Қайднома

Қидирув

Асрор ҒОФУРОВ: «Футбол мухлислар билан гўзал»

Асрор ҒОФУРОВ: «Футбол мухлислар билан гўзал»

  18.12.2019 08:59
  0
  364
Асрор ҒОФУРОВ: «Футбол мухлислар билан гўзал»

Бир неча мавсум Туркияда фаолият кўрсатган ярим ҳимоячи Асрор Ғофуров 2-даврани термизнинг "Сурхон" жамоасида ўтказди.  Яқинда бу футболчи бимлан боғланиб суҳбат уюштирдик...

- Маълум муддатдан кейин миллий чемпионатимизга қайтдингиз. Хўш, таассуротлар қандай?

- Аввало, ўз юртимга қайтганимдан хурсандман. Таассуротларга келсак, чемпионат ёқди. Ўйлайманки, ўзим ҳам чакки ўйнамадим. Келаси мавсум янада яхшироқ тўп сура олишимга ишонаман. Фақат ўз устимда ишлашдан тўхтамаслигим керак.

- Фаолиятингизни икки қисм, яъни Туркия ва ўзбек футболига бўлсак, ўзингиз учун қай бири аҳамиятлироқ? Бир тарозига солиб кўрингчи...

- Менимча, тарозига қўйиш нотўғри. Зеро, футболчи сифатида Ўзбекистонда улғайдим, илк қадамларни ташладим. Легионер бўлиш тақдиримда бор экан, хорижда ҳам муносиб тўп суришга ҳаракат қилдим. Чамаси 5 йил мобайнида Туркиянинг биринчи ва тўртинчи дивизионлари жамоаларида ўйнадим. Ўз чемпионатимизга келсак, илк турларда бироз ҳаяжонланганим рост. Бу табиий ҳолат - Суперлигада илк марта қатнашдим. Хайриятки, тажрибали футболчилар менга яқиндан кўмаклашишди. Хусусан, Ойбек Қиличев, Дилшод Раҳматуллаев, Шавкат Саломов, Дарко Станоевичдан миннатдорман. Улардан кўп нарса ўрганишга ҳаракат қилдим.

- Мавсум бошида «Андижон»ни танладингиз, аммо жамоада узоқ қолмадингиз...

- Ўзи Туркиядан қайтиш вақти келганди. «Андижон» эса биринчилардан бўлиб, аниқ таклиф билан чиқди. Умуман олганда, болалигимдан водий жамоаларида тўп суришни орзу қилганман. Шунинг учун андижонликлар сафига қўшилишда асло иккиланмадим. Аммо бу клубда маълум қийинчиликларга дуч келдим. Тўғриси, жамоа биринчи даврада жуда қийналди. Таркибдаги кўплаб  футболчилар ўзаро чиқишиб ўйнашда муаммога учрашди. Қисқаси, ўйинни йўлга қўйиб олиш учун вақт керак бўлди. Бироқ жамоага кучли босим яққол халақит берди. Муҳими, «Андижон» иккинчи даврада ўз йўлини топиб олди, натижалар ижобий кўриниш олди. Менимча, Александр Хомяков жамоага ўзгача ҳаво олиб кирди. Аслида мавсум аввалида катта вазифалар қўйилганди. Аниқроғи, клубдан кучли олтиликка кириш талаб этилди. Бироқ футболда ҳар доим ҳам ҳаммаси силлиқ кечмайди... Такрор айтаман, «Андижон» варианти шахсан менга жуда маъқул тушганди, бироқ насибам бошқа жойда экан, кетишимга тўғри келди. Умуман, «Андижон» ҳам, «Сурхон» ҳам мен учун ортга ташланган қадам эмас.

- Навбатдаги савол мухлислар ҳақида: вилоятларда стадионлар анча гавжум, пойтахтда эса қизиқиш анча паст, фақат халқаро ўйинлар бундан мустасно. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

- Тошкентдаги учрашувларда қандай натижа қайд этилишини мухлислар олдиндан билишади. Дейлик, «Пахтакор» ва «Қўқон-1912» ўйнаса, кўпчилик мезбон жамоа ғалаба қозонишини тахмин қилади. Халқаро учрашувларда эса «интрига» кучли - қайси томон ютишини билиш мушкул. Шунингдек, савия бўйича бир-бирига яқин жамоалар учрашувлари муросасиз кечади. Вилоятлар жамоаларида умумий ҳолат бошқача. Яъни клублар даражасида фарқ у қадар катта эмас. Айни пайт Ўзбекистоннинг энг кучли футболчилари айнан пойтахт клубларида жамланишгани - айни ҳақиқат. Машарипов, Черан, Сергеев, Искандеров, Тўхтахўжаев кабиларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Вилоятлар жамоаларида ҳам кучли футболчилар бор, бироқ умумий даража бироз паст, барибир. Қачонки, клублар ҳолати ўртасидаги фарқ имкон қадар пасайса, шунда учрашувлар тенг курашлар остида кечади. Футболда сенсация муҳим ўрин тутади. Хорижда ҳаттоки, «Барселона» ва «Манчестер Сити»дек қудратли жамоалар ҳам турнир жадвалининг қуйи поғонасида бораётган рақибларга ютқазиб қўйиши ҳеч гап эмас. Тан олайлик, бизда бундай бўлиши амри-маҳол. Ёрқин мисол, бу йил «Пахтакор» деярли бутун мавсумни мағлубиятсиз ўтказди. 

- Сизнингча, чемпионатда муросасизликни ошириш учун нима қилиш керак?

- Аслида муросасизлик йўқ эмас, аммо жамоалар имконияти турлича. Масалан «Андижон» олдига кучли олтиликка кириш вазифаси қўйилганди, лекин 10-11-турларга келиб, бош мақсад ўз-ўзидан ўзгарди. Бу вазият тақозоси. «Сурхон»да эса сал бошқача: раҳбарият 3-ўрин орқали ОЧЛга чиқишни белгилади. Демоқчиманки, жамоада аниқ мақсад бўлса, футболчилар шунга қараб, интилишади, мотивация ошади. Дейлик, биз Термизда «Локомотив»дан 2 марта очко олиб қўйдик. Чемпионат ва Лига кубогида. Умуман, катта муддатдан сўнг элитага қайтган жамоа учун мавсум аъло даражада ўтди. Тўғри, якунда 6-ўрин билан чекландик, лекин яққол ўсиш кузатилганини унутмайлик.

- Ёш футболчилар хорижга йўл олишга интилишмоқда. Легионер сифатида ўйнаган футболчи сифатида айтингчи, қайси ёшда хорижга чиқиш маъқулроқ?

- Ўзбекистонда олинган тажриба бошқа, Европа ҳавосида тарбияланиш бошқа. Лекин ҳаммасининг ўз ўрни бор. Шахсан мен ёш футболчиларимизнинг Осиё клублари эмас, тўғри Европага йўл олишлари тарафдориман. Ёшга келсак, бунда аниқ бир критерия йўқ. Футболчи олдида имконият туғилдими, неча ёш бўлишидан қатъий назар, ўзини синаб кўриши керак. Фақат ўзига ишонса, бас.

- Суҳбат якунида мухлисларга тилакларингиз...

- Аввало, мавсум давомида бизни қўллаб-қувватлаб чарчамаган мухлисларга самимий миннатдорлик билдираман. Насиб этса, кейинги йил юқори ўринлар учун курашиб, уларга қувонч улашамиз. Футбол мухлислар билан гўзал.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz