Қайднома

Қидирув

Фирмино – феномен

Фирмино – феномен

  03.12.2019 03:14
  0
  446
Фирмино – феномен

Футболдаги энг катта хатоликлардан бири ўйинчиларнинг позицияси ва майдондаги роли билан боғлиқ. Онгимизни эгаллаб олган тушунчага кўра, дарвозабон зарбаларни қайтаради, ҳимоячи ҳимояланади, ҳужумчи гол уради, ярим ҳимоячи эса ярим ҳимояланади. Шу сабабли кўп гол ўтказиб юборадиган жамоада ҳимоячилар ёки дарвозабоннинг, кам гол урадиган жамоада эса ҳужумчи ва ярим ҳимоячилар савиялари паст, деган хулосага келамиз. Айнан шу аснода фикр юритишимизнинг боиси, футбол чиндан ҳам шундай яратилган. Ҳимоячилар фақат ўз дарвозалари дахлсизлиги хусусида қайғуришган ва олдинги чизиқда шерикларига тўпни узатишдан нарига ўтишмаган. Ҳужумчилар эса тўпсиз қолган кезларда хотиржам «сайр» қилишган, рақиб ҳимоячиларини тўхтатишга уриниб ҳам кўришмаган. Месси ҳозир шундай ўйнайди. Лекин энди ҳаммаси ўзгарди.

Дарвозабонлар (Нойер, Алисон, Эдерсон) жамоа ҳужумини бошлаб беришда фаол қатнашмоқдалар, ҳимоячилар (Магуайр, Кулибали, Ляпорт) тўпни зудлик билан олдинги чизиққа етказишмоқда, ҳужумчилар (Жезус, Гризманн, Фирмино) эса керакли пайтда ортга қайтиб, ҳимоячиларга кўмак беришмоқда.

Хуллас, ўйинчилар универсаллик хусусиятига эга бўлмоқдалар. Натижада ярим ҳимоячилар сони тобора ошиб бормоқда. Гвардиоланинг 11 нафар ярим ҳимоячидан иборат жамоани шакллантириш истаги бежиз эмас, охирги учрашувларда у таянч ярим ҳимоячиларидан (Фернандиньо, Родри) марказий ҳимоячи сифатида фойдаланмоқда.

Бу асосий ғояни рўёбга чиқариш йўлидаги дастлабки босқич: ҳужумда дарвозабонлар ва ҳимоячилардан унумли фойдаланиш ҳаракати бошланганига анча бўлди. Аммо ҳимояда ишончли тўп сура оладиган ҳужумлар сони ҳамон жуда оз. Бунинг сабаби шундаки, муҳим тактик қуролга айланган фаол прессинг услуби футболга сўнгги 5-10 йил ичида кириб келди.

Прессинг - рақиб ярим майдонидаги ҳимояланиш тизими. Ундан самарали фойдаланиш учун футболчилардан юксак уюшқоқлик талаб этилади. Улар майдонда тўғри ҳаракатланишни, рақиб узатмалари йўналишларини ёпишни ўзлаштириб олишди. Лекин ҳимоянинг асосий қуроли бўлмиш рақибдан тўпни олиб қўйиш, узатмаларни илиб олиш ва позиция танлашда камчиликлар етарли.

Шунга қарамай, юксак савияда ҳимоялана оладиган ҳужумчилар ҳам аста-секин пайдо бўлмоқда. «Ливерпуль» аъзоси Роберто Фирмино - шундай фазилатга эга бўлган футбол тарихидаги дастлабки «қалдирғоч». Уни таянч ҳужумчиси ёки биринчи ҳимоячи дейиш мумкин. Унинг зўр футболчи эканлигини ҳамма билади, аммо ўйинларини кузатган оддий мухлис (маҳсулдорлиги юқори эмас) бошқалардан фарқланадиган асосий фазилатини тўла тушуна олмайди.

Фирмино - касбдошларидан ажралиб турадиган ўзига хос ҳужумчи. 2015 йилда у «Ливерпул»га техника, вазиятга баҳо бериш ва зарбалар борасида етарли савияга эга ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида келганди. Брендан Рожерс давридаги дастлабки ойларда у ҳужумчилар ортидан жой олган ва кутилган самарани бера олмаганди. Октябрь охирида жамоа Юрген Клопп ихтиёрига ўтгач, Роберто ҳужумчи, аниқроғи, «сохта тўққизлик» позициясига ўтди. Шундан кейин бразилиялик футболчи ўз имкониятларини тўлиқ намойиш эта бошлади ва 4 йилдан бери ўз ўрнини ҳеч кимга бермай келмоқда.

Германиялик мутахассис бразилия­лик шогирдининг прессинг жараёнидаги ҳарактларига юксак баҳо бермоқда. Роберто айниқса, тўпсиз ҳаракатланишни ўрнига қўяди, позицияни тўғри танлайди. «Ливерпул»га қадар дарвозабон ва ҳимоя марказидан ташқари барча чизиқларда тажриба тўплагани унга жуда қўл келмоқда. Фирмино ўз фаолиятини таянч ярим ҳимоячиси позициясида бошлаган.

Футболчининг илк мураббийи Гильере Фариас у ҳақда шундай деганди: «Фирмино 17 ёшда ҳужумкор ярим ҳимоячи бўлди. Унгача таянч ярим ҳимоясида тўп суриб, тўпни тортиб олишда ҳам, яратувчанлик бобида ҳам самарали ўйин кўрсатган».

Клопп учун Роберто мураббий услубини юзага чиқарувчи асосий ижрочи бўлмоқда: «Мен уни Бундеслиганинг энг яхши ўйинчиси, деб ҳисоблардим. «Ливерпуль» Фирминони харид қилганини эшитгач, ҳайрон қолдим: «Қандай қилиб буни уддалашди?» Тўпсиз беллашувлар жараёнида фаол ҳаракатланиш ва теппа-тенг ҳимояланиш лозимлигини футболчиларга тез-тез эслатиб туришга тўғри келади. Фақат Роберто бундан мустасно, у қўшимча танбеҳга муҳтож эмас».

Прессинг қай тариқа амалга оширилиши ва тўп йўқотилганидан ке­йин тезда уни қайтариб олишга интилиш борасида Фирмино барча жамоадошларига ўрнак бўлмоқда. Уни кўпинча «сохта тўққизлик» дейишади. Бироқ бу мақом унга мос эмас. Бундай футболчи ортга қайтиб, тўпни марказда қабул қилиб олади ва дриблинг эвазига олға интилади ёки кўпчилик рақибларини жараёндан четда қолдириш мақсадида олис узатмани амалга оширади. Гвардиола даврида Месси айнан шу ролни ижро этарди.

Фирминонинг қуроли сал бошқачароқ: у ҳам марказгача чекинади, лекин мақсади - рақиб ўйинчиларини ўзига жалб этиш орқали жамоадошларига бўшлиқ яратиш (тўп жамоада бўлганида) ёки тўпни эгаллаб олиш (тўп йўқотилганида).

Фирминонинг «Ливерпул»даги собиқ жамоадоши АҚШнинг «Атлетик» нашри вакилига берган хуфёна маълумотида АПЛда Робертога қарши тўп сурмаслигини билдирди: «У сизни умуман боришни истамайдиган томонга олиб кетади. Агар унга илакишиб, олислаб кетсангиз, ишонаверинг, ортингизда 2 хавфли ҳужумчи (Салоҳ, Мане)ни ёлғиз қолдирган бўласиз. Ўзингиз ўйиндан четда қоласиз. Роберто икки кишини ўзига жо қилган футболчини эслатади. У туфайли «Ливерпуль» доимо ортиқча ўйинчи билан ўйнаётгандек туюлади».

Тўпсиз қолган кезларда Фирмино таянч ярим ҳимоячиси сифатида ҳам ҳаракат қилади, бу одатини майдоннинг бошқа ҳудудларида ҳам намо­йиш этади. Аслида таянч ўйинчиси ўз жарима майдончаси яқинида тўп суради, Роберто эса аксинча, рақиб жарима майдончаси атрофида ўйнайди.

«Ортга чекиниб, ҳимоячиларга ёрдам беришни ёқтираман. Чунки ҳимоячилар ҳам биз ҳужумга отланганимизда ёрдамларини аямайдилар. Шундай экан, ўртамизда фарқ йўқ, ҳаммамиз умумий вазифани бажарамиз», - дейди Роберто.

АПЛдаги барча мавсумларда Фирмино рақиблардан тўпни олиб қўйиш ва узатмаларни илиб олиш борасида доимо етакчи учликда келмоқда. Жорий мавсум натижалари ҳозирча маълум эмас, аввалги икки мавсум якунларига кўра, у мазкур кўрсаткичлар бўйича Европанинг энг яхши ҳужумчиси бўлганди.

Қизиғи шундаки, «Ливерпул»га қадар ҳужумчи прессинг тизимига жалб этилмаганди. Клоппнинг фикрича, бу тизим айнан Фирмино учун яратилган: «Ўйин пайтида у узоқ ўйлаб ўтирмайди, вақтни қадрлай олади. Бу бебаҳо хислат унинг учун инс­тинктга айланган. Роберто айниқса, рақибдан тўпни тортиб олишда тезкор. У бизнинг боғловчи бўғинимиз, ажойиб финишчи, жангчи ва биринчи ҳимоячимиз».

Энди қаҳрамонимиз фазилатларини ёритиб берадиган эътирофлар билан таништирамиз.

Арсен Венгер: «Роберто - фаолиятимда дуч келган ҳужумчилар орасидаги энг саховатли, ҳалол йигит. У фақат жамоаси учун ўйнайди, бир сонияга бўлсада жим турмайди. Ўзи ҳақида умуман ўйламайди, жамоа манфаатини доимо устун қўяди. Садоқатли жангчи».

Тьерри Анри: «У АПЛнинг ҳужумкорликни хуш кўрадиган энг яхши универсал вакили. Барча юмушни у каби аъло даражада уддалай оладиган футболчини кўрган эмасман».

Жозе Моуриньо: «Ливерпул»да Обамеянг ҳам янада сермаҳсулроқ ўйнаган бўларди. Чунки бу жамоада Роберто Фирмино бор! Салоҳ ва Манега фақат ҳавас қилиш мумкин».

Майкл Оуэн: «Ливерпул»га омад шунчалик кулиб боқдики, у Фирминодек маҳорат соҳибига эга бўлди. Бу футболчи худбинлик нималигини билмайди, ўзини ўйламайди. Салоҳнинг фикру хаёли голлар билан банд. Мане икки шеригининг ўртасида. Ажойиб трио. Роберто унинг посангиси».

Нуфузли алломалар биз билдирмоқчи бўлган фикрларни ихчам тарзда изҳор этишди. Фирмино чиндан ҳам «қизиллар» ҳужумларини мувофиқлаштириб туради, Салоҳ ва Манега нисбатан кўпроқ тер тўкиб, уларга бўшлиқ яратади.

Муҳаммад Салоҳ «Ливерпул»га келганида юз берган воқеа Фирминонинг чиндан ҳам беғараз йигит эканлигини исботлайди. Ўшанда Роберто 11-рақам остида тўп сураётган ва бахтиёр эди. Мисрлик дебютант ундан ўз рақамини беришни сўради. Бразилия­лик ҳужумчи ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмасдан илтимосни қондирди, ўзи 9-рақам остида майдонга туша бошлади. Ўша мавсум Салоҳ АПЛнинг энг яхши ўйинчиси ва тўпурари бўлди, камтарин Фирмино эса панада қолиб кетди.

Яна 2 муҳим жиҳат:

1. Фирмино - универсал ҳужумчи, олдинги чизиқнинг исталган нуқтасида, шунингдек, жамоа 4-2-3-1 схемасига ўтганда ҳужумчилар ортида тўп сура олади.

2. У ўта меҳнатсевар, кўп ишлайди, доимо ўйинга шай. Клопп уни дам олишга мажбур этади: «Роберто югуриш ва ўйинчиларни қувишни ёқтиради. Тўхтатмоқчи бўлсам, кўнмайди. Шунинг учун баъзан ўйин пайтида уни алмаштираман, акс холда, ҳеч қачон дам олмайди».

Навбат яна эътирофларга

Вейналдум: «У доимо бор кучини сарфлайди, фақат жамоа учун тўп суради. Роберто оддий ҳужумчидан кўпроқ иш бажаради. У ҳимоя чизиғига қайтиб, жамоадошларига ёрдам беради, кейин ярим ҳимоя чизиғида битта ортиқча футболчини таъминлайди. Унинг меҳнатсеварлиги бизга енгиллик яратади».

Ван Дейк: «Роберто Фирмино - мен билан ёнма-ён тўп сурган футболчиларнинг энг яхшиси!»

Клопп: «Муҳаммад Салоҳ - жаҳон миқёсидаги ўйинчи, аммо ҳар куни эмас. Мане - жаҳон миқёсидаги ўйин­чи, лекин ҳар куни эмас. Фирмино - жаҳон миқёсидаги ўйинчи, бироқ ҳар куни. У биз учун энг муҳим футболчи».

Энг жарангдор эътирофни яқинда Питер Краучдан эшитдик: «Фирмино - мукаммал шерик. У ўз позициясида АПЛдаги барча ҳужумчилардан самаралироқ ўйнайди. Унинг меҳнатлари эвазига Салоҳ ва Мане кўп гол урадилар Чунки Робертодек сахий касбдошлари бор. Яқинда сермазмун бир цитатани эшитиб қолдим: «Агар тўпни кузатсанг, Фирминони кўрмайсан. Агар Фирминони кузатсанг, бутун ўйинни кўрасан» Поэзия! Айнан шу футболчи туфайли «Ливерпуль» тизими самара бермоқда. Роберто - даҳо!»

Ҳа, чиндан ҳам шундай. Фирмино - феномен! Футболчилар, мураббийлар ва мутахассисларнинг юксак эътирофларига сазовор бўлган ҳужумчи ҳамон панада қолмоқда. Бунинг асл сабабини қисқа ва лўнда ифода этган цитатани қайта такрорласак, зарар қилмайди: «Агар тўпни кузатсанг, Фирминони кўрмайсан. Агар Фирминони кузатсанг, бутун ўйинни кўрасан».

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz