Қайднома

Қидирув

Бельгиялик «афсунгар»

Бельгиялик «афсунгар»

  31.12.2019 01:44
  0
  472
Бельгиялик «афсунгар»

АПЛнинг жорий мавсумдаги энг яхши ассистенти бўлиб турган «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Кевин де Брюйне хорижлик касбдошимизга ўзининг футбол ва шахсий ҳаёти, табиатидаги оила таъсири остида юз берган ўзгаришларга оид фикр-мулоҳазаларини баён қилди. Ҳозирги ихтисоси борасида муаммолар йўқ - Кевин ўзининг яшил майдондаги узатмаларини келажак башоратидек қизиқарли ифодалайди. Футбол ташқарисидаги ҳаёти хусусида эса ҳозирча бир тўхтамга келмаган, мураббийлик, шунингдек, бизнес соҳаларига ҳам бефарқ эмас.

Ёши 20дан ўтган пайтда ҳам Кевин ўзидан ўзга ғами йўқ йигитча эди. Аммо ҳозир унинг шахси шаклланиб бормоқда. «Агар биз 4 йил аввал учрашганимизда, мен саломлашиш ва ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмаган бўлардим. Бироқ улғайган са­йин ўзимни бошқариш, кишилар билан мулоқот қилишни ўргандим. Яқингача кишиларни шум фикрли ва ниманидир кутадиган, деб ўйлардим. Лекин атрофдагилар билан муомала қилиш фойдадан холи эмаслигини тушундим. Энди мен анча очиқкўнгил йигитман», - дейди де Брюйне.

Тўп билан муомала қилишда эса қаҳрамонимиз доимо зукко бўлган. Гентдан чиққан малласоч қисқа вақт ичида келажаги порлоқ ўсмирдан «шаҳарликлар» «мотор»и мақомига кўтарилди. Ҳатто «Челси»даги омадсизлик ҳам уни тўхтата олмади. Аксинча, янада кўпроқ тер тўкишига туртки бўлди. Натижада ярим ҳимоячи жамоасининг қаторасига икки марта шоҳсупага кўтарилишига салмоқли ҳисса қўшди.

Жорий мавсумда Кевин янада самаралироқ тўп сурмоқда, «ассист»лар бўйича Трент Александер-Арнольд ва Давид Силвадан ўзиб кетди. Муваффақиятда Гвардиоланинг ўзига яраша ўрни бор, албатта. Мураббий изни билан бельгиялик шогирдининг ҳаракат ҳудуди кенгайди. Мақсад аниқ - чемпионлик пойгасида «Ливерпул»ни қувиб етиш.

Жамоанинг диспетчерига айланган де Брюйне вазиятга тўғри баҳо бера олиши эвазига жамоадошларига қулай шароитларни яратади. Унинг самарали ҳаракатлари мухлислар учун тансиқ таомга айланиб улгурди, энди улар Кевиннинг майдонга тушишини катта иштаҳа билан кутадиган бўлиб қолишган.

«Ҳар бир жамоадошимнинг майдондаги ҳаракатини қунт билан ўрганишга ҳаракат қиляпман. Кўпинча тахминларим тўғри чиқиб, улар мен узатган тўпларни осонликча қабул қилишади. Масалан, Стерлингга қўллайдиган услубим Агуэрога қўллайдиган услубимдан фарқ қилади. Шунингдек, йигитлар ҳам менинг қай тарзда тўп узатишимни ўрганиб олишган. Шу боис, ҳамкорлик яхши самара бермоқда. Марказий чизиқ вакили сифатида ўйинни диққат билан кузатишим, юзага келиши мумкин бўлган вазиятни олдиндан ҳис этишим лозим. Ушбу вазифа ҳушёрлик ва топқирликни талаб этади. Бундан ташқари, тўпни кимга оширишни ҳам олдиндан режалаштириш керак. Бу осон иш эмас. Баъзан шундай таваккалчилик манфаат беради», - дейди Кевин.

Opta томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, бельгиялик «афсунгар» қулай вазиятларни юзага келтириш бобида яққол етакчи бўлиб турибди. У тўпни дарвозанинг олис устуни қаршисидаги ёки рақиб ҳимоячилари қуршовидаги жамоадошларига заргарона аниқлик билан етказиб беради. Бу узатмаларнинг аксарияти якунда голга сабаб бўлмоқда.

Футболчининг ўзи «Уотфорд»га қарши баҳсда Давид Силвага узатган тўпини мавсумдаги энг чиройли «ассист»и сифатида эътироф этди. У қанотдан дарвозага яқинлашган ҳолда тўпни Бен Фостер ва 3 нафар ҳимоячи орасидан ўз жамоадошига етказиб берганди. Кико Фемения, Адриан Мариаппа ва Крейг Доусонлар Давиднинг бўш қолган дарвозани забт этишини ожизлик билан кузатишдан ўзга чора тополмагандилар.

«Бу ўта мураккаб узатма бўлди. Тўп ўтадиган йўлак жуда тор бўлиб, уни дарвозабон ёки ҳимоячилар эгаллаб олишлари эҳтимоли юқори эди. Мендан тўпга айланма ҳаракат бериб, уларнинг орасидан ўтиб кетишини таъминлаш талаб этиларди. Бахтимга, ҳаммаси мен ўйлагандек бўлди», - дейди футболчи.

Хосеп Гвардиола даврида Кевиннинг ўйини янада самарали ва сермазмун чиқмоқда. Мураббий унга ҳар бир учрашувда янги топшириқлар бермоқда, де Брюйне эса уларни имкон қадар мукаммал адо этмоқда. Қулай фурсат келганида гол уриши, жамоадошларини голли вазиятга олиб чиқиши мумкин. Лекин орқа чизиқдан самарали ўйинни ташкил этиш завқи ҳам гол ёки «ассист»никидан кам эмас. Шу тариқа футболчи кишиларни бошқариш сирларини ўрганиб, билимини ошириб бормоқда.

Мана, Кевин Roc Nation Sports компаниясининг Лондондаги офисида ўтирибди. Бир қарашда футболчининг бу ерга ташрифи тасодифдек туюлади. Бироқ компанияга раҳбарлик қилаётган Jay Z юлдузи Майкл Йомарк тамоман ўзгача фикрда: «Агар сиз Кевинни яхши билсангиз, унинг биз учун энг муносиб номзод эканига шубҳа қилмайсиз».

«Телеграф» вакили билан учрашишдан аввал де Брюйне компаниянинг футболчилар билан алоқалар директори Ваз Мальхотра таклиф этган меҳмонлар билан суҳбатлашди. Кевиннинг очиқкўнгил шахс сифатида шаклланишида таниқли агентликнинг улуши бор, албатта. Аммо унинг табиатан ўзгаришида турмуш ўртоғи Мишель асосий роль ўйнади.

«У менга катта ёрдам берди. Рафиқам чиндан ҳам дилбар аёл. Эҳтимол, унинг очиқкўнгиллиги менга ҳам юққандир. Одамлар билан қанча кўп суҳбатлашсанг, дунёни шунча кенг тушуна бошлар экансан. 21 ёшли пайтимда хаёлимда фақат футбол, футбол ва яна футбол айланарди. Ҳозир ундай эмас», - дейди Кевин.

Ҳа, де Брюйне энди бизнес оламига ҳам йўл изламоқда. Уни кўпроқ Америка қизиқтиради, Атлантика уммонининг қарама-қарши соҳилида бир талай дўстлари бор, умиди ўшалардан. Муҳими, уни қандай қабул қилишларида. Ўзининг таъкидлашича, ҳозирда Кевин яшил майдондаги каби «олов» эмас, мулоҳазали, вазмин йигит.

«Кимгадир зарар келтирадиган қурумсоқ бўлишни истамайман. Агар бирор-бир компанияни танласам ёки кимгадир ҳамкорлик қилсам, ўзим истагандек иш юритаман. Фақат майдонда мен ҳаётдагидек эмасман. Умуман олганда, кўнгилчан одамман, ўйин пайтида табиатим ўзгаради, холос», - дейди қаҳрамонимиз. - Балки кимдир мени қизиққон, жиззаки йигит, деб ўйлар. Аслида ундай эмас. Рақобати кучли бўлган муҳит шуни талаб этади. Ҳозир келажак ҳақида кўпроқ бош қотириш ниятидаман. Балки қизиқарли бизнес-шерик топишни уддаларман. Ахир футболдан кейин ҳам яшашим керак-ку. Баъзан излаганимни топгандек бўламан. Аммо ишончим комил эмас. Эҳтимол, футболга алоқадор қандайдир юмушга дуч келарман, балки йўқ. Иложи борича турли вариантларни ўрганиб чиқсам, дейман. Ҳар ҳолда, бизнес оламидан хабардор бўлиш зарар қилмайди, менимча».

Хуллас, қаҳрамонимиз бўлажак иш ўрни хусусидаги изланишларини давом эттирмоқда. Мураббийлик соҳаси улардан бири. Март ойида Бельгия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес ўз шогирдларига мураббийлик нишонларини йиғишни таклиф этганди. Кевин бу таклифни мамнуният билан қабул қилганлар сафида бўлди. Шунингдек, футболчи ҳаётида қўшимча талаблар ҳам юзага келди: энди Кевин икки ўғлон - Мэйсон ҳамда Ромнинг отаси: «Бу ҳолат кишини янада масъулиятли ва бенуқсон бўлишга ундайди. Улар билан барча ишларни бажараман, сайр қиламан. Асосан тўнғичим билан ухлаганман. 24 ёшли пайтимда ғайратим етарли эди. Мэйсон икки ёшгача ухламай улғайди. Мен доимо ёнида бўлишга ҳаракат қилардим. Лекин ўйин арафасида меҳмонхонада қолардик. Бу жуда оғир эди. Фарзандли футболчилар буни яхши биладилар. Хайриятки, Ромнинг уйқуси жойида, муаммо йўқ. Одам ҳар қандай вазиятга ҳам мослашар экан».

Яқингача яшил майдонда ишончли тўп суришдан ўзга қайғуси бўлмаган футболчи энди иккита улкан масъулиятни ўз зиммасига олган: оиласидаги фарзандлари олдида оталик бурчини адо этиш ва «Сити» учун ишончли голлар ва «ассист»лар манбаси вазифасини бажариш.

«Авваллари нима қилган бўлсам, ҳаммаси ўзим учун эди. Кейин қаллиғим пайдо бўлди, оила, фарзандларим... Энди биз бамаслаҳат иш тутишимиз лозим. Шунда мен ҳаётдаги барқарорликка путур етказмаган ҳолда ўз иқтидоримни тўла-тўкис намойиш этиш имкониятига эга бўламан», - дейди Кевин.

Де Брюйненинг тўп билан муомаласи мукаммал даражада эканига шубҳа йўқ. Аммо оталик вазифаси унинг айрим заиф жиҳатларини ошкор этиб қўйди:

«Очиғи, қўлларим моҳир эмас. Бир куни болалар уй ҳайвонлари суратини чизиб беришимни илтимос қилишди. Мен эса илтимосни бажара олмадим: «Боринглар, ойингиз чизиб беради».

Ҳа, бельгиялик афсунгар ҳукмига бўйсунмайдиган воқеалар футболда ҳам учраб туради. Жумладан, яқинда бўлиб ўтган Манчестер дербисида унинг жамоаси «Этиҳад»ни боши эгик ҳолда тарк этишга мажбур бўлди. Барча жамоадошлари қатори Кевиннинг ҳам ўйини қовушмади. Лекин Лондондаги кейинги тур учрашувида «Арсенал» дарвозасига 2та гол урди, Стерлингни самарали узатма билан таъминлади ва беллашувнинг бош қаҳрамони бўлди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz