Қайднома

Қидирув

Келинг медалларни санаймиз!

Келинг медалларни санаймиз!

  27.12.2019 03:55
  0
  380
Келинг медалларни санаймиз!

Яхшими-ёмон, Суперлига-2019 ҳам Ўзбекистон чемпионати тарихига айланди. Бугун миллий биринчилигимизнинг барча мавсумлари медаллари жамоалар ўртасида қандай тақсимлангани ҳақидаги яхлит статистик маълумотларни яна бир бора келтиришни лозим топдик. Чунончи, пойтахтнинг 3та клуби - «Пахтакор», «Локомотив» ва «Бунёдкор» ҳисобидаги медаллар олдига яна 1тадан қўшилди. Хўш, шу билан 28та мавсумнинг умумий ҳосиласи қандай кўринишга келди?

АТИГИ 7та ЧЕМПИОН

28та мавсумда 29та олтин медаль. Бунинг боиси шуки, илк чемпионат финишида «Пахтакор» ва «Нефт­чи» ҳисобидаги очколар миқдори тенг бўлиб қолгач, футболимизнинг ўша вақтдаги раҳбарияти қарорига кўра, ҳар икки клубга олтин медаль тақдим қилинган.Ҳозирда «олтин» йиғиш бўйича амалдаги чемпион «Пахтакор» барчадан анча олдинда. «Шерлар» ҳозиргача 28та мавсумнинг нақ 12тасида 1-ўринни банд этишган. Миллий чемпионатимизнинг дастлабки даврлари мутлақ «гегемони» «Нефтчи» ва охирги йилларда катта саҳнага чиққан «Бунёдкор» ҳисобида 5тадан олий пробали медаль бор.

* * * Чемпионатимиз тарихида атиги 7та жамоага олтин медаль ютиш насиб этган, холос. Булар: «Пахтакор» - 12 марта, «Нефтчи» - 5 марта, «Бунёдкор» - 5 марта, «Локомотив» - 3 марта, «Дўстлик» - 2 марта, «Навбаҳор» - 1 марта, МҲСК - 1 марта.

* * * Энг узун чемпионлик серияси «Пахтакор»га тегишли. Пойтахтликлар 2002-2007 йиллар оралиғида тахт­дан тушмай, қаторасига 6 марта чемпионлик нашидасини суришган. «Нефтчи» ва «Бунёдкор» эса кетма-кет 4 марта «олтин» ютгани билан мақтаниши мумкин. «Локомотив»нинг чемпионлик юриши эса 3та мавсумдан иборат бўлди. Шунингдек, йўқлик сари юз тутган «Дўстлик» ҳам ўз ҳисобидаги 2та олтин медални кетма-кет равишда қўлга қиритган. Умуман, биринчилигимиз тарихида 6 марта чемпионлик серияси кузатилган бўлиб, «Пахтакор»га бундай юриш 2 бора насиб этган.

* * * Ўртача ҳисобда айтсак, Ўзбекистон миллий биринчилигида ҳар 4 мавсумга 1та чемпион тўғри келмоқда.

* * * 1995-1999 йиллар оралиғидаги 5та мавсум алоҳида аҳамият касб этади. Диққат қилинг, ана шу даврда чемпион жамоа ҳар йили ўзгарган. Яъни ғолиб ўз унвонини ҳимоя қилолмаган.

* * * 29та олтин медалнинг нақ 21таси Тошкент жамоаларига тегишли. Бу жами «олтин»ларнинг деярли 72,5 фоизига тенг.

* * * 2002 йилдан буён олтин медаль Тошкент клубларидан ортаётгани йўқ. Бошқача айтганда, 18 мавсумки, пойтахтнинг 3та клуби - «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» галма-гал чемпионлик рутбасига эришмоқда. «Олтин» охирги марта нақ 19 мавсум олдин пойтахтдан четга чиққанди - Фарғонага. Ўшанда шоҳсупага «Нефтчи» кўтарилган эди.

 

«КУМУШ» БИТТА ОЗ

1-чемпионатда 2та клубга «олтин» берилгани ҳисобига иккинчи даражали медаль эгасиз қолган. Шунинг учун «кумуш»лар сони 28та эмас, 27та. Элит лигамизда 2-ўринни банд этиш бобида «Нефтчи» яққол ажралиб турибди. Фарғоналиклар ҳисобида нақ 9та кумушранг медаль бор. «Пахтакор» эса 6та иккинчи пробали медалга эга ва бу борада «шерлар» «Локомотив» олдиндалар.

* * * Кумуш медаль ютган клублар сони «олтин» эгалариникидан кўпроқ - 8та. Булар - «Нефтчи» - 9 марта, «Пахтакор» - 6 марта, «Локомотив» - 4 марта, «Бунёдкор» - 3 марта, «Насаф» - 2 марта, МҲСК - 1 марта, «Машъал» - 1 марта, «Нурафшон» («Бухоро») - 1 марта.    

* * * 2-ўринни банд этиш бобида энг узун серия «Нефтчи» томонидан қайд этилган. Фарғоналиклар Юрий Саркисян бошқарувида 1996-2000 йиллар оралиғида кетма-кет 5 марта финишга 2-бўлиб етиб келишган. «Нефтчи» кейинчалик яна бир бора қаторасига 3 марта «кумуш» олган. «Пахтакор» ва «Локомотив»нинг кумушранг жилога кириш бобидаги серияси ҳам 3 мавсумга тенг.

* * * Кумуш медалларнинг умумий ҳисоб-китоби бўйича ҳам пойтахт вакиллари қолган ҳудудлар жамоаларидан бироз олдинда. Яъни 27та медалдан 14таси Тошкентда қолган.

* * * 2004-2008 ва 2015-2019 йиллар оралиғида кумуш медаль соҳиби ҳар мавсум алмашган. Тўғри, бу орада 5тадан эмас, 4тадан жамоа 2-ўринга жойлашган. Яъни биринчи даврда «Нефтчи», кейингисида эса «Локомотив» 2 марта «кумуш» соҳибига айланган. Шунинг­дек, дастлабки 4та мавсумда кумуш жамоа мунтазам ўзгарганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.

 

«НАСАФ» ВА «НАВБАҲОР» РАҚОБАТИ

3-ўрин масаласида «Насаф» ва «Навбаҳор» ўртасида ўзгача рақобат юзага келган. Диққат қилинг, жами 28та бронза медалидан 19та (!)си айнан Қарши ва Наманган жамоалари мулкига айланган. Шундай бўлсада, «бронза» соҳиблари сони «олтин» ва «кумуш» эгалариникидан кўпроқ - 9та. Гап шундаки, «Насаф» ва «Навбаҳор» 3-ўринни эгалламаган мавсумларда фақат «Пахтакор» 2 марта «бронза»га эга бўлган. Хуллас, 6та жамоа мавсумни 1 мартадан 3-ўринда якунлаган.

* * * 28та бронза медалининг барча эгалари: «Насаф» - 10 марта, «Навбаҳор» - 9 марта, «Пахтакор» - 2 марта, «Нефтчи» - 1 марта, «Локомотив» - 1 марта, «Бунёдкор» - 1 марта, МҲСК - 1 марта, «Машъал» - 1 марта, «Сўғдиёна» - 1 марта, «Қизилқум» - 1 марта.

* * * Бронза медалига эга чиқиш бобида энг узун серия атиги 4 мавсумга чўзилган: «Насаф» 2013-2016 йиллар оралиғида 3-ўринни бегона қилмаган. Қаршиликлар қолган 6та «бронза»ни 3та уринишда қўлга киритишган. Яъни «Насаф» 3 бора кетма-кет 2 мавсум давомида чемпионатнинг 3-жамоаси бўлган.

* * * «Навбаҳор»нинг бронзага йўғрилган серияси эса 2 марта 3та мавсум, яна бир борада 2 мавсумга чўзилган. Наманганликлар ўтган йили нақ 18 йиллик совринсизликдан кейин яна 3-даражали медаль ютишганини алоҳида айтиш керак.

* * * Вилоятлар жамоалари айнан бронза медали сони бўйича пойтахтликлардан олдинда. Қолаверса, бу борада ўртада катта фарқ бор: 28та «бронза»нинг атиги 5таси пойтахтда қолган, холос. 

* * *Чемпионатимиз тарихида 3 марта қаторасига 4 мавсум бронза медали эгаси ўзгарган. Хусусан, охирги 4 йилдан буён «бронза» қўлма-қўл бўлмоқда.

 

 

Ўзбекистон чемпионатининг барча совриндорлари

Йил    Иштирокчилар сони       Чемпион                      2-ўрин соҳиби                   3-ўрин соҳиби

 

1992                17та                     «Пахтакор»             -                                           «Сўғдиёна» (Жиззах)                                        «Нефтчи»

1993                16та                     «Нефтчи»                «Пахтакор»                          «Навбаҳор»

1994                16та                     «Нефтчи»                «Нурафшон» («Бухоро»)     «Навбаҳор»

1995                16та                     «Нефтчи»                МҲСК                                   «Навбаҳор»

1996                16та                     «Навбаҳор»             «Нефтчи»                             МҲСК

1997                18та                     МҲСК                      «Нефтчи»                             «Навбаҳор»

1998                16та                     «Пахтакор»             «Нефтчи»                             «Навбаҳор»

1999                16та                     «Дўстлик»               «Нефтчи»                             «Навбаҳор»      

2000                20та                     «Дўстлик»               «Нефтчи»                             «Насаф»           

2001                18та                     «Нефтчи»                «Пахтакор»                          «Насаф»           

2002                16та                     «Пахтакор»             «Нефтчи»                             «Қизилқум»       

2003                16та                     «Пахтакор»             «Нефтчи»                             «Навбаҳор»      

2004                14та                     «Пахтакор»             «Нефтчи»                             «Навбаҳор»      

2005                14та                     «Пахтакор»             «Машъал»                            «Насаф»           

2006                16та                     «Пахтакор»             «Нефтчи»                             «Насаф»           

2007                16та                     «Пахтакор»             «Қурувчи» («Бунёдкор»)      «Машъал»         

2008                16та                     «Бунёдкор»             «Пахтакор»                          «Нефтчи»          

2009                16та                     «Бунёдкор»             «Пахтакор»                          «Насаф»           

2010                14та                     «Бунёдкор»             «Пахтакор»                          «Насаф»           

2011                14та                     «Бунёдкор»             «Насаф»                              «Пахтакор»       

2012                14та                     «Пахтакор»             «Бунёдкор»                         «Локомотив»    

2013                14та                     «Бунёдкор»             «Локомотив»                       «Насаф»           

2014                14та                     «Пахтакор»             «Локомотив»                       «Насаф»           

2015                16та                     «Пахтакор»             «Локомотив»                       «Насаф»           

2016                16та                     «Локомотив»           «Бунёдкор»                         «Насаф»           

2017                16та                     «Локомотив»           «Насаф»                              «Пахтакор»       

2018                12та                     «Локомотив»           «Пахтакор»                          «Навбаҳор»      

2019                14та                     «Пахтакор»            «Локомотив»                      «Бунёдкор»      

 

 

УМУМИЙ ҲИСОБ-КИТОБ

Чемпионатимиз тарихида жами 84та медаль ўйналган бўлса, улардан энг кўпи табиийки, «Пахтакор»га насиб этган - 20таси. «Нефтчи»нинг умумий жамғармаси ҳам чакки эмас - жами 15та медаль. Фақат шуниси борки, Фарғона жамоаси ўз коллекциясини асосан «кумуш» эвазига бойитган. Умуман, 84та медаль атиги 10та жамоа ўртасида тақсимланган.

* * * 5та жамоа 3та турдаги медалга ҳам эга. Булар - «Пахтакор», «Нефтчи», «Бунёдкор», «Локомотив» ва МҲСК.

* * * Йўқолиб кетган «Дўстлик» 2та чемпионлик ёнига бошқа медаль қўшолмагани билан ҳам ажралиб туради.

* * * Жами 10та медаль ютган «Навбаҳор»да бирорта «кумуш» йўқ.

* * * 2012 йилдан буён чемпионатимизда янги сов­риндорни кўрмаяпмиз. Ўша мавсум «Локомотив» кучли учликка кирган ҳисоб бўйича 10-жамоа бўлганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz