Қайднома

Қидирув

Артуро Видаль: «Менинг ишимни ҳеч қайси футболчи қилолмайди»

Артуро Видаль: «Менинг ишимни ҳеч қайси футболчи қилолмайди»

  07.12.2019 09:29
  0
  428
Артуро Видаль: «Менинг ишимни ҳеч қайси футболчи қилолмайди»

«Барселона» клуби ва Чили термасининг 32 ёшли ярим ҳимоячиси қаторасига 8 марта Европа топ-чемпионатларида - Италия, Германия ва Испанияда шоҳсупага кўтарилди. Айнан шу давр ичида у яна «кўҳна қитъа»да 8та турли кубоклар соҳибига айланди.

Жорий мавсум Артуро «Барселона» билан ўз коллекциясида етишмай турган нуфузли соврин - ЕЧЛ кубогини қўлга киритишни режалаштирган.

- Фаолиятингиз давомида кўплаб совринларга сазовор бўлдингиз. Фақат ЕЧЛ сиз учун забт этилмаган чўққи бўлиб қолмоқда...

- Бу нуфузли турнирда бир марта финалда (2015 йили «Ювентус» сафида «Барселона»га қарши - 1:3), ярим финалларда майдонга тушганман...

- Доимо нимадир халақит қилган: омадсизлик, ҳакамнинг хатоси, ўтган мавсумда мотивация панд берди...

- Бу гал ҳаммаси жойида бўлишига аминман. Мен жаҳоннинг энг яхши жамоасида тўп суряпман. ЕЧЛда ғолиб чиқишимиз шарт. Тўғри, «Барселона» барча мусобақаларда фақат ғалаба учун майдонга тушади. Бироқ ҳозир кўпроқ шу турнирни ўйлаяпмиз, тинмай баҳслашамиз. Ўйлашимча, ҳаммасини жисмоний ҳолатимиз ҳал қилади.

- Ўтган мавсум ярим финалнинг илк учрашувида «Ливерпул»ни 3:0 ҳисобида маҳв этганларингда, финал нақддек туюлганди. Аммо жавоб ўйинида 0:4 ҳисобида имкониятни бой бердинглар. Мағлубият алами унутилдими?

- Йўқ, бунақа беллашувлар унутилмайди, ҳанузгача аламзадамиз. Нима юз берганини ҳамон тушуна олмай қийналяпман. Албатта, кўплаб хатоларга йўл қўйдик, ҳамжиҳатлик етишмади. Умуман, аввалги турнир кутилмаган натижаларга бой бўлди. Халқаро аренада сўнгги сонияларгача курашиш талаб этилади.

- «Барса» услубига мослашиш қийин кечмадими?

- Умуман, мен ҳаётда ҳам қувноқ, тез тил топишадиган очиқкўнгил йигитман. Шу боис, янги жамоага тез киришиб кетаман. Лекин майдонда талабчанман, жамоадошларимга танбеҳ беришим, бақиришим мумкин. Чунки уларга ёрдамлашишни истайман. Шерикларим мени тушуниб олишди ва ҳурмат қиладилар.

Фут­бол - чинакам жанг. У бор куч-маҳоратни сарфлашни талаб этади. Мен доимо шунга интиламан. Чунки мухлислар кузатиб турганликларини биламан. Номига тўп суриб, айёрлик қилсам, ҳурматни йўқотаман.

- Ўйин бобида «Юве», «Бавария» ва «Барса» ўртасида қандай тафовут бор?

- «Юве»да тактика ва жисмоний тайёргарликка, «Бавария»да тўп назорати ва қанотлардаги рейдларга катта эътибор қаратилади. «Барса» эса ўзининг «тики-така»си билан кучли. Аксарият жамоалар ҳимоявий услубни қўллашади, «автобус»ни силжитиш учун нисбатан заиф йўлакчани топишимиз шарт. Шунда рақиб ҳимоясида саросима, пала-партишлик юзага келиши мумкин. Мен иложи борича рақиб дарвозасига яқинроқ ҳудудда ўйнашни ёқтирсамда, тўпни йўқотишимиз билан дарҳол ортга қайтаман.

Мақсадим - тезроқ ҳужумга ўтиш. Албатта, услубни ўрганиш учун кўплаб видеолавҳаларни томоша қилдим. Жамоамизда ажойиб жавоҳир бор - Лео Месси. У чиндан ҳам ерликлар билан тўп суриш мақсадида келган ўзга сайёралик. Футболни сал бўлсада тушунадиган киши унинг дунёдаги энг яхши футболчи эканлигини тан олади. Мессининг машғулотларда кўрсатаётган ҳунарларини кўрсангиз, сиз ҳам қойил қоласиз.

- Дебютант - Гризманн хусусида қандай фикрдасиз?

- Ажойиб футболчи. Қарорни тез қабул қилади, ақлли ўйин кўрсатади, голни олдиндан ҳис этади. Вақти келиб Месси, Суарес, Дембеле ва Гризманн ҳамжиҳатликка эриша олсалар, бомбадек квартет юзага келади.

- Кўпинча Антуанни Лотин Америкаси вакилларига қиёслашади.

- Тўғри, у табиатан бизга ўхшайди, доимо ҳаракатда, ҳимояга кўмаклашади, ҳамма ерда ҳозиру нозир. «Барса»нинг омадли хариди. Боз устига, мате (Парагвай чойи) ва реггетон (Жанубий ва Марказий Америка мусиқа услуби) шайдоси. Асл латино! (Кулади)

- Усмон Дембеле ҳақида нима дея оласиз?

- Аввало, унинг ўта иқтидорли ўйинчи эканлигини таъкидлаган бўлардим. Яна озгина тажриба тўпласа, «Барса» ва Франция терма жамоа­сининг етакчиларидан бирига айланиши аниқ. Тўғри, ёшликдаги шўхликларидан воз кечиши керак. Организмини авайлаш, жароҳатларга камроқ йўлиқиш йўлларини қидириши лозим.

Шунингдек, ривожланишда тўхтаб қолмаслик ҳам жуда муҳим. Футболда рақиб учун кутилмаган усулларни ўйлаб топиш талаб этилади. Нималарга эътибор бериш ва қандай ишлашни Усмон яхши билади, деб ўйлайман.

- Мана шу фикрларни унинг ўзига ҳам айтганмисиз?

- Албатта, у билан доимий алоқадамиз. Яхши йигит. Тиришқоқ. Лекин жамоага 20 ёшда келган. У ҳаётдаги бош мақсадини белгилаб олиши, қандай жамоада тўп сураётганини ҳис этиши лозим. Айрим ижобий ўзгаришлар сезила бошлади.

- Мессидан ташқари яна қайси футболчи сизда ёрқин таассурот қолдирган?

- Рибери. У чинакам «терминатор». «Бавария»да жуда тез дўстлашиб кетдик. Уни акамдек кўраман, ажо­йиб йигит ва тенги йўқ футболчи! Тезлиги, шиддаткорлиги, зарбалари... Майдонда эса ҳавас қиладиган даражада совуққон. Тўғри, доимий тепки ва қўполликларга ҳар қандай вазмин табиатли киши ҳам чидай олмайди. Ҳозир «Фиорентина»да чиройли ўйин кўрсатаётганидан мамнунман.

- Сиз Поль Погбанинг «Юве»даги ва Кингсли Команнинг «Бавария»даги мафтункор ўйинларига гувоҳ бўлгансиз...

- Нафақат гувоҳ, балки Полга таянч ярим ҳимоячиси позициясининг нозик хусусиятларини ўргатганман (кулади). У доимо юқори тезликда ўйнашга интиларди, мен эса рақибни чалғитиш учун баъзан қисқа паузалар қилишни ўргатдим. Коман ҳам ўта тезкор футболчи, керакли паллада ўқдек учади. Бироқ у ҳам Дембеле каби тажрибасини ошириши керак. Шунда керагича гол ура оладиган ҳужумчига айланади.

- Мураббийлар орасидан кимни алоҳида эътироф этасиз?

- Антонио Конте (2011-2014 йилларда Видалга устозлик қилган) - фаолиятимда асосий роль ўйнаган мураббий. Футболчилик даврида менга ўхшаш жиҳатлари бор эди. Ундан нафақат ҳимояланиш, балки самарали ҳужумлар уюштиришни ўргандим. У туфайли кўпроқ гол урадиган бўлдим. Конте - тактика билимдони, жанговар руҳият тимсоли.

Шунингдек, Анчелотти, Сампаоли, Аллегри ва Гвардиоладан сабоқ олиш бахтига мушарраф бўлдим... Пепдан кўп нарсаларни ўзлаштирдим.

- Марсело Бьелса билан 2007-2011 йилларда ҳамкорлик қилган эдингиз...

- Бьелса менга қайсидир жиҳатни сингдирди, дея олмайман. Малакали мураббий, аммо менга етарли ишонч билдирган эмас.

- ЖЧ, Америка ва Конфедерациялар кубокларида майдонга тушган қитъадошларингиз каби сиз ҳам ички чемпионатга қийинчилик билан киришдингиз. Ўйинлар сони кўпайиб кетдими?

- Фаолиятим давомида дурустроқ дам олган ёз фаслини эслай олмайман. Тақвим талабга жавоб бермайди. Ҳа, Чили терма жамоаси билан унутилмас учрашувларни ўтказдим, лекин оз-оздан тўпланиб қолган чарчоқ ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бу табиий ҳол. Бироқ биз робот эмасмиз. Терма жамоадаги учрашувлар, самолётдаги парвозларнинг жисмоний ва руҳий юкламаларини тасаввур қилиб кўринг: бу ердан Чилига учиб бориш 20 соатни олади.

Агар ўйин қитъанинг шимолида бўлса, яна 10 соат парвоз қиламиз. Вақтдаги ўзгаришлар-чи? Ўйинлар эса қатор-қатор. Шу сабабли яхшигина ҳордиқ чиқариш биз учун жуда муҳим. Жисмоний тайёргарлик бўйича шахсий мураббий хизматидан фойдаланаман. У менга вақти-вақти билан кислород камерасида дам олишни тавсия этган. Ҳар бир машғулотдан кейин икки соатни камерада ўтказаман: фильм томоша қиламан, ухлайман... Камерада организм тез тикланади.

- Замонавий футболда янги тенденция пайдо бўлди - ёш футболчилар жуда тез юлдузларга айланишмоқда...

- Ҳа, тўғри. Чунки клублар тобора ёшроқ ўйинчиларни харид қилишмоқда. Болаларга қийин. Бир томондан, ҳаммаси яхши - сен машҳурсан, лекин бундай вазиятда ақлдан озиш ҳеч гапмас. Бу ҳолатда футболчининг атрофидагиларга кўп нарса боғлиқ - уни «ер»га тушириб қўя оладиган тажрибали мутахассис бўлиши керак.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги алоқаларда ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади. Бу борада менда муаммолар йўқ. Бир пайтлари мураккаб вазиятни бошдан кечирганман. Лекин кейинчалик бундай фавқулодда ҳолат такрорланмади.

- 20 ёшли футболчилар орасида ўз аксингизга дуч келганмисиз?

- Йўқ, мен бошқа нарсаларни орзу қилганман. Чунки болалигимда ҳеч вақога эга эмасдим, умуман, ҳеч вақога! Оила аъзоларим муҳаббатидан ­бошқа ҳеч нарсага. У даврда мен фақат оиламизни қашшоқликдан олиб чиқишни орзу қилгандим. 8 ёшли пайтимда отам бизни ташлаб кетган, онам 6 нафар фарзандлари билан ёлғиз қолганди. У ҳар куни 5та уйда фаррошлик қиларди. Агар кимнидир «кумир» сифатида эътироф этиш зарурати туғилса, қайсидир футболчини эмас, онамни тилга олган бўлардим.

Волидам бизни тўғри ишлашга, нимагадир эришиш йўлида ўзини қурбон қилишга ўргатди. У биз учун ҳаётимизни қайтариб берган енгилмас жангчи бўлди. Оилага ёрдам бериш мақсадида 12 ёшда уйни тарк этдим. Рўзғоримизда озиқ-овқат йўқ, очликдан ўлмаслик учун қандайдир маконни топишим керак эди. «Коло-Коло» академиясида рисоладагидек озиқланиш имкониятига эга бўлдим. Ҳатто ҳозир ҳам ўша дамларни соғиниб уйғонаман.

- Бошқа футболчиларникидан кескин фарқ қиладиган соч турмагингизнинг тарихи қандай?

- Бу турмак 2007 йилдан бери менга ҳамроҳ. Ўсмирлар ўртасидаги ЖЧга шундай кўринишда боргандим. Бу турмак усулини германиялик бир футболчида (Кристиан Циге ЖЧ-2002да шундай турмакда майдонга тушганди) кўриб, ёқтириб қолгандим.

Назаримда у қандайдир виқорли, рақиб футболчилари кўнглига хавотир соладигандек туюлганди. Қисқаси, бу имидж менга маъқул бўлди. Футболчилик даврида ушбу турмакдан воз кечмоқчи эмасман. Кейинчалик - ўйлаб кўраман (кулади).

- Нима деб ўйлайсиз, ташқи кўринишингиз рақибларингизда қўрқув уйғотадими?

- Менимча, ҳа. Аммо агар соч турмагим наф бермаётган бўлса, қўрқитишнинг бошқа усулларини топаман...

- Яқин ўтмишда сиз дунёнинг етакчи ярим ҳимоячилари сафида эдингиз.

- «Ювентус»га келган пайтимдан (2011) ҳозирга қадар энг яхши ярим ҳимоячи мақомини бой бермадим, деб ҳисоблайман. Чунки менинг майдонда амалга ошираётган ишларимни ҳеч қайси касбдошим қила олмайди.

- Қандайдир турнирдаги ғолибликни янги татуировка билан нишонлашга одатланган экансиз.

- Тўғри, баданимга нақш туширишни Италияда бошлаганман, ҳозир уларнинг сони 30тадан ошди. Лекин бўш жойлар ҳам йўқ эмас, мана бу еримда. (кўрсаткич бармоғи билан киндигининг чап ёнбошига ишора қилди). Бу жойни ЕЧЛ учун сақлаб қўйганман. Бўшлиқни шу мавсумда тўлдириш ниятидаман.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz