Қайднома

Қидирув

«Лилл»нинг янги кашфиёти

«Лилл»нинг янги кашфиёти

  25.12.2019 10:13
  0
  329
«Лилл»нинг янги кашфиёти

«Лилл»нинг африкалик ҳужумчиси Виктор Осимхен Франция чемпионатида мавсум кашфиёти унвонига асосий даъвогар бўлиб турибди. 20 ёшли йигитча клубдаги 18 учрашувда 9та гол ва 2та самарали узатмани амалга ошириб улгурди. Нигерия терма жамоасига эса 4 ўйинда 4та гол келтирди.

Ҳозирда Осимхен Африка футболининг янги юлдузи сифатида эътироф этилмоқда, у «қора қитъа»нинг 2019 йилдаги энг яхши ўйинчиси унвонига даъвогарлар рўйхатидан жой олган.

Викторнинг сўнгги 4 йилдаги фао­лияти: шиддатли парвоз, омадсизлик, яна парвоз.

Нигерияликларга хос болалик: очлик, улкан оила, қумда тўп тепиб юрган яланг оёқлар. Скаутлар, академияга таклиф, ёшлар жамоаси, 17 ёшгача бўлган жамоалар ўртасида жаҳон чемпионлиги, турнирнинг энг яхши футболчиси ва тўпурари (7 ўйин­да 10та гол) унвонлари.

Албатта, ёш иқтидор соҳиби бир қатор топ-клублар эътиборини тортган бўлсада, кўпроқ маблағ таклиф этган «Вольфсбург»га йўл олди. Ўша пайт оиласи ночор ҳолатда бўлган футболчи учун молиявий жиҳат муҳимроқ эди.

Бундеслигадаги дебют мавсуми Осимхен учун ўта омадсиз кечди - жароҳат туфайли атиги 45 дақиқа тўп сурди. Кейинги мавсумда яна шикаст­ланиш ва икки учрашувдаги голсиз иштирок билан кифояланиш.

2018 йилнинг ёзида Осимхен Бельгиянинг «Зюлте-Варегем» ҳамда «Брюгге» клубларида кўрикдан ўтди. Бироқ тез орада безгак касалига чалиниб, ишсиз қолди. Ниҳоят, қисқа муолажадан сўнг саломатлигини тиклаб олган ҳужумчини «Шарлеруа» ўз сафига таклиф этди ва... Осимхен илк мавсумдаёқ жамоанинг энг яхши тўп­урарига айланди: 36 учрашувда 20та гол.

2019 йилнинг ёзида ўзининг асосий юлдузлари - Леао ва Пепени сотиш орқали 100 млн.га яқин даромад олган «Лилль» 12 млн. эвазига африкалик ҳужумчини харид қилди. Сент­ябрда Осимхен Лига 1нинг энг яхши ўйинчиси совринига лойиқ топилди.

Охирги 13 йил мобайнида фақат Ибрагимович ва Неймарга Франция чемпионатида шундай муваффақиятли старт насиб этганди. Қўшимчасига, қаҳрамонимиз зарбалар сони ва сифати, хавфли вазиятларни вужудга келтириш борасида Европадаги 21 ёшгача бўлган футболчилар етакчиси. Ваҳоланки, мавсум бошланиши арафасида жамоалар таркиби билан таништирадиган инфографикага унинг суратини қўйишмаганди.

Осимхен - жарима майдончаси яқинида рақибларини қалтиратиб қўядиган даҳшатли қурол. «Лилл»нинг ҳужумкор ўйинларига кўникиб қолган мухлислар уни Николя Пепега ўхшатишади. Дарҳақиқат, ёш, олдинги чизиқда ўйнайди, африкалик, тезкор, сермаҳсул. Муштарак жиҳатлар етарли. Лекин Пепе ва Осимхен - бошқа-бошқа футболчилар.

Пепе қанотда ўйнарди, тез-тез қарши ҳужумларга отланарди, зарбаларни олис масофалардан йўлларди, тўпни рақиб дарвозаси томон юзланган ҳолатда қабул қиларди.

Осимхен - марказий ҳужумчи. Деярли ҳеч қачон олис масофадан зарба бермайди (мавсумдаги барча голларини жарима майдончаси ичида амалга оширган, ташқаридан атиги 5та зарба йўллаган). Пепе қулай вазият юзага келганида масофани инобатга олмаган ҳолда тўпни дарвозага йўллайди, Осимхен эса тўп назорати жамоасида бўлишининг тарафдори.

Кўпинча Осимхен тўпни рақиб дарвозага тескари турган ҳолатда қабул қилади. Кейин ўгирилиб, олдинга интилади ёки қулайроқ вазиятдаги шеригига тўпни узатади. Тўпни тўхтатмасдан узатиш илмини пухта ўзлаштирган.

«Лилль» бош мураббийи Кристоф Гальте ҳам Осимхен ва Пепенинг турли услубдаги ўйинчилар эканлигини таъкидлади: «Осимхен - аввало, ишончли шерик, кейин тўпурар. У тўпга тезроқ эга бўлиш учун ортга чекинишни ёқтиради, бўшлиққа интилади. Лекин жарима майдончаси ичида ҳам самарали ўйнайди. Аввалги мавсумда бизга айнан шунақа ўйин­чи етишмаганди».

Осимхен чиндан ҳам жарима майдончаси ташқарисидаги комбинацияларда катта манфаат келтиради, аммо ҳаракатлари айрим камчиликлардан холи эмас: дриблинг пайтида қўллари ортиқча ҳаракатланади, оёқ ҳаракатлари ҳам қандайдир беўхшов, худди мувозанатни йўқотаётгандек. Бу жиҳатлари Мамаду Сакони эслатади. Табиийки, мураббий ёш шогирди хусусида бироз муғомбирликка йўл қўйган бўлса, ажабмас. Энг яхши сифатларини Осимхен жарима майдончасида намойиш этади. Позицион ҳужумлар чоғида қаерда «очилиш»ни пухта ўзлаштирган, керакли паллада таъқибчилардан фориғ бўлиб, керакли нуқтага етиб боради. Бундан ташқари, жисмонан бақувват эканлиги ҳимоя чизиғини ортиқча қийинчиликсиз босиб ўтиш имконини беради.

«Шарлеруа» дарвозабони Николас Пеннето нигериялик собиқ жамоадоши хусусида шундай фикр билдирди: «Уни Дидье Дрогбага ўхшатаман. Жамоада бир мавсум ҳамкорлик қилган бўлсакда, мени у ҳақда ўйлашга мажбур этмоқда. Виктор рақиб жарима майдончасида истаган ишини амалга ошира олади. У ўта кучли ҳужумчи».

Осимхен ва Пепени боғлаб турувчи ягона ўхшашлик - юқори тезлик.

Тўғри, африкалик ёш футболчиларга хос бўлган тактик саводсизлик Осимхенга ҳам тааллуқли. Устози уни мақташни ўрнига қўйди-ю, лекин камчиликлари хусусида оғиз очмай қўя қолди. Хуллас, навбат қаҳрамонимизнинг салбий жиҳатларига:

1. Рақиб жамоа дарвозаси томон ҳаракатланганда Осимхен бошини кўтармайди, асосан тўпга қарайди. Шу сабабли тезкор қарши ҳужумлар вақтида тўп билан олға интилганда, кўпинча тўпни йўқотиб қўяди ёки бевақт, ноқулай узатмаларни амалга оширади;

2. Тўп билан беўхшов ҳаракатланади - Лига 1даги ўртамиёна ҳимоячиларни осонликча ортда қолдиради. Лекин халқаро аренада («Валенсия», «Челси», «Аякс») унинг алдамчи ҳаракатлари самара бермайди ва осонликча барбод бўлади;

3. Худди Пепе сингари прессингда самарали иштирок этолмайди. Баъзан жамоадошлари тайёр бўлмаган вазиятда рақиб ҳимоячилари билан баҳсга киришади, шиддат билан курашиш талаб этилган паллада эса тўхтаб қолади.

Эҳтимол, ҳужумчидаги мавжуд камчиликларга «Лилль» тизими сабаб бўлиши ҳам мумкин. Дарвоқе, Осимхен РПЛда тўп суришга яқин турганди. 2015 йилдаги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг россиялик агент Алексей Сафонов ҳужумчи ЦСКАда самарали тўп суриши мумкинлигини айтганди. 2019 йилда Осимхенни «армиячилар» сафига таклиф қилишгани ҳақида гап-сўзлар бўлди. Бироқ клуб бир тўхтамга келишни чўзиб юборди, «Лилль» эса вақтни бой бермади.

Интервьюларининг бирида футболчи келажакда Испания чемпионатида тўп суриш истагини изҳор этганди: «Болалигимда Ла Лига мухлиси эдим. Бу қизиқиш ҳозир ҳам сўнган эмас».

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz