Қайднома

Қидирув

Омид Нурафкан: «Мақсадимиз катта, орзуимиз буюк»

Омид Нурафкан: «Мақсадимиз катта, орзуимиз буюк»

  29.12.2019 05:50
  0
  374
Омид Нурафкан: «Мақсадимиз катта, орзуимиз буюк»

Табиийки, Эрон олимпия термаси (U-23) ҳам 8 январь куни Таиландда бошланадиган Осиё чемпионатига катта умид боғламоқда. Жумладан, жамоа ярим ҳимоячиси Омид Нурафкан бўлажак мусобақа стартини зўр иштиёқ ва интиқлик билан кутмоқда. Тушунарлики, Любинко Друлович бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси билан битта гуруҳда баҳс олиб борадиган форслар олдига ҳам Таиланд-2020да кучли учликка кириб, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Эронликлар март ойида бўлиб ўтган навбатдаги Осиё чемпионати саралашида Ироқ, Туркманистон ва Яман олимпиячиларига қарши ўйнаб, гуруҳда 2-ўринни эгаллашди. Қисқаси, улар саралаш гуруҳларида иккинчи бўлганлар орасида нисбатан яхшироқ кўрсаткич қайд этишгани эвазига Олимпиада ўйинларига йўл очадиган қитъа чемпионатига йўл олишди. Энди эса Нурафкан Токио йўлланмасини ютишларидан умидвор. Дарвоқе, Эрон U-23 терма жамоаси бундан 4 йил олдин Қатар мезбонлик қилган Осиё чемпионатида олимпия ўйинларига чипта олишга жуда яқин келганди. Ўшанда форслар мақсадга бир қадам қолганида, яъни чорак финалда Япония термасига ютқазиб қўйишганди. Кейинги авлод вакиллари U-23 тоифасидаги ОЧ-2018ни ўтказиб юборишди. Мана, форслар турнирга қайтишди ва энди Токио-2020га йўл очмоқчилар.

 

- Олдимизга қўйилган асосий вазифа - Олимпиада турнири йўлланмасини қўлга киритиш. Бошқа мақсадимиз йўқ. Бинобарин, жаҳон спортининг ҳар 4 йилликдаги бош мусобақасида иштирок этиш барчамиз учун ниҳоятда муҳим. Бу нафақат ўзимиз, балки бутун Эрон футболига катта имконият эканлигини жуда яхши биламиз, - дейди Нурафкан. Маълумот учун, трансфер ҳуқуқи бўйича Эрон лигаси етакчиларидан бири «Сепаҳон»га тегишли бўлган бу футболчи айни пайт Бельгиянинг «Шарлеруа» клубида ижара асосида тўп сурмоқда. Еврофутбол ҳавосидан баҳра олаётган Омид Таиланд-2020 гуруҳ босқичи доирасидаги биринчи ўйин ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидламоқда. Эътиборли, томони, форслар 1-турда айнан бизнинг жамоага қарши саф тортишади: «Олимпиада томон катта қадам ташлашни ўйлар эканмиз, чемпионатни яхши бошлашимиз шарт. Демоқчиманки, биз учун биринчи ўйин аҳамияти жуда катта. Боз устига, унда анча кучли рақиб - Ўзбекистон термаси билан куч синашмиз. Умуман олганда, ҳар қандай йирик турнирда биринчи учрашув муҳим саналади. Буни яхши тушуниб турибмиз, йигитлар билан барчасини муҳокама ҳам қилдик. Умуман, ҳаммамиз чемпионатни сабрсизлик билан кутяпмиз. Эрон олимпия жамоасининг мақсади катта, орзуси буюк. Ишонаманки, йигитларимиз мамлакат қаҳрамонларига айланиш учун бор имкониятларни ишга солишади».

Эронликлар гуруҳ босқичида Ўзбекистон термасидан ташқари, кореялик ва хитойлик олимпиячилар билан ўйнашади. Айтиш жоиз, Эрон футболи охирги йилларда анча юксалди ва мамлакат миллий жамоаси Осиёда етакчи ўринларга чиқди. Аммо олимпия жамоасига нисбатан бундай таъриф ишлатиб бўлмайди. Зеро, форслар 2016 йили қитъа биринчилиги чорак финалида омадсизликка учрашгач, маълум вақт сояга ўтишди. Умуман, ОЧ-2018даги чорак финал Эрон олимпия термаси учун мазкур тоифадаги чемпионатда қайд этилган энг юқори натижадир. Нурафканнинг ишонтириб айтишича, Таиланд-2020 бу борадаги қарашларни ўзгартириш учун зўр имконият. Унинг фикрича, ҳозирги Эрон U-23 термаси худди миллий жамоа каби Осиё грандларига жиддий қаршилик кўрсатиш ва ҳаттоки, бош соврин учун курашишга қодир: «Эрон футболи ҳеч қачон иқтидорлар камлигидан азият чекмаган. Бизда ҳамиша истеъдодлар топилади. Чунки футбол инфратузилмаси чакки эмас, малакали мураббийлар бор. Жумладан, клубларда ёшларга имконият берилмоқда. Шунинг натижасида U-23 жа­моасига номзодлар сафи кенгаймоқда. Энг муҳими, футболимизда тартиб-интизом ва ташкилотчилик ишлари ҳам яхши. Ишончим комил, агар Таиландда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, ўз ўйинимизни кўрсата олсак, дуч келган рақибни енгишимиз мумкин. Умуман, ҳозирги жамоада муваффақият қозониш учун ҳаммаси мужассамлашган ва буни ҳар бир ўйинда ғалаба учун ўйнаш асносида исботламоқчимиз. Ҳа, тан оламан, Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Хитой термалари анойи рақиблардан эмас. Ҳар бири жиддий, ўзига яраша кучли томонлари бор. Мисол учун, Ўзбекистон термаси қарши ҳужумда ўта хавфли. Умуман, бу жамоа савияли ҳужумчиларга эга. Жанубий Корея ва Хитой жамоалари эса тезкор футболга мослашган. Ўйлайманки, рақибларимиз ҳам Эрон термасининг кучли жиҳатларини яхши билишади».

Нурафкан ҳозирда жуда яхши спорт формасида. 2018 йили «Сепаҳон»дан ўзи таҳсил олган жонажон клуби - «Шарлеруа»га йўл олгани фақат ва фақат фойдасига ишламоқда. 22 ёшли Омид - Эрон U-23 жамоасига Европадан таклиф этилган футболчи. Аниқроқ айтсак, ёшлигидаёқ «кўҳна қитъа»га юзланган иқдидорли форс­лардан бири саналади. Асосийси, ўзга мамлакатларда яшаб, ўйнаётган футболчилар мамлакат спорти обрўсини кўтариш учун ягона куч бўлишга тайёрлар. «Мана, Бельгия лигасидаги бир қатор ўйинларда қатнашиб, яхшигина кўникма олдим. Жамоамиз сафида яна «Фенербахче» вакили Аллоҳёр Сайёдманеш, Хорватияда тўп сураётган Меҳди Меҳдихани ва клубдошим Юнус Делфи ҳам бор. Яқин ўтмишга қарасак, Сардор Азмун, Меҳди Тареми, Алиризо Жаҳонбахш ва Каве Ризои каби футболчилар ёшлар миқёсида чакки ўйнашмаган. Ўйлайманки, улар изидан боришимиз керак. Ҳозир биринчи жиддий синов арафасида турибмиз - U-23 чемпионати ва Олимпиада. Агар дастлабки миссияларни сифатли бажара олсак, ўйлайманки, келажак учун йўл кенгроқ очилади. Муҳими, бизда ишонч бор, чин жамоа бор. Бир сўз билан айтганда, Таиланд-2020 турнирига тайёрмиз», - дейди Омид Нурафкан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz