Қайднома

Қидирув

Аччиқ тажриба – муаммолар ечими

Аччиқ тажриба – муаммолар ечими

  19.12.2019 03:37
  0
  399
Аччиқ тажриба – муаммолар ечими

Миллий терма жамоамиз ва клубларимиз учун мавсум якунлангач, футбол мухлислари қалбида олимпия олови ловуллай бошлади. Бош мураббий Любинко Друлович Тошкент йиғинига жалб этилган футболчилар рўйхатини эълон қилганидан сўнг билдирилган қизғин муносабат - шундан далолат. Мухлислар, айниқса, Остон Ўруновга ачинишди. Қолаверса, ҳужум чизиғидан кўнгиллари тўлмаётганини очиқ-ойдин айтишди. Умуман олганда эса, кўпчилик таркибдан мамнун. Гарчи гуруҳдаги рақиблар ўта кучли бўлса-да, мухлислар футболчиларимизга ишонишмоқда. Фақат битта хавотир бор: Друлович аргентиналик Купер  хатосини такрорламайдими?

Мухлиснинг безовталиги бежиз эмас. Зеро, ўтган йил якунида Эктор Купер бош жамоамизни Туркияда Осиё кубоги-2019га тайёрлаган ва чемпионлик ҳақида сўзлаб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдирганди. Охир-оқибат, маълум бўлдики, жуда катта эътибор қаратилган тайёргарлик жараёни самарасиз кетган, яъни миллий жамоамиз наинки натижа, балки ўйин сифати борасида ҳам яхши таассурот қолдирмаганди. Эктор Купер сирлилик ва эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан ҳаттоки, ўртоқлик ёки назорат учрашувлари ўтказишни лозим топмаганди. Кейин билсак, аргентиналик мутахассис атайлаб кучли рақиблар билан куч синашишдан тийилган экан. Албатта, тушунарли. У ўзича терма жамоамизни ортиқча руҳий босимдан сақлаган, айни чоғда рақиблар бош мураббийлари футболчиларимизнинг ҳатти-ҳаракатларини ўрганиб олишлари, камчиликларини кузатишларидан чўчиган. Майли, бу ҳам бир фалсафа. Бироқ мағлубиятлардан юраги зада мухлисга бундай фалсафанинг нима кераги бор?!

Бугун ҳаммамиз яхши биламиз, катта мақсадлар ҳақида ўйлайдиган бўлсак, 4та тўсиқ - Япония, Ж.Корея, Эрон ва Австралия футболидан устун келишимиз даркор. Любинко Друлович шогирдлари эса гуруҳ босқичидаёқ улардан иккиси билан тўқнашишади. Ўйлаймизки, футболимизни 2030 йилга қадар давлат сиёсати даражасида ривожлантирилиши олим­пиячиларимизни хотиржам қилмайди, Токио-2020 йўлланмаси учун курашдан чалғитмайди. Хитойда ташкиллаштирилган Осиё чемпионатида Равшан Ҳайдаров зиммасига чемпионлик масаласи юклатилган ва бу вазифа шараф билан уддаланганди. Эктор Купер айни шундай вазифани бажаролмади. Улардан фарқли ўлароқ, Любинко Друлович ўта масъулиятли ишни адо этиши лозим. Энди асосий мақсад чемпионлик эмас, балки йўлланма. Бир қарашда, бу унча қийин эмасдек туюлади. Чунки гап чемпионлик эмас, аксинча, кучли учликдан ўрин олиш хусусида бормоқда. Ҳамма гап шунда: кучли учликка кириш 2 йил аввалги чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишдан мушкулроқ. Мураккаблигига кўра, мазкур икки воқеани бир-бирига солиштириб бўлмайди. Фарқ - муболағасиз ер билан осмонча. Аммо чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, қўрқ­қанга қўша кўринади. Ана, Япония ва Жанубий Кореяда Фозил Мусаев, Достон Турсунов, Икром Алибоев, Рустам Ашурматов каби футболчиларимиз тўп суришмоқда. Тан берилмаса, уларни чорлашмасди ҳеч қачон. Чорлашяптими, демак, футболимиз ва йигитларимизда очилмай ётган, ишга солинмаётган ички потенциал мавжуд. Олимпиячиларимизда кузатилиши мумкин асосий муаммо  - тезлик ва жисмоний тайёргарлик. Ҳарчанд уринмасин, Эктор Купер Осиё кубоги-2019 арафасида бу муаммони тўлақонли ҳал этолмади, унинг ёпиқ усули амалда иш бермади. Вадим Абрамов эса Осиё кубоги-2011га тайёргарлик жараёнида бу масалада юксак кўрсаткичга эришганди. Ёдингиздами, у футболчиларимиз организмини совутиб қийнамаганди, аксинча, Африкага олиб бориб, роса қиздирганди, назорат учрашувларида тоблаганди. Ўшанда терма жамоамиз турнирда енгил ва эркин ўйнаганди. Ярим финал учрашувида эса рақибга фақат тактик ва руҳий жиҳатдан ют­қазганди.

Мана, футболимиз бошдан кечирган ижобий ва салбий тажриба. Любинко Друлович бу тажрибалардан хабардорми? Барчасини билса, Дубай йиғинида қайси йўлни танлайди? Табиийки, ҳозир мухлислар ўй-хаёлида юқоридаги саволлар чарх урмоқда. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ахир уларнинг орзуси - Олимпиада чиптаси! Шундай вазиятда қайси мухлис ўзини хотиржам сезади?! Ўзи хотиржамликка асос борми? Эрон олимпиячилари билан ўтказилган ўртоқлик учрашувлари кўнгилни тўқладими? Йўқ, албатта. Негаки, олимпиячиларимиз кейинчалик муҳим халқаро турнирда ўзларини кўрсатишолмади. Жуда қизиқ ҳолат: аксарият йигитлар бир-бири билан анчадан буён яқин. Лекин негадир олимпия термаси таркибида бир жамоа сифатида ёрқин кўзга ташланишмайди. Майдондан ташқарида ҳаммаси яхши. Ўйин ҳолатида эса яқинлик, қўллаб-қувватлаш қаёққадир йўқолади. Ортиқча дриблинглари сабабми, Жасур Яхшибоев ва Ислом Кенжабоевга қулай вазиятларда ҳам тўп узатилмайди. Натижада ҳар икки футболчи кўпинча сунъий равишда ўйин жараёнидан узилади. Шу тариқа аслида истеъдодли ва жамоамизга фойдаси тегадиган футболчилар тўғрисида мураббий ва мухлислар фикри ўзгаради. Икки ҳаракатчан ижрочи имкониятлари юзага чиқмагач, жамоа Азиз Ғаниев ва Шароф Муҳитдинов зарбаларига умид боғлайди. Қаршилигимиз йўқ - Азиз ҳам, Шароф ҳам жарима нуқталаридан кўп-кўп гол ураверишсин. Аммо жарима зарбасини тепиш имкони қачон туғилади? Достон Иброҳимов, Жасур Яхшибоев ёки Ислом Кенжабоевни рақиб ҳимоячилари қўполлик билан тўхтатишганида, албатта. Хуллас, олимпиячиларимизда ички потенциал юқори. Дубай йиғинидаги асосий вазифа - шу тар­қоқ ва стихияли имконни юзага чиқариш, ягона муҳит қилиб бирлаштириш. Руфат Рисқиев айтдики, профессионал боксга ўтган Руслан Чагаевда дастлаб зарба талаб даражасида бўлмаган. Монреаль Олимпиадасининг кумуш медали соҳиби унга икки ҳафта зарба йўллаш сирларини ўргатган. Қарабсизки, «Оқ Тайсон» жангга тайёр. Умид қиламизки, Любинко Друлович ҳам Дубай йиғинидан шундай унумли фойдаланади.

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz