Қайднома

Қидирув

Футболчилар ҳаётидан: «БУ – МЕНИНГ ОНАМ»

Футболчилар ҳаётидан: «БУ – МЕНИНГ ОНАМ»

  15.12.2019 01:52
  0
  440
Футболчилар ҳаётидан: «БУ – МЕНИНГ ОНАМ»

ФУТБОЛЧИЛАР ҲАЁТИДА ОНАЛАРНИНГ ЎРНИ. Габриэль Жезус гол урса, онасига алоҳида салом йўллашни сира унутмайди, Лионель Месси волидаси портретини ўзи билан олиб юради. Тушунарлики, деярли ҳар бир инсоннинг шаклланишида она роли беқиёс. Жумладан, оналарнинг футболчилар фаолиятидаги ўрнини баҳолаш ҳам жуда мушкул - улар биринчи рақамли мухлиса, далда берувчи куч ва керак бўлса, танқидчи. Бордию, ота оиладан кетса, она зиммасига икки ҳисса масъулият ва оғирлик тушади. Бундай ҳолатда бечора она оилани таъминлаш учун ишлайди, фарзандини машғулотларга олиб боради, унинг тарбиясига ҳам вақт ажратади. Мана, sports.ru сайти бир неча сюжетлар серияси воситасида футболчиларнинг муҳтарам зот - онага муносабатларини баён этди. Бу оналарнинг нақадар буюк эканликларидан далолат.

 

Бразилия миллий жамоаси ва «Манчестер Сити» вакили Габриэль Жезуснинг онаси ўғлининг бутун бюджетини назорат қилади, у ҳаттоки, футболчининг овқатланиш тартибига ҳам бефарқ қарамайди. Габи бундай ғамхўрликка жавобан голни нишонлашда онасига салом йўллайди, албатта. «Биламан, «Манчестер Сити» сафида гол уришим билан онам менга қўнғироқ қилади. Тўп дарвозага тушгани заҳоти! Ўша вақт унинг қаерда - хоҳ Бразилиядаги уйимиз, хоҳ стадионда бўлиши аҳамиятсиз, барибир, дарҳол қўнғироқ қилади. Шунинг учун ҳар сафар бурчак байроқчаси томон югураман ва қўлимни гўшак каби қулоғимга босиб, бақираман: «Алло, онажон!» Хуллас, Габриэль Жезус меҳрибон онасига шу қадар боғланиб қолганки, голни нишонлаш масаласида алоҳида сюжет ўйлаб топган. Онаси эса ёш ўғли катта пул олдида эсанкираб қолмаслиги учун уни ҳамон назорат остида ушламоқда: маошини қандай сарфлашини белгилаб беради, овқатланиш тартибига бефарқ қарамайди, ҳаттоки, қизлар билан муносабатига ҳам. Габининг маҳбубаси - бразилиялик модель Фернанда Кьерос Манчестерга ташриф буюрса ҳам, меҳмонхонада тунашга мажбур. «Қизлар ўз қоидаларига асосан яшашлари керак. Дейлик, уларнинг турмуш қургунча севган йигитлари уйида эмас, меҳмонхонада тўхташлари маъқулроқ. Шахсан мен ўғлим бировнинг қизини хафа қилишига асло йўл қўймайман», - дейди Габининг онаси Вера Люсия. Асосийси, «Сити» футболчиси бундай кучли назоратга эътироз билдирмайди, аксинча, у барчасидан жуда миннатдор: «Онам - чинакам жангчи. У мен ва акаларимга тўкин ҳаёт бериш учун жуда кўп ишлаган. Оғир шароитларга қарамай, бизни озиқ-овқат ва турар-жой билан тўла таъминлаган. Мана, меҳрибоним бугун ёнимда хотиржам яшамоқда - бу азалий орзум. Онамнинг камолотга етишимда мислсиз ўрин тутганини асло унутмайман».

Бундай самимий муносабат бежиз эмас. Жезуснинг онаси 4 нафар фарзандини ёлғиз ўзи улғайтирган (Габининг отаси у ҳали туғилмасидан олдин оиладан кетиб қолган). Хуллас, онаизор фаррош бўлиб ишлаган, гоҳида 3та жойда. Энг муҳими, у энг оғир вазиятда ҳам ўғлининг футболни ташлаб қўйишига йўл қўймаган. «Барчаси учун онамдан қарздорман. Бразилияда кўплаб болалар ўз оилаларига ёрдам бериш учун ёшликларидан ишлашга мажбур бўлишади, - деганди Габи ўз интервьюларидан бирида. - Чунки уларда футбол билан шуғулланиш ёки мактабда ўқиш учун имконият йўқ. Лекин менинг онам энг қийин ҳолатда ҳам футболда қолишимни таъминлади, асосийси, менга тўлиқ ишонди». Жезус баданидаги татуда шундай ёзилган: «Мен танлайдиган ҳар бир қадам, ҳар бир йўл, ҳар бир соҳани сенинг қўлинг кўрсатиб беради, Вера Люсия». Аслида Габининг онаси татуировкаларга мутлақо қарши, аммо ўз исмини кўриб, ушбу чизгини хотиржам қабул қилган. Жезус эса шу билан чекланиб қолмай, онаси портретини чиздирди.

Лионель Месси чиздирган биринчи татуировка - бу онасининг портрети. Бироқ футболчини шу тату туфайли роса калака остига олишган. Ваҳоланки, Жезусдан ташқари, Неймар ва Серхио Рамосда ҳам шундай тату бор. Лео Месси эса уни 2010 йили чап елкасига солдирган. Айтишларича, у ўша пайт тату-машиналар игнасидан роса қўрқарди ва бўлажак турмуш ўртоғи Антонеллани ўзидан олдинга ўтказиб юборишдан яхшироқ чора тополмаган. Амалиётдан кейин Антонелла игна унча оғир ботмаслигини айтгачгина Месси озгина далиллашган. Бироқ тату устасининг сеанси бошланмай туриб, якунланиши ҳам ҳеч гап эмасди. Чунончи, футболчи оилавий архивдан сурат чиздиришни хоҳлаган, аммо уларнинг сифати тўғри келмаган. «Ундан онаси олдига сураткаш юборишни сўрадим, - дея эслаганди кейинчалик татуировка устаси. - Бироқ Лео қайсарлик қилди: «Агар шу фото тўғри келмаса, унда менга татуировка керак эмас». Кейин туни билан онаси юзини қоғозга туширдим ва эрталаб суратни кўрсатиш учун машғулотлар базасига йўл олдим. Яхшики, чизма Мессига ёқди». Шу тариқа Селия Мариянинг сурати футболчининг елка қисмига муҳрланди. Шу-шу Лео голларини кўпинча онасига бағишлашни одатга айлантирди: баъзан сариқ карточка олиши муқаррар бўлсада, ички майкасидаги ёзувлар воситасида салом йўллайди, гоҳида қўли билан ҳалиги татуировкага ишора қилади. Месси онасининг 57 ёшга тўлиши муносабати билан унга катта торт ва баланд пошнали бежирим туфли совға қилди. Умуман, Селия Мария  юлдуз ўғлидан ҳамиша мамнун: «4 нафар фарзандим бор ва уларни бирдек яхши кўраман. Фақат айтишим керак, Лео ажойиб ўғил, яхши ота ва эр. Қасам ичаман, у жуда олижаноб инсон».

Она портретини татуировка шаклида муҳрлаш фақат суперюлдузларга эмас. Райан Мэйсон эсингиздами? Ҳа, бу Гарри Кэйхилл билан тўқнашув оқибатида 26 ёшидаёқ фаолиятини якунлаган футболчи. Райан ҳам баданига онаси сиймосини чиздирган, бироқ сурат маълум вақт ҳеч кимни қизиқтирмаган. 2015 йили Мэйсон Англия термаси ўйини (итальянларга қарши «ўртоқлик»)да атиги 15 дақиқа ҳаракалангач, барчаси бирданига ўзгариб кетганди. Яъни ҳамма унинг дебюти ва ҳаттоки, биринчи самарали узатмаси қолиб, айнан татуировкасини муҳокама қила бошлаганди. Бунинг боиси шуки, Дэн исмли йигит «Твиттер»да татуировкадаги тасвирни ҳазил тариқасида ўзининг болаликдаги суратига қиёслайди: «Қизиқ, Мэйсон ўз баданига нега менинг 12 ёшли даврдаги суратимни бостирканкин?» Ушбу ҳазилнамо изоҳ вирус мисоли тарқалиб, қисқа вақтда 50 мингдан кўп «ретвит» тўплади. Кейинчалик маълум бўлишича, тату аслида Мэйсоннинг 16 ёшида тушган сурати асосида яратилган экан.

Поль Погбанинг онаси ҳам вақтида оила тебратиш учун фаррошлик қилган. Поль уни «суперона» ибораси билан мақтайди. «МЮ» юлдузининг эгизак акалари - Матиас ва Флорентин ҳам худди шу иборани кўп қўллашади. Чунки Йео Мориба чиндан ҳам, ажойиб аёл. У турмуш ўртоғи билан ажрашгач, 3 нафар ёш фарзандини ўзи тарбиялаган. Яъни фаррошлик ортидан оила боққан. Тушунарлики, аёл вақтида роса қийналган, аммо ўғиллари профессионал футболчи сифатида камол топишларигача барчасига матонат билан чидаган. Оила тарихи узоқ Гвинеяда бошланиб, Париж теварагидаги қашшоқ шаҳарчада давом этган. Айнан Францияда туғилган Поль 16 ёшида «МЮ» академиясига қабул қилинган. Натижада Йео ишини ташлаб, ўғли ҳамроҳлигида Англияга йўл олган. «Ҳамиша бирга бўлишга одатланганмиз, шунинг учун Англияда ҳам ўғлимни ёлғизлатиб қўйишни истамадим. Менинг доимий ишим - бу Поль», - деганди Мориба хоним. Погба энди онасини еру кўкка ишонмайди. Футболчи ҳаттоки, журналистнинг маҳбубаси бор-йўқлиги ҳақида берган саволига ноодатий жавоб берган эди: «Йўқ, менинг ягона муҳаббатим - меҳрибон онажоним». У 2015 йили «Олтин тўп» совринини топшириш маросимига айнан онаси ҳамроҳлигида ташриф буюрганди. Яна рекламада волидасини ёдда тутди, ЖЧ-2018даги ғалабани нишонлаш пайти ҳам. Энди футболчи онасини ҳаётидаги энг зўр мукофот ўрнида кўрмоқда: «Меҳрибоним - ҳисобимдаги совринларнинг энг яхшиси. У жаҳон кубогидан ҳам анча қадрли, албатта». Йео ҳаттоки, Поль ва Флорентин ЕЛ ўйинида бир-бирларига қарши тўп суришганида ҳам, ўзини йўқотиб қўймади - шунчаки, икки клуб элементларини мужассам этган футболка кийиб олди.

Мемфис Депай отасидан шу қадар ранжиганки, ҳаттоки, ўз футболкасига унинг фамилияси ёзилишини истамаган. Лекин ҳар қадамда онасини ўйлайди, унга ғурур бағишлашга уринади. Депай ҳозирда «Лион»да бинойидек тўп суриш баробарида рэп-қўшиқлар ёзмоқда, қимматбаҳо автомобилларда сайр қилмоқда. Аммо бошидан шундай бўлмаган. Мемфис ганалик қочоқ ва нидерландиялик аёл оиласида дунёга келган. Болакай 4 ёшга қадам қўйганида, отаси оилани ташлаб кетган ва бошқа кўриниш бермаган. Мемфис эса улғайиб, отасидан қолган фамилияни футболкасида кўз-кўз қилишдан бош тортди. «Депай - бу отамнинг фамилияси. Афсуски, уни ҳеч қачон кўрмаганман. Билганим шуки, отам бизни ташлаб кетган. Энди унга эҳтиёжим йўқ», - деганди нидерландиялик футболчи. Муҳими, Мемфис онаси билан жуда иноқ. Ҳужумкор ярим ҳимоячи 2016 йили «МЮ»нинг «Вест Бромвич»га қарши ўйинида майдонга гул нақши билан безатилган ёрқин бутсада тушгач, бунинг моҳиятини ҳеч ким тушунмади. Кейинчалик Мемфиснинг ўзи алоҳида изоҳ берди: «Янги бутса - бу жуфт сен учун. Оналар куни муборак бўлсин». Умуман олганда, футболчи онасини турли совғалар билан сийлашни хуш кўради. Дейлик, «МЮ» сафига қўшилгани ҳамоно волидасига янги Mercedes олиб берган ва «Фейсбук»да пост қолдирганди: «Умид қиламанки, мен билан фахрланасан». Ўшанда бахтиёр она кўз ёшини тиёлмаган экан...

Марио Фернандес Россияга йўл олганида, онаси қаттиқ хавотирга тушган экан. Энди эса у ўғлига борш тайёрлаб беришни ўрганди. Марионинг отаси ҳам эрта вақтда ўз оиласидан воз кечган. Оқибатда бечора аёл 4 нафар фарзанди билан қолган. У бойлар хонадонларида фаррошлик қилган. Марио орада тунги клубларда кўнгилхушлик қилиш, машғулотларга кечикишга одатланган. Ҳаттоки, клуб ихтиёрига маст ҳолатда келишгача борган экан. Аниқроқ айтсак, 19 ёшида «Гремио» сафига қўшилади, аммо дарҳол йўқолиб қолади. Орадан бир неча кун ўтгач, уни видеоназорат камералари ёрдамида бошқа шаҳардан топишади. Марио бундай хатти-ҳаракатини биринчи марта оиласидан узоқлашгани ортидан бошланган депрессия ҳолатига боғлаганди. Фернандес шундан сўнг 1 ой даволаниш курсига қатнади. Муҳими, онаси дарров Порту-Алегрига кўчиб ўтиб, ўғлига далда бериб турди. Ҳа, Марио Бразилиянинг бошқа шаҳрига мослашишда шунчалик муаммоларга йўлиққан экан, Москвага кўникишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Лекин онаси ҳамиша унинг ёнида бўлди, бошида бразилча таомлар билан сийлаб турди, натижада ҳаммаси анча осон кечди. Фернандес кейинчалик онасига Сан-Паулудан уй совға қилди...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz