Қайднома

Қидирув

Оралиқ марра остонасидаги драмалар

Оралиқ марра остонасидаги драмалар

  20.12.2019 21:07
  0
  379
Оралиқ марра остонасидаги драмалар

Биринчи давра интиҳоси арафасида топ-чемпионатлардаги беллашувлар шиддати тобора кўтарилиб бормоқда, сўнгги дақиқалар чинакам ҳаёт-мамот жангига айланмоқда. Ортда қолган навбатдаги тур натижалари фикримизни яққол исботлайди.

Англия. Юргендан навбатдаги «юрак ўйноғи»

АПЛнинг 17-тур баҳсларини бошлаб берган «Ливерпул»дан йирик ҳисобдаги ғалабани кутишганди. Бироқ турнир жадвалининг қарама-қарши қутбидан жой олган «Уотфорд» «Энфилд»га шунчаки сайр учун келмагани илк дақиқалардан маълум бўлди. Табиийки, майдон эгалари учрашувни фаоллик билан бошлашди. Лекин яраланган шер мақомидаги меҳмонлар ҳам бўш келмадилар ва омадни Алиссон дарвозаси олдидан қидиришга интилдилар. Оқибатда томонлар кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Бироқ сўнгги чизиқ вакилларининг ишончли ҳаракатлари ҳисобнинг очилишига имкон бермади. Ниҳоят, танаффусга саноқли дақиқалар қолган паллада Муҳаммад Салоҳнинг аниқ зарбаси мезбонларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда ўйин суръати янада ошди, мезбонлар ғалабани мустаҳкамлаш, рақиблари эса мувозанатни тиклашга ҳаракат қилишди. Аммо кимгадир енгил тин олиш имконини берувчи, кимнидир тақдирга тан беришга мажбур этадиган 2-голни мухлислар узоқ кутишди. Мисрлик мерганнинг 90-дақиқадаги голи масалани ҳал қилди - 2:0. Шу тариқа Юрген Клопп жамоаси ажойиб ғалаба ва валидолбоп лаҳзаларни ўз мухлисларига ҳадя этди.

Турнир жадвалининг етакчи ва охирги 2 ўринларини банд этган жамоалар баҳсида аутсайдернинг аламзада шер эканлиги исботланди: «Лестер» - «Норвич» қарама-қаршилигида жанговар (1:1) дуранг қайд этилди. Ҳа, не-не номдор рақибларни маҳв этган «тулкилар» қимматли 2 очкодан маҳрум бўлишди. Боз устига, тўпурарлар етакчиси Жейми Варди майдонни голсиз тарк этди. Умуман, Крулнинг автоголи эвазига мезбонлар мағлубиятдан қутулиб қолишди.

4-поғонада бораётган «Челси» кутилмаганда «Борнмут»га имкониятни бой берди - 0:1. Натижада Лэмпард шогирдлари «Манчестер Сити»га бироз олислаб кетиш имконини совға қилишди.

«Тоттенхэм» эса Моуриньо раҳбарлигида Вулверхэмп­тон сафаридан 2:1 ҳисобидаги муҳим ғалаба билан қайт­ди ва 5-ўринга кўтарилди.

Ниҳоят, турнинг марказий беллашувида Фредди Юнг­бергнинг «Арсенал»и Лондонда амалдаги чемпионга қаршилик кўрсата олмади. Кевин де Брюйненинг тезкор (2) ва олис масофадан йўллаган аниқ зарбаси (40) ҳамда Стерлингнинг голидан кейин мезбонлар ўзларига кела олмадилар. Ҳатто танаффус ҳам уларга ёрдам бермади - 0:3. Иккинчи бўлим ҳам Гвардиола шогирдларининг назорати остида ўтди.

Аввалги турда Манчестер дербисини азалий рақиб майдонида ўз фойдасига ҳал қила олган «МЮ» «Олд Траффорд»да «Эвертон»ни енга олмади - 1:1. Шунингдек, «Брайтон» билан ўз уйида битимга имзо чеккан (1:1) «Кристал Пэлас» «Вулверхэмптон»ни қувиб ўтиш имкониятини йўққа чиқарди. Лекин «Арсенал» билан ўрин алмашди.

Испания. Куртуа - «Реал» халоскори

Тақвим ҳукмига кўра, мусобақада пешқадамлик қилаётган дуэт вакилларидан бири Ла Лига ҳисобот турини бошлаб берган бўлса, иккинчиси охирги беллашувда майдонга тушди. Таажжубки, 10 учрашувнинг 6тасида кучлар тенг келди. Жумладан, «Барселона» сафарда «Реал Сосьедад» билан дурангга имзо чекишга мажбур бўлди. Месси майдонни голсиз тарк этди.

«Реал» эса аслида кучли, лекин барқарорликка эриша олмаётган «Валенсия» майдонидан қуруқ қайтишга яқин турганди. Муросасиз баҳснинг 78-дақиқасида Солер мезбонларни олдинга олиб чиққанди. Қўшимча вақт поёнига етиб қолганида ҳам ҳисоб ўзгармаганди. Бироқ меҳмонлар сўнгги сонияларда бурчак тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишгач, Тибо Куртуа ҳам рақиб жарима майдончасига йўл олди. Буни қарангки, бурчакдан узатилган тўпга жарима майдончасининг қироли дейиладиган Рамос ёки ҳужумнинг ҳадисини олган бошқа футболчи эмас, айнан Тибо биринчи бўлиб етиб келди ва боши билан зарба йўллади. Доменек тўпни қайтарди, аммо Бенземанинг зарбаси қаршисида ожиз қолди - қўшимча вақтнинг сўнгги сонияларидаги драматик якун.

Етакчиларни таъқиб қилаётган «Севилья» кутилмаганда «Вильярреал»дан ўз майдонида мағлубиятга учради - 1:2. Мазкур омадсизлик оқибатида жамоа етакчиларга яқинлашиш имкониятидан фойдалана олмади. Боз устига, «Хетафе» ва «Атлетико»га етиб олиш имконини совға қилди.

Бу икки жамоа ўз майдонларида бир хил ҳисоб билан (2:0) мос равишда «Вальядолид» ва «Осасуна»дан устун келишди.

Германия. Пешқадам ўзгарди

15-тур натижалари Бундеслига турнир жадвалига сезиларли ўзгаришларни киритди. «Альянц Арена»да «Вердер»га қарши баҳсга киришган «Бавария» йирик (6:1) ҳисобдаги ғалаба билан ўз мухлисларини хушнуд этди. Тўғри, учрашув меҳмонларнинг фаоллиги билан бошланиб, улар 24-дақиқада ҳисобни очишганди. Мезбонлар эса аксинча, ўз ўйинларини топишга анча қийналишди. Фақат танаффусга чиқиш арафасида Коутиньо ҳисобни тенглаштирди. Тўхталишлар учун қўшиб берилган вақтда Левандовски ўз жамоасини олдинга олиб чиқди. 2-бўлимда ташаббус мезбонлар томонига ўтиб, якунда Коутиньо «хет-трик», Левагол эса «дубль» муаллифларига айланишди. Шунингдек, Мюллер ҳам ўз номини таблога ёздиришга улгурди.

Майнцга ташриф буюрган «Боруссия» Д. бу турда ҳам йирик (4:0) ғалабани расмийлаштирди. Голларни Ройс, Санчо, Азар ва Шульцлар амалга оширдилар.

2-ўринни эгаллаб турган «РБ Лейпциг» Дюссельдорф­да «Фортуна»ни йирик (3:0) ҳисобда маҳв этиб, очколарини 33тага етказиб олди ва пешқадамнинг Вольфсбург­даги ўйинини кута бошлади. «Боруссия» М. эса сафардан аламли мағлубият (1:2) билан қайтишга мажбур бўлди. Аслида жамоа «бўрилар»нинг голига тезда жавоб қайтарган, танаффусдан кейин кўплаб имкониятларга эга бўлганди. Бироқ ўша оқшом омад «Вольфсбург»га кулиб боқди - қўшимча вақтда Арнольд мезбонларга 3 очко келтирувчи ва «Лейпциг»ни етакчига айлантирувчи голни амалга оширди.

Гельзенкирхенда «Айнтрахт»ни ягона гол эвазига доғда қолдирган «Шальке» 4-поғонадан жой олди.

Франция. «Ренн» тўртликдан кетмоқчи эмас

Лига 1нинг навбатдаги туридан сўнг етакчи квартет ўзгаришсиз қолди. Лекин «Марсель» «Мец» майдонида дурангга (1:1) имзо чекиб, «ПСЖ»нинг янада илгарилаб кетишига имкон яратди. Аслида, учрашув мезбонлар фойдасига ҳал бўлиши мумкин эди. Бироқ улар пенальтидан унумли фойдалана олмадилар.

«Лилль» - «Монпелье» баҳсида ҳам пенальти самара бермаган бўлсада, мезбонлар ғалабани сақлаб қолишди ва «Марсел»га яқинлашишди. Сўнгги йиллар гегемони бўлмиш «ПСЖ» бу гал Сент-Этьендан йирик (4:0) ғалаба билан қайтди. Учрашувда «дубл»га эришган Мбаппе ниҳоят тўпурарларнинг етакчи учлигидан жой олди.

Қизиғи шундаки, бир йўла 4 учрашувда меҳмонлар майдон эгаларидан бир хил - 1:0 ҳисобида устун келишди. Натижада «Лион»ни енгган «Ренн» ўз ўрнини сақлаб қолди, «Нант» ва «Реймс» эса «Бордо»ни қувиб ўтишди.

Италия. Ҳаяжонли қўшимча вақтлар

«А» сериянинг 16-тури сўнгги дақиқалардаги сермаҳсуллиги билан ёдда қоладиган бўлди. Бундай ҳаракатлар шанба оқшомидан душанбагача давом этди. Неаполга ташриф буюрган «Парма» «Наполи»дан мазмунлироқ тўп сурди ва охир-оқибат меҳнатига яраша мукофотланди. Ўйиндаги ҳисоб ҳам меҳмонларнинг тезкор голи билан очилди. Мезбонлар эса бир соатли уринишдан сўнг мувозанатни тикладилар. Қолган дақиқаларда томонларнинг олдинга чиқиб олиш йўлидаги барча уринишлари зое кетди. Лекин қўшимча вақтнинг 3-дақиқасида пармаликлар томонидан уюштирилган тезкор қарши ҳужум Жервиньонинг аниқ зарбаси эвазига 3 очко келтирувчи голга айланди.

Туринда бўлиб ўтган «Ювентус» - «Удинезе» беллашувида майдон эгалари дастлабки бўлимдаёқ масалани узил-кесил ҳал қилишди - Роналдунинг «дубл»и ва Бонуччининг голидан кейин чемпион 3:0 ҳисобида олдинга ўтиб олди.

Иккинчи бўлимда эса мезбонлар анча хотиржам тўп суришди ва асосий вақт ниҳоясига етганидан кейин меҳмонлардан жавоб тўпини қабул қилиб олишди.

Флоренцияга пешқадам мақомида йўл олган «Интер» учун сўнгги дақиқалардаги хотиржамлик қимматга тушди. Конте шогирдлари 8-дақиқада ҳисобни очишганди. Ўйиннинг қолган қисмида устунлик сақланиб турди. Бироқ иккинчи бўлимда майдонга тушган Влахович қўшимча вақт якунига яқинлашган паллада Хандановични доғда қолдиришга эришди - 1:1. Тўғри, мағлубият эмас, аммо бой берилган 2 очко якунда олтин баҳосига кўтарилиши мумкин.

Ўта ноёб саҳна кўриниши Кальярида «Лацио» томонидан ижро этилди. Бу турга қадар 4-ўринни банд этган мезбонлар ўйиннинг асосий вақтини 1:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилишди. Аммо римликлар 90 дақиқа ичида уддалай олмаган ишни қўшимча вақтда амалга оширишди - майдон эгалари дарвозаси 2 бор ишғол этилди!

Мазкур ғалабадан кейин «Лацио» ўз мавқеини сақлаб қолди, «Кальяри» эса «Рома»ни олдинга ўтказиб юборди. «Олимпико»даги баҳсда «бўрилар» аввал ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Лекин танаффусдан ке­йин СПАЛ битта голига 3та жавоб тўпини қабул қилиб олди - 3:1.

Сафарда «Шахтёр» устидан эришилган йирик (3:0) ғалаба эвазига ўз тарихида илк бор ЕЧЛ «плей-офф» босқичига чиққан «Аталанта» Болоньяга фақат 3 очко илинжида йўл олгани аниқ. Бироқ ўртамиёналар сафида бораётган мезбонлар рақибни пухта тайёргарлик билан кутиб олдилар ва ҳақли зафарни (2:1) расмийлаштирдилар.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz