Қайднома

Қидирув

GoldenBoy муборак, Фелиш!

GoldenBoy муборак, Фелиш!

  05.12.2019 16:47
  0
  192
GoldenBoy муборак, Фелиш!

Италиянинг Tuttosport нашри Европанинг энг яхши ёш футболчисига топшириладиган Golden Boy соврини лауреатини эълон қилди. Нуфузли мукофот 16 декабрь куни Туринда «Атлетико»нинг португалиялик «топилмаси» - Жоау Фелишга топширилади. Махсус сўровда қатнашган европалик 40 нафар спорт журналистидан 26 нафари айнан Фелиш номзодини қўллади.

Португалиянинг  шимоли-шарқида жойлашган ва атиги 50 минг аҳолиси бор мўъжазгина Визеу шаҳарчасида туғилган Жоау Фелиш футбол билан маҳаллий жамоада шуғуллана бошлаган ва 10 ёшида «Порту» ўсмирлар жамоасига қабул қилинган. Бироқ 6 йиллик таҳсил наф бермаган, яъни портуликлар жисмоний кўрсаткичлари паст бўлган футболчига жавоб бериб юборишади. Бу яхшиликка эди - Жоау кейинчалик «Бенфика» академияга ўтди ва асосий жамоада 1та тўлақонли мавсум тўп сургач, «Атлетико»га йўл олди - 126 млн. евро эвазига. Орадан кўп ўтмай, португалиялик иқтидор ЕЛда «хет-трик»ка эришган энг ёш футболчига айланди, ЧЛда голлари ҳисобини очди. Асосийси, «Атлетико»да ўз ўрнини муаммосиз топди. Хуллас, қисқа муддатда ақл бовар қилмас даражада юксалишга эришган Жоау Фелиш бу йилги сўровда Жейдон Санчо (Англия, «Боруссия» Д.), Кай Хаверц (Германия, «Байер»), Эрлинг Холанд (Норвегия, «Зальцбург»), Маттейс де Лигт (Нидерландия, «Ювентус»), Ансу Фати (Испания|Гвинея, «Барселона»), Фил Фоден (Англия, «Манчестер Сити»), Жанлуижи Доннарумма (Италия, «Милан»), Николо Заньоло (Италия, «Рома»), Дониэлл Мален (Нидерландия, ПСВ) ва Андрей Лунин (Украина, «Вильярреал»)ни ортда қолдирди.

***  Tuttosport мазкур совринни 2003 йили таъсис этган. Golden Boyнинг илк лауреати - Рафаэль ван дер Варт. Нидерландиялик футболчи ўшанда Уэйн Руни ва Криштиану Роналдудан кўпроқ овоз олганди.

***  Охирги 3 йилда Golden Boyга эга чиққан Килиан Мбаппе, Маттейс де Лигт ва Жоау Фелишнинг умумий трансфери деярли 400 млн. еврога баҳоланмоқда. Уларнинг реал баҳоси эса 500 млн. еврога етса керак.

 

 

GOLDEN BOYнинг барча лауреатлари

 

2003 йил - Рафаэль ван дер Варт («Аякс»)

2004 йил - Уэйн Руни («МЮ»)

2005 йил - Лионель Месси («Барселона»)

2006 йил - Сеск Фабрегас («Арсенал»)

2007 йил - Серхио Агуэро («Атлетико»)

2008 йил - Андерсон («МЮ»)

2009 йил - Алешандро Пато («Милан»)

2010 йил - Марио Балотелли («Манчестер Сити»)

2011 йил - Марио Гётце («Боруссия» Д.)

2012 йил - Иско («Малага»)

2013 йил - Поль Погба («Ювентус»)

2014 йил - Раҳим Стерлинг («Ливерпуль»)

2015 йил - Антони Мартиаль («МЮ»)

2016 йил - Ренату Саншеш («Бавария»)

2017 йил - Килиан Мбаппе («ПСЖ»)

2018 йил - Маттейс де Лигт («Аякс»)

2019 йил - Жоау Фелиш («Атлетико»)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz