Қайднома

Қидирув

Ишонч – муваффақиятнинг асл моҳияти

Ишонч – муваффақиятнинг асл моҳияти

  13.12.2019 03:59
  0
  574
Ишонч – муваффақиятнинг асл моҳияти

КУЧ ВА КУЧСИЗЛИКНИНГ АСЛ МОҲИЯТИ НИМАДА? Сиз миллиардлаб инсонлар ичида ягонасиз. Африкалик ҳабашми, кўзи қисиқ Шарқий осиёликми ёки малласоч европалик - бу омиллар футболда мутлақо аҳамият касб этмайди. Ҳар бир инсон учта муҳим фактор - РУҲ, ҚАЛБ ва ТАНАдан иборатдир. Агар «улар»ни кучли деб ҳисобласангиз, сиз ҳақсиз. Чиндан ҳам худди шундай! Агар «биз» кучлимиз деб ҳисобласангиз, сиз ҳақсиз. Чиндан ҳам худди шундай!

Инсонларга фақат танлаш имконияти берилган, холос. Сиз фақат танлаш учунгина масъулдирсиз! Қачонлардир, қаердадир, Самвел Бабаяннинг давридамикан, терма жамоа футболчилари билан Олимпиада ва жаҳон чемпионлари бўлган бир-биридан кучли паҳлавон боксчиларимиз иштирокида учрашув ташкил қилинди. Аммо боксчиларимиздаги ўзларига, олдиларига қўйган орзу-мақсадларига бўлган юксак ишонч битта учрашув билан футболчиларимизга юқиб қолмайди. Самвел Бабаяннинг бу қароридан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, бу унинг жаҳон футболида қандайдир муваффақиятга эришишни хоҳлаганини англатади. Ҳа, у хоҳлаган, аммо қандай? Боксчиларимиз футболчиларимиздан нимаси билан фарқланади? Бир қарашда, улар ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқдек, ҳаммаси бутун бошли мамлакат фахри! Лекин барибир, улар нимаси биландир фарқланади. Буни биз ҳис қиламиз ва сезамиз.

Бабаяннинг босиб ўтган йўли, эришган муваффақиятлари, обрўси, нуфузи ўша пайт унинг терма жамоа бош мураббийи бўлишига тўла мос келарди. Самвел Вячеславовичнинг жамоа ташкил қилиш, футболчилар билан ўзаро муносабатни шакллантириш, бошқарув, ташкилотчилик, тактик ва жисмоний тайёргарлик бўйича билимлари беназирдир. Аммо бош мураббий сифатида ўз ғоясига бўлган ишонч, уни терма жамоа футболчиларига сингдириш ва уларда шу ғояга ишончни шакллантириш борасида ҳеч қандай билим ёки тасаввурга эга эмасди. Буни билмаслиги унинг айби эмас. Нафақат у, балки Марчело Липпи, Фабио Капелло сингари мураббийлар ҳам бу билимдан мосуво эдилар. Бу билим ҳақида ҳеч ким билмайди. Натижа эса - муваффақиятсизлик...

Агар жамоа омадсизликка учрай бошласа, «Жамоага янги қон керак!» деб, янги футболчиларни олиб келамиз. Бу ўйинчилар фикрлаш нуқтаи назаридан олиб қараганда, эскиларидан фарқ қилмасалар, уларни таклиф қилишдан нима наф? «Янги қон» - бу янги ғоя, шу ғояга нисбатан футболчиларда ишончни шакллантириш демакдир. Мен футболга, футболчиларга, мураббийларга, жамоаларга, уларнинг ютуқ ва муваффақиятсизлигига бошқа ракурсдан қарайман. Ва кўплаб мураббийларнинг катта «томоша»сини кўраман.

Мен танқид килмаяпман, тирноқдан кир қидирмаяпман, қонуниятга биноан таҳлил қиляпман, холос. Масалан, Эктор Куперни ҳам таҳлил қилишимиз мумкин. Футболимиз раҳбарлари аргентиналик мутахассис билан шартнома имзолашганда, «Осиё кубогида терма жамоа олдига ҳеч қандай мақсад қўйилмайди, бизнинг асосий максадимиз терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқишдир», дейишганди (шундай юксак савиядаги мусобақада терма жамоа олдига ҳеч қандай мақсад қўймасликнинг ўзи абсурддан бошқа нарса эмас!). Кейин эса қитъа биринчилига бошланиши арафасида Эктор Купер дабдурустдан «Ушбу турнирдаги вазифамиз - чемпионлик», - деди. Чемпион бўлиш - жуда зўр ғоя! Аммо анча кеч. Агар Эктор Купер мана шу ғоясини шартнома имзолаган вақтда айтганида, шогирдларида бу ғояга нисбатан ҳаминқадар ишонч шаклланган бўлармиди... Чунки футболчиларимизда бирор-бир ғоя ва ўзларига нисбатан ишончни шакллантириш учун вақт энг муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ана энди солиштириб кўринг-чи, Самвел Бабаян ва Эктор Купер фикрлаш, жамоа олдига мақсад қўйиш нуқтаи назаридан олиб қараганда, нимаси билан фарқланади? Фақат оладиган гонорари билан фарқ қилади! Фикримга қўшиласизми?

Ишонч нима ва унинг футболчиларимиз қалбида шаклланиши, кучга кириш жараёни нимани англатади? Бу нафақат футболчиларимизни жаҳон майдонларида ўзларини қулай ва ишончли ҳис қилишлари, балки «яратиш жараёни»ни ҳам англатади. Агар жамоа бирор-бир уйинда ғалаба қозонса, омадимиз келди, деймиз. Мабодо, қайсидир ўйинда мағлубиятга учрасак, омадимиз келмади, деймиз. Ғалаба ва мағлубиятни асослай олмасак, унинг сабабларини омад ёки омадсизлик билан изоҳлаймиз. Аслида, «омад» деган тушунча мавжуд эмас, фақат «яратиш жараёни» мавжуд.

«Яратиш жараёни» нима дегани? Бу кенг қамровли мавзу, унинг аҳамиятини бир кичик мақолада тўлиқ очиб бериб бўлмайди. Бунинг учун балки етти жилдли китоб ёзиш керакдир...

«Яратиш жараёни» - танганинг иккинчи томони... Бу - сир! Унда танганинг биринчи томони нимани англатади? Бу - футболчиларимиздаги ўзларига бўлган ишончнинг шаклланиши. Албатта, уларда маълум бир ишонч шаклланган, лекин у фақат футболчининг ўзигагина маълум бир доирада ишлайди, холос. Умуман, дунё футболи билан солиштирганда, бу ишонч ҳаминқадар бўлиб қолади.

Аслида, футболчиларимизга ишонч нима учун керак? Шаклланган маҳоратларини ҳар қанақа даражада тўла намойиш қилиш учун! Ишонч билан маҳорат ўртасида қандай боғлиқлик бор? Ишонч футболчининг савиясини белгилаб беради. Футболчининг савияси деганда биз нимани тушунамиз? Бу - унинг фикрлаш қобилияти, дунё футболида тутган ўрни, ўз олдига қўйган орзу-мақсадлари билан белгиланади.

Бутун олам тартиб устига қурилган. Ҳамма нарса қонунга биноан содир бўлади. Шу жумладан, ҳар бир инсонда бирор-бир фикр ёки ғояга нисбатан ишончнинг шаклланиши ҳам қонунга биноан юз беради. Сиз қайсидир фикр ёки ғояга нисбатан ишончни шакллантиришга масъул эмассиз, бирор-бир фикр ёки ғояни танлаш учунгина масъулсиз.

Ана энди, мен айтмасамда, тушуниб етгандирсиз боксчиларимиз билан футболчиларимиз орасидаги фарқни?! Бокс бўйича терма жамоамиз мураббийлари - Марат Қурбонов, Раҳматжон Рўзиохунов ва Тўлқин Қиличевларнинг ҳар бирига ҳайкал қўйсанг арзийди. Улар ўзлари англамаган ҳолда, табиий равишда бу қонуниятни ишга тушириб юборишган ва натижани барчамиз кўриб турибмиз. Футболчиларимиз учун бу қонуниятдан онгли тарзда фойдаланиб, улар қалбида ишончни шакллантириш мумкин. Бунинг учун жуда катта сарф-харажат ёки фавқулодда катта вақт сарфланмайди.

Ўзбек футболи ва футболчиларининг муаммоси тизим ёки қанақадир форматда эмас. Агар ўйинчиларда ўзларига ва бирор-бир ғояга нисбатан ишончни шакллантира олсак, ҳар қандай тизим ва форматлар тўғри келаверади. Формат футболимизни тартибга солиш, тизим эса футболимизга бозор муносабатларини шакллантириш учунгина зарур. Ҳақиқий ривожланиш футболчиларимиз онгида содир бўлади. Фикримга қўшиласизми?

Бир пайтлари Николай пошшо Хива хонига маълум сабабларга кўра совға-саломлар билан бирга фойтун қўшиб жўнатганди. Хива хони ҳадядан жуда хурсанд бўлиб, «Оқ пошшо менга совға-саломлар билан бирга шу фойтунни жўнатибди, уни отга қўшиб минсам бўладими?» - деб аъёнларидан сўрабди. Улар эса: «Эй, олампаноҳ, бу - «шайтон арава», уни кофирлар минади!» - деган эканлар. Бу фойтун ҳали-ҳануз Ичанқалъада сақланади. Бир марта ҳам минилмаган! Агар Хива хони шу фойтунни бир марта миниб кўрганида борми, қулайликни, ҳашаматни ҳис қилган бўлармиди... Ва ўз аъёнларини сиқувга олиб, «Менга ҳам шунақасини ясаб берасанлар!» - деб хархаша қилармиди... Шунда балки «ривожланиш» рўй берармиди... Ҳозирги замонда ҳам кашфиётларга, янгиликларга бўлган муносабат бошқача деб уйлайсизми? Асло... Ҳозир ҳам котиблар, ноиблар, мутахассислар жилмайибгина ҳурматингизни жойига қўйиб, ишни ҳал қилиб юборишади.

«Қўқон арава» битта михи ҳам ўзгартирилмаган ҳолда неча аср умр кўрди? Биз ўз «Қўқон арава»миз билан фойтунларга қарши мусобақалашмоқчи бўляпмиз. Энди ўзимизнинг ҳеч кимникига ўхшамайдиган, дунёда тенги йўқ «фойтун»имизни яратиш вақти келди! Шундай «фойтун» яратайликки, улар учқур отларга қўшилганда, барча халқларни ортда қолдирсин! Энг қизиғи нима, биласизми? Бунинг имкони бор!

Маҳмаюсуф БЕРДИЕВ, мураббий-психолог


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz