Қайднома

Қидирув

Хави: «Жамоам тўпсиз қолса азобланаман»

Хави: «Жамоам тўпсиз қолса азобланаман»

  20.12.2019 03:21
  0
  366
Хави: «Жамоам тўпсиз қолса азобланаман»

Футболчилик даврида кўплаб нуфузли совринлар ютган Хави ФИФА байроғи остида ўтказиладиган Клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозониш қандайлигини жуда яхши билади. Ҳар ҳолда, у «Барселона» билан бу турнирда 2 марта зафар қучган. Мана, Хави бу сафар клублар миқёсидаги мундиалда мезбон жамоа - «Ал-«Садд» бош мураббийи сифатида қатнашди. Илк раундда муаммо сезмаган қатарликлар ярим финал йўлида Мексиканинг «Монтеррей» клубига етарлича хавф уйғотишди, аммо якунда 2:3 ҳисобида ютқазишди. Табиийки, каталониялик ёш мураббий шогирдларига «Барселона»га хос тарз­да тўп суришни ўргатмоқда. Ҳар ҳолда, «Садд» ўйинида ҳам тўп назорати биринчи даражага олиб чиқилгани шундоқ сезилмоқда. Умуман, Хави бу усулни Доха клубида ўйнаган давридаёқ йўлга қўя бошлаган эди. «Барса» афсонаси энди ўйинни фақат майдон четида бошқара олади, холос. fifa.com сайти мухбирлари Клублар ўртасидаги ЖЧ старти арафасида собиқ ярим ҳимоячини суҳбатга чорлаб, унинг ҳозирги ишлари билан қизиқишди. Хави жумладан, янги лавозимдан олган илк таассуротлари, Қатар-2022 мундиалига қаратилган тайёргарлик жараёни ва «Ал-Садд» ҳақида гапириб берди.

- Футболчилик фаолиятингизни май ойида якунладингиз ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мураббий ўриндиғидан жой олдингиз. Хўш, янги йўналишдаги иш ёқдими, дастлабки таассуротлар қандай?

- Футболчиликдан мураббийлик соҳасига ўтишим шунчалик тез юз бердики, ҳаттоки, тузукроқ ўйлаб кўришимга имкон бўлмади. Табиийки, футбол масаласида муайян нуқтаи назарга эгаман, бу борада тушунчам йўқ эмас. Ҳар ҳолда, «Барселона» клуби ва Испания терма жамоадаги давр беиз кетмаган. Айтишим жоиз, футбол ҳамон ўша-ўша, жиддий ўзгариш йўқ. Умуман, энди улкан масъулиятни ўз зиммамга олганимни яққол ҳис этяпман. Баъзан майдондаги курашни қўмсаб, ўзимга савол бераман: «Наҳотки, энди ҳамиша шу соғинч билан яшасам?»  Яхшики, шу заҳоти турнирларда ўзгача мақомда иштирок этаётганимни англаб, ўз-ўзидан овунаман. Хуллас, масъулияти нақадар баланд бўлмасин, мураббийлик касби жуда маъқул келмоқда.

- Сир бўлмаса, айтингчи, мураббий сифатида ўйиннинг қайси жиҳатига кўпроқ эътибор қаратяпсиз?

- Бошқаларнинг бунга қандай қарашларинг билмайман, аммо менга ҳамон тўпга кўпроқ эгалик қилиш ёқади. Дейлик, агар жамоам тўпсиз қолса, техник ҳудудда хотиржам туролмайман. Ўзи футболчилик давридаёқ ҳамиша майдонда устунликка эришишга одатланганман. Ташаббус эса доимо тўпни эгаллаб турган томонда бўлади. Ахир ўйинни назорат қилиш учун тўпни ўзингда ушлаб туришинг лозим. «Барселона»да ҳам, Испания терма жамоада ҳам шундай ўйнашни ўрганганман. Айни пайт машғулотларда шогирдларим билан айнан шу масала устида кўпроқ ишлаяпмиз. Муҳими, бу усул футболчиларга ҳам маъқул: улар тўпни иложи борича тезроқ эгаллаб, ўз назоратлари остида олиб юришга интилмоқдалар. Мураббийлик фалсафам оддий: дастлабки дақиқалардан устунликка интилиш. Агар устунлик таъминланса, ҳужумлар сони ўз-ўзидан ортади. Ҳужумкорлик эса ғалаба асоси саналади. Мени нима кўпроқ ҳайрон қолдирганини биласизми? Мураббийлик соҳасига ўтгунча ҳимоя ҳақида алоҳида ўйламаган эканман. Энди баъзан хавотир билан юрак ҳовучлаб ўтиришимга тўғри келмоқда. Фикримча, жамоада тўп назорати фоизи қанча паст бўлса, мураббий шунча кўп ишлаши лозим.

- Услуб жиҳатидан кескин фарқланишига қарамай, сизни лол қолдирган мураббий ҳам борми?

- Бевосита тажрибада синаб кўра бошлаганимдан кейингина мураббийлик машаққатини тўлиқ ҳис этадиган бўлдим. Саволингизга келсак, Диего Симеоне услуби меникидан кескин фарқ қилади. Шундай бўлсада, унинг «Атлетико»да эришган натижалари ва амалга оширган ишларига ҳурмат билан қарайман. Хосеп Гвардиола ва Юрген Клопп ҳам новаторлик сифатлари билан чуқур таассурот қолдиришган, қолдиришмоқда. Шунингдек, Луис Арагонес ва Висенте Дель Боскени ажойиб мутахассислар, деб биламан. Лекин Клопп, Симеоне ва Гвардиола ўзига хос ўйин услублари билан бошқалардан ажралиб турадилар. Улар ўз ғояларини шогирдларига мукаммал даражада сингдира олганликлари билан бемалол мақтанишлари мумкин.

- «Ал-Садд» мезбонлигида ўтадиган мусобақада шогирдларингизга қандай кўрсатмалар бердингиз?

- Асосий эътиборни ўйинчилар ўз майдонларида тўп суришлари билан юзага келадиган ортиқча босимдан қутулган ҳолда, эркин ҳаракатланишларига қаратяпмиз. Футболчилар кўпинча ўз мухлислари кўз ўнгида бор маҳоратларини намойиш этишга берилиб кетадилар. Албатта, соврин муҳим аҳамиятга эга. Бироқ йигитлар босимни мутлақо унутиб, имкони борича ишончли тўп суришлари керак. Шогирдларини ортиқча босимдан халос этиш - мураббийнинг асосий вазифаларидан бири. Тўғри, ўйинлар осон кечмаслиги аниқ. Муҳими, йигитлар уриниб кўришга тайёрлар. Майли, улар 100-200 марта омадсизликка учрасалар ҳам, ўз ўйин­ларини кўрсатишса, бас.

- Бу турнирда ўзига хос «сюр­приз»лар ҳам учраб туради. Масалан, мезбон жамоаларнинг финалга етиб бориши кузатилган. Сизнингча, «Ал-Садд»да шундай имкониятлар борми? Мураббий сифатида жамоангизнинг кучли жиҳатлари сифатида нималарни эътироф этасиз?

- «Ал-Садд» - тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштирган жамоа. Ҳозирги таркибдан Қатар футболининг энг сара авлоди вакиллари жой олишган: 8 ёки 10 нафар футболчимиз миллий жамоа сафида ўйнайди - Акрам Афиф, Саад ал Шиб, Ҳассан ал Ҳайдос, Тариқ Салмон, Буалим Кукҳий...

Қўшимчасига, Габидек тажрибали сардоримиз бор, яна 2 нафар корея­лик легионерлар ҳам ишончли тўп суради. Бағдод Бунеджаҳ эса Африка Миллатлар кубогининг амалдаги чемпиони ҳисобланади.

- 4 йилдан буён Қатарда яшаяпсиз. Айтингчи, мамлакат ва терма жамоанинг ЖЧ-2022га тайёргарлик даражаси қандай?

- Ҳа, охирги 4 йил давомида «Ал-Садд» сафида тўп сурдим. Шунинг баробарида Қатар футболи мутасаддилари ва академиялар вакиллари билан доимий алоқада бўлиб, қўлимдан келганича ёрдам бердим. Мамлакат терма жамоасига Феликс Санчесдек малакали мутахассис устозлик қилмоқда. Оила аъзоларим ҳам шу ерда бахтиёр  ҳаёт кечиришмоқда - шароитлар аъло. Асосийси, қатарликлар жуда меҳмондўст халқ. Бўлажак ЖЧга эътибор ҳам ўта юқори. Мана, терма жамоа Осиё кубоги-2019да ғолиб чиқди, Америка кубогида чакки қатнашмади. Бунёдкорлик борасида ҳам барчаси рисоладагидек. Мақсад - буюк мундиалга мезбонлик қилиш. Дунёда муҳташам стадионлар кўп, аммо Қатарга ташриф буюрган мухлислар ҳайратдан ёқа ушлашлари аниқ!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz