаяпти. «Португалиянинг учинчи саватчага жойлашгани - мантиққа зид воқеа. Бу жамоа Евронинг амалдаги ғолиби сифатида «кўҳна қитъа»нинг энг яхшилари қаторида бўлиши керак. Аммо қуръа саралаш натижаларидан келиб чиқиб ўтказилади», - деди Манчини.

Ёқадими ёки йўқми, кейинги ярим йил мобайнида керак бўладиган саналарни эслаб қолинг:

30.11.2019: Евро-2020 гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими

26.03.2020: Миллатлар Лигаси ярим финал йўллари|Евро йўлланмасини берадиган ўйинлар

31.03.2020: Миллатлар Лигаси йўллари финаллари - шу тариқа барча жамоалар аниқ бўлади

12.06.2020: Евро-2020 гуруҳ босқичи очилиш ўйини

12.07.2020: Евро-2020 финали

Буларнинг барини қандай ўйлаб топишди?

Евро-2016 иштирокчилар сонини ошириш (24та) бўйича тажрибавий турнирга айланганди. Аммо ўша пайт ўйинларни турли шаҳарларда ўтказиш синовдан ўтказилмаганди: бу ғоя 2012 йили айнан Евро-2020 учун ўйлаб топилганди. Ушбу фикр Мишель Платинидан чиққан. Собиқ мутасадди Евро-2012 финалидан бир кун олдин мазкур ғояни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этган, ярим йилдан сўнг уни барча маъқуллаганди.

Кейинчалик шаҳарлар учун овоз бериш бошланди. Дастлабки натижаларга кўра, уларнинг сони 13та бўлиши керак эди, аммо 2017 йили Бельгиянинг Брюссель шаҳри рўйхатдан чиқарилди. У ерда керакли сиғимга эга янги арена қурилишига кафолат бера олишмади. Бунинг натижасида Англиянинг «Уэмбли»сига кўпроқ юк тушадиган бўлди, Бельгия термаси эса яна бир бор Россия жамоасига қарши ўйнаш имкониятини қўлга киритди.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz