Қайднома

Қидирув

Ҳужумчи мисоли кипер

Ҳужумчи мисоли кипер

  14.12.2019 05:46
  0
  376
Ҳужумчи мисоли кипер

Парагвай футболи афсонаси Хосе Луис Чилаверт бундан 20 йил олдин «хет-трик»ка эришганди. Дарвозабон учун ажойиб натижа! Унинг бу рекорди ҳамон янгилангани йўқ. Ҳа, футбол тарихида кузатилган бир ажиб воқеликка 20 йилдан ошди. Аниқроғи, 1999 йилнинг 28 ноябрь куни парагвайлик дарвозабон Хосе Луис Чилаверт 1та ўйинда 3та гол урган эди. Ҳозирга қадар бирор голкиперга профессионал даражада ўша қаҳрамонликни таррорлаш насиб этмаяпти.

Такрорланмас «хет-трик»

Тарихий воқеа Аргентина чемпионати доирасидаги одатий ўйинлардан бирида қайд этилган. Хосе Луис Чилавертнинг клуби - «Велес Сарсфилд» ўз майдонида камтарин «Феррокариль Оэсте»га қарши ўйнаганди. Ноодатий натижа расмийлаштирилганида, меҳмонлар дарвозаси томон 3 марта пенальти белгилаган бош ҳакамнинг ҳам роли бор, албатта. Лекин бу Чилавертнинг тарихий кўрсаткичига раҳна солмайди, барибир. Қисқаси, парагвайлик тўпурар голкипер 3та пенальтини ҳам самарали ижро этиб, футбол тарихига киради. Ўйиннинг ўзи эса 6:1 ҳисобида якунланган эди.

Чилаверт ким?

3 марта - 1995, 1997 ва 1998 йилларда жаҳоннинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилган парагвайлик футболчи. Тўпурар кипер «Велес» билан имкони бор деярли барча совринларни қўлга киритган. Яъни Аргентина миллий чемпионатида 4 марта зафар қучган кипер мамлакат кубоги ва суперкубогини ҳам боши узра баланд кўтарган. Асосийси, у «Велес»нинг Либертадорес кубоги ҳамда Қитъалараро кубоги ютишида катта ҳисса қўшган. Хосе Луис аутсайдер жамоалар қатори «Ривер Плейт»дек гранд дарвозасини ҳам нишонга олган. Боз устига, фақат пенальти воситасида эмас, майдон марказидан ҳам.

Илк гол ва Роберто Карлос билан тўқнашув

Чилаверт тўпурарлик қобилиятини илк марта «Гуарани» клуби сафида намойиш этганди. Унинг дебют голи ҳам пенальти самарасидир. Хосе Луис бу клуб билан Парагвай чемпионати ғолибига айланган. Кейинчалик истиқболли киперни «Сан-Лоренсо»га чорлашади ва у айни шу жамоа сафида жарима зарбаларини ижро этишни ҳам ўз зиммасига олади. Гарчи Чилавертнинг бўйи анча баланд бўлсада, оёқ ўлчами нисбатан кичик. У шундан унумли фойдаланиб, тўпни дарвоза бурчагига бураб юборишни қойилмақом даражада ўзлаштирган. Худди Роберто Карлос каби. Дарвоқе, бир сафар парагвайлик ва бразилиялик ўртасида тўқнашув ҳам юзага келган. Жаҳон чемпионати-2002 саралаш босқичи. Бразилия - Парагвай - 2:0. Роберто Карлос ўйин якунланганини билдирувчи ҳуштак чалингач, Чилавертга яқинлашиб, у билан ҳазиллашмоқчи бўлади. Бироқ дарвозабоннинг кайфияти ёмон эди ва у бразилиялик номдор ҳимоячи юзига тупуриб ташлайди. Тўғри, Хосе Луис кейинчалик ўша нохуш ҳолатни бошқача изоҳлаганди: «Бурчак тўпи амалга оширилгач, бу пакана менга нисбатан қўполлик ишлатди. Кейин баланд овозда бақирди: «Эй ҳинду, тур ўрнингдан!» Бразилияликлар гол уришгач, у яна олдимга югуриб келиб, қандайдир имо-ишоралар билан жиғимга тегди. Учрашув якунланаётган вақтда эса, таблони кўрсатиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишаётганига шаъма қилди. Айниқса, финал ҳуштаги янграганидан кейинги гаплари оғир ботди: «Ҳинду, қара, биз 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик, сен эса шунчаки, ўта ношуд кўриндинг». Камига мени туртиб юборди. Шунда асабим дош беролмади ва унга қараб, тупуриб юбордим».

Европадаги фаолияти

Хосе Луис Чилаверт Парагвай футболининг энг таниқли вакилларидан биридир. Зеро, у мамлакат миллий жамоаси учун ҳам 8та гол урган. Аммо Хосе Луиснинг Европада муваффақиятли фаолият юритишга уриниши натижа бермади. Ҳар ҳолда, «Сарагоса»да 3 мавсум ўйнаган бўлсада, топ-клублардан таклиф олмади. Тўғри, парагвайлик посбон грандларга қарши кўп марта майдонга тушган, улардан бирини аламли тарзда мағлубиятга учрашига сабабчи ҳам бўлган. Гап 1994 йили Қитъалараро кубок учун ўтказилган ўйин ҳақида кетмоқда. Ўшанда «Велес» Фабио Капелло бошқарувидаги «Милан»дан устун келганди. Аслида «россонерлар» тинимсиз ҳужум уюштиришган, фақат Чилаверт жасорат кўрсатиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Натижада Аргентина клуби якунда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Игита билан дўстлик

Чилаверт колумбиялик машҳур дарвозабон Рене Игита билан жуда яқин дўст. Энг қизиғи, Хосе Луис фаолияти давомида унинг дарвозасига 2та гол урган. Рене эса Англия миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида кўрсатган «чаён зарбаси» билан машҳур. У рақиб томонидан дарвозаси томон йўлланган тўпни антиқа зарба билан қайтариб юборганди.

Хосе Луис Чилаверт фаолиятининг охирги қисмида етарлича ортиқча вазн тўплаганига қарамай, Парагвай терма жамоаси дарвозасини қўриқлашда давом этганди. Ўша вақт моҳир тўпурар кипер сумо жангчисига ўхшаб қолганди.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz