Қайднома

Қидирув

Ҳаммаси йога туфайлими?

Ҳаммаси йога туфайлими?

  21.12.2019 05:00
  0
  393
Ҳаммаси йога туфайлими?

Хоакин Санчес 38 ёшида «Бетис» асосий таркибида ўйнамоқда ва яқинда ярим бўлимда «хет-трик» расмийлаштирди. Унинг сири йога, тўғри ухлаш тартиби ва оддий сувда. Испания Ла Лигаси 16-тур. «Бетис» - «Атлетик» ўйини. 20-дақиқа. Ҳисоб 3:0 - мезбонлар фойдасига. 3та гол муаллифи ҳам 38 ёшли Хоакин Санчес! Тиниб-тинчимас фахрий ярим ҳимоячи бу йил профессионал даражада 18-мавсумни ўтказмоқда. У Испания элит дивизионидаги ўйинлари сони бўйича кучли 5таликда бормоқда. «Атлетик»ка қарши баҳсда 533-ўйинини нишонлаган «Бетис» сиймоси ҳаттоки, Хави ва Икер Касильяс каби афсоналардан ҳам олдинда.

Хоакин жорий мавсум ҳам «Бетис» асосий таркибида ўйнашда давом этмоқда. Ла Лига 16-турига қадар атиги бир бора четда қолган ярим ҳимоячи 15та учрашувда 6та гол уриш баробарида 2та самарали узатмага муаллифлик қилди. Савол - Хоакин Санчеснинг сири нимада? Умуман, у 18 мавсум мобайнида қайси клубларда ва қандай ўйнаган? Алоҳида таъкидлаш керак, «Бетис» Хоакин учун абадий клуб саналади! Футболчи мазкур жамоа тизимига 1994 йили, 13 ёшли пайти қўшилган. Бўлажак футболчи академиянинг барча ёш тоифалари синовларидан нисбатан қисқа муддатда муваффақиятли ўтиб, бош жамоага кирди. Мавсум-2004|2005га келиб эса, Хоакин «Бетис»нинг энг яхши ўйинчиси мақомини олди. Ўшанда севильяликлар Испания кубоги соҳибига айланишганди. Маълумот учун, бу «Бетис» тарихидаги иккинчи ва охирги сов-риндир. Жамоанинг биринчи ютуғи - узоқ 1935 йили қўлга киритилган чемпионлик. Хуллас, Хоакин «Бетис»нинг узоқ кутилган соврин ютишига катта ҳисса қўшишдан ташқари, жамоани тарихда илк марта Европа Чемпионлар Лигаси сари етаклаганди. Ўша вақт Испания миллий жамоасида Хоакин билан ёнма-ён тўп сурган маэстро Хави у ҳақда оғиз кўпиртириб гапирган эди: «Ҳеч муболағасиз гапираман - агар бу йигит юқори тезлик олсами, замонавий ҳимоячилардан ҳеч бири уни қоидага хилоф ҳаракат қилмаган ҳолда тўхтатолмайди. Кўриниб турибди, Хоакин худдики, тезюрар бульдозер...».

«Бетис» Чемпионлар Лигасидаги дебют мавсумида анча қудратли «Челси»ни мағлубиятга учратиш йўлини топганди. Хусусан, Хоакин қанотда Паулу Феррейрага асло тинчлик бермаган. Севильялик йигитнинг ҳаракатидан қаттиқ таъсирланган Жозе Моуриньо эса дарҳол уни «Челси»га чорлайди. Умуман, португалиялик мутахассис бир неча трансферлар бозори давомида Санчесни сотиб олишга уринади, аммо ниятига етолмайди. Гап шундаки, Хоакин барча таклифларга қарши эди, чунки фақат ва фақат «Бетис» учун ўйнашни хоҳлаган. Мисол учун, у Моуриньога рад жавоби беришдан олдин кимсан Флорентино Перес раъйига ҳам қарши борганди. «Реал»нинг корчалон президенти ҳаттоки, Хоакинни кўндириш учун миллий жамоа кийиниш хонасига бостириб кирган, якунда ҳаттоки, дағдаға қилган экан («Агар терма жамоада ўйнашни хоҳласанг, «Реал»га розилик берасан» қабилида). Бироқ Хоакин кўнмаган, барибир.

Кейинчалик футболчи ва «Бетис» хўжайини ўртасида можаро юзага келади. Аниқроқ айтсак, клуб соҳиби пулдан қийналиб қолади ва Хоакинни зудлик билан манфаатли тарзда сотишга қарор қилади. Якунда трансфер амалга ошади - «Валенсия» ярим ҳимоячи учун нақ 25 миллион евро тўлагач, футболчи мажбуран «кўршапалаклар» сафини тўлдиради. Айтиш ўринли, 2006 йил ўлчови билан айтганда, 25 «лимон» катта маблағ эди. Хуллас, севимли клубидан айрилган Хоакин кейинчалик 5 йил давомида «Валенсия»дан ташқари, «Малага» ва «Фиорентина»да ҳам тўп сурди. Дарвоқе, Флоренцияда унинг Муҳаммад Салоҳ билан рақобатлашишига тўғри келди ва ҳаттоки, 34 ёшида мисрлик ёш иқтидордан устун келганча қанотда ўйнади.

Хоакин Италиядаги фаолиятидан кейин ниҳоят, «Бетис»га қайтиш имкониятини ҳосил қилди. Жамоа мухлислари бундан шу қадар қувонишдики, унинг расмий таништирув маросимига 19 минг киши (клуб рекорди) тўпланди. «Келажакда клуб президенти бўлишни хоҳлайман. Бу азалий орзум. Шаҳарни чин юракдан яхши кўраман, «Бетис» ва унинг мухлисларини ҳам. Ваъда бераман, агар бир кун келиб, президент лавозимини эгалласам, клубни Испаниянинг энг кучли жамоалари қаторига кўтариш йўлида бор имкониятларни ишга соламан. Буни бироз бошқача ифода этиб, ҳаётимнинг катта қисмини шу жамоага бағишлашга тайёрлигимни айтишим ҳам мумкин. Аммо ҳаммасини янада яхшироқ англатадиган бир жумладан фойдаланаман: «Бетис» - бу менинг ҳаётим», - деганди Хоакиннинг ўзи маросимда. Дарвоқе, у айни пайт «Бетис» акционерлари таркибида ҳам бор. Яъни клуб акцияларидан 3,4 фоизи айнан амалдаги футболчига тегишли.

Энди асосий савол: Хоакин ниманинг ҳисобига 38 ёшида ҳам спорт формасини талаб даражасида ушлаб турибди? «Менга ёшнинг унча аҳамияти йўқ: жамоага озгина наф келтира олар эканман, ҳаттоки, 50-60 ёшда ҳам унинг сафида ўйнашга тайёрман», - дейди фахрий тўпурар бу масалада. Аслида Хоакиннинг ҳамон яхши ҳолатда эканлиги сири оддий: у овқатланиш ва ухлаш тартиби, тикланиш жараёни, машғулотлар, қўйингки, ҳар бир жиҳатга ўта эътиборли. Дейлик, футболчи ширинликлар ҳамда хамирли таомлардан мутлақо воз кечган. Ҳаттоки, олдинроқ шундай қилмаганидан афсусланади ҳам. У айниқса, ухлаш тартибига қатъий ёндашади: «Футболга меҳрим шу қадар баландки, ундан айрилишни асло истамайман, шунинг учун ҳар куни бир вақтда ётишга ҳаракат қиламан. Эрталаб туришда ҳам шу ақидага амал қиламан. Ҳамон бор эътиборим футболга қаратилган. Афсуски, ёшлигимда кун тартибига унча риоя этмаганман. Энг асосий сирлар қаторига яна мунтазам йога билан шуғулланиш ҳамда кўп сув ичишни киритишим  мумкин». Футболчининг айтишича, йога руҳий мувозанатни назорат қилишига ёрдам беради. У бу борада жамоадошларига ҳам маълум тавсиялар беради. Улар эса Хоакинни ўзига хос руҳий қувват манбаи сифатида таърифлашади. Мана, Серхио Каналеснинг фахрий ярим ҳимоячи ҳақидаги фикрларига эътибор қаратинг: «Энг оғир машғулотлардан кейин ҳам кийиниш хонасида кулгу янграйди. Чунки бизда умумий кайфият ва ҳазил-мутойибага Хоакиннинг ўзи жавоб беради. Жамоа руҳиятини кўтариш борасида унга тенг келадигани йўқ».

«Малага» фанатлари бир сафар Хоакиннинг ўзига мурожаат қилишди: «Қизиқ, айтчи, 32 ёшингда ҳам ўсишдан тўхтамаяпсан. Бунга қандай эришяпсан?» Футболчи эса хотиржам тарзда ҳазил аралаш жавоб берди: «Биласизми, бутун ҳаётим давомида матадор бўлишни орзу қилганман. Кучли бўлиш учун эса, она сутига роса тўйганман. Шунинг учун ҳам тенгдошларим нафақа ҳақида ўйлаётган бир паллада менинг фаолиятим энди бошланмоқда».

Хоакинга дахлдор 2та факт

***  Хоакин фаолиятининг катта қисмида ярим ҳимоянинг ўнг қанотида тўп сурди. Лекин ҳамиша универсаллик хусусиятлари билан ажралиб турган. Ҳар ҳолда, бир неча позицияларда бемалол ўйнади. Ёрқин мисол: ўтган мавсум Хоакин 37 ёшида «Бетис»нинг 6та позициясида кўриниш берди. Яъни латералдан тортиб, ҳужумчигача - барча ролларни бажарди.

***  Opta таҳлил гуруҳи мавсум-2006|2007дан эътиборан алдаб ўтиш статистикасини юритмоқда. Европа футболининг охирги 13 йилдаги энг кучли 6 нафар дриблингчиси орасида Хоакин ҳам бор:

1-ўрин: Лионель Месси - 1880та уриниш, 57,2 фоизи муваффақиятли

2-ўрин: Эден Азар - 1220та уриниш, 57,1 фоизи муваффақиятли

3-ўрин: Франк Рибери - 939та уриниш, 47,9 фоизи муваффақиятли

4-ўрин: Серхио Агуэро - 832та уриниш, 46,6 фоизи муваффақиятли

5-ўрин: Криштиану Роналду - 816та уриниш, 44 фоизи муваффақиятли

6-ўрин: Хоакин Санчес - 798та уриниш, 50,9 фоизи муваффақиятли

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz